БАРОАТ КЕЧАСИ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

БАРОАТ КЕЧАСИ

Шарафли шаъбон ойида фазилати улуғ ва муборак бир кеча бор. Бу ҳақда ҳадиси шарифларда тўлиқ маълумотлар келган. Уларни ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ этиш биз мусулмонларнинг вазифамиздир. Унда бизлар учун икки дунё саодати бор. Келинг, ушбу фазилатли кечада юз берадиган ҳолатларни ҳадиси шарифлар орқали ўрганиб чиқиб, ҳаётимизга татбиқ этишга ҳаракат қилайлик.

عَن عَطاء بن يَسار قَالَ: ما مِن لَيلَةٍ بَعدَ لَيلَةِ القَدرِ أَفضَلُ مِن لَيلَةِ النِّصفِ مِن شَعبانَ يَنزِلُ الله تَبارَكَ وَ تَعَالَى إِلى السَّماءِ الدُّنيا فّيغفِرُ لِعِبادِهِ كُلِّهِم إِلا لِمُشرِكٍ أَو مُشاحِنٍ أو قَاطِعِ رَحمٍ فِيا مَن أُعتِقَ فِيها مِن النَّارِ هَنيئاً لَكَ المِنحَةُ الجَسِيمَةُ وَ يا أَيُّها المَردُودُ فِيها جَبَّرَ الله مُصِيبَتَكَ هَذِه فَإنَّها مُصِيبَةٌ عَظِيمَةٌ.

«Ато ибн Ясор раҳматуллоҳи алайҳ:

«Қадр кечасидан кейин бирор кеча шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидан афзал эмас. Аллоҳ таоло дунё осмонига тушиб, барча бандаларини мағфират қилади. Мушрик ёки хусуматчи, ёки силаи раҳмни узувчи бундан мустаснодир. Унда (бу кечада) ким дўзахдан озод бўлса, улуғ ҳадя муборак бўлсин. Эй (бу кечада ноумид) қайтарилган! Аллоҳ таоло бу мусибатингни тузатсин. Чунки у улкан мусибатдир», дедилар».[1] 

 

Аллоҳ таолонинг дунё осмонига тушишининг кайфиятини англашга инсон ақли ожизлик қилади. Шу боис бу тушишни дунёвий ўлчовлар, мезонлар билан идрок этишга уриниш нотўғри иш бўлади.

Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бир неча номлар билан аталади:

1. Лайлатул муборока – баракали кеча;

2. Лайлатур роҳма – Аллоҳ таолонинг хос раҳмати ёғиладиган кеча;

3. Лайлатус сок – гувоҳ бўлувчи кеча;

4. Лайлатул бароъа – дўзахдан қутуладиган, озод бўлинадиган кеча.

Урфда бу кеча бароат кечаси деб аталади. «Бароъат» сўзи араб тилида «озод бўлиш», «нажот топиш» деган маъноларни англатади. Бу кечанинг бароат, яъни нажот топиш, озод бўлиш кечаси дея номланишига сабаб, унда Аллоҳ таолонинг раҳмати сабабли беҳисоб инсонлар дўзахдан нажот топадилар. У шаъбон ойининг ўн бешинчи кечасига тўғри келади. Ҳадиси шарифларда у кечанинг улкан фазилати ва хусусиятлари зикр қилинган.

وَعَن عَائِشَةَ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: « هَل تَدرِينَ مَا فِي هذِه اللَّيلة؟ « يَعنِي لَيلَةَ النِّصفِ مِن شَعبَانَ قَالَت : مَا فِيهَا يَا رَسُولَ اللهِ فَقَالَ : «فِيهَا أَن يُكتَبَ كُلُّ مَولُودِ بَنِي آدَمَ فِي هذِهِ السَّنَةِ وَفِيهَا أَن يُكتَبَ كُلُّ هَالِكٍ مِن بَنِي آدَمَ فِي هذِهِ السَّنَةِ وَفِيهَا تُرفَعُ أَعمَالُهُم وَفِيهَا تُنزَلُ أَرزَاقُهُم».

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бу кечада (яъни шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида) нималар бўлишини биласизми?» дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо:

«Эй Аллоҳнинг Расули, бу кечада нималар бўлади?» дедилар.

