Аллоҳ – ҳамма нарсага қодир Зот
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир дўстим бўлган воқеани ҳикоя қилиб берди. Ана шу ҳикоя бугунги кунимизга ва бугунги мавзуимизга анча мос тушади. Ҳозирда аёллар фарзандларининг жинсини туғилишидан олдин компьютер орқали аниқлаб олишга одатланишган. УЗИ га тушишади ва қориндаги боланинг ўғил ёки қиз эканлигини билиб олишади.

Тўғри, ана шу аёлнинг қорнига болани солган ҳам, ана шу боланинг қиз ё ўғиллигини аниқлаб бераётган техникани инсониятга берган ҳам Аллоҳ Таолодир. Шунинг учун ҳам бу ҳолатни фолбинликка йўяётганлар хато қилишади. Худдики, узоқ-узоқ томонлардан булут йўлга чиққанини кўриб, эртага бизнинг диёрларга етиб келади ва ёмғир ёғади, дейиш нақадар оддий ҳол бўлса, бу ҳам шунга ўхшайди. Лекин нозик жиҳат шундаки, ана шу булутни Аллоҳ юбормоқда, истаган пайтида бошқа томонга буриб юборади ва ёмғир ёғмаслиги ҳам мумкин, дея олиш иймондандир.

Хуллас, дўстимнинг ҳикоясида қаторасига учта қиз кўрган бир аёл компьютер орқали тўртинчи фарзандининг жинсини аниқлаш учун йўл олади. УЗИ ходимлари тўртинчиси ҳам қиз эканлигини айтишгач, аёл йиғлай-йиғлай уйига қайтади. Эрига ушбу хабарни етказади. Тинмасдан фарзандлари қиз туғилаётган эр аёлининг режасини дарҳол англаб етади. Яъни аёл ушбу туғилажак фарзандни аборт қилиб ташлаш ниятида эди. Эр билан келишиб олгач, аста йўлга отланади. Аллоҳнинг иродасини қарангки, уйдан чиқиб кетаётганда унинг қаршисидан қўшни аёл чиқиб қолади. Ёши бир жойга етиб қолган аёл қўшни келиннинг олдига ўз юмуши билан чиққан эди. Кўзлари йиғидан шишиб кетган келиннинг ҳолатини кўриб: «Тинчликми, қизим?» деб сўрайди. «Тинчлик эмас, холажон, тўртинчиси ҳам қиз экан» деган жавоб янграйди. — Хўп, тўртинчиси ҳам қиз бўлса, нима бўпти, тирноққа зор одамлар ҳам борку, қизгинам – деб овутган бўлди қўшни аёл. Лекин эри билан келишиб бўлган аёлнинг мақсади жиддий эди: — Йўқ, холажон, менга шу учта қиз ҳам етади. УЗИга бораётганимдаёқ, агар шуниси ҳам қиз бўлса, олдириб ташлайман, деб ўзимга ўзим ваъда берганман. Шунда беҳосдан қария аёлнинг кўзлари важоҳатга тўлди: — Нима, сен кимсан ўзи? Аллоҳ бутун махлуқотни яратиб туриб, Ўзи хоҳлаган бандаларига неъмат, ризқ, фарзанд бераётган бўлса-ю, заифа ҳолинг билан Унинг амрига қарши юрмоқчимисан? Агар У сенга қиз беришни ирода қилган экан, шунга шукр қилиб, рози бўл. Яна бир марта шундай гапни эшитсам, уйингга қадам босмайман. Уйингдан овқат емайман. Саломингга алик ҳам олмайман. Мана шу охирги гап уч қизнинг онасига қаттиқ таъсир қилди. Уйига хомуш бўлиб кирди. Эрининг саволнамо қарашига эса:«Рози бўлинг, туғаман», деди. Куни келиб аёлни туғруқхонага олиб боришди. Яна УЗИдан ўтказишди, компьютер қиз чақалоқни каттайиб қолганини, яқин кунлар ичида туғилажаклигини тасдиқлади. Муолажа хонасидан чақалоқнинг овози эшитилганда, уч қизнинг отаси ноилож чўнтагини кавлади, тўртинчи қизи учун суюнчи пул олишга тушди. Ичкаридан ҳамшира аёл чиқар экан, унинг: «Ўғил кўрдингиз», деган овози ҳалиги отани эсанкиратиб қўйди. «Бўлиши мумкин эмас, ахир...» деб