Орзиқиб кутилган мужда
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом тарихида жуфти билан жуда кам учрашган, Ислом ила шарафлангач, қайта ҳаётга келган одамнинг достони…

Ҳижратнинг олтинчи йили, жумадул аввал ойи… Мушрикларга тегишли жуда бой карвон Шомдан Маккага қайтаётганлиги ҳақидаги хабарни эшитган мусулмонлар унинг келиши ўзлари устига юриш бошланишига туртки бўлишидан гумонсираб кенгашишди ва карвонни босиб олишга қарор қилишди. Ҳазрат Зайд бошлиқ бир юз етмиш кишидан иборат суворийлар Мадинадан чиқиб кетдилар.

Пайғамбар алайҳиссалом амрлари ва дуолари билан йўлга тушган мазкур қўшин Ис деган жойда карвонга етиб олди. Соқчилар қаршилик кўрсатишгач, жанг бошланди. Аммо карвонбоши Абул Осслигини кўрган ҳазрат Зайд қичқирди: – Ҳеч ким ўлдирилмасин! Ҳамма тириклайин қўлга олинсин! Қон тўкилишини истамайман! Буни эшитган карвондагилар севиниш билан бирга ҳайрон ҳам қолишди. Ўзлари, албатта, мусулмонларни ўлдирган бўлишарди. Булар эса қон тўкилишини, душман бўлса-да, одам ўлдиришни исташмаяпти. Карвонни ўраб олишди. Жонларидан умиди бўлган карвондагилар ортиқча қаршилик кўрсатмай таслим бўлишди. Мусулмонлар катта бойликлар ва асирлар билан Мадинага қайтишди. Карвонбоши Абул Осс мағлубиятдан сиқилиб, асирликдан қандай қутулишни ўйлаб, боши қотарди. Ҳазрат Зайддан ҳам ғашланар, ҳам ўлдирмасликни буюргани учун бироз илиқлик сезарди. Ҳазрат Зайд эса унинг ҳазрат Зайнабнинг хўжайини эканини билиб ҳурмат кўрсатар, у билан шу боис ҳам қонли жанг қилмаган эди. Мадинага яқинлашганлари сари Абул Осснинг ҳаяжони кучайиб борарди. Шаҳарга кираётганда эса оёқлари чалишиб, аранг юра олди. Беихтиёр «Зайнабим, севимли Зайнабим!» деб пичирларди лаблари. «Мен келяпман, холамнинг қизи!» Атрофга боқиб ҳазрат Зайднинг эшитиб қолганини билди. Изза бўлди. Аммо ҳазрат Зайд ҳеч нарса бўлмагандай сокин кетаётганидан хотиржам тортди. «Олдингга боряпман, холамнинг қизи!» дея такрор сўзлаган Абул Осс ўзини бирдан қоронғуликка урди. У қочган томонни нишонга олган камончиларни ҳазрат Зайд тўхтатди: «Отманглар! У энди биродаримиздир».

* * *

Роса тўрт йил бўлган эди… Севимли Зайнабидан айрилганига тўрт йил бўлганди. Юраги тўрт йилдан бери ҳасратда ёнарди. Тижорат карвонлари билан сафар қиларкан, Мадина ёнидан ўтаётганда доим чуқур нафас олар, Зайнаб бўйини туйгандек бўларди. Энди юраги ҳасратда эмасди, чунки ҳозир у Зайнаби ёнига кетаётганди… ҳаётининг, жонининг бир бўлагига… Усиз ортиқ яшай олмасди. Тўрт йил қандай яшагани, нима еб-ичгани ўзига ҳам қоронғу эди.

