Аёл нега қовурғадан яратилган?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир неча йил аввал зиёли аёлларимиздан бирининг «Аёл эркакнинг қовурғасидан яратилган», деган мазмундаги ҳадисни қабул қила олмай, хафа бўлиб, ҳар хил гаплар қилганини эшитган эдим. У пайтда ёш эдим, бирор нарса дейишга имкон йўқ эди. Қолаверса, у аёлга бундай нозик масалани тушунтириш мушкул ҳам эди. Ўшандан бери шу савол зеҳнда айланиб юрар, бунга жавоб бўлгудек гап чиқиб қолса, уни эсда сақлаб қолишга ҳаракат қилиб юрар эдим. Ҳозир шу мулоҳазаларнинг хулосаси сифатида қайдланган битикларни сиз, азиз ўқувчи билан ўртоқлашмоқчиман.

Хўш, нега аёл эркакнинг қовурғасидан яратилган? 

Аввало шуни айтиш лозимки, Қуръони Каримда даставвал Одам яратилиб, жуфти ундан халқ қилингани уқтирилган бўлса‑да, бу жуфтнинг Одамнинг қайси аъзосидан яратилгани ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Бу ҳақда бизга ҳадиси шарифлар тўлиқроқ маълумот беради. Аввал ушбу ҳадиси шарифларни ўргансак.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аёлларга (яхши) муомалада бўлинглар, чунки аёл қовурғадан яратилган. Қовурғанинг энг қийшиқ жойи унинг юқорисидир. Уни тўғрилашга уринсанг, синдириб қўясан, агар ташлаб қўйсанг, қийшиқлигича қолаверади. Бас, аёлларга (яхши) муомалада бўлинглар!»

Иккинчи бир ривоятда бундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл қовурғага ўхшайди. Тўғрилашга уринсанг, синдириб қўясан. Агар ундан баҳраланадиган бўлсанг, эгрилиги бўйича баҳраланасан», дедилар».

Имом Муслим ривоятида эса ҳадис матни қуйидагича:

«Аёл қовурғадан яратилган. У ҳеч қачон сенинг йўлингга тўппа‑тўғри бўлиб тушмайди. Агар ундан эгрилигича баҳралансанг, баҳраланиб қолдинг, лекин тўғрилашга ҳаракат қилсанг, уни синдириб қўясан. Унинг синиши – талоғидир».

Бу ҳадисларнинг саҳиҳлигида шубҳа йўқ. Улардаги зоҳирий маъноларни Ислом уммати қадимдан тасдиқлаб келган. Бироқ айрим кишилар бу ҳадисларнинг асл мазмунини тушуна олмай, буни аёлларни камситиш, уларни пастга уриш маъносида тушуниб, талқин қилади ёки ҳадисларни инкор қилишга ҳам уринади.

Ислом душманлари эса бу ҳадисларни Исломга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга таъна тоши отиш қуроли қилиб олганлари ҳеч кимга сир эмас. Уларга қарши раддия бериш учун ҳадисларни ўз маъносига тескари таҳлил қилишга уринишлар ҳам бор. Бошқа бир тарафда бу ҳадисларни на қабул қилишни ва на инкор этишни билмай гаранг бўлиб турганлар ҳам топилади.

Айримларда «Бу ҳадислар Қуръон ва Суннатдаги, Ислом шариатидаги аёлга берилган эътиборга, мақомга зид эмасми?» деган савол ёки «Ҳақиқатан ҳам, жаннатни аёлнинг оёғи остига тўшаб туриб, Қуръондаги бир сурани Нисо – Аёллар деб атаб қўйиб, шу гапни айтиш қайси мантиққа тўғри келади?» деган мазмунда эътироз ҳам туғилиши мумкин. Аслида эса мазкур ҳадиси шарифлар холис, атрофлича ўрганилса, ҳеч қандай муаммо қолмайди.

Бу ҳадисларни баъзилар мажоз йўли билан ҳам изоҳлайди. Унга кўра, бу ерда аёлнинг нимадан яралгани эмас, балки унинг табиатидаги хусусияти ташбеҳ орқали баён қилинган. Яъни аёл эркакка нисбатан олиб қаралганда худди қовурға сингари тўлиқ мослашмай тураверади, эркак у билан шу бўйича муносабатда бўлишга мажбур. Бу таъвил тарафдорлари иккинчи ривоятдаги «Аёл қовурғага ўхшайди», деган лафз ҳам шу фикрни қувватлайди, дейдилар.

