Бургут қиссаси
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бургут қиссаси

Тоғ чўққисида бир она бургут яшарди. У бўлажак авлоди соғлом, етук бўлсин деб айнан шу ерни танлаган эди. У ҳар гал тухумларига қараганда орзулар қилар, ширин хаёллар сурар эди. Бир куни у егулик учун овга чиқиб кетганида тоғда шамол туриб, ошиённи қаттиқ силкитган эди, тухумлардан бири индан юмалаб, пастга тушиб кетди. Тоғнинг тагида бир макиён ҳам тухум тўплаётган эди. Бургутнинг тухуми юмалаб келиб, товуқнинг тухумларига қўшилиб қолди. Она товуқ уни ҳам тухумларига қўшиб, босиб ётаверди. Вақти-соати келиб, жўжалар бирин-кетин тухумни ёриб, ёруғ дунёга кела бошлашди. Бургутнинг тухумини ҳам бир бургутча ёриб чиқди. У ҳам ўзини товуқ деб билар, жўжаларни туғишганларим деб ўйлар, уларнинг ичида ўзини жуда бахтиёр ҳис қилар эди. Унинг кўз очиб кўрган жигарлари шулар эди-да...

Она бургут йўқолган тухумини кўп излади. Соатлаб осмонда парвоз қилиб, ўткир кўзлари билан боласининг ё тиригини, ё ўлишини ахтарди. Ниҳоят, товуқлар ичида юрган полапонини кўриб қолди. Не кўз билан кўрсинки, тоғлар узра парвоз қилиб, қушлар подшоҳи бўлади деб орзу қилиб юрган полапони товуқлар орасида ўралашиб, гўнг титиб, улар билан дон талашиб юрар эди. У бургут авлодидан эканини англамас, жўжалар каби ахлат титар, юриш-туриши ҳам уларга ўхшар эди. Улардек пилдираб югурар, уларга ўхшаб чийиллашга ҳаракат қиларди. Бу нохуш манзарани кўрган она бургутнинг юрак-бағри эзилиб кетди, бутун вужуди ларзага келиб, кўзларидан ёш қуйилди. Тоғлар чўққисидан пастга шўнғиб, боласининг ёнига келиб қўнди. Ҳовлида донлаб юрган товуқларга сичқоннинг ини минг танга бўлиб кетди. Бургут боласига яқинлашиб, унга ўзини таништира бошлади: «Болажоним! Мен сенинг онангман! Худога шукр, тирик экансан! Сенинг асл маконинг ҳу анави тоғнинг чўққисида, болам. Сен бургут авлодисан! Юр, мен сени асл маконингга олиб кетаман». Қўрқувдан юраги ёрилаёзган, қочмоқчи бўлган, лекин жўжалар қочиб кирган тешикларга сиғмай, ташқарида қолиб кетган полапон она бургутнинг сўзларини эшитишни ҳам истамас, унинг гапларидан ҳадиксираб турар, онаси яқинлашган сари ундан қочар, «Йўқ, сен менинг онаммассан! Мени алдаяпсан, менинг онам ана», деб товуқни кўрсатмоқчи бўлар, лекин топа олмас эди.

Ниҳоят, бечора товуқ ҳурпайганча югуриб келиб, «боласини» бургутдан ҳимоя қилмоқчи бўлиб, беҳуда урина бошлади. Она бургут боласини қанотига олиш учун яқинлашса, у ўзини товуқнинг қўйнига отарди. Товуқлар ичида ўзини хотиржам ҳис қилиб юрган бургутча ўз онасини душман деб ўйларди. Она бургут ҳар қанча ялинмасин, тушунтирмасин, боласи унинг сўзларига кўнмади, ишонмади. Кечгача қилган насиҳатлари натижа бермагач, бургут ноилож уйга қайтишга мажбур бўлди. Лекин у ноумид бўлмади, «Майли, асосийси – тирик экан. Боламнинг томирларида бургут қони оқяпти, у бир кун ўзлигини танийди, мен эса унга ёрдам қилишим керак», деб аҳд қилди. У ҳар куни тоғ этагига тушиб, боласининг олдига ҳали у тарафдан, ҳали бу тарафдан келиб, унга аслиятини эслатишга ҳаракат қилаверди. У ҳар сафар боласига шундай насиҳат қиларди:

«Болажоним, қара, сенинг жуссанг анави жўжалардан анча катта. Қанотларинг ҳам, оёқларинг ҳам, тумшуғинг ҳам бошқача. Мана, қара, сен худди менга ўхшайсан, чунки бизнинг авлодимизсан. Товуқдек яшаш бизга тўғри келмайди, болажоним. Биз бургутлар бундай ахлат титиб юрмаймиз, бировнинг берган донига семирмаймиз. Биз ризқни ўзимиз  топиб еймиз. Тумшуғимизни, чангалларимизни кўргин, ов қилишга мўлжалланган. Биз энг лазиз, покиза гўштлар билан таомланамиз. Бировнинг берган сарқитини еб-ичмаймиз. Биз бу оламда қушларнинг подшоҳимиз. Сен бундай пастқам, ҳавоси булғаниб кетган жойларда яшашинг дуруст эмас.

