ТАВБА ОДОБЛАРИ (2-қисм)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмон одоби ТАВБА ОДОБЛАРИ Саккизинчи одоб – тавба қилиш қалб, тил ва бутун вужуд билан бўлиши. Маълумки, қалб инсоннинг энг асосий аъзосидир. Қолган аъзолар эса қалбга тобе бўлади. Кишининг қалби солиҳ бўлса, у солиҳ банда бўлади. Қалби ёмон бўлса, у ёмон банда бўлади. Шунга кўра тавба қилишда ҳам аввало инсон қалбидан бу ишга қаттиқ пушаймон бўлиши, ушбу гуноҳни қайтиб қилмасликка қасд қилиши ва Аллоҳ мазкур тавбасини қабул қилишига ишониши лозим. Сўнгра бошқа аъзолари қалбдаги бу кечинмаларни ўзида намойиш қилиши ва қалбга кўмакчи бўлиши лозим. Шунга кўра барча ишнинг энг асоси қалбда бўлади, сўнгра тил ва бошқа аъзолар қалбдаги ҳолатни изҳор қилади ва унга кўмакчи бўлади. Биз биринчи одобда тавбанинг шартларини санаб ўтган эдик. Улар: 1. Гуноҳни қилишдан дарҳол тўхташ. 2. Қилган гуноҳига қаттиқ пушаймон бўлиш. 3. Содир қилган гуноҳига асло қайтмасликни ният қилиш. 4. Тавбасини Аллоҳ таоло қабул қилишига ишониш. 5. Аллоҳ таолога истиғфор айтиш. 6. Бу гуноҳга қайтмасликни аъзолари билан амалга ошириш. 7. Содир этган гуноҳи одамларнинг ҳаққи бўладиган бўлса, улардан узр сўраб, ҳақларини қайтариш. Бу шартлардан 2, 3, 4-бандлар қалбга тегишлидир. 5-банд қалб ва тилга, қолган бандлар эса бошқа аъзоларга хосдир. Киши тавба учун лозим бўладиган ҳолатларни қалбида амалга оширганидан сўнг бу ҳолатни ўзида намоён қилиш ва уни амалга оширишда тилнинг хизмати жуда каттадир. Набий алайҳиссалом бунга амал қилганлар ва умматларини ҳам шунга тарғиб қилганлар. Ағор ибн Ясар Музний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй инсонлар! Аллоҳга тавба қилинглар ва Унга истиғфор айтинглар. Мен бир кунда юз марта истиғфор айтаман», дедилар» (Муслим ривоят қилган). Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «У: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ўринда: «Роббиғфирлий ва туб ъалайя, иннака антат-тавваабур-роҳийм» деб юз марта айтаётганларини санар эдик», деди» (Аҳмад ва Термизий ривоят қилишган). Дуонинг маъноси: «Эй Роббим! Мени мағфират қил ва тавбамни қабул эт. Албатта, Сен тавбаларни қабул қилувчи, кечирувчи Зотсан». Биз ҳам Набий алайҳиссаломнинг кўрсатмаларига амал қилган ҳолда истиғфор лафзларини қалб билан ҳис қилган ҳолда, хушуъ ва хузуъ билан айтадиган бўлсак, тавбаларимиз қабул бўлар экан. Аммо истиғфор фақатгина тилнинг ўзида бўлиб, қалб ундан ғофил бўлса, бундай истиғфорнинг биз учун фойдаси бўлмаслиги мумкин. Тўққизинчи одоб – маъсиятдан воз кечиш. Бу қилиб турган гуноҳ ишни тарк этиш ва унга асло қайтмаслик билан бўлади. Гуноҳдан воз кечмай туриб, тавба қилиш дуруст бўлмайди. Лекин киши тавба қилса ва тавбанинг шартларини тўлиқ бажарса-ю, азму қарори заифлик қилиб ёки хоҳиш-истаги ғолиб келиб, яна шу гуноҳни содир қилиб қўйса, бу гуноҳи учун яна тавба қилиши керак бўлади. Аммо тавба қилиб, яна гуноҳ иш қилиб юравериш яхши эмас. Бунда «холис тавба»нинг шартларига амал қилмаган бўлади. Барчанинг қалбини билувчи Зот – Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасининг гуноҳини кечади. Маъсиятдан бутунлай воз кечишга ғайридиннинг мусулмон бўлишини мисол қилиш мумкин. Зеро, унинг куфрдан бўлган тавбаси Исломга кириш билан бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган: «Лекин кимки тавба қилса ҳамда иймон келтириб, яхши амал қилса, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштириб қўяди. