КЎЗ-КЎЗ ХАРАЖАТЛАР
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло бандаларига ҳаёти ва фаолияти учун ризқ улашади. Аммо уни ҳар бир одамга Ўзи хоҳлаганича беради. Банданинг вазифаси ана ўша берилган ризқни ҳалол ва пок топиш ҳамда уни ҳаддан ошмаган ҳолда сарф қилишдир. Ман этилган йўл билан топилган ризқ ҳаром, керакли равишда ишлатилмаса, увол ҳисобланади. Сизда «Агар бирор нарса учун сарф қилинган бўлса-чи?» каби савол туғилиши мумкин. Абадий ҳаётингиз учун наф бермаса, у уволдир. Чунки қилган маълум бир харажатингиз бу дунёдаги хурсандчилигингизга сабаб бўлди, холос. Охиратингиз учун эса ҳеч қандай фойдаси бўлмади. 

Ортиқчаси – ортиқча

Ҳақиқатда бахтиёр кишилар фақатгина зарурий нарсаларга харажат этадиганлардир. Чунки улар қайси харид турмушларида ортиқча эканини ўйлаб ҳам ўтирмайдилар-да. Ва яна шундай одамлар бошқаларда бор нарса уларда йўқлигига чиройли сабр қилиб, ажр-мукофотларга сазовор бўлишга умид боғлайдилар.    

Дабдабага, «бошқалардан кам бўлмасин»га ружу қўйишлик инсонни эс-ҳушидан айириб, хом хаёллар гирдобига ғарқ қилади. «Уни хоҳлайман, энди буниси керак!» билан бошланиб, ҳар бирига эришилгандаги лаззат ошиб, янада кўпроғини қўлга киритиш ҳисси кучаяди.   

Аслида биз кийимни об-ҳаво шароитларидан ҳимояланиш учун эмас, балки аксарият ҳолатларда кўз-кўз қилишга сотиб оламиз. Дўконда танлаётган вақтимизда атрофимиздагилар нархи ва бренди ҳақида қандай фикрда бўлишларини ўйлаймиз. Ҳаттоки кўриниши ҳамда қулайлиги тўғрисида шунчалик бош қотирмаймиз. Турмуш ўртоғимизнинг кўзларини қувнатиш учун эмас, ёнимиздагиларга мақтаниш мақсадида ясанамиз. Гапим ростлигини текширмоқчи бўлсангиз, уйга ва кўчага сотиб олган кийимларингизга қаранг!

Мисолларни нафақат кийим, балки бошқа барча истеъмол моллари бўйича келтириш мумкин. Масалан, қўл телефонларини олайлик. Кўпинча одамлар янги нусхани фалон пул турса-да, «уялиб қолмаслик» учун сотиб олаверадилар. Агар ишлатишга қулай бўлса-ку, хўп-хўп! Аммо аксар ҳолларда бунинг тескариси бўлади. Шунга қарамай, обрўга футур етказмаслик истагида ўнғайлик (қулайлик)дан воз кечадилар. Энг ачинарлиси эса шундаки, бу каби қўл телефонларида ортиқча маблағдан ташқари вақтни ҳам «еб қўядиган» барча унсурлар мавжуд бўлади.    

Кўз-кўз харажатлар натижаси

Хўш, оқибатда нимага эга бўляпмиз? Керагидан ва қурбимиз етганидан кўра кўпроқ сотиб оламиз. Бу дунё ўткинчидир. Унга ружу қўйиш эса шайтондан! У бизни «истеъмол игнасига» ўтирғизади. Мақсадимизга эришиш учун қарз олишимизга ундайди. Қўлимизга пул тушганда қарздан қутулишимизга ишонтиради. Натижада бизга маълум бўлмаган эртанги кунга умид қилиб, маблағимиз етмаса-да, харажат қиламиз.   

Тўйлар-чи, тўйлар!.. Унга кетадиган маблағга бир ёш оила ойлар давомида яшаши мумкин (яшаш тарзига қараб, балки йиллар давомида ҳамдир). Жанозалар – алоҳида бир мавзу. Худдики, нишонлашга бошқа маросим қуриб қолгандек, дейсиз. Ўлган одамни умуман бошқа ташвишлар безовта қилиб турган бир пайтда қариндошлари одамлар олдида обрўлари тўкилмаслиги учун жонларини Жабборга бериб ҳаракат қиладилар.

Кўз-кўз харажатлар кетма-кетлиги нафақат кишиларни, балки бутун бошли шаҳарларни ўз домига ғарқ қилади. Натижада вайронагарчиликлар юз беради.

Ортиқча харажатлар нималарга қилинади? – Одатда эртанинг ўзида керак бўлмайдиган матохга! Бугун бир нарсага, эртага эса умуман бошқа нарсага қувонамиз. Бойларга қаранг – уларни ҳозир унча-мунча нарса билан хурсанд қилиб бўлмайди. Эҳтиёжмандларга қаранг – улар меҳмон олдига қўйишга ул-бул топсалар, қувонадилар. Бойлар фарзандни кўпайтиришни истамайдилар. Чунки фарзанд қимматга тушувчи «лойиҳадир». Ахир улар борди-келди қиладиган доирадагиларга тенглашишлари керак-ку. Бу – болага фақат «энг яхшисини» бериш шарт, дегани. Хуллас, ташвиш кетидан ташвиш, харажат кетидан харажат…

Камбағаллар-чи?! Улар катта оила бўлиб турадилар, ёлғизлик нималигини билмайдилар, дастурхонни тўлдириб меҳмон кута олмасалар-да, одам келганига хурсандлар, совға сифатида бир донагина ширинлик оладилар. Аммо бахтлилар. «Борига – барака», деб, йўғига сабр қиладилар.  

Хўш, аслида улардан қай бирлари бахтлидирлар?..

Лайло Наталья Баходиридан

ГЎЗАЛ таржимаси

Мавзуга оид мақолалар
Нима учун Расулуллоҳ алайҳиссаломни севаман 1. У зот алайҳиссалом Роббимнинг суюклиси. Аллоҳ таоло учун давоми...

10:09 / 14.12.2017 2686
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бирбирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка давоми...

12:04 / 26.01.2019 2923
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Мен намоз ўқиётганимда жаноб Набий соллаллоҳу давоми...

02:02 / 20.10.2020 3789
Херсон Украина шаҳар кенгаши Ислом маданий маркази қурилиши учун вилоят мусулмонлари жамоасига ер ажратиш давоми...

16:18 / 22.01.2017 2596