«Сарҳисоб – 1444» йиллик ҳисобот тадбири
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кўпчиликка маълумки, muslimaat.uz жамоаси ҳар йилнинг бошида ўтган йилни сарҳисоб қилиб, махсус тадбир ўтказади. Ҳар йили такрорлаганимиздек, бу сарҳисобдан мақсад ютуқларимизни, қилган ишларимизни кўз-кўз қилиш эмас, балки устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ экиб кетган ниҳолларнинг меваларидан халқимизни баҳраманд этиш ҳамда бу натижаларга эришишда жонбозлик кўрсатган азизларимизнинг меҳнатини муносиб тақдирлашдир.


2023 йил 14 август куни  muslimaat.uz сайти, Bintu Sodiq ҳамда  Muallim media ахборот-маърифий каналларининг «Сарҳисоб-1444» ҳисобот тадбири бўлиб ўтди.  


Қуръон тиловати ва устозларнингг хайрли дуоларидан сўнг ходимларимиз каналларимизда олиб борилаётган ишлар ҳақидаги статистик маълумотларни тақдим қилишди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг оқ фотиҳалари билан иш бошлаган сайтимиз жамоаси иш бошлаганига 16 йил тўлибди.  Бу давр ичида сайтимиз қошида Bintu Sodiq, Мuallim media, muslimaa.forum.uz, savollar.muslimaat.uz, Peshqadamlar karvoni, Peshqadam maktabi каналлари очилиб, фаолият юрита бошлади.

Ўтган йил давомида энг кўп марта ўқилган, кўрилган ва тингланган мақола, видеолавҳа ва овозли ёзувлар сарҳисоби бўйича ҳисобот тақдим қилингач, йил давомида энг кўп кўрилган «Ким муҳибу ким маҳбуб?» видеомонолог  намойиш этилди.


«Сарҳисоб – 1442» тадбирида янги мукофот – «Фидокор аёл» мукофоти жорий қилинган эди. Бу йил бу мукофот Ҳуршида Лутфуллаева, Шаҳзода Насимова, Гавҳар Тешабоева, Комила Абдувалиеваларга топширилди. Шунингдек, каналларимизнинг сермазмун, ранг-баранг бўлишига катта ҳисса қўшиб келаётган ҳамкорларимиз – Абдуллоҳ Раҳим, Мадина Шоҳакимова, Солиҳа Маҳмуд, Камола Одиловага, шунингдек, йиллик танловимиз ғолибалари Азиза Рашидхўжаева, Наргиза Куденова, Севара Ҳолмуҳаммадова, Асолат Мақсудова  каби мухлисларимизга ҳам хизматлари учун алоҳида миннатдорчилик билдирилди. Жамоамизнинг жонкуяр ходимларидан Ҳурзода Назарова, Дилдора Файзиева, Феруза Султонова, ва Миразиз Мираҳaдовларнинг ҳам меҳнатлари эътироф этилиб, барчаларига эсдалик совғалари тақдим қилинди.


Анъанага кўра, тадбирда келаси йил – ҳижрий 1445 йилги танлов ҳам эълон қилинди. Танловимиз учта йўналишда – «Ёр-ёр – тўйларимиз кўрки», «Келинчак саломи билан гўзал» ҳамда «Алла – она меҳрининг самимий ифодаси» йўналишларида бўлиб ўтади.


«Сарҳисоб» тадбиримизнинг энг ҳаяжонли онлари – «Хос мукофот»  номинацияси ғолибининг тақдирланишидир. Одатдагидек, ғолибни эълон қилишдан олдин бу мукофотга шу йилга қадар сазовор бўлганлар ҳақда виделавҳа намойиш этиб турилди. Бу йилги хос мукофот ҳазратимизнинг хос шогирдлардан бири, «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриётининг масъул ходими Фозилжон Абдулқайюмга топширилди. Жамоамиз номидан у кишини самимий табриклаб, келгуси ишларида ҳам муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Тадбир давомида «Муншидаат» гуруҳи «Зикр», «Дунё арзимайди дийдорингизга», «Қомаруна», «Онам» каби қўшиқлари билан дилларимизни хушнуд қилиб, кечамизга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Сарҳисоб анжумани устозларимизнинг хайрли дуолари билан якунига етди.


Инсон ўтган умрига, яшаб ўтган ҳаёт йўлига назар солар экан, қилган ишларини мезонга солиб, ютуқлари учун қувонади, уларни адо қилишга тавфиқ берган Аллоҳ таолога шукроналар қилади. Сизу бизни мана шундай саодатли кунларга етказиб қўйгани учун Роббимизга ҳамду санолар айтамиз, жамоамиз билан келгусида ҳам динимизни ўрганиш ва унга амал қилиш, уни кўпчиликка етказиш ва тарғиб қилишга интилиб, бу йўлда Ўзидан рушду ҳидоят ва тавфиқ сўраймиз.


Райҳона


Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Самарқандда Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти ўтмиш ва бугунrdquo мавзусидаги халқаро давоми...

06:05 / 05.03.2020 3541
Бугун, 16 май куни Самарқанд вилоятидаги quotҲадис илмиquot мактабида Ўзбекистон мусулмонлари идораси давоми...

05:46 / 17.05.2023 2422
.Журналга quotҲилолquot деб ном танланишида ҳам ўзига хос бир анъанага амал қилинди. .Ҳилол, ndash янги чиққан ой давоми...

03:36 / 13.08.2023 1796
Куни кеча азим Тошкентнинг сўлим гўшаларидан бирида forum.muslimaat.uz сайтининг аёлқизлари учрашуви бўлиб ўтди. давоми...

18:35 / 25.09.2020 3939