Муваффақиятли муслималар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Muslimaat.uz йиллик танловидан

 

Муваффақиятли муслималар

Тарих ва замонамиздан мисоллар

Негадир ғарб дунёсида Ислом бу – эркаклар дини деб ҳисобланади. Гўёки инсониятнинг кучли ярми устунликка эга ва шунинг учун аёлларнинг ўрни кам ёхуд умуман ўрни йўқ. Афсуски, баъзи мусулмон эркаклар шу фикрни қўллаб-қувватлаган ҳолда заковатли, илмли, иқтидорли муслима аёлларни уларнинг оталари, ўғиллари, ака-укалари соясида қолдиришади. Бу билан улар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидан ҳозирги кунга қадар  юзлаб муслималар исми машҳур бўлганини унутишади. Тарихда ёрқин из қолдирган муслималар ҳақиқатда ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Улар орасида диний, ижтимоий, маданий, ҳаттоки сиёсий арбоблар ҳам маълумдир. Ислом дини тарқалиши даврида муслималар кўпгина муваффақиятларга эришишди, айримлари тарихни ўзгартиришга ҳам муваффақ бўлишди. Шунинг учун ҳам уларнинг исмини билиш ва ибрат олиш ўринлидир.

Ислом келгунига қадар аёллар ҳеч қандай ҳуқуқларга, имтиёзларга эга бўлишмаган. Уларнинг иши насл қолдириш, болаларга қараш ва уй-рўзғор ишлари бўлган холос. Аёлларга сайлов ҳуқуқи ҳам берилмаган, улар ҳатто меросга ҳам эга бўлмаган. Фақатгина Ислом келиши билан нозик ҳилқат вакилалари ўз қобилиятларини намоён эта олиш имконига эга бўлишди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам биринчи муслималар биз учун ибрат мактаби бўла олишгандир.

Масалан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи  васалламнинг завжалари Хадича бинт Хувайлид розияллоҳу анҳо ақлли, заковатли, тадбиркор аёл бўлган. Хадича онамиз Муҳаммад алайҳиссаломни пайғамбарликнинг илк йилларида қўллаб-қувватлаб, Исломни  қабул қилган закий аёллардан  бўлган.

Шунингдек,  Оиша бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳони ҳам эслаш муҳим. Ул муҳтарама ўзининг ёшлигига қарамай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари орасида ҳурматга эга бўлган. У саҳиҳ ҳадисларнинг энг асосий ровийларидан бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин ҳам сиёсий ва ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда фаол иштирок этиб, муҳим қарор қабул қилишда қатнашар эди.

Ҳинд бинт Утба – қурайш етакчиси Абу Суфённинг турмуш ўртоғи, Муҳаммад алайҳиссаломга қайнона (қизлари Ҳабибага уйланган эдилар), шунингдек, уммавийларнинг биринчи халифаси Муовия ибн Абу Суфённинг онаси эди. Ўша даврда ундан-да қатъиятли ва мақсадли аёлни топиш мушкул эди. У хазинадан пул олиб, камбағал мусулмонлар иш топиши учун турли ёрдамлар ташкил қиларди. Бундан ташқари у ғазотларда ҳам қатнашар, урушдан сўнг яраланганларга ёрдам кўрсатиб, уларнинг руҳини кўтарар эди.

Ислом илк тарқала бошлаган ва ундан кейинги даврда кўзга кўринган муслималар ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Уларнинг ҳар бири биз учун нафақат диний ва бошқа соҳалардаги шахсий фаоллиги билан бизга ибрат, балки аёл киши оиладаги ва жамиятдаги вазифаларини уйғун тарзда бажара олишининг ҳам исботидир.

Тарихда ўтган муваффақиятли аёллардан ўрнак олган ҳолда замонамиз муслималари ҳам худди шундай фаоллик кўрсатиб, ўз қобилиятларини намойиш этмоқдалар. Бугун муслималар нафақат фаол тадбиркор, сиёсий арбоблар, балки давлат бошқарувида ҳам юқори лавозимларни эгаллаб, қарор қабул қилишда иштирок этишмоқда. Ҳаттоки мусулмон бўлмаган давлатларда уларнинг фикрини тинглашади ва юксак эҳтиром кўрсатишади.

