Муслима қизнинг оила қуришдаги мезонлари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муслима қизнинг оила қуришдаги мезонлари

Инсон суҳбатдошига унинг фикри ёки иймонининг кучлилигига қараб баҳо беради. Уламолар динсизнинг назарида “бўлмаса, яхши эди” туридаги инсон бўлса, мусулмонлар учун “борлигимиз уларнинг борлигига боғлиқ” даражасидаги қийматга эгадир. Нарса ва ҳодисанинг қиймати ҳам айни нуқтаи назарга боғлиқдир. Кимдир ажойиб машинани ҳаётда эга бўладиган энг қиммат нарсаси деб билса, кимдир йўл тирбандлиги вақтида улардан безор бўлади. Оила қураётганда, кимдир зоҳирига, кимдир ботинига, кимдир қадди-қоматига, яна кимдир насб-насабига қарайди. Ким учундир ахлоқи, бошқа биров учун эса мол-дунёси муҳим. Инсон ўз ҳаётини ўз қўллари билан қуради. Ҳамма энг яхшисига эга бўлишга интилади. Aммо кимдир саодатга, кимдир фалокатга йўлиқади.

Куёвнинг бойи яхшими ёки диндорими?

 

Мусулмон одам ўзи оила қураётганда ҳам, фарзандини уйлаётганда ҳам, номзоднинг зоҳирига ва ботинига эътибор беради. Эркагу аёл ўзига “юк бўладиган” инсонни эмас, турмушнинг “юкини кўтарадиган” инсонни қидиради. Бири ҳаётнинг ташқи, бошқаси эса ички юкини кўтаради. Бир-бирларининг фақат афзалликларидан эмас, камчиликларидан ҳам ҳузур оладилар. Эркак киши аёлга мос, аёл ҳам эркакка мувофиқ бўлади. Ҳаёт машаққатларини елкама-елка енгиб ўтадилар, биргаликда кулиб, бирликда йиғлайдилар. Бир бинонинг деворлари каби қорга ҳам, ёмғирга ҳам, иссиқ-совуққа ҳам бирдек бардош берадилар. Бир-бирларининг кўнглини, дардини англаб оладилар. Бирон нарсанинг эвазига эмас, беғараз меҳр қўядилар.

Ўзбошимчалик қилиб турмушга чиққан қиз “Валийсиз никоҳ бўлмайди” ҳадисига қарши чиққан бўлади. Бундай қаршилик оиладаги баракани кўтаради. Aгар оила қурилмасдан аввал, унинг бузилишига ишора бўлса, содир бўлиш эҳтимоли бор зарарнинг олдини олиш мақсадида никоҳни рад этиб битирган маъқул. Қизни отанинг ўзи турмушга берса, куёвнинг мол-дунёси ва мансабидан кўпроқ ахлоқи ва тақвосига қарайди. Чунки Aллоҳдан қўрққан куёв аёлига зулм қилолмайди. Aёлининг уст-бошида, ибодатида, еган луқмасида ҳаётининг қуйи поғонасига қўймайди. Уни Aллоҳдан ўзига юборилган омонат сифатида қабул қилади. Ҳеч бир ҳаққини поймол қилмайди, эътиборсиз қолдирмайди. Шу сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юксак ахлоқ соҳиби бўлган йигит-қизларни никоҳлаб қўйишга амр қилганлар. Зеро, адолатли жамиятнинг қурилиши фақат тақволи оилаларнинг кўпайиши билан вужудга келиши мумкин. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:  «Қачон сизга ўзингиз динидан ва хулқидан рози бўлган киши келса, унга (сўраганини) никоҳлаб беринг. Агар шундай қилмасангиз, ер юзида фитна ва фасод бўлур», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, агар унда... бўлса ҳам-а?» дейишди. У зот: «Қачон сизга ўзингиз динидан ва хулқидан рози бўлган киши келса, унга (сўраганини) никоҳлаб беринг», деб уч марта айтдилар. (Термизий ривоят қилган).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам куёвнинг диндор бўлишига эътибор берганлар. Саҳобия қизлар ҳам оила қураётганда, диндор турмуш ўртоқ танлашган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам озод этилган қул Билол Ҳабашийнинг ансорийлардан бирининг қизига талабгор бўлганида рад этилганини эшитганларида, Билол розияллоҳу анҳуга шундай амр қилдилар: “Бор ва уларга “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни турмуш қуришимизни амр қилдилар” деб айт”. Бани Баёдадан қиз сўраган Aбу Тайба ҳам шунга ўхшаш сабаблар билан рад этилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Aбу Тайбани уйлантиринг! Aгар шундай қилмасангиз, ер юзида катта фитна-фасод бўлади”, деб марҳамат қилганлар.

Жулайбиб

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар қилиб юборилганларида, инсонлар орасида минг йиллик разолат девори бор эди. Золим зулм қилишини, мазлум бу зулмга рози бўлишни қадардан деб ишонар эди. Насл-насабли билан қул орасида инсон билан ҳайвон орасидаги фарқдан кўра каттароқ фарқ бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни ажратган, четлатган, ягона мезонга айланган бу каби разолатларнинг барчаси билан курашиб янгича дунё барпо қилдилар. Мазкур жоҳилият сарқитини амалий тарзда йўқ қилдилар. Қурайшлик қизни озод қилинган қул билан никоҳладилар. Қул дастурхон атрофига чақирилмаган бир жамиятда бирданига ҳур жуфтлар пайдо бўлди. Лекин бу инқилоб жуда узоқ вақт талаб қилди. Алал оқибат, саҳобаларнинг Ислом умматига айланиши эт билан тирноқдек мустаҳкам бўлди.