Аммо жумҳур уламолар ҳадисларни зоҳирий маъносига кўра тушунганлар, тушунтирганлар ва «Бу улардаги мажоз, ташбеҳ унсурларини инкор этмайди, балки кучайтиради», деганлар. Келинг, яхшиси мазкур ҳадисларни бирма‑бир қисқача изоҳлаб, ўрганиб чиқайлик.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аёлларга (яхши) муомалада бўлинглар, чунки аёл қовурғадан яратилгандир. Қовурғанинг энг қийшиқ жойи унинг юқорисидир. Уни тўғрилашга уринсанг, синдириб қўясан, агар ташлаб қўйсанг, қийшиқлигича қолаверади. Бас, аёлларга (яхши) муомалада бўлинглар!»

Ҳадис таржимасида «муомалада бўлинглар» деб ўгирилган сўз араб тилида жуда кенг маънода қўлланади. Бу сўз «бир-бирингизни шунга буюринглар», «ўзаро тавсия беринглар», «ушбу васиятимни қабул қилиб, унга амал қилинглар» деган маъноларни ҳам ўз ичига олади. Ҳадиснинг айрим матнларида, жумладан, Видолашув ҳажида айтилган хутбада «яхши» сўзи очиқ айтилган. Бунда қавс очиб юборилади ва таржима қуйидагича бўлади: «Аёлларга яхши муомалада бўлинглар!»

«Аёл қовурғадан яратилган», деганда Ҳавво онамизнинг Одам алайҳиссаломнинг қовурғасидан яратилгани назарда тутилган. «Қовурғанинг энг қийшиқ жойи унинг юқорисидир», дейилганда аёлнинг эркакдан ақлу тафаккурда, ҳис-туйғуларда фарқли эканига ишора қилинган. «Уни тўғрилашга уринсанг, синдириб қўясан», дегани «Ундан ўз табиатига зид нарсани талаб қилсанг, Аллоҳ берган хусусиятларини ўзгартиришга уринсанг, ундан айрилиб қоласан, ажрашишингга тўғри келади», деганидир. Чунки жамиятдаги ўз вазифасини бажариши учун аёлга ўша табиат керак.

Бир сўз билан айтганда, у шуниси билан аёл. Бироқ бу кўрсатма аёлликка хос бўлган хусусиятларгагина тегишли. Аммо аёлда меъёрдан ташқари ҳатти-ҳаракатлар, одобсизлик, шариат чегараларидан ташқари ҳолатлар кузатилса, у ҳолда уни мулойимлик билан тўғрилаш керак бўлади. Шу боис ҳадисда «агар ташлаб қўйсанг, қийшиқлигича қолаверади», дейиш билан бунда ҳам меъёр бўлиши кераклиги, ҳар қандай ишни аёлликка тўнкаб, ўзни оқлаш ярамаслиги уқтирилмоқда.

Демак, бу ҳадис айримлар ўйлагандек, аёлларни камситиш учун эмас, балки уларни ҳимоя қилиш, бор ҳолатларини тушунтириш, улардан камчилик ўтганда ҳам эҳтиёткорлик билан ислоҳ қилиш кераклигини таъкидлаш учун айтилган. Шунинг учун ҳам бу ҳадис аёлларга яхши муносабатда бўлишга буюриш билан бошланган ва якунланган.

Аёлнинг қовурғадан яратилишида жуда ибратли ҳикматлар бор. Қолаверса, бирор нарсанинг нимадан яратилганини айтиш бор воқеъликни баён қилиш бўлади, холос. Бу худди одамнинг аслида тупроқдан яратилганини ёки инсон наслининг манийдан тарқашини айтиш кабидир. Бунда ҳеч қандай таҳқирлаш йўқ. Бу ерда аёл кишига хос бўлган айрим сифатлар унинг асл табиати экани ташбеҳ ва тамсил усуллари билан ифодаланган бўлиб, шу муносабат билан унинг нимадан яратилгани эсга олинган.

Юқорида келтирилган кейинги икки ҳадис мазмунан бир‑бирини қувватлаб, тўлдириб келган. «Аёл қовурғага ўхшайди», деганда унинг қовурғадан яратилганига ишора бор. Унинг қовурғага ўхшатилиши ундан фойдаланишда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш талаб қилиниши жиҳатидандир. Қовурға бошқа суяклар каби тўғри эмас, эгри. Лекин у ўз вазифасини бажариши учун шундай эгри бўлиши керак. Шу эътибордан, гарчи у эгри кўринса‑да, вазифасини адо этиши эътиборидан тўғри, муносиб ҳисобланади. Аёл кишининг ҳам айрим хусусиятлари эркакка ноқулай кўринса-да, ақлга зид, мантиқсиз туюлса-да, бу унинг аёллик бурчини ўташи учун зарурдир.