Улардан энг аввал эслатмоқчи бўлганимиз Фавзия Юсуф Хаджи Адан – Сомалининг биринчи вазир ўринбосари. Шунингдек, у ички ишлар вазири ҳамдир. Буюк Британиядаги Джон Хопкинс университети ва Париждаги Америка университети битирувчиси Фавзия ўз юртига қайтгач, ўз фаолиятини дипломат сифатида бошлади. 2011 йилда у “Тинчлик, демократия ва гуллаб-яшнаш” деган партияга асос солди ва ўз ҳаётидаги илк парламент сайловларида қатнашди. Афсуски партия асосчисининг аёллиги сабаб бу партия номзодликка қабул қилинмади. Бунга жавобан Адан Харгейсда тинчлик асосида протест акциясини ўтказди, аммо у қамоққа олиниб, унинг партияси қайта ислоҳ қилинмагунча қамоқда ушлаб турилди. Шунча қаршиликларга қарамасдан Фавзия мамлакатдаги илк сиёсий арбоб аёл бўлди. У аёл ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлиб, ёш сиёсатчиларга ва жамоат арбобларига ёрдам бериб, қизларнинг мактабга қайтиш сиёсатини олиб боради.

Фавзия Юсуф Хаджи Адан

Яманлик Таваккул Карман журналистикани ўз касби деб танлаган муслима аёллар ҳимояси билан шуғулланувчи “Аёллар – занжирсиз журналистлар” бирлашмасининг асосчиси ва раҳбаридир. Бу самимий ва фаол муслима ўз ҳаётини мамлакатда сўз эркинлигини ривожлантиришга бағишлади. У ва оиласига нисбатан турли тазйиқлар бўлишига қарамасдан Таваккул ўз ишини ташламади. У ҳар йили Яманда журналистлар ҳуқуқларининг бузилиши ҳақида материаллар тайёрлайди. Унинг ўзи бу орқали Яман ҳукуматига қарши чиқмаётганлигини, унинг мақсади адолат ва очиқлик экани, шунингдек, жинсидан қатъи назар, барча ижтимоий гуруҳлар ҳуқуқлари таъминланиши керак деб таъкидлаб келади.

Таваккул Карман

Шоҳида Фотима Европадаги машҳур муслима аёллардан бири бўлди. У нафақат Буюк Британиядаги энг машҳур адвокат, балки Бирлашган Қиролликда биринчи муслима судья бўлишга ҳам тайёрланяпти. Шоҳиданинг сўзларига кўра унинг ҳуқуқий маълумот олиш истаги муслималарга нисбатан адолатсиз муносабатларни кўриб эшитгач, пайдо бўлган. У судда оила, уй-жой ва фуқаролик ишлари бўйича ўз ҳимоясидагиларни ҳимоя қилади. Британия адвокатлар ҳайъати аъзоси сифатида Шоҳида Фотима Буюк Британияда оила масалалари бўйича шариат суди ташкил этишида жонбозлик кўрсатди.

Шоҳида Фотима

Лилия Муҳаммадёрова – Москвалик қозон-татар миллат вакиласи, бугунги кунда Россиядаги энг кўзга кўринган муслималардан бири. Оренбург давлат университетининг журналистика факультети битирувчиси мусулмон ва мусулмон бўлмаганлар учун фаол информацион ишни амалга оширди. Унинг лойиҳалари medina-center.ru ва wordyou.ru сайтлари рус тилида сўзлашувчилар орасида машҳур ахборот манбаларидан бўлди. Бундан ташқари Лилия Россия ва ундан ташқаридаги давлатларда кам таъминланган ва етимларга ёрдам кўрсатадиган “Солидарность” хайрия фонди асосчиси ва етакчиси бўлиб ҳисобланади. Айнан “Солидарность” 2014 йил Ғазо секторида исроил армиясидан зиён кўрганлар учун хайрияда фаоллик кўрсатди. Фонд бугунги кунга қадар олти мингдан кўпроқ муҳтожларга ёрдам кўрсатди.

