Келин бўлсаммикан ёки рўза тутсаммикан?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Болалигимдан ҳар йили Рамазон ойида 30 кун рўзани тўлиқ тутиб келганим учун рўза тутмайдиганлар кўзимга ғалати кўринарди. Бирор кун рўзани қазо қилганларга эса «иродасиз» деб «тамға» қўярдим. Аммо ҳали бола эканлигим, ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиб кўрмаганим менга панд берган экан.

Агар ўша пайтда менга кимдир «Кун келиб, ўзинг ҳам рўзаларни қазо қиласан» деганда, шубҳасиз, у одам билан муроса қилмаган бўлардим. Аммо кунлар, ойлар ва йиллар ўтиб, мен ҳам улғайдим. Қизлик унвонидан маҳрум бўлиб, келинлик мақомига эришдим. Келин бўлиш қийин дейишганида бу дангасаларнинг баҳонаси холос, деб ўйлардим.

Аммо шахсий тажрибамда синаб кўрилгандан кейин ўша машҳур фикрга мен ҳам қўшилдим. Келинликнинг гашти ва муслиманинг одати қуёшдан аввал уйғониш. Бу қийин иш эмас, чунки ҳамиша шундай бўлган. Аммо қизлик уйимизда бомдод намозини адо этиб бўлиб, Қуръон ўқиб, саловат айтиб, қуёш чиқишини кутиб ўтирардик.

Кейин эса суннатга мувофиқ қайлула уйқусидан баҳраманд бўлардик. Яна ҳамма билан баравар туриб, ишга, ўқишга кетаверардик. Бироқ келинликда ҳаммаси ўзгача бўлди. Бомдод азони айтилиши билан таҳорат олиш учун эмас, кўча ҳовлига сув сепиб супуриш учун шошилиш керак. Чунки эркаклар масжидга ўтаётганда эшик олди аллақачон сув сепилиб, супурилган бўлмоғи даркор!

«Алҳамдулиллаҳ, қутулдим» дейсиз, тонг қоронғусида зўрға кўзингиз илғаб, кўчаларни супуриб бўлгандан сўнг, энди намоз ўқисам ҳам бўлади, деб таҳоратга шошасиз. Аммо уйдагилардан кимдир ҳовлига чиқади: ― Ҳалиям ҳовлига сув сепмадингизми, тонг ёришай деяпти.

Хўп, дейсиз-у, челакка сув тўлдиришга тушасиз. Ичингизда эса потирлаётган қуш каби «Бомдод қазо бўлмасайди» деган таҳлика бор! Эсонлик билан катта ҳовлига сув сепилди, супурилди. Югуриб ҳаммомга ошиқасиз.

«Келин, чой кеч қоляпти-ку, биз бу пайтда нонушта қиламиз». Қани, ҳаддингиз сиғиб, намозга кеч қоляпман, деб айта олсангиз. Айтолмайсиз. Чунки бу хонадонда ҳеч ким умрида бирор ракъат намоз ўқимаган. Додингизни тушунишмайди. Хуллас, нонуштага берилган «буюртма»ларни бажариб қарасангиз, қуёш уфқдан бош кўтариб турибди.

Кайфиятингиз – бир тийин. Чунки шу ёшга кириб, бирор марта уйғоқ бўла туриб намозни қазо қилмагандингиз. Бу хонадонга битта катта «минус». Меҳрингиз бир оз камайди. Қилмоқчи бўлган хизматларингизни хаёлингизда санай бошладингиз. Иштаҳасиз нонушта дастурхонига ўтирмоқчи бўласиз. Ахир у сизнинг шундай катта йўқотишлар эвазига тайёрлаган нонуштангиз, сиз унга ҳақлисиз.

Аммо дастурхонда аллақачон ҳеч нима йўқ! «Келин, эрингга олиб қўйганмидинг, бизникида шунақа, катта-катта ейилади, катта-катта иш қилинади. Қолмаган бўлса, бошқалатдан пиширасан». Йиғлаворишимга озгина қолди. Чунки ишга кетадиган вақт бўлиб қолган. Ҳадемай, турмуш ўртоғим уйғониб, нонуштага ўтиради.