У зот:

 

«У кечада Одам болаларининг бу йилда туғиладиганлари ва бу йилда вафот этадиганлари ёзилади ва у кечада уларнинг амаллари кўтарилиб, ризқлари нозил бўлади», дедилар».[2]

 

«Бу ишларнинг барчаси Лавҳул маҳфузда ёзилган бўлса, кейин бароат кечасида яна у ишларнинг ёзилишида нима маъно бор?» деган шубҳа пайдо бўлиши мумкин. Ушбу шубҳага: «У кечада мазкур ишларнинг фиҳристи (мундарижаси) Лавҳул маҳфуздан алоҳида қилиниб, ишларга масъул қилинган фаришталарга топширилади», деб жавоб берилади.

وَقَالَ عَطاءُ بنُ يَسارٍ: إذَا كَانَ لَيلَةُ النِّصفِ مِن شَعبَانَ دُفِعَ إِلَى مَلَكِ الموتِ صَحِيفَةٌ، فَيُقَالُ: إِقبِض مَن فِي هذِهِ الصَّحِيفَةِ، فَإِن العَبدَ لَيَغرِسُ الغَرَاسَ، وَيَنكِحُ الأَزوَاجَ، وَيَبنِي البُنيَانَ، وَأَنَّ إسمَهُ قَد نُسِخَ فِي الموتَى مَا يَنتَظِرُ بِهِ مَلَكُ الموتِ إِلَّا أَن يُؤمَرَ بِهِ، فَيَقبِضُهُ.

Ато ибн Ясор раҳматуллоҳи алайҳ:

«Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида ўлим фариштасига бир саҳифа берилиб:

 

«Бу саҳифадаги кишиларнинг жонларини олгин!» дейилади. Чунки банда дарахт экади, уйланади, бино қуради, ваҳоланки, унинг исми ўликлар рўйхатига киритиб қўйилган бўлади. Ўлим фариштаси буйруқ берилган нарсага қарайди ва уни қабз қилади», дедилар».[3] 

  

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ  صلى الله عليه وسلم قَالَ: يَطَّلِعُ اللهُ ، عَزَّ وَجَلَّ ، إِلَى خَلْقِهِ لَيْلَةَ النِّصْفِ مِنْ شَعْبَانَ ، فَيَغْفِرُ لِعِبَادِهِ ، إِلاَّ لاِثْنَيْنِ : مُشَاحِنٍ ، وَقَاتِلِ نَفْسٍ.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 

«Аллоҳ азза ва жалла Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида махлуқотларига қараб, бандаларини мағфират қилади. Фақат икки (тоифа) кишилар бундан мустаснодирлар. (Улар) хусуматчи ва (ноҳақ) одам ўлдирувчи», дедилар».[4]

 

 

عَنْ عَوْفٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم : يَطَّلِعُ اللَّهُ تَبَارَكَ وَتَعَالَى عَلَى خَلْقِهِ لَيْلَةَ النِّصْفِ مِنْ شَعْبَانَ ، فَيَغْفِرُ لَهُمْ كُلِّهِمْ إِلاَّ لِمُشْرِكٍ أَوْ مُشَاحِنٍ.

Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси Аллоҳ таоло Ўз махлуқотларига раҳмат назари билан қараб, мушрик ва қалбида гинаси бор кишидан бошқаларнинг барчасини мағфират қилади», дедилар».

 

عَنْ عُثْمَانَ بْنِ أَبِي الْعَاصِ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: « إِذَا كَانَ لَيْلَةُ النِّصْفِ مِنْ شَعْبَانَ نَادَى مُنَادٍ: هَلْ مِنْ مُسْتَغْفِرٍ فَأَغْفِرَ لَهُ، هَلْ مِنْ سَائِلٍ فَأُعْطِيَهُ فَلَا يَسْأَلُ أَحَدٌ شَيْئًا إِلَّا أُعْطِيَ إِلَّا زَانِيَةٌ بِفَرْجِهَا أَوْ مُشْرِكٌ «