Ҳу анави қояни кўряпсанми? Сенинг Ватанинг ана шу ерда. Сенинг бутун аждодларинг ўша ерда яшаб ўтишган. У ер покиза, ҳавоси буткул ўзгача, мусаффо. Тинимсиз шабада эсиб, тоғдаги гулу гиёҳларнинг ҳиди келиб туради. Биз у ердан бутун қитъани кузатамиз, томоша қиламиз. Тепаликдан дунё тамоман бошқача, ғоятда чиройли кўринади. Сен ҳозир шу тор ҳовлини дунё деб ўйлаяпсан, аслида бу олам жуда кенг, жуда гўзал. Бундай тор жой сенинг дунёқарашингни ҳам торайтириб юборади, товуқларга ўхшаб фикрлайдиган бўлиб қоласан. Товуқлардек яшаш бургут учун ор ҳисобланади, болам. Мен сенга айтсам, бундай ҳаётдан биз учун ўлим яхши!

Ажододларинг ерда яшашни ўзига эп кўрмаган, улар ҳамиша баландликларга интилган, юксак қояларда, тоғ чўққиларида истиқомат қилишган. Сен уларнинг парвозини кўрганингда эди... Болам! Сен ҳам уча оласан. Сен учишинг керак, тоғлар узра парвоз қилишинг керак, оламни сайр этишинг керак..

Ҳа, айтган-ча, сенинг ака-укаларинг бор, улар ҳам катта бўлиб қолишган. Улар ҳам сени жуда соғинган. Уларни кўрсайдинг, ўзингнинг бургут эканингни, товуқлар сенинг тенгинг эмаслигини билиб олар эдинг. Эҳ, болажоним-а... Хуллас, гапирсам гап кўп, яхшиси, мен билан юр, ҳаммасини ўз кўзинг билан кўрасан».

Кунлар ўтиб, она бургутнинг сўзлари боласига таъсир қила бошлади. У аста-секин ўзининг ростдан ҳам товуқларга ўхшамаслигини сеза бошлади. Ўзлигини англаган сари товуқларнинг фаросатсизлигини, еб-ичишдан бошқа дарди йўқлигини тушуниб борарди. Бургутча аста-секин ўзи яшаётган бу тор, исқирт муҳитдан жиркана бошлади, қалбида бургутлардек мардона яшаш, улардек парвоз қилиш орзуси уйғонди. Аммо товуқлар билан юравериб, қанотлари кучсиз бўлиб қолган, учиш нималигини билмас эди. Бунинг устига, товуқлар тинмай қақиллаб, унинг кўнглига васваса солар, бургутларнинг ёвузлиги ҳақида гап сотар, «Фалон куни қўшни ҳовлидаги фалон товуқнинг жўжасини бургут еб кетибди» деб, уни қўрқитишар, бургут кўринган заҳоти тирақайлаб қочиш кераклиги уқтиришарди. Унинг парвоз қилмоқчи бўлиб, қанот қоққанини кўрган айрим товуқлар: «Сен учишни осон деб ўйлама! Сал хато қилсанг, ерга қулаб, чилпарчин бўласан-а!», дейишарди. Бошқаси эса: «Баландлик жуда қўрқинчли бўлади, тинчгина ерда юраверсанг-чи», деб ақл ўргатарди. Яна бири эса: «Учадиган бўлсанг, товуқлар сендан юз ўгиради, билиб қўй», деб пўписа ҳам қиларди.