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли Зотдир. Кимки тавба қилиб эзгу (ишларни) қилса, бас, албатта, у Аллоҳ(ризоси ва мағфирати)га қайтган бўлур» (Фурқон сураси, 70-71-оятлар). Ўнинчи одоб – зулм қилган кишиларига ҳақларини қайтариш ва уларни рози қилиш. Кишининг зиммасида икки хил ҳақ бўлиб, ҳар бир банда бу иккисига риоя қилиши, уларни тўлиқ адо этиши лозим: Аллоҳнинг ҳаққи. Бу Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан буюрилган ва қайтарилган ишлар бўлиб, бу ишларнинг амалга ошиши фақат банда билан Аллоҳнинг ўртасида бўлади, бошқа бандаларга алоқаси йўқдир. Масалан: иймон, намоз, рўза ва ҳоказо. Банда бу амалларни бажармайдиган бўлса, Аллоҳнинг ҳаққини адо қилмаган бўлади. Аллоҳ таоло хоҳласа уни азоблайди, хоҳласа кечириб юборади. Бандаларнинг ҳаққи. Бу ҳам Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан буюрилган ва қайтарилган ишлардир. Уларнинг амалга ошиши ўзидан бошқа кишиларга ҳам боғлиқ бўлиб, уларнинг риоясини қилиш лозим бўлади. Масалан: ўғрилик, ғийбат, хиёнат қилмаслик, бировнинг обрўсини тўкмаслик ва ҳоказо. Банданинг гуноҳи инсонлар ҳаққига тегишли бўлса, уларнинг ҳаққини қайтариб бериш билан бирга, Аллоҳ таолога тавба қилиш лозим. Масалан: ўғрилик қилса ёки бировнинг молини тортиб олган бўлса, уни эгасига қайтариб, кечирим сўралади. Шунингдек, бировнинг обрўсини тўккан, ғийбат қилган ёки уни одамлар орасида шарманда қилган бўлса, ундан узр сўраб, рози қилинади. Шундай қилмаса, қиёмат куни жазоси оғир бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бировнинг шаънига ёки бирор нарсасига зулм қилган бўлса, уни бугун – динор ҳам, дирҳам ҳам бўлмай қолишидан олдин – рози қилиб олсин. Агар солиҳ амали бўлса, ундан қилган зулми миқдорида олинади; яхшиликлари бўлмаса, ҳақ эгасининг ёмонликларидан олиниб, бунга юклатилади», – дедилар» (Бухорий ривоят қилган). Демак, қилинган гуноҳ қон тўкиш, обрўсини тўкиш, ўғрилик қилиш каби инсонларнинг ҳаққига тегишли бўлса, бу гуноҳдан қилинган тавба қабул бўлиши учун ана шу инсонларни рози қилиш шарт бўлади. Агар эгасига айтиб, розилик сўрашнинг оқибати ёмон бўлишидан қўрқса, ўз исмини айтмасдан рози қилиш керак бўлади. Баъзи уламолар оқибатидан қўрқилса, ғийбат қилинган кишининг ҳаққига истиғфор айтишни жоиз санашган. Ўн биринчи одоб – гуноҳлардан кейин яхши ишларни қилиш. Аллоҳга тавба қилувчи киши ҳар бир гуноҳ ишидан кейин савобли ишлар қилишга интилиши лозим. Шунда гуноҳлар кетказилиб, уларнинг ўрнига савоблар ёзилади. Масалан: ёлғон гапирган бўлса, энди доимо тўғрисўз бўлиш, зино қилган бўлса, энди иффатли бўлиш, кимнидир ғийбат қилган бўлса, у ҳақида яхши гапларни гапириш ва ҳоказо. