Соғлик – буюк неъмат
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
2012 йил июнь ойи мен турмуш ўртоғим билан онкология диспансерига, бундан икки йиллар аввал пайдо бўлган кўкрагимдаги кичик ёнғоқча келадиган қаттиқ безни олдириш мақсадида вилоят касалхонасига йўл олдик. Докторлар синчковлик билан текширишди. Қўлтиқ соҳамда, елкамда санчиқли оғриқ бўлар. Ўзим озғин, чарчоқли ҳолатда эдим. Таҳлил натижалари чиққач, шифокор эримни чақиртирди. Ёлғиз гаплашмоқчи эканини айтди. Эшик ортида юрагим ниманидир сезганча қўрқиб кутардим. Эрим шифокор ёнидан чиққанида кўзлари намланган эди. Юрагим орқамга тортиб кетди. «Шифокор нима деганини айтасиз», деб туриб олдим. Узоғи билан икки-уч ойда яхши бўлиб кетади, дейишибди. Кейин мени бош шифокор олдига олиб боришди. Таҳлил натижаларим саратон эканини, бу касалликда умуман сиқилиш мумкин эмаслигини, даволашни бошлаш учун ота-онамнинг розилиги кераклигини айтишди. Қаттиқ тушкунликка тушиб қолдим. Даволаш химия терапия билан бўлишини ва нур олиш ҳам мумкинлигини билдим. Мен билан хонадош бўлган аёл ҳам нур олаётган экан. Унинг ёнида ўтириб химия терапия нима эканини билдим. Бу азоб эди. Эрталаб соат 8.00 ларда бошланган осма укол кечқурун 6.00-7.00 лар атрофида тугарди. У аёлни кўриб тинмай йиғлардим. Бу азобларни кўтара олмайман, деб ўйлар эдим. Сочлари тўкилиб кетган, тишлари ҳам йўқ эди. Химия таъсирида тери ранглари сап-сариқ бўлиб кетган эди. Ўзимни худди сариқ рангли ўлим фариштаси ёнида ўтиргандек ҳис қилардим. Бу касаллик билан икки йилдан бери тинмай курашаётган бу аёл каби иродали эмаслигимдан, касаллик мени енгишидан даҳшатга тушдим. Сиқилишим натижасида оғриқларим кучайиб кетди. Шифокор жуда мулойим, эҳтиёткорлик билан муомала қиларди. У менга, сиз ўранган экансиз, тушкунликка тушмаслигингиз керак ва шунга ўхшаш бир қанча яхши сўзларни айтиб, далда берарди. Кичигим энди ёшидан ошган, каттам эса бешга тўлмаган эди. Фарзандларимнинг тақдирини, келажагини ўйлардим. Бутун ҳаётим кино лентасидек кўз ўнгимдан ўта бошлади. Қилган ишларим, хатоларим, гуноҳларим, ҳамма-ҳаммаси... Ҳеч ким билан гаплашмасдан қалбдан Аллоҳга дуо қилар, тинмай истиғфор айтар эдим. Ўша куни ҳозиргидек ёдимда. Пешин намозини Каъбатуллоҳда ўқидим. Бу мўьжиза эди. Жойнамозим деворга тегиб турган эди. Девор эса Каъбатуллоҳники эди. Намозни тугатиб ҳам ўрнимдан сира тура олмадим. Намозгоҳда ўтирар эканман, ҳамшира қизнинг овозини эшитдим. Шифокор сўраётганини айтарди. Кейин унинг ҳузурига кирдим. У менга қараб, ҳаммаси яхши бўлади, сизни эртага операция қиламиз, уйингиздагиларга хабар беринг, деди. Қариндошимникига бориб эрталаб қайтишга рухсат олдим. Уларникига шомда бордим. Оилавий йиғинга кетишаётган экан, мени қолдириб кетишди. Ғусл қилдим, намоз ўқидим, узоқ дуо қилдим. Истиғфор намоз ўқидим. Қуръондан «Ёсин» сурасини етти бора қайта ўқидим. Ўша пайтда Аллоҳ мени кўриб турганлигини танамдаги ҳар бир аъзоим ― тукимгача ҳис қилардим. Жойнамоз устида ухлаб қолибман. Ўта сокинлик билан ўрнимдан турдим. Танам жуда енгил эди. Оғриқларим ҳам йўқ. Эрталаб касалхонага бордим. Соат ўн бирлар чамаси, эрим ҳам келган, мени операцияга тайёрлашди. Аввал кичик муздек хонага олиб киришди. Дори таъсирида бошим айланиб, уйқум келаётган эди. Ўзимни тутишга ҳаракат қилдим. Операция