«Марямнинг онаси – аёлларимизга гўзал ўрнак!»
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Қиз фарзанди дунёга келар келмас унинг сепини йиғишни бошлайдиган оилалардан иборат мўминлар жамиятининг бориши мумкин бўлган нуқта аниқ эди ва бунга эришилди ҳам. Ҳазрати Марям ҳали дунёга келмасиданоқ Аллоҳ йўлига назир қилинганини хотираларимизга ўчмайдиган қилиб ёзиб қўйишимиз лозим. У ўғил бўлишни хоҳлаган эди, лекин қиз туғилди. Қиз туғилгач, бундан хафа бўлмади. «Қиз бола Аллоҳ йўлида адо этиладиган ишларни ўғилчалик бажара олмайди» дея ўйлади у. Балки у хафа бўлгандир. Бу ҳолат унинг дуосида акс этди. «Ва ўғил қиздек эмас», деди у. Охир-оқибат қатъияти ҳам пасайди. Қиз бўлса ҳам Аллоҳга берган ваъдамнинг устидан чиқишим керак, деди. Гўдагини йўргаклаб, назир қилган жойига олиб борди. Аллоҳ таоло унинг самимий ва ҳаяжонга тўла юрагининг талабини қайтармади. Марям аёллар ва эркакларнинг иймонига ўрнак бир аёл бўлди. Марямнинг онаси дафн этилган тупроқларнинг устида, ким билсин, ўнлаб давлат тикланиб, вайронга айлангандир. Бу дунёда ҳатто суякгидан асар ҳам топилмаслиги мумкин. Аммо энг буюк асари  ‒ Марям миллиардлаб инсонлар учун имон ва куфр мезонининг рамзига айланди. Уни дунёга келтириб, уни муқаддас жойга ташлаб келган Марямнинг онасини Аллоҳ унутмади. Уни Қуръонга мавзу қилди. У ҳақида оят туширди. Ортидан фаришталарни юргазиб қўйди. Уни ҳам, қизини ҳам аёлларнинг бошига султондек кўтартирди.

Таассуфки, бугун зерикарли, ҳатто ўзимиздан ҳам безиб кетган бир замонда яшаяпмиз. Шуни унутмаслигимиз керакки, бугунги кунда бизни маҳв этаётган нарсанинг ўхшашини, балки ундан ҳам оғирроғини Марямнинг онаси ҳам ўзининг даврида яшаган эди. Мусо алайҳиссалом олиб борган мужодаланинг акс-садолари ҳали пасаймасидан унга иймон келтирганлар динни аралаштириб юбориб, дунёвий динни ихтиро қилишган эди. Ўзларини сақлаб қолиш мақсадида турли фалсафаларни ўйлаб топишган эди. Пайғамбарларини кетма-кет қатл қилиб, уларга осий бўлишарди. Марямнинг онаси бу бузғунчи жамиятда ёлғиз ўзи ҳеч нарса қила олмаслигига кўзи етса ҳам йиғи-сиғига берилиш ўрнига, фарзандни дунёга келтириб, уни Аллоҳ йўлида назир қилишни афзал кўрди. Шундай қилди ҳам. Аллоҳ ҳам унинг бу ниятини самимий қабул этди. Нияти ва ишига барокат берди. У оламларнинг аёлига айланди. У бир ўзи коинотда жўн, лекин таъсири қиёматгача давом этадиган лойиҳага эга чиқди.

Биз «олима қиз лойиҳаси» ҳақида гапираётганимизда, агар амалга ошиб қолса, ажойиб бўларди, деб тушнинг таъбирини қилмаяпмиз. Аллоҳ ўша Аллоҳдир. Аллоҳ Марямнинг онасини коинотдаги энг машҳур лойиҳа эгасига айлантирди. Унинг самимийлигини билгани учун ниятига барака берди. Оддий аёл сифатида режалаштирган нарсасини Аллоҳ коинотни қамраб олган мўъжизаларга асос қилди. Аллоҳ ўша Аллоҳдир. Барча бандаларига лутфи ила муомала этишга қодирдир. Муаммо ва камчилик бизнинг ўзимизда. Иймон келтирганимиз Қуръони Каримда Марямнинг онаси ва Марям ҳақида ўқисак ҳам, тааассуфки, бу умматнинг қизларидан олим, мужтаҳид, муршид чиқиши мумкинми, деб хавотирга тушамиз. Бир мўмин чиқиб, «Мен мўминман ва жаннатга киришимга васила бўлиши учун қизимни феълан Аллоҳга бағишлайман. Уни олима қилиб тарбиялайман», деса, ўйлайманки, Марямнинг онаси Ҳаннонинг устидан кулган Исроил ўғиллари каби бугунги кун одами ҳам Ҳаннога ўхшашга ҳаракат қилган ота-оналарнинг устидан кулишади.

