ТАВБА ОДОБЛАРИ(1)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Мусулмон одоби

ТАВБА ОДОБЛАРИ

«Тавба» арабча сўз бўлиб, «қайтиш» деган маънони англатади.

Шаръий истилоҳда эса банданинг гуноҳкор ҳолатидан тоат ҳолатига қайтишидир.

Журжоний: «Тавба қалбдаги гуноҳда давом этиш тугунини ечиб, Аллоҳга қайтиш ва Роббнинг барча ҳақларини адо этишдир», – деган.

Банда қилган гуноҳларидан тезлик билан тавба қилиши вожиб бўлиб, тавбани кечиктириш дуруст эмас. Бунга Қуръони Карим, ҳадиси набавий ва ижмоъ далил бўлади. Банданинг Аллоҳ таолога тавба қилишининг ҳам ўзига яраша қонун-қоидалари ва одоблари бор бўлиб, қуйида уларни бирма-бир баён қиламиз.

Биринчи одоб – ихлос билан тавба қилиш.

Аллоҳ таолога ибодат қилишда энг аввал ният ва ихлос шарт қилинган. Банданинг қандай ибодат қилиши ва қандай савобга эга бўлиши ана шу ихлосга боғлиқ бўлади. Кимдир озгина яхши иш қилади-да, ихлоси мукаммал бўлгани сабабли улкан ажрларга эга бўлади, яна кимдир кўплаб хайрли ишларни қилади-да, ихлосида нуқсон бўлгани боис натижа ҳам шунга кўра бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг жуда кўп оятларида бандаларини ибодатни ихлос билан адо этишга амр қилган:

«(Эй Муҳаммад!) Сиз Аллоҳга – динни Унга (ширкдан) холис қилган ҳолда ибодат қилинг» (Зумар сураси, 2-оят).

Яна бир оятда шундай дейилган:

«Айтинг: «Мен Аллоҳга динни Унга холис қилган ҳолда ибодат қилишга буюрилганман» (Зумар сураси, 11-оят).

Аллоҳга ихлос билан ибодат қилиш – фақат Аллоҳни ва Унинг розилигини қасд этиб ибодат қилиш демакдир. Аллоҳга ихлос қилиш барча ибодатларда бўлиши лозим. Жумладан, Аллоҳга тавба қилиш борасида ҳам банда тавбани холис Аллоҳ учун қилиши керак. Бу дунёда иши юришмаётгани ёки бу дунёда мусибатлар етмаслиги учун тавба қиладиган бўлса, бу ҳақиқий тавба бўлмайди. Турли мусибат ёки қийинчиликлар бошига тушганида Аллоҳни эсга олиши, ўзининг қилган ишларини таҳлил қилиши ва ўзини ислоҳ қилиб, билиб-билмай қилган гуноҳ ишлари учун Аллоҳга чин ихлос билан тавба қилиши жуда ҳам яхшидир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бандаларини тавбага буюриб шундай деган:

«Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй мўминлар! Шояд, (шунда) нажот топсангиз» (Нур сураси, 31-оят).

Иккинчи одоб – тавба барча гуноҳлар учун бўлиши.

Банданинг битта гуноҳи учун Аллоҳ таолога тавба қилиши тўғри бўлмайди, балки барча гуноҳлари учун тавба қилиши лозим. Шунингдек, баъзи ишига тавба қилиб, бошқаларида давом этавериши ҳам жоиз эмас. Шунга кўра банда Аллоҳ таолога тавба қилишида барча ўтган гуноҳларини ирода қилиши ва уларни мағфират қилишини Аллоҳдан ёлвориб сўраши лозим.

Киши ихлос билан ҳақиқий тавба қиладиган бўлса, бутун умрига тегишли тавбани қилган бўлар экан. Киши шу тавбасида бардавом бўлиши учун ҳозир ҳам, кейин ҳам асло гуноҳ қилмаслиги ва шу билан бирга, доимо тавба ва истиғфорни ўзига лозим тутиши керак.

Учинчи одоб – тавба Аллоҳ уни қабул этадиган вақтда бўлиши.

Инсоният учун тавба қилиш вақти аниқ тайин қилинган бўлиб, агар ана шу вақтда ихлос билан тавба қилинса, Аллоҳ таоло уни албатта қабул этади. Бу вақт иккига бўлинади:

1. Ҳар бир киши учун хос вақт бўлиб, бу унинг жони ҳалқумига келмасидан олдинги вақтдир. Аллоҳ таолонинг ушбу ояти бунга далил бўлади:

«Гуноҳ ишларни қилиб юриб, қачонки бирорталарига ўлим келганда, «Энди тавба қилдим» дейдиган, шунингдек, кофирлигича ўлиб кетадиганларнинг тавбалари эса қабул қилинмагай. Ана ўшалар учун аламли азобни тайёрлаб қўйганмиз» (Нисо сураси, 18-оят).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Модомики банданинг жони ҳалқумига келмаган бўлса, Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилади», – дедилар» (Термизий ривоят қилган).