Шу боис, аёл билан бирга яшаб, унинг фазилатларидан баҳраманд бўлишни истаган эркак унинг ўша аёллик табиатидаги «эгри»лигини ҳам қабул қилишга мажбур. Ҳадисда шу маънолар ташбеҳ йўли билан лўнда қилиб ифода этилган. Қайтариб айтамиз, бу аёлларни камситиш учун эмас, балки уларни ҳимоя қилиш, бор ҳолатларини тушунтириш учун айтилган. Шунинг учун ҳам ҳадисда асосий нуқта қилиб аёлларга яхши муносабатда бўлиш масаласи ўртага ташланган.

Ҳадиснинг бу ерда келтирилган ривоятларида Ҳавво онамизнинг Одам Атонинг қовурғасидан яратилгани таъкидланган бўлса‑да, қайси қовурғасидан яратилгани айтилмаган. Аммо Ибн Исҳоқнинг ривоятида «чап қовурғасидан» деб таъкидланади ва шу маъно кенг тарқалган. Жумладан, Ҳофиз Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ шу мавзудаги оятлардан бирининг тафсирида, жумладан шундай дейди: «Ундан жуфтини яратди» – бу Ҳавво алайҳассаломдир. У Одамнинг орқа тарафидаги чап қовурғасидан у ухлаётганида яратилган. Уйғониб, уни кўрди‑ю, унга хуштор бўлиб қолди. Шундай қилиб, у бунга, бу унга кўнгил берди».

Ҳар бир иши тўла ҳикмат бўлган Аллоҳ таоло бежизга аёлни ўз жуфтининг қовурғасидан яратмади. Бунда чексиз ҳикматлар, ишоралар ва рамзий маънолар бор, албатта. Аёл эркакнинг бошидан яратилмади, чунки у жуфтига раҳбар бўлиб, унинг бошига чиқиб олиш учун яратилгани йўқ. У жуфтининг оёғидан ҳам яратилмади, чунки у эркакка оёқости бўлиши учун, унинг пойида топталиши учун яратилгани йўқ. Балки у жуфти юрагининг ёнидан, қалбининг қўрғонидан яратилди. Ҳа, аёлнинг энг устувор ва буюк вазифаси – бу,  қалб билан муомалада бўлиш, уни асрашдир.

У бир умр қалб билан муносабатда бўлади: уни қўриқлайди, парвариш қилади, яшнатади, қизғанади, ром этади ва асраб‑авайлайди. Қиз бўлганида ҳам, хотин бўлганида ҳам, она бўлганида ҳам унинг асосий иши шу бўлади. Унинг бу хислати ўз жуфтига бўлган муносабатида энг юқори чўққисига чиқади. У табиатига сингдирилган ушбу вазифани ҳеч ҳам оғринмай, ўз ихтиёри билан бажаради ва шу билан ўзини бахтиёр ҳис қилади. У қалбга яқин жойдан яратилгани учун ҳам қалбни яхши тинглайди, яхши тушунади ва унга осон йўл топади. Шунинг учун ҳам қалблар унга талпинади ва унинг ҳузуридагина чин ором топади.

Ҳақиқатан ҳам, ўша чап қовурға асосан юракни ҳимоя қилиш учун яратилган ва эгри қилингандир. Агар у эгри бўлмаса, қалбни асрай олмас эди, натижада инсон салгина зарб билан ҳам нобуд бўлиши мумкин эди. Худди шунингдек, эркакни ҳаёт зарбаларидан асраш учун аёл бироз «эгри» қилиб яратилди. Агар унинг шу «эгри»лиги бўлмаса, эркакни асрай олмайди. Бунга ҳаётнинг ўзи гувоҳ.

Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифларда бу «эгри»ликни тўғрилашга уринишдан қайтарилган. Бинобарин, аёлнинг қовурғадан яратилиши, эгри қовурғага ўхшатилиши уни камситиш эмас, балки бу унинг учун шарафдир, ифтихордир.

Ҳадисларда таъкидланганидек, аёлнинг «эгри»лиги унинг таъсирчанлиги, ҳис‑ҳаяжонга бойлигида акс этади. У шуниси билан аёл. Шунинг учун унинг бу хислатини ҳаргиз масхара қила кўрманг, айбламанг! У шундай яратилган, у шу билан гўзал, шу билан жозибали, сиз унинг шу хусусиятига муҳтожсиз ва шунинг учун унга талпинасиз. Дунё унинг шу «эгри»лиги билан обод ва барҳаётдир.