Ниҳоят севимли Зайнабининг уйига етиб келди. Эшик олдида тўхтаб қолди. Энди нима қилади? Не дейди унга, юзига қандай қарайди унинг? Мадинага кирганларида бомдод намозига азон айтилаётганди. Бироздан сўнг ҳаво ёришиб тонг отади. Шу боис шошилиш керак. Бор жасоратини тўплаб, эшикни оҳиста тақиллатди. Эшикни очган ҳазрат Зайнаб Абул Оссни кўриб донг қотди. Иккиси бир-бирига тикилганча сўзсиз қолдилар. Мана севимли Зайнаби! Тўрт йил кўрмаган малаги. Абул Осс унинг кўзларига ғарқ бўлиб кетганди. Юзлари нурланиб турар, нигоҳлари ўзгарган эди. Абул Осс ўзини аранг ўнглаб олди. Севгилисига ортиқ боқа олмади. Ўзини айбдор сезди. Бошини эгиб ерга қаради. Аммо чидай олмай такрор нурли юзга тикилди. Қарамаслик мумкин эмасди, кўрмаслик ўлим эди… Зайнаби оппоқ либосга чулғанган, фариштага ўхшарди. Абул Осснинг бутун эътиқоду тушунчалари остун-устун бўлиб кетди. Бағрига босгиси, суйгиси келди. Аммо бунга ҳаққи йўқлигини ўйлади. Бу ҳақни ўзи йўқотганди. – Сенга келдим, севимли Зайнабим! – Қандай келдингиз? – сўради ҳазрат Зайнаб. Яъни «Мусулмон бўлиб келдингизми?» демоқчи эди. – Узоқ сафардан хориб келдим, Зайнабим. – «Зайнабим» деманг унда, «холамнинг қизи» денг… – Хўп, холамнинг қизи. – Қаердан, қандай келяпсиз, холамнинг ўғли? – Шомдан Маккага қайтаётганимизда карвонимизга мусулмонлар ҳужум қилишди. Бор-будимизни олишди. Мен улардан қочиб, сенга келдим. Мени ҳимоянгга оласанми, Зайнабим? – «Зайнабим» эмас, «холамнинг қизи»! – Ҳа, холамнинг қизи, ҳимоянгга оласанми? – Хуш келибсиз, холамнинг ўғли, хуш келибсиз, Умоманинг отаси! – Хушвақт бўл, холамнинг қизи, Зайнабим! – Фақат «холамнинг қизи» денг! – Хўп, холамнинг қизи… – Шундай бўлишини фақат сиз хоҳладингиз… – Қизим қани? – Ичкарида намоз ўқияпти. – Уни кўришим мумкинми, холамнинг қизи? – Умома сизнинг ҳам қизингиз, албатта, мумкин. Намозни тугатган бўлсанг, бу ёққа кел, қизим. – Ҳозир, онажон. Ичкаридан чиққан Умома отасини кўриб қичқириб юборди ва ўзини Абул Осснинг бағрига отди: – Ота, отажон! Ота-боланинг кўришувидан ҳазрат Зайнабнинг кўзлари ёшланди. Сўнг ўзини ўнглаб деди: – Сизлар бемалол кўришиб, гаплашиб олинглар. Мен ҳозир келаман. – Қаерга, холамнинг қизи? – Бироз кутинг! Ташқарига шошиб чиққан ҳазрат Зайнаб тўғри масжидга қараб кетди. Бомдод эндигина ўқиб бўлинган эди. Оҳиста ичкарига овоз берди: – Эй мусулмонлар! Мен Аллоҳнинг Расулининг қизи Зайнаб, холамнинг ўғли Абул Оссни ҳимоямга олдим. Бу сўзларни айтиб бўлиб уйга қайтди. Энди нима қилиш кераклигини ўйларди. Пайғамбар алайҳиссалом ҳам бу сўзларни эшитгандилар ва саҳобаларга боқдилар, сўнг: – Сиз ҳам эшитдингизми? – деб сўрадилар. – Ҳа, Аллоҳнинг Расули, биз ҳам эшитдик. – Аллоҳга қасамки, мен ҳам сиз каби ҳозир эшитиб турибман. Кимнинг бўлса ҳам, ҳимояси меники кабидир. Зайнаб омонлик берган одамга биз ҳам омонлик берамиз. – Аллоҳ ва Унинг Расули яхшироқ билади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга қайтдилар. Эшикни ёпганлари