Демак, инсон ўлим келмасидан олдинроқ тавба қилиб оладиган бўлса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади. Аммо «Ҳали ёшман-ку, ўлишимга вақт бор-ку» деб, тавбани орқага суриш яхши эмас, чунки ҳар лаҳза унга ўлим келиб қолиши мумкин. Шунинг учун тезлик билан тавбага шошилиш керак.

2. Дунё аҳли учун умумий вақт. Бу қуёш мағрибдан чиқишидан, яъни қиёмат бўлишидан олдинги вақт. Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай хабар берилган:

«Роббингнинг баъзи оятлари келган кунида ҳеч бир жонга, олдин иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бўлса, иймони наф бермас» (Анъом сураси, 158-оят).

Тафсирларда бу оятдаги «баъзи оятлари келган кун» жумласидан қиёмат аломатларидан бири, яъни қуёшнинг ғарб томондан чиқиши ирода қилинмоқда, дейилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қуёш мағрибдан чиқишидан олдин тавба қиладиган бўлса, Аллоҳ тавбасини қабул қилади», – дедилар» (Муслим ривоят қилган).

Демак, Аллоҳ таоло то қиёмат қоим бўлгунича бандаларнинг тавбасини қабул қилар экан. Инсон тавба қиладиган фурсатни бой бермасдан, тезлик билан тавбага шошилиши лозим. Зеро, ҳар сония, ҳар дақиқада унга ўлим келиши ёки қиёмат бўлиб қолиши мумкин.

Тўртинчи одоб – тавбага шошилиш.

Киши иложи борича тезроқ тавба қилиб қолишга шошилиши лозим. Бу иш мусулмонга тавбанинг зарурлигини таъкидлайди. Зеро, шайтон инсонни тавбани пайсалга солишга, уни ортга суришга ундайди. Натижада унинг ажали етади ва тавба қилмасдан вафот этади. Инсон қачон вафот этишини билмайди. Ўлим ҳақ бўлиб, унинг қачон, қаерда келишини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Шу билан бирга, қиёмат ҳам қачон қоим бўлишини фақат Аллоҳ таоло билади. Шунинг учун мусулмон одам тезроқ тавба қилиб қолишга ҳаракат қилиши лозим. Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай дейилган:

«Дарҳақиқат, Аллоҳнинг ҳузуридагина қиёмат (қачон бўлиши тўғрисида) билим бордир. У (хоҳлаганича) ёмғир ёғдирур ва бачадонлардаги нарса (ҳомила)ни билур. Бирор жон эртага нима иш қилишини билмас. Бирор жон қаерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ (ҳамма нарсани) билувчи ва хабардор зотдир» (Луқмон сураси, 34-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайдиган бешта нарса ҳақида айтиляпти. Демак, инсон қачон, қаерда вафот этишини ва қиёмат қачон қоим бўлишини билмас экан, Аллоҳга тезроқ тавба қилиб қолишдан уни нима тўсиб турибди? Демак, у ҳар доим ўлимга тайёр туриши керак эмасми? Ёки «Умринг узоқ бўлади» ёки «Қиёмат ҳали-бери бўлмайди», деб кимдир унга кафолат берганми?

Луқмони ҳаким ўғилларига: «Эй ўғлим, тавбани кечиктирма! Чунки ўлим кутилмаганда келади. Ким тавбани кечиктириб, нажотга шошилмас экан, иккита катта хатар ичида қолади: биринчи хатар – гуноҳлар зулмати тўпланиб, қалбни тўла қоплайди, сўнг уни муҳрлаб ташлайди. Муҳрланган қалбдан гуноҳ ўчмайди. Иккинчи хатар – касаллик ёки ўлим тавбадан илгари келиб, хатоларни ўнглаш учун вақт қолмайди», – деган.

Аллоҳ таоло яна бир ояти каримада шундай марҳамат қилади:

«Албатта, Аллоҳнинг тавба қабул қилиши фақат ёмонлик (гуноҳ)ни билмасдан қилиб қўйиб, сўнгра тезлик билан тавба қилганлар учун (муқаррар)дир. Аллоҳ айнан ўшаларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат эгасидир» (Нисо сураси, 17-оят).

Ушбу оятда ҳам Аллоҳ таоло билмасдан қилинган гуноҳга тезлик билан қилинган тавбани қабул қилишини баён қиляпти. Бундан кўриниб турибдики, инсон бир ишнинг гуноҳлигини билиб туриб, уни қилиб, орқасидан тавба қилсам, Аллоҳ кечиб юбораверади, деган эътиқоддан йироқда бўлиши, балки гуноҳ ишни умуман қилмасликка ҳаракат қилиши лозим экан.