«Аёллардан буюклар кўп чиқмаган, аммо ҳар бир буюк шахснинг ортида бир аёл бор» деган ҳикматли сўз бежиз айтилмаган.

Аёл қиз бўлиб ота‑онасининг кўнглини олади. Вояга етган сари онасининг ёнига кириб, ўз‑ўзидан аёллик вазифасини адо этишга киришади. Бўйи етиб, энди онасига дастёр бўлиб қолганида бошқа бир уйнинг бекаси бўлишга бел боғлайди. Бир эркакка жуфти ҳалол бўлиб, уни бахтли қилиш учун бор‑будини фидо қилади. Фарзанд кўргач, оналик вазифасини адо этишга киришади. Тўққиз ой қорнида кўтариб юрган боласини энди кўксида, бағрида парваришлаб, ҳаётга етаклайди. У гоҳида сал нарсага ҳам худди ёш болалардек хурсанд бўлади. Баъзан эса гўдаклиги эсига тушиб, бўлар‑бўлмасга йиғлаб ҳам беради. Буларнинг барчасини у «эгри» бўлгани учун кўтаради. Шунинг учун унинг «эгри»лигини асраш буюрилгандир.

Иккинчи тарафдан олиб қараганда, инсоннинг энг бехатар жойи унинг юрак тарафи бўлади, бирор зарба келса, биринчи бўлиб шу тарафини ҳимоя қилади. Ҳа, эркак туғилгандан ўлгунича аёл зотини ҳимоя қилишни ўзининг муқаддас бурчи деб билади, аёлни ҳаёт зарбаларидан асраш учун кўксини қалқон қилишга ҳам тайёр туради. Бу унинг эркаклик табиатидир, хусусиятидир.

Ўғил болаларнинг гўдаклигиданоқ ўзига тегишли бўлган аёл‑қизларни, ҳатто онасини ҳам қизғаниши, ҳимоя қилиши, биров ўргатмаса ҳам буни ўзининг вазифаси деб билиши, аёл зотининг унинг қовурғасидан яратилгани сабабидан бўлса, ажаб эмас. У табиатига сингдирилган ушбу вазифани ҳеч ҳам оғринмай, ўз ихтиёри билан бажаради ва шу билан ўзини бахтиёр ҳис қилади.

Эркакнинг қалбига энг яқин жойи унинг чап қовурғасидир. Шунинг учун унинг энг яқин кишиси бир умр аёл зоти бўлди. Айнан шунинг учун ҳам аёлнинг ҳар қанча меҳнати бўлса, оғринмай қабул қилади, оғирини кўтаради ва шу билан ором топади. У аёл зотига нимадир тақдим қилиш билан кўнглини ёзади, ўзининг эркаклигини ҳис этиб, қувонади. Хуллас, эркакнинг аёл учун, аёлнинг эркак учун қиладиган қаҳрамонлиги, фидойилигига мисол келтираман десак, адоғига етиб бўлмайди.

Хулоса қилиб айтганда, аёлнинг эркакдан ва унинг чап қовурғасидан яратилиши эркак учун ҳам, аёл учун ҳам бемисл ҳикматлар кони, бахт‑саодат манбаи бўлган ва бу соғлом ақл мезони билан олиб қараганда ҳам энг муносиб ва ягона тўғри йўл бўлган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бу ерда билдирилган фикр‑мулоҳазалар, талқинлар бир ожиз банданинг ожизона ўрганган, билган ва ўйлаган нарсалари, холос. Аёлнинг эркакдан яратилишида яна бошқа ҳикмат ва мақсадлар кўп, албатта. Бироқ бу ҳақдаги тугал илм Буюк Яратувчимиз Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хос. Биз бандалар уммондан ўз ҳовучимизга яраша сув олиб, чанқоғимизни қондиришга ҳаракат қилдик, холос. Аллоҳ таолодан ушбу ўрганган ва билганларимиздан яхши фойда олишимизни насиб этишини сўраймиз!

 Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

08.03.2015

Мавзуга оид мақолалар
I Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга янги пайғамбарлик келган пайти. Маккаи Мукаррамада ҳамма ана шу давоми...

12:14 / 10.01.2017 5118
Аллоҳ таоло мўминмусулмонларга Рамазони шариф муносабати ила кўплаб хайрбаракалар берган. Мазкур хайру давоми...

10:45 / 10.02.2017 5022
Керакли маҳсулотлар 1 кг товуқ филеси 2 та тухум 100 грамм ун 100 грамм сухарикнон талқони ўсимлик ёғи, туз давоми...

13:51 / 15.12.2016 4424