Ҳайит кунлари дуруст бўлмаган амаллар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Динимизда айнан ҳайит куни қабристонга бориш ҳақида кўрсатмалар йўқ. Хусусан, айрим жойларда эркаклар Ийд намозидан қайтадиган вақтда аёлларнинг қабристонга қатнаши натижасида жуда ҳам кўп ноқулайликлар келиб чиқаётганига гувоҳ бўлганмиз. 

Қабр зиёратига Ислом нуқтаи назаридан қараладиган бўлса, аввало қабрни ибрат учун, охиратни эслаш мақсадида зиёрат қилиниши лозимлиги таъкидланади. Шу боис, динимизда қабрларни зиёрат қилиш маълум кун ё соатга белгиланган эмас. Балки тез-тез, хусусан, қалб ғафлати ортганини сезган чоғда қабристонларни зиёрат қилиш тавсия этилади.

Ҳайит кунлари дуруст бўлмаган амаллар

Ҳайит кунига доир одоблар тўла-тўкис бўлиши учун, ушбу кунда қилиш дуруст бўлмаган айрим нарсалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш даркор. Ийд куни қуйидаги ишлардан сақланиш лозим:

1. Рўза тутиш.

Ҳайит куни байрам бўлгани, ҳамма мусулмонлар турли услуб ва амаллар билан бу кунни нишонлаши эътиборидан, бу кунда рўза тутишдан қйтарилган.

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки куннинг – Фитр куни ва Наҳр куни рўзасидан қайтардилар».

Муслим ривоят қилган.

Фитр куни – Рамазон ҳайити куни, Наҳр куни – Қурбон ҳайити кунидир.

2. Ийд намозидан олдин ёки кейин нафл ўқиш. 

Одатда Ийд намози кун ёйилиши билан ўқилгани боис, аслида ундан олдин намоз ўқиш ўзи шундоқ ҳам макруҳлиги ҳаммага маълум. Аммо Ийд намози агар кейинроқ ўқилган тақдирда ҳам ундан олдин намоз ўқиб бўлмайди. Шунингдек, Ийд намозидан сўнг ҳам намоз ўқилмайди.

Ибн аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ийд куни икки ракаат намоз ўқидилар, ундан олдин ҳам, ундан кейин ҳам намоз ўқимадилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

3. Гуноҳ содир қилиш. 

Ҳайит куни қилинган яхши амалларнинг савоби кўп бўлгани каби, бу кунда қилинган гуноҳларнинг иқоби ҳам қаттиқ бўлади. Шу боис, ҳайит экан деб, бўлар-бўлмас ишларни қилиб, шундай улуғ кунда гуноҳга ўтиб кетмаслик керак. Фисқ-фужурга, ахлоқсизликка ундайдиган, шаҳвоний ҳирсни қўзғайдиган қўшиқ ва ўйин-кулгилардан эҳтиёт бўлиш лозим. Зеро, Исломда «байрам куни нима қилса бўлаверади» деган фалсафа йўқ. Балки ҳар қандай шароитда ҳам эзгулик, яхшилик, Аллоҳ таолога итоат руҳида бўлиш таъкидланган.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Аллоҳ таолога осийлик қилмаган ҳар бир кунимиз биз учун ҳайитдир», деган эканлар.

4. Ҳайит кунлари аёлларнинг қабристонларга бориши яхши эмас. 

Динимизда айнан ҳайит куни қабристонга бориш ҳақида кўрсатмалар йўқ. Хусусан, айрим жойларда эркаклар Ийд намозидан қайтадиган вақтда аёлларнинг қабристонга қатнаши натижасида жуда ҳам кўп ноқулайликлар келиб чиқаётганига гувоҳ бўлганмиз.

Қабр зиёратига Ислом нуқтаи назаридан қараладиган бўлса, аввало қабрни ибрат учун, охиратни эслаш мақсадида зиёрат қилиниши лозимлиги таъкидланади. Шу боис, динимизда қабрларни зиёрат қилиш маълум кун ё соатга белгиланган эмас. Балки тез-тез, хусусан, қалб ғафлати ортганини сезган чоғда қабристонларни зиёрат қилиш тавсия этилади.

5. Ҳайит кунларини азага айлантириб олиш. 

Икки ийд кунлари мўмин-мусулмонларнинг энг улуғ байрамлари ҳисобланади. Диний манбаларимизда бу кунларни хурсандчилик, шодлик руҳида, байрам кайфиятида ўтказилиши кераклиги таъкидланган. Аммо ҳайит кунлари фотиҳахонлик қилиш ҳақида кўрсатмалар йўқ. Бугунги кунда бу одат мусибат аҳилларига ҳам кўплаб қийинчиликлар туғдираётгани ҳеч кимга сир эмас. Баъзан бу нарса азадорларнинг ярасини янгилаш, машаққатлари устига яна машаққат туғдириш бўлаётганининг ҳам гувоҳи бўлмоқдамиз. Шунинг учун ҳам уламоларимиз уч кундан кейин таъзия билдириш узоқдаги кишилар учун, бошқаларнинг мазкур муддатдан кейин таъзия билдириши мусибатни янгилаш бўлади, бу эса мусибат аҳлига оғир келади, кўзланган мақсадга зид иш бўлади, деб айтганлар.