гапини охиригача етказа олмади, кўзларидан ёш сизилиб оқди. Нимага бўлиши мумкин эмас, сен кимсанки,  Аллоҳнинг «Бўл!» деган амрини бўлиши мумкин эмас, деяпсан?! Аллоҳга бир фарзандни синов тариқасида қиз кўрсатиб, шунга сабр қилармикан деб, туғилиши асносида ўғил бўлиб дунёга келтиришнинг қандай оғирлиги бор? Уч қизнинг отаси кўзларини яшира олмасди. Икки ҳафта муқаддам ўз қўли билан кўмиб ташламоқчи бўлган боласи ўғил бўлиб туғилиб турса, қандай қилиб чидасин? У Аллоҳнинг тақдирига мана шу паллада чин дилдан иймон келтирган бўлса, ажаб эмас . Ҳикоя шу ерда тугайди. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи  васалламдан олдинги жоҳилият даврини ўқиб, ҳайратга тушамиз. Наҳотки, одамлар шунчалик вахший бўлишган? Қизларини кўмиб ташлаган-а? деб қўямиз. Аммо ён-веримизда шундай воқеалар содир бўлмоқдаки, ана ўша Макка мушриклари ҳам буларни кўриб, ёқаларини тишлаган бўлишарди. Чунки улар ўз қизларини ҳеч бўлмаса олти-етти йил яшатиб, кейин кўмишган-ку?! Ҳозиргилар-чи, ҳали туғилмасдан, ёруғ дунёни кўрмасдан кўмиб юборишмоқда. Кўмганда ҳам, бунга ўзларича номлар қўйган ҳолда бажаришмоқда. Пайғамбар cоллаллоҳу алайҳи  васаллам аёллардан байъат олаётганларида ўзларининг бешта шартларини қўйганлар. Ана шу шартлар ичида болаларингизни овқатимга шерик бўлади, деб ўлдирмайсизлар, деган шарт бор. Бугун ўзларининг қотилликларига чиройли номлар қўйиб олганлар айнан овқатларига шерик бўлмасин учун, қориндаги болани олдириб ташламаяптиларми? Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида «Умматимнинг кўпидан хурсанд бўламан» десалар-у, биз уммат қаторида туриши мумкин бўлган фарзандларни туғилмасиданоқ йўқ қилиб юбормоқдамиз. Бунинг жавоби нима бўлади, азизлар? Бу қотилликнинг баҳоси қандай бўлади, биродарлар? Аллоҳ Ҳаким Зот. Унга дуо қилайлик, Ўзидан сўрайлик. Мўмин, солиҳа фарзандлар ато этсин. Ўғилми, қизми, бунинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Асосийси, вафот этганимиздан сўнг орқамиздан дуои раҳматлар юбориб турадиган фарзанд бўлсин. Намоз ўқисин, фахш ишлардан узоқ юрсин. Мана шунисини сўрайлик. Аллоҳнинг Ўзига боғланаётганда, бир нарсани унутмангки, Аллоҳ сабаб қилиб қўйган асбобларга суяниб қолиш куфрдир. Булутнинг келаётганини кўриб, Аллоҳ хоҳласа, ана шу булутдан ёмғир ёғдиради, дея олайлик. Компьютерга туширилган аёлларнинг қорнидаги болани Аллоҳ қандай жинсда дунёга келтиришни хоҳласа, шу бўлади, дея олайлик. Мана шу айни мўминлик ва мусулмонликдир.

Мавзуга оид мақолалар
Ва таъкидки, Биз сизларни синаймиз Йигит йўлдаги ҳайвонни мағлуб қилиб, бунинг хабари одамларнинг оғзига давоми...

08:39 / 26.01.2017 3531
Халқаро ҳалол истеъмол моллари кўргазмаси бўлиб ўтади Жорий йилнинг  11 апрелнинг  куни Покистоннинг Лахор давоми...

12:22 / 28.03.2017 3774
Ислом таълимотларида отаонага яхшилик қилиш фақат уларнинг ҳаётлик чоғлари ила чегараланиб қолган эмас, давоми...

06:54 / 29.11.2016 7186
Аллоҳ таолонинг улуғ неъматлари ҳар он инсонларга бериб турилади. У неъматлар шунчалик кўпки, уларни санаб давоми...

14:43 / 27.12.2016 3370