Дунё муслима олималарининг онлайн анжумани бўлиб ўтди
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

АҚШнинг Калифорния штатида жойлашган Rahmah Foundation ташкилоти мустақил таълим ташкилоти ҳисобланади.  Ташкилот аъзолари  мунтазам равишда  бутун дунё муслималари учун аёлларга хос масалалар бўйича ўқув дастурлари ва турли муносабатлар билан суҳбатлар ташкиллаштириб боради.  Кўп асрлардан буён мусулмонлар Қуръон ва Суннатни илмий гувоҳнома ва сертификат ҳисобланувчи ижоза тизими орқали ҳимоя қилиб, ҳеч бир ўзгаришсиз сақлаб келмоқда. Мазкур ташкилот эса Ислом динини экстремизм ва турли адашишлардан муҳофаза қилиш ниҳоятда муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда малакали устозларни танлаб олиб, улар билан ҳамжиҳатликда фаолият олиб боради.  Бу ўқитувчилар минглаб муслималарга диний таълим беришга масъулдирлар.

Куни кеча ушбу ташкилот томонидан муборак зулҳижжа ойининг илк ўн кунлигига бағишланган онлайн анжуман ташкил этилди. Унда ташкилотнинг олима ва устозалари турли мавзуларда маърузалар қилдилар.

 Дастлаб мичиганлик олима, Дамашқда таълим олиб, ижоза олган, Қуръони карим  ҳофизаси, болалар учун «Қуръон менинг энг яқин дўстим» китобининг муаллифи Сюзане Дерани «Ҳаж ва ният» мавзусидаги чиқишида ҳаж сафари ва унинг арконлари ҳақида сўз юритиб, ўзининг ҳаж сафари таассуротлари билан ҳам ўртоқлашди.

Сўнгра калифорниялик олима Шамира Чосиа Aҳмад «Қурбонлик ва унинг тарихи» мавзусида маъруза қилди.  У ҳам Дамашқда таълим ва ижоза олган, шунингдек, Буюк Британия, Жанубий Aфрика университетларида илм олиб кўплаб муваффақиятларга эришган олималардан ҳисобланади. Шамира Чосиа ҳозирда муслима аёлларга  таълим бериш билан шуғулланади. Калифорния штатидаги «Зайтуна» аёллар институтида ҳанафий фиқҳидан аёлларга дарс берган.

Маккаи Мукаррамада туғилган, ҳадис,  фиқҳ, адаб ва сулук, пайғамбарлар тарихи  каби фанлардан таълим бериб келаётган устоза Ҳубаба ал-Каҳф эса «Aрофат тоғи» мавзусида мазмунли нутқ сўзлади.

Ёш авлодга маънавиятдан дарс бериб келаётган фаол аёл Хосай Можаддадийнинг тавоф ва қалб ҳаловати ҳақидаги маърузаси билан анжуманнинг  илмий қисми якунланди.

Сўнгра  Ўзбекистонда 2018 йилда бўлиб ўтган Қуръон мусобақаси иштирокчиси, юртимиз вакиласи  Муяссархон Қаюмова иштирокчилар таклифига кўра муқаддас Қуръони Каримнинг Ҳаж сурасидан ҳаж ибодатига оид оятларни тиловат қилиб берди. Гўзал тиловат тингловчилар қалбига сакинат, ҳаловат олиб кирди.

Тиловатдан сўнг шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг фарзанди аржумандлари, устозамиз Одинахон Муҳаммад Содиқ раҳбарликлари остида  фаолият олиб бораётган, muslimaat.uz сайти қошида ташкил этилган Munshidaat.uz гуруҳи аъзолари опа-сингил Марғуба ва Мадина Мирвалиевалар гўзал нашид ва салавотлар куйлаб, анжуманга байрам шукуҳини олиб кирдилар.

Анжуман сўнгида дунё муслима олима ва устозалари кўплаб зикр ва вирдлар қилиб, бугунги кунда синовли кунларни бошидан кечираётган бутун дунё мусулмонлари ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.

Дилузахон Тошпўлатова тайёрлади

Мавзуга оид мақолалар
Упол Ўш вилояти, Ўзган туманининг Айри Сув қишлоғида туғилган. Ўрта мактабни битиргач, у Россия Федерациясининг Д.К. Беляев номидаги Иваново давлат қишлоқ давоми...

17:13 / 22.12.2020 1746
Дунёда ўз бизнесини очаётган аёлларнинг сони тобора кўпаймоқда. Улар тадбиркорликда фаоллашишмоқда. Бугунги кунда аёллар дунёдаги кичик бизнеснинг 36 фоизини давоми...

11:59 / 17.11.2020 1917
Дунё мусулмонлари ҳақида 10 та фактБугунги глобаллашган оламда, мусулмонларнинг турли миллат вакилларидан ташкил топганлигини яхши биламиз. 2015 йилги Pew Research Center давоми...

15:53 / 02.05.2020 4194
Муслима шифокор ва ҳамшираларга вирус тарқалишини олдини олиш учун ҳар навбатчиликдан кейин рўмолини ташлаб юбориш молиявий қийинчилик туғдиради. Бу эса давоми...

12:19 / 03.06.2020 2635