ҳамон тақиллади. Қизлари Зайнаб келган эди. – Отажон, яқинингиз бўлса, сизнинг амакингизнинг ўғли, менинг эса холамнинг ўғли, узоқ бўлса, Умоманинг отаси. Энди нима қилай? Маслаҳат беринг, Аллоҳнинг Расули. – Қизим, уни ҳурматла, лекин бир-бирингизга яқинлашманг. Чунки бир-бирингизга ҳалол эмассизлар. – Хўп бўлади. Айтганингиздек қиламан. Ҳазрат Зайнаб тез уйга қайтди. Абул Осс эшик олдида ҳамон тик турарди. Севимли Зайнабини кўриб безовталанди. – Ичкарига марҳамат, боламнинг отаси. – Сенинг уйинггами, Зайнаб? – ҳайрон қолди у. – Уйимиз бўлиши мумкин эди, энди фақат менинг уйим, холамнинг ўғли. – Катта раҳмат, Зайнабим! – Холамнинг қизи, денг, унутдингизми? – Ҳали ҳам-а? – Афсуски, ҳа, холамнинг ўғли. – Мени ҳимоянгга, уйингга олдинг, жуда оқила аёлсан-да! – Сизга емак ҳозирлай, сўнг гаплашамиз, холамнинг ўғли. Ҳазрат Зайнаб емак ҳозирларкан, Абул Осс уни соғинч билан кузатарди. Севимли Зайнаби уни оловсиз куйдираётганди. Ҳеч қандай фойда-зиёни йўқ бутлар туфайли шундай нур юзли, пок қалбли гўзал малакдан жудо бўлганди. Бўлмаса, уни қанчалар севарди, усиз яшай олмасди. Қандай қилиб ҳамон у учун жон фидо қилмаяпти?! Севимли Зайнабига бўлган ишқи ўзини, тушунчаларини ўзгартира бошлагани, қалбида эврилиш содир бўлаётганини сезди. Ҳазрат Зайнаб ҳам иш асносида кўз қири билан уни кузатарди. Бечора қанчалар озиб кетибди! Шундай ичкин боқардики, юраги дош бера олмасди. Дуолар қилишга тушди. Дуолар-ла таом пишириб, дуолар-ла келтирди. – Марҳамат, холамнинг ўғли. – Сен емайсанми? – Бирга емаслигимизни биласиз-ку. – Тўғри, – дея бош эгди. – Нега емаяпсиз, холамниг ўғли? – Сен билан егим, сени севимли Зайнабим, дегим келаяпти. – Буни мен ҳам истайман, холамнинг ўғли, аммо… – Бунинг «аммо»си бўладими? Сен менинг хотиним эмасмисан? – Энди йўқ, холамнинг ўғли. Сиз бошқа хотинларингиз билан яшайверинг. – Қанақа бошқа хотинлар?! – Ажрашганимизга тўрт йил бўлди, уйланмадингизми? – Сенинг устингга уйланишим мумкинми, Зайнабим? – Холамнинг қизи! – Сенинг устингга уйланишим мумкинми, холамнинг қизи? – Яъни уйланмагансиз? – Ҳа. – Тўрт йилдан бери ёлғизмисиз? – Ёлғизман. – Нега? – Мен сендан бошқасини хоҳламайман, Зайнабим. – Холамнинг қизи! – Ундай дема, Зайнабим, сен холамнинг қизи эмас, севимли Зайнабимсан. – Шунақа эди. Аммо энди ундай эмасман. – Севимли Зайнабим, мен сендан кейин яшаганим йўқ, тўрт йилни қандай яшаганимни билсанг, раҳмлироқ бўлардинг. – Мен-чи, менинг аҳволимни биласизми? Ҳеч бир низосиз, фақат бутларни дебгина мендан юз ўгирдингиз. – Бундай дема, севгилим… – Холамнинг қизи! – сўзини шарт кесди Зайнаб. – Сендан юз ўгирган бўлганимда ҳозир сенга сиғиниб келармидим, тўрт йил ёлғиз яшармидим, бир-биримизни шунчалик севганимиз ҳолда озор етказишимиз нимаси?! – Аллоҳ бир, Пайғамбар алайҳиссалом ҳақ, десангиз, ҳаммасини қайтадан бошлардик. – Шундай деяжакман, ҳали кўрасан… – Буни интизор кутаман, холамнинг ўғли. Энди қизимиз билан овқатланиб олинг.