хонасига киритиш учун либосларимни ечаётган ҳамшира қиздан чойшабга ўрашини, очиқ ётмаслигимни сўрадим. Тилим базўр айланарди. Мени ўраб қўйишди. Операция столига ётқизгандан кейин кўзимни катта очишга ҳаракат қилдим. Мен уйғоқ эдим. Уча бошладим. Учаётган руҳим эди. Фарзандларимни истаб, уларни кўра олмаётган эдим. Аллоҳ, Аллоҳ, дердим. Ўзимга кела бошлаганимда ҳамма ҳайрат билан бошимда турарди. Эрим менга, жим-жим, дерди. Ўзимга келганимдан кейин менга аёллар айтиб беришди. Хушсиз ётганимда ҳам оғзим гоҳ қимирлаб, гоҳ қимирламай овоз чиқарибман. Қулоқ солишиб, такбир айтаётганимни билишибди. Эрим бўлса, жим бўлмаганимга хижолат бўлибдилар. Бор овозим билан зикр айтганимдан томоғим қуриб, бўғилиб қолган эдим. Икки кундан сўнг шифокорим хурсандлик билан менга «Сиз учун таваккал қилган эдим. Ўсмани очиб, экиб кўриш учун ундан олдик, саратон бўлса, бундай қилиш мумкин эмас эди. Табриклайман, тез кунда туби билан оламиз, қутуласиз»,– деди. Қулоқларимга ишонмасдим. Субҳаналлоҳ! Субҳаналлоҳ! Аллоҳим, Сен қандоқ ҳам улуғсан! Ҳикмат соҳибисан! Ҳар бир нарсани гўзал тадбир қилувчисан! Дунёга янги келган киши каби эдим. Касаллар билан гаплашардим. Яна икки ой яшасам эди, деб орзу қилаётган аёлни кўрдим. Жигари шишиб кетган. Катта тарвуздек гўё. Баъзи аёлларнинг иродасини кўриб, қойил қолдим. Дард берганига шукр дерди. Ўзи химия олиб ётиб ҳам «бу бир токсикоз-да», деб ҳазиллашарди. Ёнимда ётган аёлнинг аҳволи ёмонлашиб қолди. Яқинларини чақиртиришди. Секин-секин нафас олиб ётарди. Қариндошлари ташқарига чиқиб йиғлаб-йиғлаб келади. Аёл розилик сўраб хайрлашарди. «Ўлими кўзига кўриниб қолди, касаллик танага тарқаб кетган, қўлимиздан келган барча чораларни кўрдик», дерди докторлар ҳам афсус билан. У аёл учун ҳам дуо қилардим. Чиндан ачиниб, ўзим ҳам эсимдан чиқиб, Саида опани ўйлаб қолдим. Биродарининг ғойибдан қилган дуоси ижобат бўлади, дейилган ҳадисни дуоларимда қайтарардим. Иккинчи операциядан кейин бир ҳафта ўтиб менга жавоб беришди. Уйга қайтдим. Тамоман бошқа инсонга айланган эдим. Ҳамма нарсага шукр қиладиган бўлдим, ҳаётимда катта ўзгаришлар юз берди. Ҳар бир кунимиз, дақиқаларимиз ғанимат эканини англаб етдим. Орадан икки йил ўтиб, яқинда шаҳарга тушсам, чиройли аёл кулиб қараб турибди. Танимадим, лекин кўзлари кимнидир эслатарди. Бу Саида опа экан. Кўришганимизга шукроналар айтдик. Жуда хурсанд бўлдим. Соғлик – улуғ неъмат. Афсуски, кўпчилигимиз бунинг қадрига етмаймиз. Оғир дардманман, деб ўзингизни ишонтирманг. Дардни берган Аллоҳ, шифосини ҳам Ўзи бергувчидир. Аллоҳнинг бизга берган неъматларига ғарқ бўлиб турган ҳолимизда арзимас бир ташвишни деб юрагимиз сиқилаётган пайтда, нафас олишга зор бўлиб ётганларни эслайлик. Уларнинг ҳаққига ушбу гўзал Рамазон кечаларида дуолар қилайлик. Аллоҳ таоло барча беморларга Ўзи шифои комил, шифои ғойиб ва шифои кулли ато этсин. Омин.
Маҳмуда Давлатова
Мавзуга оид мақолалар
«Вақф» хайрия жамоат фонди раҳбари Жалолиддин Ҳамроқулов билан суҳбат

23:47 / 11.08.2018 2917
89 ёшли боланинг ҳиссий ҳолати 89 ёшли бола  ҳамма нарсани тез қилгиси келади ҳаракатланишни, овқатланишни, давоми...

08:44 / 28.02.2017 6030
Камалак энг чиройли табиат ҳодисаларидан бири. Азалазалдан одамлар камалак нима экани ҳақида бош давоми...

21:00 / 07.07.2019 10148