РАМАЗОНГА ТАРАДДУД КЎРЯПСИЗМИ?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

РАМАЗОНГА ТАРАДДУД КЎРЯПСИЗМИ?

Рамазон ойига яхшилаб тайёрланишни, бу муборак ойнинг таъсири кейинги ҳаётингизда ҳам акс этиб туришини истайсизми? Келинг, бу улуғ ойнинг тадоригини биргаликда кўрамиз:

• Рамазонга неча кун қолганини санаб борайлик. Бу кунларни махсус дастурлар билан санайсизми ёки уйдаги тақвимга оддий бир белги қўйиб борасизми, фарқи йўқ. Асосийси – Рамазонни кутиш сизнинг ва оила аъзоларингизнинг хаёлидаги ширин ташвишга айлансин.

Ўзингиз ҳам, яқинларингиз ҳам бу фазилатли ойнинг бошланишига неча кун қолганини санай бошласа, ҳар кунги суҳбатлар ҳам, қилинадиган ишлар ҳам доим шу мавзу атрофида айланиб, бу борадаги тадориклар, ҳис-ҳаяжонлар кун тартибининг ажралмас қисмига айланади.

• Рамазон ойи билан боғлиқ шаръий илмларни ўрганайлик ёки бир такрорлаб олайлик. Чунки Рамазон ойи кириб келгач, рўза ибодатимиз бекаму кўст, тўлик ва мукаммал бўлиши керак. Рўза борасидаги билимларимиз қанчалик кўп бўлса, Рамазонда кўпроқ ажру савобларга эришиш учун ана шу билимларни амалда қўллай оламиз.

• Рамазон учун алоҳида режа тузайлик. Рамазон ойида қилишни ният қилиб юрган ишларингиз бордир? Аввалги Рамазонларда баъзи биродарларимизнинг гўзал амалларини кўриб ёки эшитиб, «Ойнинг бошидан шундай қилсам бўлар экан» деб қолгандирсиз? Ҳозир ана шу ишларнинг режасини тузиб олишнинг айни фурсати. Масалан, Қуръонни камида бир марта хатм қилиш, ҳар кунги бомдод ва хуфтонни жамоат билан ўқиш, таровеҳда қироатини ўзингиз яхши кўрган қорининг ортида иқтидо қилиб, Қуръонга тўлиқ сомеъ бўлиш кабиларни айнан мана шу режага киритиш керак. Режа қилгандан кейин уни амалга оширишнинг масъулияти ҳам кучлироқ бўлади, имкон борича шу сўзингизнинг устидан чиқиш ҳаракатида бўласиз. Лекин бу режани орзулар қанотида эмас,  балки реал воқеликдан, турмуш тарзингиздан, ўз имкониятларингиздан келиб чиқиб тузиш керак. Ана шунда бу амалларни Рамазондан кейин ҳам одат қилиб, вирд қилиб олиб, давом эттиришингиз мумкин бўлади, иншааллоҳ. Қолаверса, режаларни ёзиб қўйсангиз, бу ишлар доим эсингизда туради, оила аъзоларингиз ҳам эслатиб туришади. Бу эса ўша амалларга диққатни жамлашингизга ёрдам беради. Умуман олганда, нафақат Рамазонга, балки бошқа муддатлар учун ҳам режа тузишга одатланиш керак. Беш-ўн йиллик, бир йиллик, ярим йиллик, ойлик режалар тузиб, уларни бажаришга, уларга риоя қилишга ҳаракат қилинг. Ҳар куни кечқурун уйқуга кетишдан олдин эртанги кунингизни ҳам режалаштиришга одатланинг.

• Рамазон ойи келмасидан туриб, Рамазонда бамайлихотир ибодат қилишга халал бериши мумкин бўлган, бизни бу буюк ибодатдан чалғитиши мумкин бўлган ишларнинг ҳам рўйхатини тузиб, уларни шу ой ичида бажариб қўяйлик (Рамазон ҳайити совғалари ҳам шулар жумласидан. Уларнинг ҳаракатини олдиндан қилиб қўйсангиз, Рамазоннинг охирги ўн кунлигида, ибодатнинг энг қаймоғига киришган пайтингизда, тугаб бораётган Рамазоннинг сўнгги кунларини дўконма-дўкон юриб, совға излаш билан ўтказиб юбормайсиз).

