Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Иккинчи хотин. Бу сўзлар худди чақмоқдек қулоқларим остида янгради. «Иккинчи хотинни нима қилади? Наҳотки энди олдингидек мени ёқтирмаётган бўлса? Ҳеч қачон! Ҳеч қачон у хотинни қабул қилмайман! Агар иккинчи хотинни хоҳласангиз, майли, аммо мен уйдан кетаман».
Бу сўзларни бир неча йиллар олдин, эрим иккинчи хотинга уйланмоқчи эканлигини айтганида гапирган эдим. У аёлнинг 4 нафар фарзанди бор ва ажрашганига ҳам кўп бўлмаган экан. Эримнинг гапларига кўра у аёл жуда қийин аҳволда қолган, пули йўқ, болаларини қандай боқишни билмаётган экан. «Болаларнинг отаси қаерда? Болаларни боқишга у масъул эмасми? Нима учун бегона одам бу масъулиятни ўз бўйнига олиши керак?»– савол бердим эримга. Ахир хотинликка олмасдан ҳам моддий ёрдам бериш мумкин-ку?
Эримнинг иккинчи хотини бўлишини ўзимга сиғдира олмас эдим. Эримни бошқа аёл билан бўлишмоқлик. Унинг муҳаббатини, кулгусини, меҳрини бўлишмоқлик. Биргина бу ҳақда ўйлашнинг ўзи оғир эди. Унинг учун шунча ҳаракат қилиб турганимда, наҳот менга кундошни раво кўрса? Ахир эрим учун умр йўлдоши, маҳбубаси, болаларининг онаси, уйининг бекаси бўлсам. У бўлса иккинчи хотинга уйланиб, мени ёмон хотин дея камситмоқчими?!
Йўқ, икки дунёда ҳам кундошни қабул қилмайман. Агар у бу уйга келса, демак, мен кетаман. Қисқа ва лўнда. Агар эрим турмушимизни, фарзандларимизнинг ҳаётини бошқа аёлга алишмоқчи бўлса, майли. Лекин менинг иштирокимсиз.
Бу кунлар хотирада қолди. Ўшанда менга ҳаёт абадийдек, ҳеч нарса ўзгармайдигандек туюларди. Аммо ҳамма нарсанинг ҳам якуни бўлар экан.
Эрим у аёлга уйланмади. Менинг илтимосларим, уйдан кетишимни айтиб қилган дўқ-пўписаларимдан сўнг бу фикридан қайтди. У аёлнинг ҳамда фарзандларининг тақдири қандай кечди менга коронғу. Менимча, бошқа шаҳарга кўчиб кетишган.
Эримнинг иккинчи хотин ҳақида гапирмай қўйганидан бахтиёр эдим. Эримни ушлаб қолдим, лекин бахтиёр кунларимиз якунига етаётган экан.
Сўнгги сўзлари бошлари оғриётгани ҳамда Хуфтон намозигача ётиб олмоқчилиги эди. Ўша кеча эрим Хуфтонни ўқимади, қайтиб уйғонмади ҳам.
Эримнинг ногаҳон вафотидан гангиб қолгандим. Бутун умримни берган инсонимдан бир зумда айрилиб қолдим. Узоқ вақт ўзимга кела олмадим. Икки орада ишлар ҳам орқага кетган экан, бирин-кетин мулкимиздан айрила бошладик: машина, уй-жой, дўкон.
Акамникига кўчиб ўтдик. Фарзандларим билан шундоқ ҳам гавжум бўлган акамнинг уйини тўлдириб юбордик. Бора-бора келинойим томонидан норозиликлар бошланди. Бошқалар ҳисобидан яшамаслик учун ишлашим керак эди. Аммо малакам йўқ эди.
Эрим тириклигида ҳамма нарсам бисёр бўлган. Бирор касбга ўқишга ёки ишлашга эҳтиёжим бўлмаган. Уй ва фарзандларим билан овора эдим. Олдингидек ёш бўлмаганим сабаб, ҳаёт қийинлашди. Ҳар бир янги кун менга ва фарзандларимга янги синов эди.
Кунлардан бир кун акам бир одам уйланмоқчи эканини, ўзи тақводор ва яхши инсон эканини айтиб қолди. Ҳар тарафлама менга ёкди, лекин шарти мен иккинчи хотин бўлишим керак эди.
«Иккинчи хотин» – бу ибора ҳаётимда иккинчи маротаба янгради. Фақат умуман бошқа шароитларда.
У киши билан акамнинг уйида кўришдик, суҳбатлашдик. У менга ёкди, унда беназир хулқ мужассам этган эди. Хотинининг иккинчи хотин олишига қарши эканлигини, мос номзод топганини айтса, хотинининг муносабати кутилмаган бўлиши мумкинлигини айтди. Бу кишининг жавоби хотинининг кундошни қабул қилиш ёки қабул қилмаслигига боғлиқ эканини айтди.
Ўша тунда истихора қилдим. Тақдирим шу киши билан боғланишини хоҳлар эдим. Бир неча йиллар аввал менинг қандай қарор қабул қилишимдан бошқа бир аёлнинг тақдири ҳал бўлиши мумкин бўлгани эсимга тушди. Қачонлардир оғир аҳволда қолган бир аёлни оилали бўлишдан маҳрум қилганим ёдимга тушди ва Аллоҳ мени жазолашидан қўрқиб кетдим.
Истиғфор айтиб, тавба қилдим. Қачонлардир қилган ишим нотўғри экани ва бу учун тавба қилишим кераклиги хаёлимга ҳам келмаган экан. Менга тегишли бўлган нарсани ҳимоя қиляпман деб ўйлаганман. Мана энди ўзим шу ҳолатга тушганим сабабли, қилган хатойимни тушунаётган эдим. У аёл мени қабул қилишини илтижо қилиб сўрардим.
Бир неча кун ўтгач, у киши қўнғироқ қилди ва қийин бўлса-да, хотинининг рози бўлганини ҳамда мен билан кўришиш ниятида эканини айтди.
Учрашув куни ҳаяжоним тўлиб-тошарди. Аллоҳдан мадад сўрардим. Учрашгач, худди мен каби ўз эрини севувчи ва ундан айрилиб қолишдан кўрқаётган аёлни кўрдим.
Мушкул холимда мен учун – бу ишонч ва ёрдам қўли эди. Бу аёл менга мен ўз вақтида бўла олмаган суянч ва умид бўлди. Ундан бир умр миннатдорман.
Ўз эрини мен каби ҳеч ким сева олмайди, деб ўйлаган эдим. Кундошим эса муҳаббатнинг асл моҳиятини менга кўрсатди.
Бирор кимсанинг қанчалик қийин аҳволда эканини шу кишининг вазиятига тушмагунча билмаймиз. У ёки бу шароитни Қуръонга мувофиқ баҳолаб, қарор қабул қилсак, Аллоҳ ўзининг марҳаматини юборади, иншааллоҳ.
MuslimVillage.com