Амаллар ниятларга кўрадиp
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мана, мавлид ойи бўлмиш Рабиъул аввал ойи ҳам кириб келди. Ҳар йили мавлид ойида Хабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кўпроқ ёд этишга, у зот алайҳиссаломнинг суннатларини тирилтиришга ҳаракат қиламиз. Бу йил ҳам шу улуғ ниятни мақсад қилган ҳолда, ҳозирги кунда энг машҳур бўлган мавзуни суннат асосида кўриб чиқамиз.

Бизга ёшлигимиздан ёши улуғ кексаларимиз бир нақлни таълим беришади, бу ҳам бўлса: “Яхши ният қил” ёки “тўғри ният қил”. Бу калималарнинг аслига қарайдиган бўлсак, уларнинг Ислом динидаги ўрни ҳақиқатда юксак ва келиб чиқиши набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Амаллар ниятларга кўрадир” деган ҳадисларига тўғри келади.

Ҳозирги кунда психологларимиз илгари сураётган бу мавзу бугун ёки кеча пайдо бўлиб қолган эмас. Бу мавзу бундан 14 аср олдин ҳам, янаям аниқроқ айтсак, инсоният яратилган пайтданоқ бор бўлган. Фақат ўз замон ва маконига кўра қўллаб келинган. Бу мавзуга Ислом нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, бизни сергакликка ундайди.

Ҳўш, амалларимиз қанчалик ниятларимизга боғлиқ?! Роббимиз Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизга шу қадар яқинки, бизнинг ҳар бир ниятимизни эшитиб, билиб туради. У миллиардлаб инсонлар бир вақтнинг ўзида сўзлашсалар, ҳар бирининг сўзинию хаёлини эшитиб, ўқий оладиган Алийм ва Самиъ Зот. Инсонлар кун бўйи турфа хил хаёллар қуршовида яшайдилар ва уларни доим ҳам назорат қила олмайдилар. Ана шу ўй-хаёлларида қанчадан-қанча ниятлар қиладилар. Уларнинг ижобатини кўрганларида эса бундан ҳайратда тушадилар. Баъзи ҳолларда эса норози бўлиб: “Мен буни шунчаки ўйлагандим, амалга ошишини истамагандим”, дейишади.

Аллоҳ бизга шоҳ томиримиздан-да яқин Зот. Бизни ўзимиздан-да яхшироқ биладиган Зот. Унинг ваъдасини ифодалаган “Агар сўрасалар, ижобат қиламан” деган ояти бор. Шу сабабли ниятларимизда хушёр бўлайлик. Бу мавзулар ҳозирги кунда долзарб бўлаётгани ҳам бежиз эмас. Ҳозирги глобаллашув даврида хабарлар алмашинуви энг чўққисига чиқди десак, муболаға бўлмайди. Роббимиз хаёлимизнинг аксар қисмини керак-керакмас хабарлар ва дунё ишлари билан эмас, балки Ўзининг зикри билан қамраб, тезлик билан ўсиб бораётган бу жамиятда бироз тўхтаб, фикр қилишга бошлаётгандир. Тинчланинг ва тин олинг. Бу дунё сиз югурмасангиз ҳам югуриб кетяпти. У билан бирга югуришнинг кераги йўқ, шунчаки баъзида тўхтаб, бироз тафаккур қилайлик. Нималар ҳақида ўйлаяпмиз?  Амалларимизни нима асосида бажаряпмиз?! Аслида кимни рози қилишимиз керак эди-ю, кимнинг розилиги илинжидамиз?! Роббимиз биздан қайси ниятларимиз ва амалларимиз учун рози бўлади?! Қайси амалларимиз Унга яқинлаштиряпти-ю, қайси бири ундан узоқлашишимизга сабабчи бўляпти?!

Ислом дини шундай енгиллик диники, ҳар бир амални савобга айлантира олади. Қандай дейсизми? Ниятларимиз ила... Ҳа, биргина ниятимиз билан бутун бир амалимизни савобга айлантира оламиз. Шу сабабли бу мавлид ойида қилинадиган ҳар бир амални энг кичигидан каттасигача чиройли ният ила қилайлик. Ниятимиз Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламни севиш орқали у зот башоратини берган барокатни топиш, у зотнинг шафоатларига эришиш бўлсин, Роббимизнинг севгисига мушарраф бўлиш, ҳар бир амалимизда суннатларни тирилтириш бўлсин, Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг изларидан юриб, Роббимиз ҳузуридаги энг юқори мақомга кўтарилиш бўлсин. Ниятимиз ниятлар билан чекланмасдан, амалларга шўнғиш бўлсин. Зеро, ниятнинг ўзи билангина кифояланиб, ҳаракатсиз ўтириш бу нодонлик бўлади. Роббимиздан бу ой ўтган бошқа ойлардан кўра охиратимиз учун манфаатлироқ бўлишини тилаб қоламиз.


 Нодира Мирҳамидова

Манба
Мавзуга оид мақолалар
Иккинчи шубҳа Саҳлдан ривоят қилинадики, Абу Усайд Саидий тўй қилиб, ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи давоми...

10:59 / 24.01.2017 3356
Муслима олийгоҳнинг энг яхши талабаси  Нигерия штатларидан бири Осундан келган муслима Харьковдаги давоми...

16:13 / 14.06.2017 10986
Дуога қўл очинг, толмасин билак, Бугун сўраб олинг энг яхши тилак, Файз ила беради Аллоҳ таборак, Иймон давоми...

17:03 / 09.12.2016 4047