Бир пиёла сут
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

МУСЛИМА АЁЛЛАРдан бўлсангиз...

МУСЛИМА ҚИЗ – ўз отаси учун Жаннат эшикларини очади.

МУСЛИМА РАФИҚА – Эрнинг эътиқод ва иймонини тўлдиради.

МУСЛИМА ОНА – Жаннат унинг оёғи остида бўлади.

 Ота-онадан эрта етим қолган Зокир тоғасининг тарбиясида қолди. Аввалига гўдакнинг кўнглига қараб меҳрибончилик кўрсатиб келаётган келинойиси тоға узоқ сафарга кетиши билан айниди-қолди. Бола шўрлик на тўйиб овқат еди, на усти кийимга ёлчиди. Боланинг нафақа пуллари эса рўзғор харажатларига кириб кетади. Лекин шунда ҳам Зокир мурғак қалби билан ўқишга ва келажакда яхши инсон бўлишга интилади. Одамларнинг уйида дастёрлик қилиб, шунинг эвазига юриш-туришига пул топиб юради. Бугун ҳам шу мақсадда кўчага чиқди.

...Эрталабдан совуқ забтига олган. Аксига олиб иш тополмади шу куни, болакай юравериб ҳоли қолмади. Устига-устак қорни жуда очқаб кетган. Шу яқин атрофдаги уйларнинг биридан бирор егулик сўрашга аҳд қилди. Минг бир истиҳола ила тақиллатилган эшик остонасида ёшгина жувон совуқдан дир-дир титраётган гўдакни аста ичкарига олиб кирди. Зокир овқат сўрагани уялганидан бир пиёла сув сўраш билан чекланиб қўяқолди.

Қарангки, оқила аёл болакайнинг асл мақсадини англади чоғи сув ўрнига уни иссиққина сут билан сийлади. Очликдан силласи қуриган ҳалиги болакай иштаҳа билан сутни ичаркан, бутун вужудига илиқлик югурди. Нафси ором олгач, сўради: — Холажон, сут учун қанча тўлашим керак? Унга жавобан: — Ҳеч қанча тўламайсан, болажон. Онамиз бизларга қилган савоб ишимиз учун ҳақ олишимиз жоиз эмаслигини ўргатганлар, – деди юз-кўзи меҳр нури билан.

«Ундай бўлса, менга кўрсатган саховатингиз учун сизни дуо қиламан», деди чин кўнгилдан қувониб Зокир. Бу хонадон остонасини тарк этар экан Зокир ўзида нафақат жисмоний қувватни ҳис қилди, балки меҳрибон ва раҳимли Аллоҳга бўлган эътиқоди ҳам кучайди.

...Орадан йиллар ўтди ва улар яшайдиган қишлоқлар анча ўзгариб кетди. Умр оқар сувдек ўтди-кетди. Кечагина ёш ва дуркун аёл энди нуроний ёшда. Танасидан қувват, вужудидан саломатлик кетган. Онахон қаттиқ дардга чалинди. Даво умиди ёлғиз Аллоҳдан. Қишлоқ дўхтирлари унинг касаллиги сабабини топишолмади ва шаҳар марказидаги касалхоналардан бирига йўлланма бердилар. Шоядки, у жойда тажрибали дўхтирларни Аллоҳ рўпара қилса. Не бахтки, айнан ўша куни нуроний момо борган шифо масканига Зокир дўхтир тиббий маслаҳат учун таклиф этилган эди.

Янги қабул қилинган бемор манзилини эшитиб, дўхтирнинг кўзлари чақнаб, юраги аллақандай хаприқиб кетди. Қишлоқ номи унга жуда таниш, ажиб хуш эшитилди. Шу боисми, ҳеч иккиланмай хаста аёл қошига ошиқди. Остона хатлаб кирибоқ, малаксиймо момонинг нурли юзига боқиб, ҳув ўша йиллар ортда қолдирган гўзал хотира жонланди хаёлида. Бу ўша очликдан силласи қуриган нимжонгина болакайга меҳр ила сут тутиб, жонига оро кирган ёшгина аёл...

Беморни текшириб, тиббий маслаҳатхона бўлимига қайтар экан дўхтир бор тажрибасини ишга солиб, шу аёлнинг ҳали шифоси тиббиётда ўрганилмаган дардини енгиллатишга астойдил аҳд қилди. Шу кундан бошлаб, бу беморга ўзгача меҳр билан эътибор қарата бошлади.

Аллоҳнинг инояти ила кўп уринишлар самараси ўз натижасини намоён эта бошлади. Онахоннинг дардига шифо топилди. Нуроний момога уйига рухсат берадиган кун яқинлашарди. Зокир дўхтир шифохона маъмуриятига беморнинг шифо варақаси ҳисоб-китобини аввал унга тасдиқ учун кўрсатишларини қаттиқ тайинлади. Ҳисобни олиб, нуроний онахоннинг даволаниш учун кетган харажатларини кўздан кечирди ва қоғознинг пастига алланималарни ёзиб, қўл қўйиб бераркан, шифохона ҳисоб қоғозини аёлга топширишларига рухсат берди.

Конвертга солинган тўлов қоғозни қўлига олаётган онахоннинг кўнгли хижил, юрагида ғашлик. Шифохона харажатлари анча баланд экани, анчагина маблағ кетишини яхши англайди. Ёлғиз боши билан катта маблағни қайдан топсин шўрлик. Шунда онахон Аллоҳга таваккул қилди-да, конвертни дадил очди. Кўзлар тўлов миқдори кўрсатилган сатрлари излайди. Нигоҳлар беихтиёр тўлов варақаси пастига ёзилган сатрларга қадалди: «Барча харажатлар бир пиёла сут билан тўлиқ қопланди». Матн сўнгида Зокир дўхтирнинг имзоси.

Бу сўзлардан тўлқинланган онахоннинг хаёлида кинотасмасидек, олис манзаралар бир-бир гавдаланди: ўша бир пайтлар эшиги олдида мунғайибгина, кўзлари жавдираб турган мурғак гўдак ... Ва бир пиёла сут...

Аёл хурсанд бўлганидан йиғлаб юборди. Қалби қувончдан яшнаб, юзларини юваётган кўз ёшлари ила аста пичирлади : «Эй меҳрибон ва раҳимли Аллоҳим! Ўзингга шукр, ўзинг хоҳлаган бандаларинг қалбига меҳр ва саховат уруғларини жойлагувчи Ўзингсан, бандаларингнинг қалби ва онгу шуури орқали азаматинг ва қудратингни намоён этгувчи ҳам Ўзингсан...».

Ойдин Абдуваҳҳоб қизи

Мавзуга оид мақолалар
Абу Саъид алМуъалла розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Намоз ўқиётган эдим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

20:12 / 18.11.2016 4447
Ҳаётингиз давомида бирор кишига зулм қилманг Агар сиз ота бўлсангиз,болаларингизга зулм қилманг Бордию сиз давоми...

21:04 / 01.06.2023 1589
Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васаллам, Аллоҳга ҳузурида қўшниларнинг давоми...

11:53 / 27.10.2016 4905