Лилия Муҳаммадёрова

Малайзиялик Фузья Саллоҳ – мамлакат Парламентининг аъзоси. Саллоҳ хоним номзодлиги Халқ Адолат Партияси томонидан кўрсатилиб, 2008 йил март сайловларида сайланган. Бугунги кунга келиб (2015) у Халқ Адолати Партияси ҳузуридаги брода тренинг ўтказиш раҳбари, партиянинг Юқори Кенгаши аъзоси, Куантанедаги KeADILan бўлими раҳбаридир. 2007 йил май ойигача икки муддат у  KeADILan хотин-қизлар қўмитасининг раҳбари бўлиб ишлаган. Фузья Саллоҳ инсон ресурслари ривожи ва аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш соҳасидаги трансмиллий корпорация, корпоратив институтлар ва нодавлат ташкилотлар ходимлари консультанти ва корпоратив тренери бўлиб ишлайди. У Буюк Британия ва Малайзиядаги оиласида тазйиққа учраган ёшлардан бошлаб талабалар, оилавий жуфтлар, аёллардан иборат турли гуруҳларга маслаҳат ва тавсиялар беришда катта тажрибага эга. 90-йиллар ўрталарида у давлат бошқарув қўмитасида маслаҳатчи, шунингдек, кўнгиллилар бўлими ташкилотида ҳам масъул эди.  Унинг энг катта ютуғи ‒ ёш қизлар учун очилган  меҳрибонлик уйи “Raudhatus Sakinah” бўлиб, мана бир неча ўн йилдирки фаолият юритяпти. Эътироф этиш лозимки, Саллоҳ хоним буларнинг барчасига ўзи эришган. Бўлажак сиёсатчи Жохор штатида туғилиб, бошланғич ва ўрта маълумотни Куантан шаҳридаги Паханг ҳудудида олган. Сўнгра у Бирлашган Қироллик стипендиясини олиб, Рединг университетида консультатив психология факультетини тугатди. Бундан сўнг Уэльс университетида “Бизнес бошқаруви” (МВА) мутахассислиги бўйича магистрлик унвонини олди. Буюк Британияда ўқиш давомида Фузья Саллоҳ турли миллатлардан ташкил топган Исломга эътиқод қилувчи Ёш Мусулмонлар Жамиятини бошқарди. Ўқишни тугатгандан сўнг у Малайзияга қайтиб, нодавлат ташкилотда хотин-қизлар бўлими раҳбари сифатида иш бошлади. Саллоҳ хоним оилали ва олти нафар фарзандни тарбиялаяпти.

Б

Фузья Саллоҳ

Доктор Абир ал-Наманкани нафақат ажойиб дантист, гипнотерапевт ва дантофобияни даволаш бўйича мутахассис, балки у ёзувчи ва жамоат арбоби ҳамдир. Ал-Наманкани ҳали ўқиш давридаёқ дипломли ўқитувчи сертификатига лойиқ топилиб, бу унга Лондонда Истман стоматология институти аспирантларига таълим бериш ҳуқуқини берди. Бундан ташқари ал-Наманкани мета-анализ халқаро журнали нашриёт ҳайъатининг аъзоси ва Европа Педиатрия Академияси шарҳловчиси, Халқаро стоматология журнали ва Европа ортодонтия журналининг муаллифларидан бири бўлиб ҳисобланади. У дантофобиянинг уникал шкаласи (ACDAS) асосчиси бўлиб ҳисобланади. Кейинчалик у стоматологияда энг ёш беморлардаги қўрқув, ваҳима, фобия ва бошқа ҳолат муаммоларини ўрганиш соҳасининг махсус илмий ходими унвонини олди. Шунингдек, ал-Наманкани кўпгина конференцияларда халқаро маърузачи сифатида қатнашади. У олтита нуфузли ва илмий мукофотларга номзод деб топилган. Жумладан, Глазно врачлари ва хирургларининг Қироллик коллежи мукофоти, Британия болалар стоматологияси бирлашмаси премияси, БАА Тиббиёт ассоциациясининг энг ёш тадқиқотчиси мукофоти, Ковентридаги Уори Университети клиник тадқиқотлари учун мукофоти кабиларни айтиб ўтиш лозим. Булардан ташқари, Абир болалар ҳамда аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш соҳасида фаол жамоат арбобларидан ҳисобланади.

Доктор Абир ал-Наманкани

 

Асли тунислик Франция фуқароси Мерхезия Лобиди-Моиза Мусулмон олимлар Халқаро бирлашмасида расмий таржимон бўлиб фаолият юритади. Шунингдек, у Европа Диний Лидерлар Кенгашининг аъзоси. 1986 йили Тунис олий педагогика коллежининг “Инглиз тили ва адабиёти” йўналишини тугатиб, 1991 йилдаёқ Парижда Янги Сорбонна университетида инглиз тили ва адабиёти мутахассислиги бўйича аспирант дипломини олди. Шундан сўнг у Францияда илк халқаро конфессиал гуруҳини ташкилотчиларидан бўлди. 1996 йилда Лобиди-Моиза Сорбоннада ихтисослашган тадқиқотлар таржимаси аспиранти дипломини олди. Ҳозирги кунда Мерхезия Лобиди-Моиза Мусулмон олимлар Халқаро бирлашмасида расмий таржимон  бўлиб фаолият юритмоқда. У оилали ва уч фарзанди бор.