Усмон ибн Абул Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 

«Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси (Аллоҳ таоло томонидан бир) нидо қилувчи: «Мағфират сўровчи борми, уни мағфират қилсам! Сўровчи борми, унга берсам!» деб нидо қилади. Фаржи билан зино қилувчи аёл ёки мушрикдан ташқари ким нимани сўраса, (сўраган нарсаси) унга берилади», дедилар».[5]

 

أتاني جبريل عليه السلام فقال: (هذه الليلة ليلة النصف من شعبان و الله فيها عتقاء من النار بعدد شعور غنم كلب لا ينظر الله فيها إلي مشرك و لا مشاحن و لا إلي قاطع رحم و لا إلي مسبل و لا إلي عاق لوالديه و لا إلي مدمن خمر. (شعب الإيمان للبيهقي)

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

«Жаброил алайҳиссалом менинг олдимга келиб, айтдилар:

«Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ таоло бу кечада кўп одамларни дўзахдан озод қилади. Уларнинг адади Калб қабиласи қўйларининг жунларидан ҳам зиёда бўлади. Фақат бу кечада Аллоҳ таолога ширк келтирган, гиначи ва қариндошлик алоқаларини узувчи, изорини тўпиғидан пастга тушиириб юрувчи, ота-онасига оқ бўлувчи ва хамр ичувчи кишиларга раҳмат назари билан қарамайди».

Юқоридаги ҳадиси шарифлардан келиб чиқиб, Бароат кечасида Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум бўладиган шахсларни санаб ўтамиз:

1. Хусуматчи – мусулмонларга нисбатан гина сақловчи;

2. Мушрик – ширк келтирувчи;

3Ноҳақ одам ўлдирувчи;

4Зино қилувчи;

5Силаи раҳмни узувчи;

6. Ота онасига оқ бўлувчи

7. Доимий ҳамр ичувчи.

6Изорини тўпиғидан пастга тушириб, судраб юрувчи;

Муборак Рамазон ойи келишидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кутиб олиш учун ибодатга белларини маҳкам боғлар эдилар. У зот одатдаги ибодатларига қўшимча яна ибодат қилар эдилар. Нафақат ўзлари, балки бунга умматларини ҳам жалб қилар эдилар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак Рамазон ойига тайёргарлик кўриш учун шаъбон ойининг ўн бешинчи кечасида ибодат қилишга ва унинг кундузида рўза тутишга тарғиб қилар эдилар. Бу борада фақат тил ила тарғиб қилиш билан кифояланмас эдилар, балки у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам амалий тарзда ўзлари ҳаммадан олдин бу майдонда намоён бўлар эдилар. Чунончи,  бу ой келиши билан у зотнинг ибодатларида одатдан ташқари ўзгариш кўзга ташланар эди. Буни Оиша онамизнинг ривоятларидан билиб олсак ҳам бўлади:

ما رايته فى شهراكثر صياما منه فى شعبان

 У зот айтдилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа ойларда шаъбон ойидаги каби кўп рўза тутганларини кўрмадим» («Саҳиҳи Муслим»).

Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаъбон ойида кўп рўза тутганларини далил қилиб, аллома имом Нававий бу ойда рўза тутишни суннат деб айтганлар:

ومن المسنون صوم شعبان

«Шаъбон ойида рўза тутиш суннатдандир» («Ал Мажмуъ шарҳул Муҳаззаб»).

Юқорида зикр қилинган Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳадислари ва бошқа кўпгина ҳадислардан шу маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаъбоннинг ўн бешинчи куни рўза тутишга барча умматларини тарғиб қилганлари Рамазон ойига тайёргарлик кўриш учун экан.

Тўлиқ бир кун рўза тутган кишига Рамазоннинг рўзаси ҳам шундай бўлиши маълум бўлади. Ўн бешинчи кечада бедор бўлиб ибодат қилиш эса таровеҳга намунадир. Яъни таровеҳда қандай қилиб ибодат қиламиз экан, деган одам шу кечада туриб, ибодат қилса, таровеҳнинг қандай экани маълум бўлади. «Бугун туни билан бедор бўлдик, таровеҳда бир-икки соат туриш нима бўлибди», деган фикр пайдо бўлади. Бу кечада қилинган ибодат мислга-мисл билан ёрдам қилишдир.

