Илм талаб қилишга тўсқинлик қиладиган омиллар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Илм талаб  қилишга тўсқинлик қиладиган омиллар

2.Илмга иштиёқсизлик. Бунга бир қанча ҳолатлар киради, улардан: дарсларга ҳозир бўлмаслик, ишнинг кўплигини баҳона қилиш, ёшликда илм олмаслик ва илм талаб қилишга кўнгилсиз бўлиш.

Толиби илм дарсларда қатнашмас экан, буюк бир насибани қўлдан чиқарган бўлади. Қадимда салафи солиҳларимиз: «Илм келмайди, балки  унга борилади», дер эдилар. Ҳозирги пайтда тамоман бунинг акси бўлиб қолди. Илмга борилмаяпти, илм келяпти. Афсус-надоматлар бўлсинки, баъзи толиби илмлар дарсларга муайян қатнашишга эътиборли эмаслар. Дарсда иштирок этмаган у ёқда турсин, унга кеч қолиб келган киши ҳам баъзи нарсалардан бебаҳра қолади. Бундай мажлисларда ҳозир бўлганлар устидан сакийна нозил бўлиб уларни раҳмат ўраб олиши, илм олувчининг оёқларининг остига фаришталар қанотларини ёзиб туришларининг ўзи кифоя эмасми?  Ҳолбуки мана шулардан аввал Аллоҳ уларни Ўзининг ҳузуридагилари олдида зикр қилиб бўлган бўлади. Ҳам илмий таҳсилга, ҳам ухровий ажрга эга бўлишдан нима тўсиши мумкин?

Илмий мажлисларга келмаслик ёки умумийроқ қилиб айтадиган бўлсак, илм олиш билан шуғулланмаслик сабабини сўрайдиган бўлсак, ишнинг кўпилигини рўкач қиладиганлар ҳам бисёр. Ҳар хил дунёвий ишларни узр қилиб кўрсатадилар ва бу даъволарини ўзларича маъқул деб ўйлайдилар. Илм ҳам ибодат-ку? Бу ибодатни адо этишдан кўра устунроқ бўлган қайси амал бор? Билиб-билмай баҳона қилиб, илм олишга ҳаракат қилмаётганларга айтамизки, илмга алоҳида ажраб чиқиш шарт эмас. Илм талаб қилиш, ҳаётимизнинг бир бўлаги бўлиши лозим. Чунки у ибодатдир ва шу билан бирга, у ҳар бир мўмин ва мўмина учун фарз амал ҳамдир. Банда ўзининг бандалигини қилиши учун ҳам, илм лозимдир. Албатта, ҳамма ҳам маълум бир илмий мақомга эришиши, ҳамманинг ҳам илмий унвони бўлиши шарт эмас. Аммо илмни доимо талаб қилиши керак.

Ёшликда илм олмаслик ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ҳам катта насибадан бебаҳра қолишдир. Чунки ёшликда таълим олишга имконият кенгроқ бўлади. Куч-қувват ўрнида, зеҳнни машғул қиладиган ғам-ташвиш камроқ бўлади. Агар ўз ихтиёри билан кичиклигида таълим олмаган бўлса, улғайганида, ёшликдан таълим олганларни ҳавас қилади, ёшлигини беҳуда ўтказганига ҳасрату-надомат чекади. Лекин бу билан ёшлиги илм олмай ўтиб кетган бўлса, шу билан қолган умрини ҳам илм талаб қилмай ўтказиб юборсин, деган хулосани қилмаслик керак. Бу борада салафи солиҳларимиздан баъзиларининг сўзларини эслаб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

Умар розияллоҳу анҳу:«Бош бўлиб қолишингиздан аввал фиқҳни ўрганинг», дедилар. Ҳасан айтадилар: «Илмни кичикликда талаб қилиш, тошга нақш солиш кабидир». Имом Бухорий эса:«Бош бўлиб қолганингиздан кейин ҳам (таълим олаверинг). Зеро Набий соллаллоҳу алайҳи васаламнинг асҳоблари (нинг баъзилари), ёшлари катта бўлганда илм ўрганганлар», деганлар. Шунинг учун ҳеч қачон ноумид бўлиш керак эмас. Кичиклигидан илм олмаганини баҳона қилиб ўрганмайдиганлар ҳам бор, тушкунликка тушадиганлар ҳам бор. Уларга жавобан: Умрнинг ҳаммаси таҳсил олиш замонидир. Чунки у ибодатдир. Аллоҳ таоло: «Ва сенга аниқ нарса (ўлим) келгунича Роббингга ибодат қил», деган  деб эслатма берамиз.

Илм талаб қилишга иштиёқсиз бўлиш эса офатдир. Афсуски, ана шундай инсонлар ҳам бор. Ота-онаси, оиласи ва бошқалар уларнинг таҳсил олишлари учун бор имкониятларни яратиб берадилар. Аммо муҳаббат бўлмаганлиги сабаб, улар таҳсилдан қочадилар, бошқа нарсалар билан машғул бўлиб, умрларини зое кетказадилар. Вақтларини, зеҳнларини, куч-қувватларини беҳуда нарсаларга сарфлайдилар. Дин, ибодат, илмнинг даъвосини қилган ҳолда, имкониятлари бўла туриб Қуръони Каримни тўғри тиловат қила олмайдиганлар қанча ёки умуман тиловат қилмайдиганлар қанча? Энг оддий кундалик амалларни билмайдиганлар қанча?

Бугунги кунда турли фитналарга дучор бўлаётганимиз, илмга нисбатан муҳаббатсизликдандир. Асл илм бу ёқда қолиб, одамларнинг гапини гап деб, ким нима деса деб, ким нима қилса қилиб юрилибди. Асл илм инсоннинг қалб кўзини ҳам очади. Ишларни тўғри таҳлил қилишда, воқеъликка тўғри баҳо беришда, тўғри ечим қабул қилишда, шубҳасиз, илм ёрдам беради.

 Одинахон Муҳаммад Юсуф

Мавзуга оид мақолалар
35 , , « , ». . Ўттиз бешинчи ҳадис Ало ибн Мусайяб отасидан, у ва Хайсама шундай деган «Ким Рамазон давоми...

18:38 / 08.06.2018 3584
Иккинчи кун Оиламиздаги муносабатлар Албатта, жамиятимиздаги муносабатлар аввало оиламиздан бошланади. давоми...

10:45 / 08.02.2017 3611
 Барча халқларда қадимда ўтган улуғ кишиларни, машҳур кунларни, воқеаларни ёки бошқа муносабатларни давоми...

20:54 / 02.01.2017 3267
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўз халифалик даврларида бир гуруҳ кишилар билан кетаётган эканлар, бир аёл у давоми...

15:37 / 17.11.2016 4158