* * *

Қўлга киритилган ўлжаларни Пайғамбармиз алайҳиссалом адолат билан тенг тақсимладилар. Асирлар ҳам. Фақат Абул Осс…

Абул Осс Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига чақиртирилганда жуда мураккаб вазиятда, чуқур андишада келганлиги кўринарди. Уят ҳисси уни шунчалар эзиб борардики, ҳатто жангда иштирок этган саҳобаларнинг ҳам унга раҳми келди. Пайғамбар алайҳиссалом Абул Оссни диққат билан кузатиб, уни Ислом нури билан ойдинлашувини сездилар, балки унинг кўнглида бирор шубҳа қолгандир, аммо бир-икки англатишлардан сўнг дарҳол иймон келтириши аниқлигини буюк мамнуният билан қайд этдилар. – Агар маъқул топсанглар, Абул Осснинг мол-мулки ва биродарларини қайтарсак! – Аллоҳ ва Унинг Расули яхшироқ билади! Бутун ўлжа қайта тўпланди, асирлар озод этилди, мол-мулклари қайтариб берилди. Кўзларига ишонмай бўлаётган ҳодисани кузатиб турган Абул Осс кўзлари билан бирга кўнгли ҳам тўлди. Пайғамбар алайҳиссаломга шундай миннатдор нигоҳ ташладики, у Зотнинг ҳам кўзлари ёшга тўлди. Абул Осс ҳеч нима дея олмас, фақат ёшли кўзлари билан қараб турарди. Сўнг бутун мол-мулклари ва одамларини олиб Маккага йўл олди. Кўнгли Мадинада қолди… Ҳеч ким йўл бўйи чурқ этиб оғиз очмади. Одамлар Абул Осс кўзларидаги маънони тушунгандай эди. Фақат шунча йилдан бери тўғрилиги ва садоқати ўрнак бўлиб келган бу инсоннинг бутларни тарк этиб, мусулмон бўлишига ишонишмасди. Маккада уларни доимгидай кутиб олишди. Ҳар бир киши ўзига тегишли нарсасини тўкис олди. Баъзилар ҳатто 4-5 баравар фойда ҳам қилишганди. Абул Осс бутун молни эгаларига тарқатиб бўлгач, бир тепаликка чиқиб ҳайқирди: – Мен ҳеч кимдан қарз эмасманми? – Йўқ. – Шу ва олдинги сафарларда ҳеч кимга қарздор бўлиб қолмаганманми? – Йўқ. – Охирги марта сўраяпман, менда ҳеч кимнинг ҳақи йўқми? – Йўқ, йўқ. – Ундай бўлса, менга яхшилаб қулоқ солинг. – Қулоғимиз сенда. – Сизнинг-ча, мен қандай одамман? – Ростгўй, ҳалол ва ишончли. – Шу пайтгача ёлғон гапирганимни эшитганмисиз? – Йўқ. – Бировнинг ҳақига кўз олайтирдимми? – Йўқ. – Маккага келгунча, мусулмон бўлишга қарор қилгандим. Аммо молларимизга эга чиқиш учун динини ўзгартирди, демасликларингиз учун молларингизни келтириб бердим. Гапимга тушуняпсизларми? – Очиқроқ гапир, Абул Осс. – Эшитинг, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Унинг шериги ҳам йўқдир. Ҳазрат Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Унинг Расули ва қулидир. – Нималар деяётганингни биласанми? – Умримда биринчи бор нима деяётганимни биляпман. Аллоҳ бир, Пайғамбар алайҳиссалом ҳақ… – Оталаринг динини тарк этасанми? – Мен оталарим хатосини била туриб севимли Зайнабимдан айрилдим. Унинг Пайғамбар отасига қарши жанг қилдим. Бунинг учун Аллоҳ мени мағфират этсин. Энди бор овозим билан айтаманки, мен Исломни қабул қилдим. Мадинага, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Зайнабим олдига кетяпман… Ҳайрон турган мушриклар орасидан ўтиб уйига борди ва зарур нарсаларини туяга юклади. Қолган молларини фақирларга улашди ва Мадинага қараб йўлга тушди…

* * *

Кетарди… севимли Зайнабига… Пайғамбаримиз алайҳиссаломга… кўнгил султонига… Тўрт йил давом этган айрилиқ ва ҳасрат тугаяжак, севимли Зайнабига етажак. Туясини шунчалар қистардики, бечора ҳайвон охири юра олмай қолди. Шу боис Зайнабга қанчалар шошилмасин, тўхташга мажбур бўлди. Сўнг яна йўлга тушди.

