“Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов билан яратдик”
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Қамар сураси, 49-оят)

Ушбу оятдаги «ўлчов» сўзининг икки хил шарҳи бўлиб, бири «қазои қадар» маъносини, иккинчиси «миқдор», «ўлчов» маъносини англатади. Икки маъно ҳам бир-бирини тўлдириб келади.

 «Қадар» маъносида келса, барча нарсаларни содир бўлишидан аввал билиб туришни англатади.

«Ўлчов» маъносида келса, барча нарса ва ҳодисаларнинг ўз миқдори, ўлчови борлигини билдиради. Ушбу оят озгина сўзлардан иборат бўлишига қарамай, ўзида улкан маъноларни мужассамлаштиргани ҳам мўъжизадир. Инсон илми ҳозиргидек бўлмаган даврларда бу оятни одамлар ўзларича тушуниб юрганлар. Лекин илм-фан ривожланиб борган сари, янгидан-янги кашфиётлар қилиниши билан ушбу ояти кариманинг маънолари янада теранлашиб бормоқда. Бу кашфиётлар билан яқиндан, инсоф ила танишган кишиларнинг Исломга кирмай иложлари қолмаяпти.

Уламоларимиз янада таъсирчан ва тушунарлироқ бўлиши учун оятнинг маъносини тасдиқловчи кўпгина илмий далилларни келтирадилар. Биз ҳам уларга мурожаат қилиб кўрайлик.

Узоққа бориб юрмай, ўзимиз учун ҳар лаҳзада зарур, агар бироз етишмай қолса, ҳаётимизнинг тугашини муқаррар қилиб қўядиган ҳавони олайлик. Ҳавода кислороднинг миқдори 21 фоизни ташкил қилади. 22 ҳам эмас, 20 ҳам эмас. Уни ким қилди? Агар кислороднинг нисбати кўпайиб кетса, ҳамма тарафдан олов чиқиб, ёниб кетар экан. Жонли зотлар кислороддан нафас олиб яшайди ва ўзидан карбонат ангидрид чиқаради. Наботот эса, аксинча, карбонат ангидриддан озуқаланиб, ўзидан кислород чиқаради. Агар ушбу мувозанат бузилса, ер юзида ҳаёт қолмаслиги аниқ. Бундай нозик мувозанатни ким жорий қилди? Аллоҳдан ўзга ҳеч ким эмас. Қуёш ер юзига маълум бир ўлчовдаги иссиқликни юбориб туради. Агар ўша ўлчов бузилиб, миқдор озгина озайса, ер юзи музлаб қолади, кўпайса, куйиб кетади. Хўш, бу мувозанатни ким ўрнатди ва уни ким давомли этиб турибди? Аллоҳдан ўзга ҳеч ким эмас. Нима учун баъзи жонзотлар оз тухум қўяди-ю, бошқалари кўп қўяди? Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Мисол учун, лочинни олайлик. Ўзи ҳилват жойларда яшайди. Одатда лочиннинг тухумини ўз кўзи билан кўрган одамни учратмаймиз. Пашша бўлса, ҳамма ёқни тухумига бостириб юборади. Ўн миллионлаб тухум қўяди. Агар лочин пашшага ўхшаб тухум қўйса, нима бўларди? Ёки аксинча бўлса-чи? Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло лочиннинг умрини узун, пашшаникини қисқа қилиб қўйган. Бўлмаса, ўлчов бузилиб, ҳаётда ноқулайлик туғиларди. Нима учун илонларнинг кичкинаси заҳарли, каттаси заҳарсиз бўлади? Чунки кичиклари кучсиз, ўзини ҳимоя қилишнинг бошқа иложи йўқ. Катталари кучли ва кўп нарсага имконлари бор. Агар икковлари алмашиб, кичиги заҳарсиз, каттаси заҳарли бўлиб қолса борми? Нималар бўлишини кўз олдингизга келтиргандирсиз? Бу мувозанатни ким ўрнатган? Чарлз Дарвинми ёки Карл Марксми? Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким қодир эмас бунга! Ҳар биримиз онамизнинг кўкрагини эмиб, катта бўлганмиз. Лекин ўша она сутининг ўзи нима? Унда қандай моддалар бор? Ўйлаб кўрганмизми шуни? Туғишдан олдин ва кейинги биринчи даврда оналарнинг кўкрагидан сарғиш-оқ суюқлик чиқар экан. Худди ўша суюқлик чақалоқни турли касалликлардан асровчи моддадан иборат экан. Во ажаб! Ҳар бир инсон учун ҳаводек зарур бу суюқликни онанинг кўкрагига айнан чақалоқ туғилиши пайтида ким келтирди экан? Америкалик олимларми ёки инглиз олимларими? Йўқ ва яна йўқ! Чунки улар ҳам болаликларида Аллоҳ берган ушбу суюқликни эмиб, ҳаётларини сақлаб қолганлар.

Кўкракка бола туғилганидан кейинги кундан бошлаб, сут кела бошлайди. Буни онанинг ўзи қиладими? Кундан-кунга сут кўпайиб бориб, бир йилдан сўнг ҳар куни бир ярим литр сут келади. Чақалоқ ўсиши билан сутнинг миқдори ҳам кўпайиб бораверади. Мўъжиза шундаки, сутнинг фақат миқдори кўпайиб қолмай, ундаги озуқа бўладиган моддаларнинг таркиби ҳам эҳтиёжга қараб, ўзгариб боради. Буни Аллоҳдан бошқа яна ким қила олиши мумкин?! Бу масалада неча-неча жилдли китоблар битилган. Инсофи бор ҳар бир киши уларни ўқиб, тафаккур қилиб кўрса, мусулмон бўлмай, иложи йўқ. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсанинг замонини, маконини, ҳажмини, шаклини ва бошқа жиҳатларини нозик-нозикликларигача ўлчаб қўйган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг

«Тафсири Ҳилол»  китобидан олинди.

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Салмо бинти Қайс розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давоми...

12:20 / 30.11.2016 4601
Савол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Муҳаммад деб ким исм қўйган            Жавоб Расулуллоҳ давоми...

12:25 / 27.11.2017 2994
Мисол тариқасида «Шархи «Ақидатут Тоҳовия» китобидан иқтибос келтирамиз. «Аллоҳ таоло дуоларни ижобат ва давоми...

20:41 / 25.09.2017 4262
Ботиб бораётган қуёш заррин нурларини Байтуллоҳи шарифнинг қуббасидан йиғиб олаётган бир пайт олам узра давоми...

15:20 / 24.01.2017 3951