Мерхезия Лобиди – Моиза

 

Нигериялик давлат ходимаси Алҳажа Окунну мамлакатдаги илк вице-губернатор ҳисобланади. Бундан ташқари у ўқитувчи бўлиб ишлайди ва Нигериядаги йирик аёллар ташкилотларидан бири – Мусулмон аёллар бирлашмалари Федерациясининг (FOMWAN) асосчиларидан биридир.  Окунну хоним 1939 йил Лагосда туғилган. У шу ерда Лондон университетининг филиали бўлган коллежда география соҳасида бакалавр даражасини олди. Кейинчалик у Калифорния университети ва Лондондаги давлат бошқаруви Қироллик институтида маъмурий бошқарув йўналишида дипломни қўлга киритди. Ватанга қайтгач, Алҳажа Окунну кўпгина институтларда педагог ва давлат ишчиси сифатида фаолият юритди. 1990 йилда у Лагос штати ҳокими ўринбосари этиб тайинланди ва Нигерияни қайта қуриш даврида ўзини ўша пайтда Нигерия демократик ҳаётида катта роль ўйнаган Республика Миллий Конвенцияси Муваққат қўмитасининг раҳбари сифатида таништирди. Таълим ва давлат бошқаруви соҳаларидаги ишлари билан бир қаторда Окунну хоним мусулмонлар ва Исломга тааллуқли бир қанча ташкилот ва бирлашмалар аъзоси ҳисобланади. У Ҳаж бўйича саволлар Миллий комиссияси, Нигерия динлараро кенгаши ва Ислом бўйича Нигерия Юқори Кенгашининг аъзоси. 

Алҳажа Окунну

Татар аёли Фанзия Карманова асли Бошқирдистондан. Турмушга чиққандан сўнг эрини хизмат юзасидан Ханты-Мансийск автоном округига юборишгани сабабли шу ерга кўчиб ўтишди. Фанзия доим фаоллиги, ўзига ишончи ва олдига қўйган мақсади сари дадил қадам ташлаши билан ажралиб турган. Айнан шунинг учун шаҳарчанинг ёши улуғлари унга энг муҳим ва масъулиятли вазифалардан бири – масжидлар қурилишига бош бўлиш вазифасини топширишди. Фанзия хоним бу ишга жаҳд билан киришди ва деярли қурилишда машғул бўлиб, турли ташкилотларга моддий маблағ сўраб мурожаат қилди. Ҳамма ишларига вақтида улгуриш учун у 55 ёшида машина ҳайдашни ўрганди. Унинг ҳаракатлари билан шимолий ҳудуддаги масжид жуда қисқа вақтларда қад кўтарди.

Фанзия Карманова

Амел Азуз тунислик, “Эннахда” исломий партиянинг илк аёл аъзоларидан бири бўлди. Бугунги кунда у партиянинг аёллар қанотини бошқариб, инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ҳам фаолият юритади. У Сусса гуманитар институтининг санъат йўналиши битирувчиси.

Амел Азуз

Фаластинлик Халуд ал-Фақиҳ 2009 йилда Рамаллодаги Шариат судидаги илк аёл судья сифатида машҳур бўлди. 1999 йилда Ал-Фақиҳ Қуддус университетининг юриспруденция факультетини аъло баҳоларга битириб, хусусий ҳуқуқлар бўйича магистрлик ишини ёқлади. 2001 йил ўқишни тугатгач, у адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия олди ва аёллар марказида юрист бўлиб ишлай бошлади. Айнан шу ерда у суд ишлари бўйича тажриба тўплади. 2008 йил у Рамаллода ўтган икки суд танловида қатнашиб, Ислом ҳуқуқи бўйича ўз рақибларини ортда қолдирди. Бир йилдан сўнг у Рамалло Шариат Суди судьяси этиб тайинланди. 2012 йил CEO Middle East журнали: “Судья Ал-Фақиҳн дунёдаги 100 нафар кўзга кўринган араб аёллари орасида ўнинчи ўринда туради”, дея эътироф этди.

 

Халуд ал-Фақиҳ

 

Ойшанур Билги Солак  – Туркиядаги машҳур сиёсатчи ва социологлардан бири. Унинг сиёсий фаолияти Адолат ва равнақ партияси аъзолигидан бошланди. Австриянинг Инсбрук шаҳрида ўрта маълумот олиб, Истамбулда имом-хатиб диний лицейига ўқишга кирди. Шундан сўнг у Босфор университетида социология, сиёсат ва халқаро алоқаларни ўрганди.