Ислом тенгҳуқуқлиликни қабул қилиш билан бирга, фақир бўлиш каби хусусиятлар оила қуришда рад қилишга сабаб деб қаралмаслигини тайинлади.

Ислом камбағаллик ёки насл-насаблилик туфайли оила қуриш таклифи рад қилинган эркакларга тасалли берди. Жулайбиб каби мол-дунё жиҳатидан ҳам, ҳусн жиҳатидан ҳам камбағал бўлганларнинг йўли очилди. Инсонлардан ҳам, қўлини сўраб борган қизлардан ҳам рағбат кўрмаган Жулайбиб шу сабабли уйлана олмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни уйлантириб инсонларнинг дунёқараши ўзгаришига амалий тарзда сабабчи бўлдилар.

Жулайбиб ансорлардан бўлиб, кичик жуссали, уй-жой ва мол-мулки йўқ камбағал бир киши эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан биронтасида турмушга чиқадиган аёл бўлса, бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга билдириб, у зотнинг унга ҳожати бор ёки йўқлигини билмасдан олдин турмушга бермас эди.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорлардан бир кишига: «Қизингни менга турмушга бергин», дедилар.

У: «Жоним сизга фидо, бу билан бошимиз осмонга етади», деди.

Шунда у зот: «Мен уни ўзим учун сўрамаяпман», дедилар.

Ҳалиги киши: «У ҳолда кимга?», деди.

Расулуллоҳ: «Жулайбибга», дедилар.

У: «Онаси билан маслаҳат қилиб кўрай», деди.

У киши хотинининг олдига бориб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизингга совчи бўляптилар», деди.

Онаси: «Қандай ҳам яхши, бу билан бошимиз осмонга етади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга (қизимизни) турмушга беринг», деди.

У киши: «У зот қизимизни ўзларига сўрамаяптилар», деди.

Хотини: «Ундай бўлса, кимга?», деди.

У киши: «Жулайбибга», деди.

Хотини: «Шўрим қурсин, Жулайбибгами? Асло, Жулайбибга бўлса, асло!  Аллоҳга қасамки, Жулайбибга бермаймиз», деди.

Қизнинг отаси Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб, бу гапни айтиш учун ўрнидан турганида, қиз чодирида онасига: «Менга ким совчи қўйибди?» деди.

Онаси: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам», деди.

Шунда қиз: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларини қайтарасизларми?! Мени Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга топширинг, чунки у зот мени зое қилмайдилар», деди.

Отаси Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдига келиб: «Қизимни сизнинг ихтиёрингизга топширдим», деди.

У зот қизни Жулайбибга турмушга бердилар. (Бошқа бир ривоятда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у аёлга: «Эй Аллоҳ, унга хайр-барака ёғдир! Унинг ҳаётини оғир ва машаққатли қилма!» деб дуо қилдилар).

Ғазотларидан бирида Аллоҳ таборака ва таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга (баъзи нарсаларни) ўлжа қилиб берган эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирон кимсани қидиряпсизларми?» дедилар.

Улар: «Фалончи ва фалончиларни қидиряпмиз», дейишди.

У зот: «Мен эса Жулайбибни қидиряпман. Уни ўликлар орасидан қараб кўринг», дедилар. Улар етти кишини ўлдирган, сўнг ўзи ҳам уларнинг ёнида жонсиз ҳолатда ётган Жулайбибни топишди.

Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб: «У етти кишини ўлдирган эди, сўнг улар ҳам буни ўлдиришди. Бу мендандир, мен эса унданман», дедилар.

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўзларининг икки муборак билакларига қўйиб кўтардилар. Унинг тобути Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки билакларидан бошқа нарса эмас эди. Қабр кавлангач, у зот ўз қўллари билан уни лаҳадга қўйдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оила қуриш ахлоқ ва диндорлик меъёрларига мувофиқ бўлмаса, ер юзида катта фитна бўлиши қабилидаги огоҳлантиришларига саҳобалар катта эътибор билан амал қилишди. Бугунги кунда ота-оналар амал қилишда қийналаётган бу масалани мусулмонлар бутун вужудлари билан қабул қилишлари қийин бўлмади. Шу тарзда ҳам ёшларнинг камбағаллик туфайли бўйдоқ бўлиб юриб, фаҳшга кетиб қолмаслиги ҳамда қизларнинг ахлоқ ва маънавиятдан йўқсил эркаклар билан оила қуришларининг олди олинди. Бадавлат эркак билан оила қуришни кутган, тополмагач, ўтириб қолган қизлар, Ислом ҳаётга татбиқ қилинаётган ерларда деярли бўлмасди.

Давоми бор…

 

Абдуллоҳ Раҳим ва Нилуфар Исроилова таржималари

Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида Қуръони каримда марҳамат қилиб, у давоми...

07:00 / 09.06.2020 7999
Эримнинг муносабатлари ўзгарган...Ҳурматли устозМени афв этасиз, деган умидда бир савол сўрамоқчи эдим. Бу давоми...

07:18 / 28.03.2020 4129
Қизим, фарзандларингни бири Aбу Бакр розияллоҳу анҳунинг ролини ўйнасин, Aбу Жаҳлларнинг қуллик тузумида давоми...

08:00 / 18.02.2022 3817
Равзаи муборак аёллар учун ҳам бир мадраса эди. Уларнинг ҳам илм савияси юксалди. Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

09:00 / 25.01.2022 3543