Беҳуда сарф бўладиган вақтлар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

    Бизда зиёрат деб савоб бўладиган ишларга айтилади. Масалан, бемор кўриш, олим ва улуғ инсонларни зиёрат қилиш, улуғларнинг қабрини, тарихий жойларни бориб кўриш каби. Аммо ушбу сўз араблар истеъмолида умумийроқ бўлиб, нима ниятда бўлса ҳам, манзилидан чиқиб бирор ерга боришга айтилаверади. Шунга кўра бу сўзни ўзимизга мослаштирмоқчи бўлсак, зиёфат ва йиғилиш десак ҳам бўлаверади.

Борди-келдида ҳам инсонлар ҳар хилдирлар. Зиёратлар ва жам бўлишлар яхши, ўзаро муҳаббат ва биродарлик алоқаларини мустаҳкамлайди. Биродарларига яқинлашган сари банданинг Роббига бўлган иймони зиёда бўлади. Аммо ўша мажлислар илмий фойда ва ўзаро насиҳатлашишдaн холи бўлса, тарк қилиш  лозим бўлади.

Баъзилар  борки, уни қидириб қолсанг, эртаю кеч ё фалончиникида ё писмадончиникидан топасан. Гўё шундай қилишга қасам ичгандек, шу ишни қилмаса қасамхўр бўлиб қоладигандек. Баъзилар эртаю кеч борди-келдидан бўшамайди. Бу улар ҳаётининг бир бўлагига айланиб кетган. Зиёратларнинг энг қисқа вақтлисини оладиган бўлсак, бир соат бўлиши мумкин. Кунда бир ё икки марта тўплансангиз, ҳафтада камида етти соат вақт бекор кетган бўлади.  Агарда шу вақтни ўқишга, илмга сарфлаганингизда эди, кўп нарсага эришган бўлардингиз ва бу учун Аллоҳга кўп шукр айтар эдингиз.

Шундай инсонлар борки, уйидан безиган. Уйдан кўра кўчани афзал кўради. Агар ўша одамнинг саволларини эшитиб, гаплашсангиз, ҳайрон қоласиз. Ўзида ҳам кўп китоблар бор бўлади. Суҳбатлашиш давомида биласизки, у китобларининг закотини адо қилмайди, яъни китоб ўқиб, ичидаги маълумотлардан фойдаланмайди. Ўқиган, лекин ўқиганига амал қилмайди.  Табиийки, китоб муаллифларининг исмларини ҳам билмайди. Шубҳасиз, ўша шамолда учган зиёратлар мана шу жаҳолатнинг сабабидир.

Инсон ҳар бир ўтиришга кетган вақтини ҳисоблаб кўрса, бир-икки соат ёхуд ундан ортиқ ҳам бўлади. Баъзан мажлислар чўзилиб, ярим кечагача давом этади. Ушбу соатларда илм ўқилса эди, кўп фойдаларга эришиларди. Умрдан зое кетган кунлару соатларга надомат қилиб бармоқ тишланмасди.

Биз ўз ҳаётимиздан ушбу ҳолатларга мувофиқ келадиган кўпгина кўринишларни мисол келтиришимиз мумкин. Бўлар-бўлмасга маросим қилиб, инсонларни чақириб, вақтни зое қиладиган издиҳомлар кўп. Айниқса,  бундай маросимларга аҳли илмларни таклиф қилишга уриниш кучлидир. Аммо мақсад илмий манфаат ҳосил қилиш бўлса, зарари йўқ.  Афсуски,  бундан бошқа манфаатлар ҳам йўқ эмас.

Аҳли илмларимиз орасида ҳам вақтни зое қилувчи мажлислар кўпайиб кетганини айтишимиз мумкин. Турли баҳоналар билан ҳали у ерда, ҳали бу ерда тўпланиб, зиёфат уюштириб, охири кўринмайдиган ўтиришлар кўп. Шунингдек, толиби илмлар орасида ҳам шу каби ҳолатлар мавжуд. Ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа бориб, бўлар-бўлмас суҳбатлар билан Аллоҳ илм учун бериб қўйган фурсатни исроф қиладилар.

Аллоҳ таоло вақтларимизни беҳуда зиёратлар ва юришларга сарф қилишимиздан асрасин!

 Вақтнинг дўкони ёки бозори йўқ, уни сотиб олиб бўлмайди. Бироқ мозори бор. У беҳуда ўтган вақтдир. Уни ўз қўлларимиз билан кўмамиз.

 

Одинахон Муҳаммад Юсуф 

Мавзуга оид мақолалар
Ҳомила қоринда парчаланган ва ҳомиланинг кўп қисми чиққан бўлса, агар тушган боланинг тирноқ, бармоқ, соч давоми...

09:54 / 29.11.2016 6108
ТУШЛИККА НИМА ЕЙМИЗ ёхуд энг ҳалол аравакаш Ўн саккизинчи мактуб Тиланчининг тўрваси тўлмас Турк халқ давоми...

17:54 / 27.04.2017 3848
Энди таяммумни қандоқ қилишни ўрганайлик. У икки зарбадан иборат бўлиб, бир зарбадан кейин юзга масҳ давоми...

18:35 / 10.11.2016 21200
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Арафа кунининг рўзаси минг давоми...

21:11 / 21.06.2023 1361