Мадинага яқинлашгани сайин ҳаяжони ортар, юраги қинидан чиқай дерди. Ниҳоят шаҳарга кирди. Тўғри Масжиди Набавияга борди. У ерда Пайғамбар алайҳиссалом саҳобалар билан суҳбатлашаётгандилар. Рухсат сўраб, Абул Осс ҳам кирди. – Мен шаҳодат бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир. Ва яна шаҳодат бераманки, ҳазрат Муҳаммад Унинг қули ва Расулидир. – Аллоҳу акбар! Абул Осс Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларида мусулмон бўлди, саҳобалар қувончдан такбир айтишарди. Такбир бутун Мадинани тутди. – Такбир овози бирор муҳим нарсани билдирса керак. – Ҳа, мудҳиш(муҳим) воқеа юз берди! – Нима бўлди? – Абул Осс мусулмон бўлди. – Аллоҳу акбар! – Сен ҳам такбир келтиряпсан-ку! – Шундай ажойиб хабарга такбир айтмай бўладими?! – Бориб ҳазрат Зайнабдан суюнчи олай… – Қани… Абул Осс ибн Робиъ Пайғамбар алайҳиссалом амрлари ва изнлари билан ҳазрат Зайнабнинг уйига қараб кетди. Уйда Зайнаб билан бирга Пайғамбар алайҳиссаломни кутиб туриш буюрилганди унга. Қадрдон эшик кўрингач, ҳаяжони янада кучайди, юрак уриши тезлашиб, бутун Мадинага эшитилаётгандай бўлди. Бир зум тин олиб, эшик қоқди. Холасининг қизини «Севимли Зайнабим!» дея чақира олишини ўйлади. – Эшик олдида нима қилиб турибсиз, шарафли бегим, ичкарига киравермайсизми? – Келдим, холамнинг қизи, келдим. – «Холамнинг қизи» эмас, «севимли Зайнабим» дейишингиз мумкин энди. – Йўғ-е! – Ҳа, бегим. Исломни қабул қилганингиз ҳақидаги мужда етиб келди. – Ичим ва ташимдаги барча бутларни тарк этиб, сенга келдим, Зайнабим. – Шу сўзларингизни қанчалар кутганимни билсангиз эди. – Мен сени жуда соғиндим, Зайнабим. – Хуш келибсиз, бегим, боламнинг отаси. Уйимизга қувонч келтирдингиз. – Хушвақт бўл, боламнинг онаси. – Ота, отажон, – дея отилди Умома. – Қизим, қизалоғим. – Мусулмон бўлдингиз-ку, айрилмаймиз энди-а? – Ҳа, қизим, айрилмаймиз… – Қоч, отанг уйга кирсинлар. – Кечирасиз, ота, хурсанд бўлиб кетдим-да. – Киринг, бегим… Абул Осс бир бурчакка ўтирди. Ҳазрат Зайнаб энг гўзал либосларини кийган, юзида самимий табассум зоҳир эди. Юраги ҳапқириб кетган Абул Осс ўтирган  ўрнидан аввалги дамлардаги каби аёли ҳаракатларини томоша қила бошлади. Иккиси сўзлашмас, зотан диллар қовушган ерда тил ортиқча эди. Шу он эшик тақиллади. Пайғамбар алайҳиссалом бир қанча саҳобалар билан келгандилар. У Зот содиқ куёви ва севимли қизини рўпарасига ўтқазиб, ёнидаги саҳобалар гувоҳлигида никоҳларини янгиладилар. Иккисини ҳам дуо қилиб, ҳамроҳлари билан жўнаб кетдилар. Ташқаридан тўйники каби саслар кела бошлади. Бир-бирига ҳайрон боққан эр-хотин олдидан кетаётган саҳобалардан бири қайтиб келиб деди: – Абул Осс Исломни қабул қилганидан бутун Мадина хурсанд. Зотан, Пайғамбар алайҳиссалом қизи кечасию кундузи, урушу тинчлик – ҳар қандай вақтда сенинг Исломга киришинг учун тинмай дуода бўлганини ҳамма биларди. Ҳамма унинг дуолари ижобатини тиларди. Унинг қайғусию қувончига ҳаммамиз шерикмиз. Шунинг учун ҳам ҳозир бутун Мадина шод. Сизларнинг ниҳоят қовушганингизни нишонлаяпти. Эшитилаётган овоз шуники. Аллоҳ иккингизни бир-бирингизга муборак қилсин. Ҳазрат Абул Осс айбдорларча ҳазрат Зайнабга қаради. Ҳазрат Зайнаб буткул ўтмишни унутганча бахтиёр турарди. Севимли Зайнабининг нурли юзи, самимий табассумини кўрган Абул Осс ортиқ ўзини тутиб туролмади. – Ие, менинг шарафли бегим йиғлаётир! – Сендай малаги бор одам яна нима қилсин, севимли Зайнабим. – Энди, йиғламанг, менинг бегим. – Ҳа, Зайнабим, энди фақат шукр саждасини қиламан…
Мавзуга оид мақолалар
Бошқалар олдида болангизни мақтанг. Уни танқид қилманг. Унга Рухсат берсанг... деб айтинг. Унга давоми...

16:36 / 15.03.2018 3116
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Аввало, Шайх Муҳаммад Содиқ давоми...

15:13 / 23.02.2017 9548
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, маънавий янгиланиш йўлидан дадил одимлаб бораётган юртимизда асрлар оша давоми...

14:27 / 04.03.2017 3885
«muslimaat.uz» жамоаси «Ҳилолнашр» нашриёти ходимлари Мансуржон Абдулқайюм ҳамда Фозилжон Абдулқайюм, давоми...

17:47 / 15.02.2019 2088