Бу Самарқандда бўлганди
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шу кунларда Ислом оламининг энг мўътабар бўлган сайтлардан бири onislam.netда «Бу Самарқандда бўлганди», деган мақола билан танишиб қолдим. Ўзим ҳайратга тушганим учун уни сизга ҳам илиндим. Муаллиф доктор Ашраф Нажм шундай ёзади: «Айтсам, баъзилар ишонмайди. Лекин бу қисса ҳақиқатда Самарқандда содир бўлган. Ибн Касир, Табарий, Балозурий каби муфассир ва муаррихлар китобларида ёзмасларидан олдин ғайри мусулмонлар зикр қилишган.

 Бу қисса худди «Минг бир кечадаги»га ўхшаш хаёлийга ўхшайди. Аммо бу воқеа ҳақиқат эди. Мовароуннаҳрни Аллоҳ унинг қўли билан фатҳ қилган ноёб қобилиятли мусулмон қўмондон Қутайба ибн Муслим бу сафар нима қилишини билмай ҳайрон бўлиб қолди. У яшил яйловларга, чўққили тоғларга ва улкан бойликларга эга Самарқанд остонасида эди. Ҳа, шаҳар аҳли бутпараст бўлишига қарамай, унинг шаҳарни ҳимоя этадиган кучли қўшини ва ғалабали тарихга эга ғозийлари бор эди. Қутайба буни яхши биларди. Лекин нодир қобилиятли Қутайбадек қўмондон ҳийлалар устаси эди. Жойни атрофлари билан яхшилаб ўрганди. Сўнг қўшинини бир неча бўлакка ажратиб, шаҳарни ўраб турган улкан ва виқорли тоғлар томон юборди. Мусулмонлар душман кўзидан пана пистирмалар қўйдилар. Тонг чоғи шаҳар эшиклари очилиб, деҳқон ва савдогарлар зироатгоҳ ва тижоратгоҳларига чиққан пайтларида мусулмон қўшини улар томон худди селдек, йўлидаги ҳамма нарсани оқизиб келиб, бир томчи ҳам қон тўкмай тезликда шаҳар ўртасида учрашди. Самарқанднинг таслим бўлмасдан иложи қолмаганди. Шаҳар ҳокими, аъён ва қўмондонлари тоғлар томон қочди. Одамлар ғозийлардан қўрқиб, уй-уйларига кириб кетишди. Фавқулодда бу ҳолат уларни эсанкиратиб қўйган, мусулмон қўшини эса ҳеч қандай қаршиликка йўлиқмаганди. Фурсат ўтиб Самарқанд аҳли секин-аста уйларидан чиқа бошладилар ва ғозийлар билан эҳтиёт ва ҳазирда бўлиб муомала қила бошладилар. Кунлар ўтиб улар мусулмонларнинг ёмонлик истамасликлари ва «янги нав ғозийлар» эканини билиб қолдилар. Ғозий қўшин кичикларга раҳим қилар, заифларга ёрдам этар, ёлғиз Илоҳ ибодатига даъват этар, уларда ўғирлик, қароқчилик ва қотилликдан асар йўқ эди. Балки тинчликни ва тартибни ҳимоя қилишар, тижорат қилганлар омонатдорликларига гувоҳ бўлишар, алдов ё ёлғон, зулм ё ҳийла ишлатишмас эди. Хуллас, улар ҳали айтганимиздек «янги нав ғозийлар» эди. Бир кун бозорда ёш самарқандлик ва мусулмон аскар ўртасида қаттиқ жанжал кўтарилди. Одамлар қўрқинч ва ҳадик билан йиғилишди. Улар ҳозир мусулмон қўшин ҳар томондан етиб келиб, ғозийларга қарши чиқадиганларга ибрат бўлсин учун бу йигитга умр бўйи эсдан чиқармайдиган «дарс» беришига шубҳа қилишмасди. Дарҳақиқат, бир қанча аскар етиб келиб, бир жойга йиғилди ва жанжалкашларни ўраб олди. Ҳаммани даҳшатга солган ҳолда даъвогарлар ва гувоҳларни қози ҳузурига етаклашди. Ҳозирлар бўлган иш муҳокама этилишини кутишмаганди. Қози мусулмон аскарни бутпараст йигит ёнига турғизиб қўйиб, ҳодисани яхшилаб, холис ўрганиб чиқди. Ва мусулмон аскарга қарши ҳукм чиқарди! Ажойиб қисса мана шуми? Йўқ, бу фақат бошланиши эди. Хабар шаҳарнинг бўйи, энига ёйилди. Бу ғозийларнинг одил қозилиги бор экан. Бу томонда самарқандлик бир йигит қочқин аъён ҳузурида ҳамманинг ҳайратига сабаб бўлган ҳодисани ҳикоя қиларди. Аъён ҳикоянинг тўғрилигини ўргангандан кейин ҳали ҳеч ким қилмаган «мажнунона» қарорини берди. Қутайба ибн Муслим устидан амирул мўмининга шикоят аризаси ёзиб, элчи орқали жўнатди. Учқур отга минган ёш самарқандлик халифалик маркази