Асло ўзини ўзи уддаламасин аёл...
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аёл бўлганим учун ҳар хил сабаблар туфайли кўплаб аёллар билан мулоқотда бўламан.

Аёлларнинг кўпчилиги қизини ўқитиш истагида эканини айтади. Бундан хурсанд бўламан, албатта.

Бироқ улар ҳамиша сўзини қуйидагича давом эттиради:

— Қиз бола ўқиса яхши-да. Замонни кўряпсиз-ку. Эртага эрининг қўлига қараб қолмасин, дейман. Ўзини уддаласин, харажатларни бемалол ўзи қоплай оладиган бўлсин, деб ният қиламан.

Шунингдек, келин олиш режасидаги аёллар ҳам ўқимишли қиз қидираётганини айтишади. Уларнинг сўзи ҳам худди юқоридаги алфозда давом этади:

— Пайпоққаям, памперсгаям ўғлимдан пул сўрайвермайди, дейман-да. Ўқимишли қиз ўзини ўзи уддалайди-да...

Бу сўзлар ва жамиятимиз аҳволи "Амаллар ниятга боғлиқ" эканлигини яна бир бор тасдиқ этаётгандек...

Қаерга қарама, "ўзини уддалаётган" аёлга кўзинг тушади. Бири ҳамшира, бириси ўқитувчи, бири бозорда савдо қилса, наригиси мардикорликка чиқади.

Эҳҳҳ, дейсан, наҳотки одамлар ўз жигарбанди-қизига шундай юкни раво кўрса. Ахир аёл учун ўзини ўзи уддалаш қандай оғир эканини наҳотки билмайсиз?!

Ўзини ўзи уддалаётган аёллар билан яқинроқдан танишиб, дардига қулоқ тутиб кўринг. Юзи кулса-да, кўзлари кулмайди. Лаби табассум қилса-да, чеҳраси ғамгин.

Қизингизни ўқитманг, демайман. Ўқитинг, албатта, ўқитинг!

Лекин зинҳор ўзини ўзи уддалаши учун эмас!

Қизингизни дунёга теран назар сола олиши учун ўқитинг, ўзини уддалаши учун эмас!

Қизингизни турмушдаги ҳар хил ҳолатларда тўғри қарорлар қабул қилишни ўрганиши учун ўқитинг, ўзини уддалаши учун эмас!

Фарзандларига тўғри тарбия бера олиши учун ўқитинг, ўзини уддалаши учун эмас!

Ҳар хил ҳолатларда турмуш ўртоғига яхши маслаҳатчи бўла олиши учун, ҳалол-ҳаромни фарқига бора олиши учун ўқитинг, ўзини уддалаши учун эмас!

Ваниҳоят, илми ўсиб, юқоридаги ишлардан ҳам ортиб қолгудек бўлса, жамият ривожига ҳам ҳисса қўша олиши учун ўқитинг, ўзини уддалаши учун эмас!

Ўзини уддалаб яшашни ҳеч бир аёлнинг бошига солмасин. Уни отаси уддаласин, эри таъминотини қилсин, кексайганида болалари ардоғида бўлсин.

Асло ўзини ўзи уддаламасин аёл...


Гавҳар Насруллоҳ


Муаллиф
Манба
Мавзуга оид мақолалар
Иккинчи бўлим Суюкли болажонлар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг муносабатлари Энди давоми...

18:45 / 25.11.2016 5084
Кунига ўн оятдан ёдланса, 1 йилу 9 ойу 3 кунда.Кунига ярим бетдан ёдланса,3 йилу 4 ойу 24 кунда.Кунига бир бетдан давоми...

21:48 / 03.04.2023 2356
Ёмғир шивалаб ёғар, кун анча совуқ бўлганидан ҳамма тезроқ манзилига етиб олишга ҳаракат қилар эди. Мен ҳам давоми...

21:34 / 02.02.2017 9716
gallery ids6599,6601,6602,6604,6605,6606,6598,6595,6603   Бизнинг ичимиздан буюк алломаларни чиқарган Аллоҳга ҳамдлар давоми...

07:26 / 06.02.2017 10134