Бешинчи одоб – гуноҳ ва маъсиятга надомат чекиш.

Бирор гуноҳ иш қилиб қўйган одам унга қаттиқ пушаймон бўлиши лозим. Яъни Аллоҳнинг амрига итоат қилишида беэътибор бўлгани, ҳавойи нафсига эргашгани, шайтонга итоат этгани ва Роббига маъсият қилгани учун қаттиқ надомат чекиши лозим. Чунки гуноҳ ишга пушаймон бўлиш холис тавбанинг шартларидан биридир. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилган:

Абдуллоҳ ибн Маъқилдан ривоят қилинади: «У: «Мен отам билан бирга Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳузурига кирдим. Отам унга: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Надомат чекиш тавбадир», деганларини эшитганмисиз?» – деди. Абдуллоҳ ибн Масъуд: «Ҳа, у зотнинг «Надомат чекиш тавбадир», деганларини эшитганман», – деди» (Байҳақий ривоят қилган).

Олтинчи одоб – гуноҳга қайтмасликни қасд қилиш.

Тавбанинг тўғри бўлиши шартларидан бири шуки, киши маъсиятга асло қайтмасликни қасд қилиши лозим. Тавбанинг мана шу шарти топилмаса, тавба тўғри бўлмайди. Гуноҳга тавба қилиб, яна ўша гуноҳни қилаверадиган бўлса, бундай тавбанинг маъноси йўқ бўлиб, у ўз гуноҳида давом этган бўлаверади. Шариатимизда бундай тавбадан қайтарилган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда мўмин киши гуноҳ иш қилиб қўядиган бўлса, нима қилиши кераклиги, мўминнинг сифати қандай бўлиши лозимлигини баён қилиб, таълим бериб қўйган:

«Улар бирор фаҳш иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилиб қўйсалар, (дарҳол) Аллоҳни эслаб, истиғфор айтадилар. Ваҳоланки, гуноҳларни фақат Аллоҳгина мағфират этар. Яна, улар била туриб, қилмишларида давом этмайдиган кишилардир.

Айнан уларнинг мукофотлари – Парвардигорларидан мағфират ва остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннат боғлари бўлиб, ўша жойда абадий бўлурлар. (Солиҳ) амал қилувчиларнинг мукофоти нақадар яхши!» (Оли Имрон сураси, 135-136-оятлар).

Еттинчи одоб – Аллоҳга тавба қилувчи ўзини хокисор тутиши.

Аллоҳга тавба қиладиган киши аввало мана шу қилаётган тавбаси қабул бўлишига ишониши ва ўзини Аллоҳнинг олдида бечора ва хокисор тутиши, агар Аллоҳ таоло тавбасини қабул қилмаса, ҳалокатга учрашини ҳис қилиб, Аллоҳга муҳтожлигини намойиш этиши, шунингдек, маъсият ва гуноҳларни ўз нафсидан, эзгу ишлар ва афвни Аллоҳдан деб билиш лозим. Шунда Аллоҳ таоло учун хокисорлиги ва хушуъси зиёда бўлади.

Шунга кўра киши тавбаси мақбул бўлишига ишонган ҳолда ўзининг Аллоҳнинг олдида гуноҳкор банда эканини, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким унга ёрдам бера олмаслигини ҳис қилиб, мукаммал хушуъ ва хузуъ билан тавба қилса, Аллоҳ таоло албатта унинг тавбасини қабул қилади. Ҳеч ким «Бу кишининг тавбасини Аллоҳ қабул қилмайди», деб айта олмайди. Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ фалончини мағфират қилмайди», – деб айтса, Аллоҳ таоло: «Фалончини мағфират қилмаслигим ҳақида менга қасам ичаётган ким ўзи? Албатта, Мен фалончини мағфират қилдим ва сенинг амалингни беҳуда қилдим», – дейди»,  дедилар» (Муслим ривоят қилган).

Давоми бор


 

Мавзуга оид мақолалар
Мўмин кишининг бахти инсон ўз Яратувчсисига боғланиши, унга бўлган муҳаббати ва унинг розилиги йўлида фидо давоми...

21:15 / 10.10.2021 2191
Қуддусда, Мисрда эркаклардек курашаётган аёллар Марям онамиздан намуна олишди. Бугуннинг Марямлари давоми...

08:37 / 01.02.2021 3016
Мўмина синглим, сиз менга Германиядан мурожаат қилаётган бўлсангиз ҳам, кўз ўнгимда тургандексиз. давоми...

04:47 / 01.02.2020 6035
5ФАСЛФЕйсБУКДА .УЛАШИШ, .SHARE, БИЛАН БОҒЛИҚ ОДОБЛАРЭй мусулмон биродар, билгинки, фейсбукда ёзишишнинг жуда давоми...

03:01 / 16.07.2020 2232