Дамашққа қараб чопди. У хаёлида муваффақияти иложсиз бўлган вазифаси ва тарих унингдекни кўрмаган давлатни бошқараётган, шарқдан Чин, ғарбдан эса Атлантик океанигача бўлган ҳудуд ҳукмдори бўлган амирул мўминин ҳузурига киришдаги машаққатларини ўйлаганича Дамашққа кириб келди. Мулкида Кисро ва Қайсардан ўтадиган бу улуғ подшоҳ ҳузурида қандай сўзлайди? У энг кучли қўмондонларидан бири устидан қилинган шикоятни қандай қабул қилади? Ва ниҳоят давлати душманларидан бўлган ўзига қандай муомала қилади? Бу йигит ҳали амирул мўминин рошид халифаларнинг бешинчиси ҳисобланишини ва дунёни адолатига тўлдирган зот Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг набиралари, зоҳиду обид Умар ибн Абдулазиз эканини билмасди. Йигитнинг сафари Дамашқнинг оддий маҳаллаларидан бирида, лойдан қилинган эски уй олдида ниҳоясига етди. Унга амирул мўмининни шу жойда топасиз дейишганди, лекин асло бунга ишонмади. Зеро, дунёга молик бўлиб турган одамнинг уйи қандай қилиб бундай жойда бўлсин. Йигит уйга яқинлашиб келиб қараса, бир киши деворни тузатиб турар, унинг қўли ва кийимлари лой эди. Олдидан ўтаётган ҳар бир киши: «Ассаламу алайкум, эй амирул мўминин», дейиши йигитни саросимага солганди. Дунёни бўйсундириб турган подшоҳ мана шуми? Ажаб иш бўлди-ку! У шундай ўйлар ичра хаёлга шўнғиган пайтда, бир аёл боласи билан амирул мўмининдан «Байтул мол»дан берилаётган нафақасини кўпайтиришларини сўраб келиб қолди. Шунда унинг ўғли амирул мўмининнинг боласи ўйнаётган ўйинчоққа талпинди ва унинг қўлидан тортиб олди. Амирул мўмининнинг ўғли ўйинчоғини қайтариб оламан, деган пайтда аёлнинг ўғли уни уриб юборди. Шунда боланинг юзи қонади ва ҳар қандай она каби амирул мўмининнинг завжалари ҳам боласи томон чопди ва уни бағрига босиб ярасини боғлади. Кейин аёл ва боласига бақира кетди. Халифанинг хотини ким эканини биласизми? У сарой ва подшоҳ тарбияланувчиси, отаси, эри ва иниларининг ҳаммаси мусулмонларнинг буюк халифалари бўлган Фотима бинти Абдулмалик эди. Шунда Умар ибн Абудулазиз нима қилдилар? Умар аёл ва боласининг юзига боқдилар. Уларни қўрқинч чулғаб олганди, тинчлантирдилар. Ўғилларидан ўйинчоқни олиб, боланинг қўлига бердилар. Аёлга оладиганига қўшимча қилиб берилишини буюрдилар. Сўнг ўз ўғилларини юзидан ўпиб уни ҳам тинчлантирдилар. Сўнг хотинларига боқдилар ва: «Меҳрибоним, уни, боласини қўрқитиб юбординг. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Ким бир мусулмонни қўрқитса, Аллоҳ уни қиёмат куни қўрқитади», дедилар, сўнг деворни тузатишни тўхтатдилар. Йигит ҳалимлик оғушида эканини ҳис қилиб амирул мўмининга яқинлашишга журъат этди. Умар ундан нимага келганини сўраганларида, у шундай жавоб қилди: «Хўжам, Самарқанд аҳлининг ҳаққини сўрайман. Сизга Қутайба ибн Муслим устидан шикоят қилиб келдим. Биз сизнинг адолатингизни биламиз, инсоф қилишингиздан умидвормиз. Қутайба тўсатдан бизга ҳужум қилди. Биз сизларнинг уч кун душманга муҳлат беришингиз ва Ислом ёки жизя, ёҳуд уруш ўртасида ихтиёрли қилиш одатингиз эканини билардик». Умар: «Бу бизнинг одатимиз эмас, балки у Аллоҳнинг амри ва Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир», дедилар. Шунда йигит: «Қутайба бундай қилмади», деди. Умар озгина ўйлаб турдилар, сўнг котибни чақириб бир нималарни ёздирдилар ва муҳр қўйиб йигитга узатдилар-да: «Буни Самарқанд волийсига бер, Худо хоҳласа, у устингиздан зулмни кўтаради», дедилар. Яна деворни тузатишга қайтдилар. Самарқанд волийси амирул мўмининнинг хатини очди ва ўқиди. Кейин йигитга: «Амирул мўминининг амри