Шоша-пиша яна ошхонага кираман. Мақтанмай-ку, яхшиям пазандаман, бир зумда йўқ нарсани бордай қилиб, яна нонушта тайёрлайман. Ҳаммомдан чиқиб, нонуштага ўтирган хўжайиним «Кўк кўйлагимни дазмоллаганмисан?» деб сўраб қолди.

«Йўқ, оқи тайёр, кўкини кеча кечқурун ювгандим-ку!» дейман гуноҳкорона. «Мен кўкини кияман бугун, тез-тез бўл, ишга кеч қоламан». Эндигина оғзимга солмоқчи бўлган луқмамни қайтариб жойига қўяман. Хонамга кириб, тез-тез дазмол ураман.

Нонуштани хотиржам тамомлаб, қайтган эрим мендан сўрайди : «Ишга бирга кетамизми? Пешинга овқат қилиб бўлдингми?» Уйда шунча одам бўла туриб, ўзим емайдиган пешиндаги овқатни мен пиширишим кераклигини эшитиб, бақирворай дедим.

Ўзи бомдодни қазо қилганимнинг алами ҳам етиб турганди. Йўқ, ҳали, дея олдим, холос. Бўлмасам, ўзинг кетарсан, тузукроқ овқат қилгин. Мантими, чучварами. Бўпти. Эримнинг оғзидан шунчаки чиқиб кетган бу икки сўз, менинг уч соат вақтимни олди. Нонуштани қилишга улгурмадим, фақат идишларини ювдим, холос. Орада пешиндаги овқат 12 га тайёр бўлиши кераклиги ҳақида буйруқ олдим.

«Келин, дарвозахона ҳозир салқин, жойни ўша ерга тайёрланг». Мен довдираб қолдим. Кўп қаватли уйда яшаганимиз учун таом ейиладиган жой «кўчиб юриши»ни биринчи кўришим эди. «Хўп» дедим-у, нима қилиш кераклигини қайнимдан сўраб олдим.

Ертўладан гилам олиб чиқиб, дарвозахонага солиб, устига айвондан хонтахта олиб келиб, ёнига тўртта кўрпача олиб чиқиб солиш керак экан. Ҳа, айтишни унутибман, бу хонадонда озодаликка жуда катта аҳамият берилар экан. Ҳар сафар овқатдан сўнг дастурхон ювилиб, келаси овқат маҳалгача дазмолланган бўлиши керак. Хуллас, амаллаб тушликни қилиб олдик.

Тўғрироғи, мен учун бу ҳам нонушта, ҳам тушлик бўлди. Қорним очиб кетганидан келинлар уялиши керак, деб ўйламабман ҳам, уйдагилар айтишганидек, «катта-катта» еяверибман. Пешинги идишларни ювиб бўлдим. Бугун ишхонадан гап эшитишим аниқ. Майли, деб ўйладим, тез намозларимни ўқиб олсам, кечроққача ишлаб келаман.

Энг муҳими уйдагиларни хурсанд қилдим. Пиширган чучвараларимни хомлигида санамаган эдим, аммо ўйлаганларим бир тийин бўлиб чиқди. Чунки мен ҳали таҳорат олмай туриб, қайнонам ишдан келдилар. Бу катта, 13 кишилик хонадонда битта қайнонам кўчада ишлайдилар, қолганлар уйда тирикчилик қилишади. Уларга олиб қўйилган таомни тез иситиб, алоҳида жой тайёрлаб кўнгилларини олдим. Яна идишлар ювилди. Менга қийин бўлгани, бизнинг кўп қаватли уйда бўлгани каби бу ерда иссиқ сув йўқ. Идишлар, сув иситилиб, ёзнинг иссиғида ҳам, қишнинг совуғида ҳам,  ҳовлида ювилади.

Хуллас, пешин вақтидан ҳам оғиб бораётган бир пайтда, қайнонам, «Келин, куни билан нима қилдингиз? Деразалар артилмабди-ку!» деб қолдилар. Куни билан нима қилганим ҳақида ўйлаб қолдим. Овқат!

