“Сизни соғиндик, ё Расулуллоҳ!” номли сийрат тадбири бўлиб ўтди
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кеча жамоамиз билан Ўзбекистон Мусулмонлари идорасида бўлиб ўтган “Сизни соғиндик, ё Расулуллоҳ!” номли сийрат тадбирида қатнашдик. Тадбир Қуръон тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.


ЎМИ раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаровнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эслашнинг фазилатлари ҳақидаги нутқлари жуда фойдали илм бўлди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломга гўзал салавотлар айтилди. Сўзга чиққан устозлар бу муборак ойнинг улуғлиги ва барокати ҳақида тўхталар эканлар, бу барокатдан халқимиз ва юртбошимиз насибадор бўлишларини сўраб дуо қилдилар.


Маросимнинг энг ёрқин ва энг ҳаяжонли нуқтаси «Оламларга раҳмат пайғамбар» номли сийрат танловининг ғолибларининг эълон қилиниши бўлди, десам янглишмаган бўламан. Маълум бўлишича, бир йил давом этган бу танловга сийратга муҳаббатли юртдошларимиздан 500 дан ортиқ ижодий ишлар қабул қилинган. Уларни баҳолашга профессор ўқитувчилар, таниқли уламолар, ёзувчилар, шоирлар, моҳир журналистлар, “Сийрат” фани устозлари, Ислом тарихи билимдонлари ва медиа соҳаси мутахассислари жалб этилган.


Ниҳоят, танлов йўналишлари бўйича ғолиблар эълон қилинди. Ғолиблар орасида опа-сингилларимизнинг борлиги мени жуда қувонтирди. Жумладан, танловнинг “Мақолалар” йўналишида, учинчи ўрин соҳибаси Юлдуз Комилова (“Ким сени унингдек яхши кўради” мақоласи билан), “Медиа ва инновацион лойиҳалар” йўналишида биринчи ўринга  Қурбонбика Юнусова (“Сийратга саёҳат, сийратни ўрганамиз” номли инновацион лойиҳа) ғолиб деб топилди. Сийрат танловининг “Китоблар” йўналишида Олий ўринга “Оламларга раҳмат пайғамбар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларидаги раҳмат” номли китоб ғолиб деб топилди. Тақдим этилган совға – Ҳаж йўлланмаси муаллифлар жамоасидан Хонзода Абдулвоҳид қизига берилди.


Бундай олий мукофот билан тақдирланган ва жамиятимизнинг буюк уламолари тарафидан эътироф этилган ғолиба опа-сингилларимизни кўриб беҳад қувондим. Уларнинг шодликдан тўккан кўз ёшлари мени ҳам таъсирлантирмасдан қолмади. Уларни худдики Имом Шофеъий, Имом Бухорий ва Ибн Ҳиббон каби машҳур муҳаддис, уламоларни тарбиялаган илмли аёлларнинг замонамиздаги давомчилари ўлароқ ҳис қилиб, қалбимни масрурлик, мамнунлик туйғулари қамраб олди...


Тадбирдаги тиловату хайрли дуолар, салавотлар, гўзал суҳбатлару мавъизалар – барча-барчаси қалбларимизга нур бўлиб кирди, руҳимизга маънавий озуқалар берди.


Аллоҳим, барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ўрганиб, ҳаётимизга гўзал татбиқ этишни насиб қилгин! У зотга, аҳли оилаларига ва асҳоби киромларига салавоту дуоларимизни етказ!


Садоқат Зайниддин

Манба
Мавзуга оид мақолалар
Зайтуна коллежи АҚШнинг Калифорния штатидаги Беркли шаҳрида жойлашган бўлиб, аҳли сунна вал жамоа давоми...

02:27 / 04.09.2020 3531
«30 кун ҳижобда» бу йилги Рамазон ойида айни мана шу ном остидаги акция ўз ҳаракатини давом эттиряпти. давоми...

13:12 / 14.06.2018 3924
Дунё муслималарига хушхабар Ва ниҳоят Ғарб модаси Ўрта Шарқ томон йўл олди. Йўл ҳам айланма эмас, том давоми...

18:47 / 28.02.2017 8234
Буюк соҳибқирон Амир Темур Хитой урушидан қайтгандан сўнг Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг шарафига давоми...

03:18 / 28.12.2020 2867