Тўғри, мусибатга учраган айрим кўнгил яқин кишиларни ҳайит муносабати билан йўқлаш мумкин. Аммо бу ҳам аза тутиш кайфиятида қилинмайди. Эҳтимол, ана шундай кўнгиловлаш шаклида йўлга қўйилган иш кейинчалик фотиҳахонликка айланиб кетгандир. Шу боис, ҳайит кунларини азага айлантириб олиш тўғри бўлмайди.

Ушбу кўрсатмалардан ҳам маълум бўладики, мусулмонларнинг байрам нишонлаши ўзига хос тарзда бўлади. Аввало улар ушбу кунларга етказганининг шукронаси маъносида Аллоҳ таолога бандалик изҳор қилишади – жамоат бўлиб, ҳамалари бир бўлиб намоз ўқишади, Аллоҳ таолога илтижолар қилишади, берган неъматлари учун У Зотга ҳаду шукрлар айтишади. Кейин бир-бирларини ҳайит билан қутлаб, зиёратлар қилишади. Бева-бечоралар, беморлар ҳолидан хабар олишади, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар билан ўзаро борди-келдилар қилишади. Ўйин-кулгиларини ҳам ахлоқ-одоб доирасида, Аллоҳ таолога осий бўлмаган ҳолда олиб боришади. Ана шундоқ қилиб, ҳайит кунларини фақат яхшилик билан, эзгу амаллар билан ўтказишади. Шунинг учун, уларнинг байрамларида турли тартибсизликлар, ҳар хил нохушликлар юз бермайди, балки ҳолатлари янада гўзаллашади. Зотан, мўмин банданинг ҳайити – Аллоҳга боғлиқлиги гўзал бўлган кунидир.

Динимизда ҳайит кунларини нишонлашга доир керакли таълимотлар батафсил баён қилинган. Биз уларнинг асосийлари билан бир қатор танишиб чиққан ҳам бўлдик. Мўмин-мусулмонлар ушбу кўрсатмаларга риоя қилишлари лозим. Уларнинг ҳайит кунларини қаршилашда бошқа халқларнинг байрам нишонлашдаги урф-одатларига тақлид қилишга ҳожатлари йўқ, бундай қилишлари дуруст ҳам эмас. Акс ҳолда, ахлоқ-одобга, шариат кўрсатмаларига, Ислом ақидаларига зид бўлган ҳолатлар юзага келиши мумкин.

Ийд кунлари Аллоҳ таоло улуғ қилган кунлардир, Исломнинг нишоналари, шиорларидандир. Бинобарин, уларни нишонлашда мана шу руҳ доимо балқиб туриши лозим.

Рамазон ҳайити байрамини мазкур одобларга риоя қилган ҳолда ўтказсак, ушбу улуғ кунни муносиб нишонлаган бўламиз, кўплаб яхшиликларга, ажру савобларга эга бўламиз, халқимиз орасида эзгулик, меҳр-оқибат бардавом бўлишига ҳисса қўшган бўламиз, энг муҳими, ушбу кунларни бизга байрам қилиб берган Роббимизнинг розилигига мушарраф бўламиз. Сиз билан биз мусулмонларнинг бахтимиз шундаки, ушбу икки ҳайит кунларини байрам қилиб нишонлаш билан Аллоҳ таолога итоат қилган бўламиз, У Зотга ибодат қилган бўламиз, дунёу охират яхшилигига мушарраф бўламиз. Мана шу ҳақиқатни унутмаслигимиз лозим.

Ҳаммаларингизга кириб келаётган Рамазон ҳайити муборак бўлсин!

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

 Манба: Islom.uz

Мавзуга оид мақолалар
Ислом шариатидаги Рамазон рўзаси бошқа рўзалардан нимаси билан фарқ қилади Маълумки, Ислом шариатидаги давоми...

11:23 / 07.03.2017 3628
Кўп йиллик тажрибага эга бўлган шифокордан сўрашди «Саратон касаллигининг давоси борми Шифокор қатъий, йўқ, давоми...

21:05 / 13.12.2016 12536
Соғлом, қуюқ, ипакдек майин ва жилвакор сочлар ҳамиша аёл саломатлиги ва гўзаллигининг тимсоли бўлиб давоми...

18:28 / 14.12.2016 11653
Аёлига бола тарбиясида яқиндан ёрдам беради, бу соҳада унинг ишларини енгиллаштиради. Болаларга давоми...

00:06 / 02.03.2023 2301