Қачон катта бўласан, қишлоқ?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қачон катта бўласан, қишлоқ?

Қишлоқ деганда, одатда соддалик, тўғрилик, ҳалоллик ва одамийлик каби гўзал фазилатлар ёдга тушади. Ҳар ҳолда, қишлоқ одамлари тасаввуримизда шундай муҳрланиб қолган. Борган сари анқонинг уруғига айланаётган оқибат илдизларини ҳам асосан қишлоқ кишиларига нисбат берамиз.

Адашдим чоғи. Бугунги қишлоқлар бошқачароққа ўхшайди…

Кейинги пайтлари қишлоққа борсам, юрагим эзиладиган бўлиб қолган. Кенгликлар бағрида ҳам яйраб нафас ололмайман, ичим сиқилади. Гап фақат турмуш шароити ёки моддий аҳволда эмас. Одамлар ўзгарган, жуда бошқача бўлиб қолган. Бир қарашда ҳали ҳам ўша-ўша: бойлар дунё орттириш ташвишида, аҳволи мундайроқлар бир амаллаб кун ўтказиш пайида. Ҳою ҳаваслар, ҳакалак отиб бораётган нафсоний истаклар… Аксарият кишилар на бу, на у дунёси учун фойдасиз ишлар билан андармонга ўхшайди: ўлардай тер тўкиб ишлайди-да, топганини бир кунда шамолга совуради. Ичкиликка муккасидан кетган кўча кишилари ҳақида гапирмаса ҳам бўлар…

Одамлар нуқул бозордан гапиради. Тўйларга янги-янги “урф-одат”лар қўшилган. “Жуда бошқача тўй бўлди-да”, оғзининг суви қочади сочларига оқ оралаган онахоннинг. Кейин билсам, “бошқача” тўйга бир эмас, икки эмас, бешта “артист” – яллачи келганмиш. Ажаб, бугунги қишлоқ кексалари ҳам данғир-дунғурга ҳавасманд. Улар ҳам гумбурлатиб, эл кўзи учун тўй бериш иштиёқида. Қўшнининг қўшни билан деярли иши йўқ, бўлса ҳам, “иш юзасидан” иши бор. Маҳаллада бирон ноқобил чиқса, кавушини тўғрилаб қўядиган оқсоқолларнинг бугун ўз набирасига сўзи ўтадими, йўқми... Ерлар, уй жойлар кенгайган, кўнгиллар кичрайган.

“Нексия”лар кўпайган, беғараз хизматчилар камайган. Ҳа, “очилиб” бораётир қишлоқлар... Авваллари, Худо кўрсатмасин, “севишганлар” ота-онаси розилигини олмай, оқ фотиҳасиз “қочиб” кетадиган бўлса, бу бутун қишлоқ учун катта иснод саналарди. “Енгилтак”ларнинг яқин қариндошларига барча олақараш қилар, юзи шувут эди уларнинг. Яхши эслайман, ўқувчилик пайтларимиз ҳали мактабни битирмаган қиз “ошиғи” билан қочиб кетганида катта йиғилиш бўлган, жуда қаттиқ гаплар айтилган, шундан кейин шўх-шаддод йигит-қизларнинг юриш-туришида кескин ўзгариш кузатилганди. Ҳозир-чи? Энди бўй етган баъзи қизу йигитларнинг тўйдан олдинги “висол оқшоми”га кўникиб боряптими қишлоқ аҳли? Яна хаёлан яқин ўтмишга қайтаман. Илгарилари ҳамқишлоқлар орасида энг юпун одамнинг ҳам юз-кўзида ҳаловат, хотиржамлик аломатлари сезилар, қаноат ҳисси бор эди. Бугунги қишлоқликлар шошгани-шошган. Афсуски, айтиб ўтилганидек, улар икки дунёси учун ҳам фойдасиз “амал”лар билан банддай кўринади.

Бу ҳолнинг илдизларини қидирсангиз, бошқа жойларга кетиб қоласиз. Лекин аҳволни ўнглаш керак-ку!

Булар дийдираб турган қишлоқ қиёфасига боқиб, неча йиллар олдин хаёлдан ўтган узуқ-юлуқ мулоҳазалар.

Афсуски, аҳвол ҳали ҳам ўшандай. Назаримда, бугунги қишлоқ содда ва ғўр, устига устак, илмсиз, бўш-баёвлиги туфайли ҳеч иши ўнгланмаётган, шу ҳолида ўзини ҳам, ён-атрофдагиларни ҳам қийнаб юборган ношуд болага ўхшайди. Ошириб юбормадимми? Менимча, йўқ. Болалик хотираларимга муҳрланиб қолган ўша файзли қишлоқ ва унинг ҳусни бўлган кенгфеъл, содда ва мурувватли одамларни қўмсайман. Бугун қишлоқда туриб қишлоқни соғиндим. Эҳтимол, сиз томонларда аҳвол бошқачароқдир...

Беҳзод Фазлиддин

http://behzodfazliddin.uz/qachon-katta-bolasan-qishloq/

Мавзуга оид мақолалар
Масаллиқлар 1та тухум 34 ош қошиқ ўсимлик ёғи 300 гр сут 1 ош қошиқ хамиртуруш Чимдим шакар 1 чой давоми...

13:02 / 29.11.2016 5476
Алишер Навоий буюк ўзбек шоири, мутафаккир, давлат арбоби. Асл исми Низомиддин Мир Алишер бўлиб, 1441 йилнинг 9 давоми...

16:18 / 10.02.2017 35679
Рамазон мағфират ойидир. Қанчаданқанча рамазонлар ўтиб кетади, бироқ кўплаб инсонлар ундан давоми...

19:02 / 24.12.2016 3620
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушкул вақтда «Лаа давоми...

12:58 / 03.02.2017 15756