Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Оиша онамиз Али розияллоҳу анҳу билан жанг қилишга чиққанларини иддао қилган рофизийлар, мазкур иддаоларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иснод қилиб ушбу ривоятни далил сифатида келтирадилар: “Сен зулм қилган тараф бўлган ҳолингда Али билан жанг қилмоқчисан”.
Оиша онамизга алоқадор турли манбаларни мутолаа қилганлар онамизнинг ҳар томондан қандай қуршаб олинганларига гувоҳ бўладилар ва бу иддаога ҳайрон қоладилар.
Бу бобдаги ривоятларнинг барчаси мавзудир (яъни тўқимадир). Ҳеч қайси ривоят мўътабар (эътиборли) ҳадис мажмуасида (китобларида) бўлмагани сингари, ривоят қилинганларининг ҳам аниқ бир санади йўқдир! [93] Чунки Оиша онамиз ва у билан бирга бўлганлар Жамал воқеаси содир бўлганида, ўша ерга Али розияллоҳу анҳу билан жанг қилиш учун эмас, сулҳ тузиш учун борганлар. Зеро, Али розияллоҳу анҳу билан Оиша онамиз розияллоҳу анҳо орасида Ҳазрати Алининг хилофотидан олдин, унга қаршилик кўрсатадиган бирор мухолифат бўлмагани сингари, улар орасида икки томонли муносабат бор эди. Али розияллоҳу анҳу Оиша онамизга мўминларнинг онаси деб қарар, Оиша онамиз ҳам Али розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун қанчалар қадрли эканликларини билар ва шу боис ҳурмат қилар эдилар. Табарийнинг Аҳнаф ибн Қайсдан ривоят қилган ҳадисга кўра, Оиша онамиз Али розияллоҳу анҳуни Усмон розияллоҳу анҳу шаҳид бўлганларидан кейинги халифаликка энг муносиб номзод деб кўрганлар. Мавзуга оид Аҳнаснинг ривояти қуйидагича:
“Ҳаж қилиш учун Басрадан чиқдик. Мадинага борганимизда, одамлар Масжидун Набавийнинг ўртасига йиғилишган эди. У ерда Талҳа ибн Убайдуллоҳ ва Зубайр билан кўришиб: “Билишимча, Усмон шаҳид бўлди. Энди кимга байъат қилишимизни буюрасиз?” деб сўраганимда, “Алига” деб жавоб бердилар. Кейин Маккага бордим. У ерда ҳам Оишани учратдим. Ундан ҳам: “Кимга байъат қилишимни буюрасиз?” деб сўрадим. У ҳам: “Али”, дедилар. Кейин Мадинага қайтдик. Алига байъат қилдим ва у ердан яна Басрага қайтдим.” [94]
Оиша онамизнинг Али розияллоҳу анҳуга бўлган эҳтироми Жамал воқеасидан олдин ҳам, кейин ҳам ўзгармаган. Доим уларни қўллаб-қувватлаганлар. Жамалга кетаётганларида ҳам шундай эди. Абдуллоҳ ибн Будайла Жамал воқеаси куни Оиша онамиз ҳавдажнинг (аёлларни кўтариб олиб юришга мўлжалланган, саватга ўхшаш мослама, аёллар тахтиравони) ичида эканликларида ёнларига келиб “Эй мўминларнинг онаси! Усмон шаҳид қилинган куни ҳузурингизга бориб: “Менга нимани буюрасиз?” деб сўраганимда: “Алидан ажралма!” дегандингиз, эсингиздами?” деб сўраганида Оиша онамиз сукут сақладилар.
Талҳа билан Зубайр бошчилигидаги саҳобалар ҳам жанг учун эмас, сулҳ учун йўлга чиққан эдилар. Лекин жанг улар назорати ва ихтиёридан ташқарига чиқиб кетди. Қолаверса, Али Талҳа ва Зубайр розияллоҳу анҳум орасидаги мактублашувнинг асосий мавзуси умматнинг ислоҳи учун иттифоқ қилиш бўлган. Лекин Усмон розияллоҳу анҳуни қатл қилган мунофиқлар Талҳа ва Зубайрнинг қўшинига ҳужум қилишди. Улар эса Али розияллоҳу анҳу ҳужум қиляпти, деб ўйлашди. Ўзларини мудофаа қилиш учун қарши ҳужумга ўтишди. Али розияллоҳу анҳу ҳам буни ўзларига қарши ҳужум деб ҳисобладилар. Натижада, саҳобаларнинг ихтиёридан ташқарида катта фитна содир бўлди. Булар содир бўлаётганида, Оиша онамиз туяларининг устида эдилар. На жанг қилдилар ва на жангга буйруқ бердилар.
Жамал воқеаси ҳақидаги Оиша онамиздан келган ривоятларга қаралганида, уларнинг у ерга жанг қилиш учун эмас, мўминларнинг онаси сифатида икки томонни ислоҳ қилиш мақсадида борганларини кўришимиз мумкин. Қаъқа ибн Амр: “Она! Сизни бу ерларга олиб келган нарса нима эди?” деб сўраганида, “Инсонларни яраштириш эди, болам”, деб жавоб берганлар. [95] Али розияллоҳу анҳу Оиша онамиз ҳузурларига келиб “Аллоҳ сени мағфират қилсин!” дейди. Оиша онамиз: “Сени ҳам. Сулҳдан бошқа ҳеч қандай мақсадим йўқ эди”, дейдилар. [96]
Ҳеч бир мўътабар китобда “Оиша онамиз Зубайр ёхуд Талҳанинг Али розияллоҳу анҳунинг хилофотига қарши эътироз билдирганларини, уни жарҳ қилганини, бошқа бировнинг халифа бўлиш истагини ёки бошқасига байъат қилганлари” борасида бирорта ривоят йўқ. Аксинча, инсонларни (юқорида зикр қилинганидек) унга (Али розияллоҳу анҳуга) байъат қилишга чақирганлар. Оиша онамизнинг Али розияллоҳу анҳунинг хилофоти ношаръий бўлгани ёхуд бу борада улар билан низога борганлари ҳақида қўлимизда бирорта ривоят йўқ. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳақиқат шуки, улар у ерга жанг учун эмас, сулҳ учун борган эдилар. Лекин мунофиқлар ҳужум бошлагач, хўлу қуруқ бирдек ёнди. Ҳеч ким бу оловни сўндиролмади.
––––––––––––––––––––––––––––––––
[93] Абдулқодир Маҳмуд Ота, “Ас-Саиқа фий Насфий абатила ва ифтираатиш шиа аъла уммил муминин Аиша”, 212-бет, “Дару Адваис Салаф”, Риёд, 2004
[94] Ат-Табарий, юқорида номи зикр қилинган асар, III жуз, 34-бет.
[95] Ат-Табарий, юқорида номи зикр қилинган асар, IV жуз, 488-бет; Ибн Асир ал-Жазарий, Иззуддин Али ибн Муҳаммад, “Ал-комил фит тарих”, II жуз, 591-бет, “Дарул маърифа”, Байрут, 2002
[96] Ибнул Имод ал-Ҳанбалий, Абдулҳай ибн Аҳмад, “Шажаратуз заҳаб”, I жуз, 42-бет, “Дарул кутубил илмийя”, йили кўрсатилмаган.
Давоми бор...
Абдуллоҳ Раҳим ва Нилуфар Алламова таржимаси