бош устига! Сизнинг муаммоингизни ечиш учун қози тайинлашимни буюрибди. Буни тезликда бажараман. Икки кундан кейинга келишамиз. Ўғлим, боргин-да, қавминг улуғларини келтир. Биз уларга омонлик берамиз», деди. Сўнг Қутайба ибн Муслимни излаб, одам жўнатди. Одамлар масжидга йиғилишди. Унда муҳокама бошланди. Мусулмон қози ҳозир бўлди. Эшикбон аъёнлар улуғини чорлади ва уни олдинга ўтказди. Сўнг Қутайба ибн Муслим чақирилиб даъвогар ёнига турғизилди. Сўнг қози аъёнга юзланиб даъвосини арз қилишга амр этди. Аъён: «Бу қўмондонингиз Қутайба ибн Муслим диёримизга огоҳлантиришсиз кирди. Ҳамма мамлакатларга уч танлов: Ислом ёки жизя, ёки ҳарбни таклиф қилди. Аммо бизни ҳийла билан босиб олди», деди. Қози Қутайбага юзланди ва: «Бу шикоятга нима дейсан?», деди. Қутайба унга жавоб қилди: «Аллоҳ қозини ислоҳ қилсин! Ҳарб бу ҳийладир. Бу мамлакат ўта қудратли. Фатҳ олдида тўғаноқ бўлиб турганди. Мен билардимки, агар икки томон уришадиган бўлса қонлар анҳор бўлиб оқарди. Аллоҳ мени бу режага йўллади. Бу кутилмаган ишимиз билан мусулмонларни катта зарардан ҳимоя қилдик ва душманимизнинг жонини асрадик. Ҳа, биз уларни фавқулодда ҳолга солдик, лекин уларни қутқардик ва уларга Исломни танитдик!» Қози унга: «Эй Қутайба, уларни Исломга ёки жизяга, ёхуд ҳарбга чақирдиларингми?», деди. Қутайба жавоб қилди: «Йўқ. Айтган сабабларимга кўра кутилмаганда ҳужум қилдик». Шунда қози деди: «Эй Қутайба, сен иқрор бўлдинг. Агар даъво қилинаётган киши айбига иқрор бўлса, муҳокама тугайди. Эй Қутайба, Аллоҳ бу умматга фақат дин туфайлигина нусрат берган. Хиёнатдан сақланиш ва адолат ила туриш дин буюкликларидандир. Аллоҳга қасам, биз уйимиздан Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш учунгина чиққанмиз. Биз ерга эга бўлиш, мамлакатларни босиб олиш ва ноҳақ унда олий бўлиш учун чиқмаганмиз!».  Сўнг қози башарият тарихидаги энг ажиб ҳукмни чиқарди: «Мусулмон қўшиннинг ҳаммаси Самарқанддан уч кун ичида қандай тез кирган бўлса, шундай тез чиқиб кетсин ва шаҳарни ўз аҳлига қайтарсин. Уларга урушга ҳозирланишга фурсат берилсин. Сўнг уларни огоҳлантирсинлар ва Ислом ёки жизя, ёҳуд ҳарб ўртасида ихтиёр берсинлар. Агар улар ҳарбни танласалар, у ҳолда уруш бўлади. Бу Аллоҳ таоло шариатининг ва Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатининг татбиқи бўлади». Самарқанд аҳлини ҳайрат чулғаб олди. Қўшин зудлик билан шаҳарни ташлаб чиқа бошлади ва уч кун ўтмай унда бирорта мусулмон қолмади. Каттаю кичик аҳоли шаҳар марказида тўпланишди. Улар бўлган ишга ишонмаётган эдилар. Хулқи бундай қавм башарнинг энг яхшиси, унинг қозиси қилган иш мутлақ адолат, ўзининг атболарига бундай ишларни буюрадиган дин ҳақ дин, дея улар ўзаро гаплашишарди.

Иш узоқ чўзилмай Самарқанд аҳли ҳаммалари Исломни қабул қилганди. Ҳа, бу Аллоҳнинг барҳаёт дини Исломдир! Бу бизнинг умматларнинг яхшиси бўлган кунларимизда нур, раҳмат ва адолат билан ёзган тарихимиздир!

Мубашшир Аҳмад

Мавзуга оид мақолалар
Улар эришган манзара сизни ҳам ҳайратга солади. Замзам суви черковларда чалинадиган қўнғироқ овозидан давоми...

20:47 / 02.01.2017 3912
Қадрли болажонлар Барчамиз бизни дунёга келтирган, тарбиялаб вояга етказган отаонамизни ҳурмат қилишимиз, давоми...

11:54 / 01.05.2019 4464
Таркиби кўк пиёз 250 г юмшоқ пишлоқ 250 г сметана 300 г туз Тайёрланиши Кўк пиёзни майда тўғраб, майда давоми...

12:59 / 29.11.2016 3167
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий алайҳиссалом ўлим тўшагида ётган бир йигитнинг олдига кириб давоми...

21:09 / 10.06.2023 1117