• Қалбни ҳозирлайлик. Барчамизга маълумки, Рамазон ойи – рўза тутиш, Қуръон ўқиш ва хайр-садақа қилиш ойидир. Бу амалларни бажаришни ҳам Рамазон келишидан олдин бошланг. Рамазоннинг биринчи кунида бошлайман деб, кейинга сурманг. Нафл ибодатлар, Қуръон тиловати ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларига эргашиб, шаъбон ойининг рўзасини тутишни бошланг. Шаъбоннинг иккинчи ярмида нафл рўза тутиш макруҳлигини унутманг.

• Ўй-хаёлларни тартибга келтирайлик. Рўза тутиш фақат оч қолишдангина иборат эмаслигини биламиз. Қолаверса, «Банда ёлғон гапиришини қўймаса, Аллоҳ унинг емай-ичмай қўйишига муҳтож эмас» деган ҳадиси шарифни ҳам биламиз. Шундай экан, фақат жисмонан эмас, руҳан ҳам рўзадор бўлишга тайёрланиб, сабрли бўлиш учун ҳаракат қилайлик, ҳозирданоқ гап-сўзларимизга эътиборли бўлайлик: оғзимиздан беҳуда, озорли гаплар, туҳмат ёки ғийбат гаплар чиқаётгани йўқми?

• Ёмон одатлардан халос бўлайлик. Ислоҳ қилиниши керак бўлган қандай одатларингиз бор? Уларни Рамазон келишидан олдин муолажа қилишга ҳаракат қилинг. Одатда кеч ухлайдиган бўлсангиз, эртароқ ухлашга ҳаракат қилинг. Ижтимоий тармоқда вақтни исроф қилиш, ҳадеб қаҳва ичиш ва шу каби ишларни аста-секин камайтиришни бошланг. Бундай ишларни қилмасликка ўзингизга ваъда бериб, кейин астойдил дуода бўлинг. Иншааллоҳ, бу одатлардан кутганингиздан кўра осонроқ қутулишингиз мумкин.

• Ҳаётимизни ибодатлар асосида режалаштирайлик. «Аввалгилар намознинг орасида ишларини қилиб олишар эди, биз эса ишнинг орасида намоз ўқиб оляпмиз», деган аччиқ ҳақиқатни эслайлик. Муҳим ишларни биринчи навбатда адо қилишга одатланайлик. Намоз ўқийдиган хонангизга телефонингизни олиб кирманг, намоз вақтида, Аллоҳнинг ҳузурида турганингизда дунё ишларини унутишга ҳаракат қилинг. Интернетга кириш учун маълум бир муддат белгилаб олиб, шунга қатъий риоя қилинг. Янги хабар келгани ҳақидаги сигналларни ўчириб қўйинг, ибодат пайтида сизни чалғитмасин. Намозларни вақти кирган заҳоти ўқишга одатлансангиз, бошқалар бу пайтда сизга бир-икки марта қўнғироқ қилганида «Намозда эдим», десангиз, аста-секин атрофингиздагилар ҳам бу пайтда намоз ўқишга одатланади. Шахсий намунанинг таъсири ана шундай кучли бўлади.

Аллоҳ таоло бу Рамазон ойини тинчлик-омонликда, офиятда, ибодатда ўтказишни, бу ойда ваъда қилинган улуғ ажру савобларга сазовор бўлишни ва ундан кейин ҳам бу ойдаги руҳий-маънавий ҳолатни сақлаб қолишни барчамизга насиб қилсин!

productivemuslim.com сайтидан 

Адиба тайёрлади

Мавзуга оид мақолалар
Асмаъий айтади Хунфусо жуда хуник эди. Бир куни у кўчадан келиб онасига дедиndash Онажон Нега инсонлар мени давоми...

22:33 / 21.09.2020 5247
Muslimaat.uz сайтида эълон қилинган йиллик танловдан Бизни хафа қилган ёки бизга жабр кўрсатган кишини давоми...

08:00 / 06.02.2020 3781
ЖОЙНАМОЗИМ УСТИДАКафтим очиқ қолади,Дуоларим остида.Роббимга юзланаман,Жойнамозим устида. Кўзларимда ёш давоми...

06:00 / 03.02.2020 3483
Шукр қилиш ҳар бир динда бор, масалан, христианларнинг quotШукроналик куниquot деган махсус кунлари бор ва улар давоми...

06:01 / 27.11.2023 11932