     Ўтган ва ҳозирги замонларда маълум бўлмоқдаки, бароат кечаси борасида баъзи одамлар ҳаддан ошсалар, баъзилар ибодатга бепарво бўлмоқдалар. Шунинг учун қуйида бу кечада кишилар орасида тарқалган бидъатларга назар соламиз. Бу кеча ҳақида шариатда қандай кўрсатмалар борлигини яхшилаб билиб олишга ҳаракат қиламиз.

Бу кечада ҳаддан зиёд ибодат қилиш, масжидларда тўпланиб, кечаси бедор бўлиш, нафллар ўқиш каби амалларнинг шариатда бирорта асли йўқ. Нафллар, тасбеҳу таровеҳни жамоатда ўқиш, овоз кучайтиргич орқали байтлар айтиш, бозорларда айланиш, ҳолва пиширишни зарур деб тушуниш, хусусан, бу кечада савоб етказишни зарур деб тушуниш, қабристонда чироқ ёқиш, бу кечада уйларга руҳлар келишига эътиқод қилиш, ўлган шахсннинг руҳи келади, деб тушуниш, маълум адад намоз ўқишни (мисол учун, саволда айтилганидек, юз ракъат) вожиб деб билиш – буларнинг барчаси шариатга хилоф ишлардир.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан буларнинг ҳеч бири бизга етиб келмаган. Шунинг учун бу бидъат ва расм-русумларни тарк қилиш, жамоат ичидан бу бидъатларни йўқотиш ҳар бир мусулмонга тоқати етганича  фарздир.

Энди эса ушбу муборак кечада нима ишлар қилинса, кўпроқ савобга эга бўлиш мумкинлиги ҳақида маълумотлар бериб ўтамиз, токи ифрот ва тафритдан сақланиб, бу кечанинг фазилатларидан баҳраманд  бўлайлик.

1. Хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан адо этишга эътибор қилиш;

2. Бу кечада ибодат қила олмаса ҳам, гуноҳлардан сақланишга қаттиқ эътибор қаратиш. Хусусан, бу кечанинг фазилатларидан маҳрум қиладиган гуноҳлардан сақланиш лозим;

3. Бу кечада тавба ва истиғфор айтишга эътибор қилиб, ҳар ҳил бидъатлардан сақланиш;

4. Ўзи ва барча уммат учун хайрли дуолар қилиш;

5. Тоқат етганича зикрлар, нафллар, тиловати Қуръонлар қилиш;

6. Имкон топган киши шаъбоннинг ўн бешинчи куни рўза тутиши.

Шайх Муҳаммад Тақий Усмонийнинг маърузаларидан

 
 
 

[1] Ибн Ражаб Ҳанбалий раҳматуллоҳи алайҳ. «Латоифул маъориф». – Б. 145.

 

  

[2] Табризий. «Мишкотул масобиҳ». – Б. 115.

 

  

[3] «Латоифул маъориф». – Б. 148, «Ма сабата бис сунна». – Б. 353, «Мусаннафу Абдурраззоқ». Ж. IV. – Б. 317.

 

  

[4] Ҳайсамий: «Ҳадис санадида келган Луҳайъа юмшоқроқ. Лекин қолган кишилари ишончли», деган («Мажмауз завоид». Ж. VII. – Б. 65), Имом Аҳмад. «Муснад». Ж. II. – Б. 176, Мунзирий. «Тарғийб». Ж. III. – Б. 240.

 

  

[5] Байҳақий. «Фазоилул авқот». – Б. 125, Байҳақий. «Шаъбул иймон». Ж. III. – Б. 383.

 

 

 

Мавзуга оид мақолалар
Бир киши Каъбани тавоф қилиб юриб шундай дуо қиларди .Роббим, Сен мендан розимисан..,. Шу пайт Имом Шофеъий давоми...

04:36 / 29.11.2020 4096
Йогага гимнастик ва физикавий машқ сифатида қараб, унга фалсафий кўриниш бермай ва мана шу ишни тўппатўғри давоми...

09:17 / 17.02.2019 6734
Шодлик, севинч ҳам ҳар хил бўлади. Хурсандликнинг бир тури бу бизга бахт ҳиссини бағишловчи рўшнолик бўлса, давоми...

21:22 / 19.05.2019 4559