СИЗ ЎҚИТУВЧИМИСИЗ?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


(ҳикоя)

Автобусни кутишга сабрим етмай, такси тўхтатдим. Ҳайдовчи бош-оёғимга бир қараб олди-да: “Неча пул берасиз?” деди. “Уч минг...” дедим.  “Бўпти, ўтиринг”, деди йигит. Кетиб бораётиб, йигитни гапга солгим келди: “Укахон, нега савдолашмадингиз, балки мен кам айтгандирман?” Шунда у: “Айрим одамлар билан тортишиш фойдасиз. Борига барака, бизнинг ризқимизни йўлга сочиб қўйган, бирда ундай, бирда бундай”, деб жавоб берди хотиржамлик билан.

  •  “Айрим одамлар”, деганингиз кимлар? Қўли калтароқ одамларни назарда тутяпсизми? – дедим мен ҳайрон бўлиб.

– Кўнглингизга келмасин-у, ўзи билиниб туради-да! Пули борлар тўхташингиз билан ўтириб олади. “Фалон жойга”, дейди. Юзингизга қарамайди ҳам. У фақат таксини кўради.

– Ишқилиб, норози бўлиб қолмадингизми?

– Йўқ. Сиз нархни инсоф билан айтдингиз... – деди у кулимсираб, назаримда ҳалитдан бери нимадир нашъа қилиб.

– Лекин тўғри ўйлабсиз, ҳақиқатда ҳам айтганимдан ортиғига кўнмасдим, аслида икки ярим минг ҳам етарди, деб ўйлагандим, – дедим.

 Йигит кулиб юборди. Орадан бегоналик кўтарилиб, гаплашиб кетдик. Оиласига қизиқдим.

– Уйланганмисиз?

– Ҳа.

– Келин нима иш қилади?

– Ўқитувчи, – яна кулимсиради йигит. – Бир куни таксида келаётсам, бекатда турган экан. Қўл кўтарди, тўхтадим. “Чилонзорга”, деди. “Неча пул берасиз?” деб сўрадим. Арзимас пулни айтди. Тўғриси, йўлим бўлгани учун «Майли, ўтиринг», дедим. Ўтирганидан сўнг: “Ўқитувчимисиз?” деб сўрадим. “Нима эди?” деди у. Кулдим. “Ўқитувчилигингизни пулга қаттиқлигингиздан билдим”, дедим. Унинг жаҳли чиқиб: “Ўқитувчиликнинг нони қаттиқ бўлади”, деганини эшитмаганмисиз?” деди. “Эшитганман. Менинг бувим ҳам ўқитувчи бўлганлар. Бувим бозорга борсалар, савдолашмагунча нарса олмасдилар. Бувимни таниб қолган бозорчилар, «Бу онахон барибир ўзининг айтганига олади», деб нарсаларининг нархларини бироз кўтариб айтишарди. Бувим уларнинг шумликларини билиб турса ҳам, ўзларини билмаганликка олиб, савдолашардилар. “Савдолашишда барака бор”, дердилар. Кейин билсак, бувим Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларига амал қилар эканлар...

Бир куни у машинамга ўтирган кўчадан юрдим. Қарасам, бекатда у турибди. Тўхтадим. Ўтирди... Шу тарзда танишиб олдик. Худога шукр, ҳаётимиз яхши. Фарзанд кутяпмиз. Унинг севинчдан чеҳралари очилиб кетди.

– Мени ҳам ўқитувчига ўхшатдингиз-а?

– Ҳа, сизни кўпроқ бувижонимга ўхшатдим.

  •  Раҳмат. Лекин мен ўқитувчиларни ўқитадиган ўқитувчиларданманда! – дедим мақтанганнамо ҳазиллашиб. Бувижонингизнинг жойлари жаннатда бўлсин, мана, бизнинг манзилга ҳам етиб келдик...

– Яхши боринг, холажон, – деди йигит ва ғувиллаганича кетди. Изидан қараб қолдим. Бироз бориб, тўхтади, бир эркак кабина эшигини очди-ю, ўтирди. Машина олға юриб кетди.

Йигитнинг хулосаси тўғри бўлса, ҳозирги йўловчи ё таниши, ё бир ишбилармон, ҳар ҳолда ўқитувчи эмас. Лекин ўқитувчининг пулга “қаттиқлиги”нинг касбига алоқаси мени ўйлатарди. Агар ўқитувчининг ойлиги катта бўлганида ҳам, ўқитувчи пулга "қаттиқ" бўлармиди? Балки... Аввалги замонларда қандай бўлган экан? Шунда лоп этиб кўз олдимга Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён”идаги Солиҳ махдум домла келди. У ҳам ўз даврининг ўқитувчиси, таъбир жойиз бўлса, у бизнинг ўқитувчилардан ҳам "пишиқроқ" эди. Демак, таксичи йигит адашмаган. Ҳаммадан ҳам мени қувонтирган нарса, йигитнинг самимийлиги, ўқитувчи бувисини ҳурматлаб эслагани, аҳли оиласидан мамнунлиги эди.


Раъно РАҲМОНБЕРДИ қизи

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Расулини юбориб, у зотга энг гўзал ва ҳикматли амалларни суннат қилиб берган давоми...

11:35 / 01.11.2018 2810
Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ иш кўплигидан сал ҳорғин кўринганларида яқинларидан бириачиниб .Бу давоми...

02:55 / 09.02.2023 2596
Ҳар бир мусулмон билиб қўйиши лозим бўлган ҳақиқатлардан бири шуки, камолот сифатлари ила энг олий даражада давоми...

13:24 / 10.11.2016 4124
Расулуллоҳ алайҳиссаломни яхши кўришимизга 10 сабаб Саодату ҳидоятимиз сабабчиси. Аллоҳ таоло у зотни давоми...

14:16 / 11.12.2017 3407