«Ҳозир, ойижон» дедим-у, дарров қўлимга латта олиб, деразаларни артишга тушдим. 8 сотихли ҳовлининг гир айлана уйларининг деразаси тугай демасди. Мен чарчадим. Аммо на илож!

Ҳамма ором учун хонасига кириб кетди. Биргина мен қўлимда латта, кўзимда ёш билан ишимни қилишда давом этяпман. Шартта латтани қўйдим-у, таҳорат олиб, энди хонамга кириб кетаётгандим, дарвозадан меҳмонлар кириб келишди. Кутиб олдим, жой тайёрладим. Одатдагидек, келинларга хос хизмат қилдим. Асрга яқинлашиб қолди.

Аммо мен ошхонадаман! Деразалар ҳам охиригача артилмаган, намозлар ҳам ўқилмаган. Ўзимдан умримда илк бор кўнглим тўлмади. Хуллас, меҳмонлар кечки овқатни еб, кейин кетишди. Мен эса кечки идишларни ювиб бўлиб, «нонуштага сомса қилиб қўйинг» деган буйруққа биноан, ҳамон ошхонадаман.

Эрталаб 3:30 да турганим учун кўзларим юмилиб кетяпти. Ишдан қайтган турмуш ўртоғим билан, агар овқат тепасидагини инобатга олмасак, ҳали кўришганим йўқ. Сомсам нечада пишаркин? Ҳали ҳаммомда кирларим ҳам бор. Кеча ювганимни эса дазмол қилишим керак.

Хуфтонни ўқий олармикинман? Умуман, бугун ухлайманми ўзи? Эртага ишга бораманмикин? Шу каби саволлар хаёлимда ғужғон ўйнай бошлади. Хонадондагиларнинг барчаси яна ором олиш учун хоналарига кириб кетишди. Айтишларича, улар вақтли туришлари керак экан. Мен-чи? Кунлар ва ойлар ўтиб, мен бу хонадоннинг одамларига, анъаналарига кўника бошладим.

Рамазон келди. Умидим Рамазонда тўлиқ ибодат қилиш ва хонадонимдагиларга инсоф сўраш эди. Лекин муносабат умуман ўзгаргани йўқ. Чунки улар ўзлари рўза тутмас эдилар. Мен бир ҳафтада бўларим бўлиб, чўзилиб қолдим.

Чунки қариндошларникида бўладиган йиғинларга тоғора пишириш ҳам менга «Рамазон бонуси» эди. Бошим айланиб, кўзим тинди. Врачлар рўза тутиш мумкин эмаслигини, организм уйқусизлик ва ҳолсизликдан толиққанини айтишди.

Бир мен эмас, минглаб ўзбек келинлари учун оддий ҳол бўлган бу вазият аслида динимиз учун мусибатдир. Чунки Аллоҳнинг ҳузурига борганда «Нега яхши келин бўлмагансан?» дейилмайди.

Ўқилмаган намозлар сўралади, тутилмаган рўзалар сўралади. Биламан, ота-онага, хусусан, эрнинг ота-онасига қилинган хизматлар ҳам савоб. Улар ҳам динимизда улуғланади. Аммо муслима келинларни тушуниб, ибодати учун кераклича вақт ва имконият ажратишларини барча қайноналардан сўраб қоламиз! Аллоҳ уларга офият берсин!

Мавзуга оид мақолалар
Болалигимизда бирор нарсани талашсак, дадам ҳаммамизга ўша нарсани тақиқлаб қўяр эдилар. Масалан, телевизор давоми...

23:10 / 08.11.2023 1919
Керакли масаллиқлар 6 стакан тўғралган карам, 1 стакан тўғралган қизил сабзи, 2 ош қошиқ зайтун ёғи, 23 стакан давоми...

20:43 / 26.01.2017 6390
Аёлга эҳтиром Бир неча кунлар аввал пойтахтимиз масжидларидан бирининг имомхатиби айтган сўзлар интернет давоми...

13:59 / 08.04.2017 8349
1 ёшга кирганингизда, у алла айтиб ухлатган. Сиз йиғлагансиз ва инжиқлик қилгансиз. 2 ёшга қадам давоми...

19:52 / 06.12.2016 9806