Бидъат ҳақида сўз кетар экан, кўпинча салбий фикрларга дуч келамиз. Диний тушунчаси бор одамлар бўлмағур урф-одатлар деб қарашса, диндан узоқ инсонлар диний хурофотлар деб билишади. Бунинг сабаби нима?Аслида бидъат нима?
Бидъат сўзи луғатда «бир нарсани янгитдан пайдо қилиш» маъносини англатади. Уламолар эса бидъатни, ибодатларда бўлсин, одатларда бўлсин, ёмон бўлсин, яхши бўлсин, Қуръон ва суннатда йўқ ва янги пайдо бўлган нарса, деб таърифлайдилар.
Хар бир нарсанинг ижобий ва салбий томонлари бўлганилек, бидъат ҳам иккига бўлинади: яхши бидъат ва ёмон бидъат.
Кейин йўлга қўйилган бўлса-да, фойдали бўлган амаллар мустаҳаб ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида Қуръони Карим китоб шаклига келтирилмаган, мадрасалар қурилмаган, турли илимлар шаклланмаган, китоблар ёзилмаган эди. Таровеҳ намозини жамоат бўлиб ўқиш ҳам Умар розияллоҳу анҳунинг ҳалифалик даврларида жорий қилинган.
Абдурроҳман ибн ал-Қорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу билан Рамазон кечаларининг бирида масжидга чиқдим. Қарасак, одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб тарқоқ ҳолларида: кимдир ўзи намоз ўқимоқда, кимдир намоз ўқиса, бир неча киши унга иқтидо қилмоқда.
Шунда Умар: «Менимча, ана уларни бир қори (ортига)га жамласам, яхши бўлади», деди. Сўнгра уларни Убай ибн Каъбнинг ортидан жамлади. Кейин бошқа бир кечада мен яна у билан чиққанимда, одамлар қорига иқтидо қилиб намоз ўқишар эди.
«Бу қандоқ ҳам яхши бидъат. Бу вақтда ухлаб ётганларидан кўра, қоим бўлганлари афзал», деди ҳазрати Умар. Кечанинг охирида демоқчи. Одамлар кечанинг аввалида қоим бўлишар эди.
Молик ривоят қилган.
Сўнги даврларда илм-техника тез суръатларда тараққий этаётганлиги сабабли, турли янгиликлар кўпайиб кетди. Хусусан, диний билимлар соҳасида ҳам. Интернет тармоғи ёрдамида араб тили, фиқҳ, Ислом тарихи, тажвид ва бошқа илмларни турли услубларда ўрганиш имконияти мавжуд.
Ўз юртида яшаб туриб, чет мамлакат олийгоҳларида таълим олиш мумкин. Интернетдан фойдаланиш имкони йўқ инсонлар учун ҳам қулайликлар оз эмас. Масалан: «Руҳий тарбия», «Бахтиёр оила» китобларининг аудио вариантлари, электрон ручкали Қуръони Карим китоби, электрон тасбеҳлар ва ҳоказо.
Бу каби дин ва дунё учун хайрли бўлган воситаларга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Албатта, замон билан ҳамнафас яшаш афзалдир. Зеро, динимиз Ислом – энг замонавий диндир.
Оиша