Йўқ. Минг бора йўқ. Бу нотўғри тушунчага эътирозимиз бор. Қизларимизнинг олим бўлолмаслигига, бўлса ҳам турмушга чиққанида эри уни уйдан чиқармаслиги ҳақидаги тушунчага эътирозимиз бор. Аллоҳ ўша Аллоҳдир. У Аллоҳ ўликдан тирикни чиқаргани ҳолда нега бу уммат қизларининг ичидан даъватчи, олималарни чиқармасин? Дангасалигимизни ва ҳеч қандай фойдаси йўқ удумларимизни қонуният деб ўйладик, шунинг учун бу даража эсанкирадик. Закариё алайҳиссаломнинг жияни ҳисобланган қиз Марям бўлди-ю, нега Муҳаммад алайҳиссаломнинг қизларидан бири мужоҳид, олим, муршид бўлмасин? Нима учун? Фиръавннинг саройидан Осиё чиқдию, Каъбани тавоф қилаётган бу умматнинг қизларидан олимлар чиқмасин? Буни имкони йўқ дейиш қанчалар пуч тушунча, қандай ота-онаки мана шундай ўйлайди? Бу қандай имомликки, аёлларга динни тушунтириш мажбурияти эркакка тегишли деб билсалар?

Ушбу икки оят барча оналарнинг Фотиҳаси бўлсин. Бу оятларни қайта-қайта ўқийлик. Балки шундагина Аллоҳ таоло қалбимизга ҳассослик бериб, ўзимизга келармиз ва фарзандларимизни хаёлий қарашларимиз билан эмас, Аллоҳнинг иродасига кўра тарбия қилармидик?!

Аллоҳ таоло Қуръони каримда Марямни барча иймон келтирганларга ўрнак қилиб келтиради. Хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл, мен мўминман, деган ҳар бир кишига Аллоҳ таоло мўминннинг шундай бўлиши кераклигини буюрди:

«Ва Марям Имрон қизини (мисол келтирди), у фаржини пок сақлаган эди, Биз унга Ўз руҳимиздан пуфладик ва у Роббининг сўзларини ҳамда китобларини тасдиқ қилди ва итоаткорлардан бўлди» (Таҳрим сураси, 12-оят).

Энди ушбу оятда эслатиб ўтилган Марямнинг онасининг ҳис-туйғуларини, оналик қарашларини Оли Имрон сурасининг 35–37-оятларидан кўриб чиқайлик:

«Имроннинг хотини: «Роббим! Албатта, мен қорнимдагини Ўзингга холис назр қилдим. Бас, мендан қабул эт. Албатта, Сен эшитувчи, билувчи Зотсан», деганини эсла! Уни (Марямни) туққан чоғида: «Роббим, мен буни қиз туғдим-ку!» деди. Ҳолбуки, Аллоҳ у нима туққанини яхши билади. «Ва ўғил қиздек эмас. Ва мен унга «Марям» деб исм қўйдим ва албатта, мен Сендан унга ва унинг зурриётига шайтонир рожим шарридан паноҳ тиларман». Бас, уни Робби жуда яхши қабул қилиб, ниҳоятда гўзал ўстирди ва Закариёни унга кафил қилди. Закариё ҳар қачон унинг олдига, меҳробга кирганида унинг ҳузурида ризқ кўрди. «Эй Марям, сенга бу қаердан?» деди. «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кишисига беҳисоб ризқ берур», деди».

Шуни унутмайликки, булар Қуръони карим оятларидир. Биз оятга иймон келтирганмиз.

Аллоҳ ўша Аллоҳдир.

Ушбу айтилганлар эса бизга ибрат бўлиши учун Қуръони каримда келтирилгандир.

Мавзуга оид мақолалар
Инсон табиати дунё ва ундаги нарсаларни яхши кўрадиган қилиб яратилган. Аллоҳ таоло айтади Одамларга давоми...

22:00 / 22.11.2021 2526
Доктор Мустафо Сабоъий раҳматуллоҳи алайҳ айтади Агар нафсинг гуноҳ қилмоқчи бўлса, унга Аллоҳ таолони давоми...

22:02 / 20.12.2021 2353
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида Қуръони каримда марҳамат қилиб, у давоми...

07:00 / 09.06.2020 7821
Доктор Аҳмад Амин шундай дейди Ҳаётда Аллоҳ таолога имон келтириш бахтнинг энг ширин лаҳзаси ва манбаси давоми...

22:39 / 20.09.2021 2530