Шу тариқа бургутча икки ўт орасида қолди. Лекин она бургутнинг сўзлари унинг юрагига аланга солиб улгурган эди. Ниҳоят, ўзлигини топишга бўлган иштиёқ унга тинчлик бермай қўйди. У нима бўлса ҳам учишга, эшитганларини ўз кўзи билан кўриб, ўзи хулоса чиқаришга қарор қилди. Она бургутга: «Учгим келяпти. Лекин учишни билмайман-ку?» деди. Хурсанд бўлиб кетган она бургут: «Болажоним, Аллоҳ сенга жуда кучли қанотлар берган. Сен уларни қоқсанг бас, аста осмонга кўтарилиб бораверасан. Мени яхшилаб кузат, менга ўхшаб қанотларингни силкитаверсанг, уча бошлайсан. Қоида шу ‒ аждодларингдек павоз қилиш учун улардек қанот қоқишинг керак. Хайриятки, товуқлар сени қанотларингдан айира олмабди», деди.

Бургутча онаси ўргатгандек қанотларини қоқа бошлади ва аста-секин осмонга юксалиб борди. У ердан кўтарилган сари дунёни кенгроқ кўра бошлади, шу кунгача қанча улуғ неъматлардан маҳрум бўлиб яшаганини англаб етди. У онасига ташаккурлар айтар экан, «Раҳмат сизга, онажон! Сиз мени қутқармаганингизда, бу олийлик менга насиб бўлмас эди, товуқлар билан ер титиб ўтиб кетар эдим. Энг ёмони, уларнинг гапига ишониб, ўз аждодимга душман бўлиб қолишим, қардошларимдан нафратланадиган, қўрқадиган бўлиб қолишим мумкин эди!» деди.

Она бургут бунга жавобан шундай деди: «Ташаккурга ҳожат йўқ, болажоним. Мен ўз бурчимни адо этдим. Сенинг бургут бўлиб яшашингни орзу қилгандим, бугун шу орзуимга етдим, менга мана шу мукофотнинг ўзи етади. Сенга насиҳатим шуки, бургут бўлиб дунёга келдингми, бургутлардек яша! Шуни билгинки, бир бошга бир ўлим, ўзлигингни топа олмай яшагандан кўра ўлиб кетган афзал. Бировларнинг ер титиб топган нарсасини еб, ҳаёт кечиргандан кўра очликдан мардларча ҳалок бўлганинг яхши. Аслингни асло унутма, аждодларингга муносиб ҳаёт кечир, шундагина азиз бўласан. Ҳеч қачон пасткашларга эргашма, уларга ошно бўлма, акс ҳолда манқурт бўлиб қоласан. Ҳамиша ўзлигингни англашга, ўзингни топишга, Аллоҳ берган имкониятларингни, ички қувватинги ишга солишга ҳаракат қил. Ўзингни кашф эт, иқтидорингни ишлат, болам».

«Онажон, ‒ деди енгил парвоз қилиб кетаётган буругутча ‒ нега товуқлар менинг парвозимни исташмади, учишимга қарши чиқишди? Ахир учиш  ёмон ёки қўрқинчли иш эмас экан‑ку?»

Она бургут мийиғида кулиб: «Чунки улар ўзлари уча олмайди‑да, болажоним. Шунинг учун сенинг ҳам ўзларидек ерда юрсанг, хотиржам бўлишади. Ҳасад ёмон иллат, ундан ҳамиша ҳазар қилгин. Улар тарбия кўрмаган, қаноти шикастланган бир‑иккита қушни кўриб, ўзларича хулоса чиқаришади. Товуқлар бургутнинг парвозини қаердан билсин?» деди.

Сўнг шундай деди: «Сенга сўнги насиҳатим шуки, яхшиларга ёндашгин, буюклар даврасига интилгин. Зинҳор пасткашларга яқин бўлмагин, чунки улардек бўлиб қоласан. Ҳар ишни ўз вақтида қилишга ўрган, кечга сурма, азму қарор қилган ишингда эса натижага эришмагунингча тўхтама. Мен сени ўз вақтида топмаганимда ёки сенга ҳақиқатни англатишдан чекинганимда, сен товуқлар ичида қолиб кетар эдинг. Сени менга қайтариб берган Роббимга ҳамдлар бўлсин!».

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид эркин таржимаси

Мавзуга оид мақолалар
 Абу Бакр розияллоҳу анҳудан «Роббингизни қандай танидингиз», дея сўралганида шундай жавоб қилган эканлар давоми...

06:24 / 12.12.2016 5009
Мақолада тасвирланган ҳолат бизнинг жамиятда у қадар жиддий тус олмаган бўлсада, шунга ўхшаш кўплаб давоми...

21:00 / 25.11.2019 4846
... Устига шаффоф топик билан на миниюбка, на «максипояс» деб бўлмайдиган нарсани илиб олган Қизгина, қаёққа давоми...

15:33 / 22.11.2016 4163