Ота-боболаримизнинг тарбиядаги тажрибалари билан кифояланишимиз тўғрими?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳақиқат шуки, албатта, тарбия фандир. Наинки фан, балки маҳоратдир. Келинг, азизларим, инсониятни қутқаришда маҳоратнинг аҳамияти нақадар муҳимлиги ҳақидаги ушбу қиссани биргаликда ўрганайлик. Бир кема юзлаб одамлар ва улар учун керакли бўлган ашёлар билан сафарга чиқади. Кема денгизнинг ўртасига етганида, тўсатдан мотори ишламай қолади. Кема капитани барча чора-тадбирларни қўллаб ҳаракат қилади, аммо фойдаси бўлмайди, кеманинг ҳалокати муқаррар бўлади.

Шунда одамлар орасидан чиққан бир йўловчи капитаннинг олдига келиб, моторни тузата олишини айтади ва ишга киришади. Бир болғачани маҳорат билан ишлатиб, саноқли дақиқалар ичида моторни тўлиқ тузатади ва кема йўлга тушади. Йўловчилар ҳаётлари ва ашёларини қутқариб қолган устадан мамнун бўлиб, уни олқишлай кетадилар.

Кема капитани ҳам қаҳрамон қутқарувчининг олдига келиб, ўз ташаккурини изҳор этади ва қилган хизмати учун муносиб тақдирлашини айтади. Шунда ҳалиги киши: «Мана бу тўловномани ол», дея қўлидаги қоғозни унга узатади. Миллион доллар ҳақ ёзилган тўловномани кўрган капитан ҳайрон бўлиб сўрайди: «Ахир сен на кўп вақт сарфладинг, на куч. Бир неча дақиқа учун шунчалик кўп маблағ сўрайсанми?» Шунда моҳир уста жавоб беради: «Жаноб, сиз тўловномани яхши ўқимадингиз. Мен сўраётган маблағ кетган вақтим ва сарфлаган кучим учун эмас, балки маҳоратим ва мана бу юзлаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолганим учундир». Хўш, биз ҳам қачон, қаерга нимани уришни, бошқача қилиб айтганда, бола тарбиясида нимани қачон қандай қилишни биламизми? Тан олишимиз керакки, биз тарбия фанидан, тарбиялаш маҳоратидан анча узоқмиз, тарбияни шундай олиб борамизки, фойдамиздан зиёнимиз кўпроқ бўлади. Кўпинча ота-боболаримизнинг тарбия бобида олиб борган ишлари қанчалик тўғри ёки нотўғрилигини билмасдан туриб кифояланамиз.

Ота-боболаримизнинг тарбиядаги тажрибалари билан кифояланишимиз тўғрими?

Шак-шубҳа йўқки, уларнинг тарбия усуллари ўз даврида жуда тўғри бўлган, лекин ҳозирги кунимизда ушбу фан ўзига хос янгиликларни, изланишларни талаб қилади. Бунга сабаб эса бизнинг асримизга келиб техниканинг жадал суръатлар билан тараққий этганидир. Компьютер, сунъий йўлдош, уяли алоқа воситалари, интернет замонамизнинг улкан кашфиётларидандир. Ота-боболаримизнинг тарбия усуллари биз учун камлик қилмоқда. Чунки ҳозирги тараққиёт технологиялари ёшларимиз тарбиясида ўз ўрнини топиб бўлди. Шунинг учун ҳам биз ота-боболаримиз қўллаган тарбия услубларига қўшимча равишда янгича тарбия услубларига муҳтожмиз. Али розияллоҳу анҳу айтадилар: «Болаларингизни ўзингиз тарбия топган замондагидек эмас, балки уларни ўз замонларидагидек тарбияланг. Чунки ота-боболарингиз ўз замонларига мос ҳаёт кечирганлар». Мана шу улуғ мақсадимизга етишиш учун замонавий тарбия илмини ва санъатини тўла-тўкис ўрганмоғимиз лозимдир.

Болаларни тарбиялашдан олдин оталарни тарбиялаш

Сен менга кимлигингни айтсанг, келажакда ўғлинг ким бўлишини айтиб бераман. Сен ўзингнинг табиатинг қандайлигини айтсанг, фарзандингнинг қандай сифат эгаси эканини айтиб бераман. Ҳатто туғилмаган бўлса-да, фарзандингни қандай ўстирмоқчи эканингни айтсанг, фарзандингнинг келажакдаги руҳий ва жисмоний ҳолати ҳақида хабар бераман. Одатда, отанинг шаклини фарзандлар мерос қилиб олганидек, руҳий, ахлоқий, тарбиявий ҳолатларини ҳам мерос қилиб оладилар.

(давоми бор)

Мавзуга оид мақолалар
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳар бир диннинг хулқи давоми...

06:30 / 29.12.2016 3832
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги дин ишлари бўйича матбуот хизмати маълумотига кўра, давоми...

15:45 / 26.12.2016 2979
Маҳрамият махфийлик ҳақида олимларнинг шарҳлари Аёлнинг маҳрам бўлган жойлари ҳақида олимларнинг давоми...

17:24 / 22.01.2017 3486
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ўзи эшитган озорга сабр давоми...

05:58 / 20.11.2016 4727