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган: «Куннинг ҳар икки тарафида (яъни, эртаю кеч) ва туннинг бир бўлагида намоз ўқинг! Албатта, савобли ишлар гуноҳларни кетказади. Бу ёд этувчилар учун ёдномадир» (Ҳуд сураси,114-оят). Гуноҳ иш ортидан яхшилик қилиш кераклиги ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган: Абу Зарр ва Муъоз розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳга тақво қил, ёмонлик ортидан яхшилик қил, уни ювади. Одамларга ҳусни хулқ билан муомала қил», – дедилар» (Термизий ривоят қилган). Юқоридаги оят ва ҳадислардан кўриниб турибдики, киши бирор гуноҳ иш қилиб қўйса, дарҳол Аллоҳга тавба қилиш билан бирга, унинг ортидан яхши, савобли ишларни қилишга ҳам шошилиши керак экан. Бу ҳақда қуйидаги оятда ҳам баён қилинган: «Биз нозил қилган оятлар ва ҳидоятдан иборат нарсаларни (Муҳаммаднинг барҳақ пайғамбар эканини) одамларга Китоб (Таврот)да аниқ қилиб берганимиздан кейин (уни) яширганларни, шубҳасиз, Аллоҳ лаънатлагай ва уларни лаънатловчилар (фаришталар ва мўминлар) ҳам лаънатлагайлар. Илло, қайсилари тавба қилиб, хатоларини тузатиб, (ҳақиқатни) баён қилсалар, уларнинг тавбаларини қабул этурман. Мен Таввоб (тавбаларни қабул этувчи) ва Раҳмлидирман» (Бақара сураси, 159-160-оятлар). Ушбу оятда уларнинг ҳақни яшириш каби улкан гуноҳларидан кейин Аллоҳ таоло уларга бу ишнинг зидди, яъни Ўзи нозил қилган нарсани ва ҳақни инсонларга баён этиш каби яхши ишлар билан тавба қилишларини лозим қилди. Ўн иккинчи одоб – тавбадан кейин яхши ишларга қайтиш. Тавба қилган киши энди ҳар бир қадамида, юрган йўлида, атрофдагилар билан муомалада, умуман, барча ҳолатларда яхши амалларни бажаришга одатланиши, аввалги ҳолатидан ҳам кўра яхшироқ бўлишга, ижобий томонга ўзгаришга ҳаракат қилиши лозим. «Холис тавба»нинг аломати ана шундай бўлади. Ўн учинчи одоб – қилган гуноҳини сир тутиш, уни бошқаларга ошкор қилиб, ўзини шарманда қилмаслик. Бирор гуноҳ ишни содир этиб қўйган киши бу ишини бошқалардан сир тутиши, у ҳақда бирорта кишига айтмаслиги, ўзини ошкор қилмаслиги ва энг асосийси, қилган бу иши учун тезлик билан тавба қилиши лозим бўлади. Бу ҳам Ислом одоби, шариат қоидаси ҳисобланади: Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло қайтарган ушбу (зино қилиш, хамр ичиш каби) ифлосликлардан сақланинглар. Ким бу ишни қилиб қўйса, Аллоҳнинг сатри билан сатр қилсин ва Аллоҳга тавба қилсин. Ким бизга ўз саҳифасини ошкор қилса, унга Аллоҳнинг Китобини қоим қиламиз», дедилар» (Ҳоким ва Байҳақий ривоят қилишган). Аллоҳ таоло бирор кишининг қилган гуноҳини одамлардан беркитиб, ошкор қилмадими, у киши бу гуноҳи ҳақида бошқаларга айтиб, ўзини ўзи шарманда қилмасин. Лекин минг афсуски, кечаси билан турли гуноҳ ишларни қилиб, эртаси куни кўчага чиқиб, «Мен фалон ишни қилдим» дея, бу ишидан фахрланиб юрадиган кишилар орамизда жуда кўп. Гуноҳ ишни қилиб қўйиб, яна бу ишини ошкор қилиб, бошқаларга эшиттириш, давраларда гапириш жоиз эмас. Бундай кишилар жамиятда гуноҳ ва фисқу фужурнинг тарқалишига сабабчи бўлишади. Ислом дини гуноҳ ишни ошкор этишни ҳаром қилиб, уни ҳалокат сабабларидан бири деб баҳолади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мужоҳирлардан бошқа барча умматим авф қилингандир. Мужоҳир шундай бир кишики, у тунда бир ишни қилади-да, сўнгра тонг отади. Аллоҳ эса унинг ишини беркитган бўлади, кейин у: «Эй, фалончи! Мен кеча тунда ундай ва бундай қилдим», – деб айтади. Ҳолбуки, у Робби уни беркитган ҳолда тунни ўтказган эди. У эса Аллоҳнинг пардасини очиб юборади», деганларини эшитганман» (Бухорий ривоят қилган). Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, бир одам гуноҳ иш қилди, дейлик. Аллоҳ уни бошқалардан беркитади, лекин ўзи уни ошкор қилиш билан яна бир гуноҳга қўл урган бўлади. Агар тавба қилганида, Аллоҳ бу гуноҳини кечириб юбориши мумкин эди. Лекин ўзи ошкор қилиб, Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлади. Ўн тўртинчи одоб – тавба қилишда бардавом бўлиш. Инсон гоҳида билиб-билмай, бандалиги, заифлигига бориб, баъзи маъсиятлар олдида ожиз қолади ва катта-кичик гуноҳларга йўл қўяди. Лекин меҳрибон ва раҳмли, инсониятни бошқа барча мавжудотлардан азизу мукаррам қилиб яратиб қўйган Зот – Аллоҳ таоло тавба эшигини кенг очиб, унга бу хатоларни тузатиш, гуноҳлардан фориғ бўлишнинг йўлини ҳам кўрсатиб қўйган. Демак, тезлик билан тавбага юзланиш, гуноҳларга истиғфор айтиш ҳар бир инсон учун лозим бўлган ҳукмдир. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир одам боласи хато қилувчидир, хато қилувчиларнинг энг яхшиси тавба қилувчилардир», – дедилар» (Термизий ривоят қилган). Агар инсонлар ичида тавба қилмасликка, истиғфор айтмасликка ҳақли зот бор бўлганида, у зот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлар эдилар. Лекин оламларга раҳмат қилиб юборилган зот, ҳар қандай гуноҳдан пок бўлган, умматларини шафоат қилувчи зот – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кунига етмиштадан ортиқ истиғфор айтганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳга қасамки, мен бир кунда Аллоҳга етмиш мартадан кўп истиғфор айтаман ва Унга тавба қиламан», деганларини эшитганман» (Бухорий ривоят қилган). Аввалгию кейинги гуноҳлари кечирилган зот – Набий алайҳиссалом бир кунда етмиштадан юзтагача истиғфор айтиб, тавба қилганларидан кейин бошқалар бундай истиғфор ва тавбага у зотдан ҳам кўра муҳтожроқдир. У зотнинг бу суннатлари умматлари учун энг яхши кўрсатма ва энг яхши ибратдир. Ушбу суннатга мувофиқ, ҳар бир мусулмон қалбида, тилида тавба ва истиғфор айтишни доимий одатга айлантириб олиши керак. Ким юқорида айтиб ўтилган одобларга амал қилса, шунингдек, тавбасини мукаммал қилса, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда таърифини келтирган кимсалардан бўлишини умид қилиб қоламиз. «Лекин кимки тавба қилса ҳамда иймон келтириб, яхши амал қилса, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштириб қўяди. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли Зотдир. Кимки тавба қилиб, эзгу (ишларни) қилса, бас, албатта, у Аллоҳ(ризоси ва мағфирати)га қайтган бўлур» (Фурқон сураси, 70-71-оятлар). Гуноҳнинг савобга айланиб қолиши қандай маъно касб этиши хусусида турлича тафсирлар бор. Масалан, аввалги гуноҳлари тавба билан ўчиб, ўрнига савобли ишларни қилиш билан; гуноҳ қилиш қобилияти савобли иш қилиш қобилиятига айланиши билан; Аллоҳнинг тавфиқи сабабли тоат-ибодат ва хайрли иш қилишга ўтиш билан ва ҳоказо.

Мавзуга оид мақолалар
Нуриддин Йилдиз .Бу умматнинг қизи,.Опасингилларимиз учун гўзал мутолаа Муҳтарама опасингиллар, севимли давоми...

02:08 / 25.01.2020 16170
НикоҳКим билан оила қуриш керакРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сарвари коинот, хотамул анбиё, давоми...

05:57 / 12.03.2021 6028
Aёлдаги гўзаллик Қандай аёл гўзалроқТўрт томонимиздан қуршаб олган турли масалаларда кунига минглаб давоми...

10:18 / 01.03.2021 4014
Саодатли хонимларХАДИЖА БИНТ ХУВАЙЛИДрозияллоҳу анҳо 15савол Хадижа бинт Хувайлиднинг хизматкори Майсара давоми...

06:00 / 26.06.2020 5369