Ойшанур Билги Солак

 

Буюк Британия фуқароси Фаиза Ваид “Муслима Аёллар сети” (The Muslim Women’s Network)ни координатори бўлиб, “Sister 2 sister” хайрия ташкилотининг раҳбари ҳамдир. “Муслима Аёллар Сети”нинг вазифаси энг аввало миллий ва сиёсий жараёнларда қатнашиш учун қарор қабул қилишда муслима аёлларнинг иштироки ҳуқуқини таъминлашда Буюк Британия муслима аёллари ва британ ҳукумати орасида алоқа боғлашни ташкил этишдир. Аслида Жанубий Африкада туғилган Фаиза Ваид 15 йилдан буён (2015) Бирмингем шаҳрида яшаб келади. 2005 йил Лестер университетида илмий даража олгандан сўнг Кейптаун университетида диншунослик соҳасида дипломини қониқарли баҳода ҳимоя қилди. Уорик университетининг ижтимоий ҳуқуқлар йўналиши магистри.

Фаиза Ваид

 

Қрим татар миллати вакиласи Мавила Халилова Тавр миллий университетини тамомлаб, ўз иш фаолиятини ATR телеканали корреспонденти сифатида бошлади. Нашриётда ишлаш баробарида Мавила қисқа вақт ичида янгиликлар бўлимида етакчи муҳаррирга айланди, сўнг телеканалнинг ахборот директори ўринбосари бўлди. Ёш бўлишига қарамай, Мавила Халил ҳамкасблари ҳурматида.

Мавила Халилова

 

Инсон ҳуқуқлари соҳасида социолог ва фаол Фавзия Алхани 1961 йил Саудия Арабистонида туғилган. У Жиддадаги Абдулазиз университетининг социология факультети бакалаври даражасига эга. Алхани хоним инсон ҳуқуқлари бўйича қатор семинарларда, шунингдек, кўп сонли миллий ва халқаро конференцияларда қатнашган. Қувайт Университетида бўлиб ўтган аёллар тадқиқот Маркази Биринчи Форуми (2011 йил), “Яқин Шарқда аёллар ва маданият” конференцияси (Кипр, 2010) ва Араб бағрикенглиги сетининг учинчи учрашуви (Байрут, 2011) шулар жумласидандир. Фавзия Алхани аёллар ҳуқуқларини кенгайтириш, ижтимоий ривожлантиришга йўналтирилган “Грасс ал-Хайр Маркази” асосчиси ва директори ҳисобланади.

Фавзия Алхани (оқ рўмолда)

 

Юқорида тилга олинган муслималар жамиятдаги фаоллиги билан бир қаторда энг аввало ғамхўр рафиқа ва севувчи онадирлар. Уларнинг ҳар бири фаол ва самимий мусулмон авлодига янги ҳаёт бериб, уларни яхши тарбия қилмоқдалар. Уларнинг ҳар бири шариат талабларига содиқ амал қилиб келишмоқда. Бу аёллар мисоли яна бир карра муслималарнинг ақли ноқис ва қолоқ, ҳар қандай ҳуқуқлардан маҳрум этилган, фақатгина уйга боғлаб қўйилган робот эмас, балки ўз оиласи ва яқинларига ғамхўрлик қилиш билан бир қаторда жамиятда ҳам фаол аъзо сифатида фаолият олиб бора олишларининг исботидир. Айнан шунинг учун диндош муслима сингилларимиз, опаларимиз ҳақида билишимиз ва улардан ибрат олишимиз лозимдир.

Раяна Ольга Черных

Гўзал  Нажмиддинова таржимаси

 

Мавзуга оид мақолалар
embedhttpswww.youtube.comwatchvXEplHIIvZEembed

16:06 / 24.05.2017 4497
31 март куни Рисолат мусулмонлар маҳаллий диний жамиятининг Диний ҳамжиҳатлик ва халқлар дўстлиги лойиҳаси давоми...

17:12 / 02.04.2019 2960
 Австралия жанубида жойлашган Квинсленд вилоятининг «Тувумба» шаҳарчасида биринчи масжид қурилмоқда. давоми...

18:18 / 21.01.2017 2600
Кўк пиёз инсон организми учун йил давомида зарур бўлган сабзавот ҳисобланади. Айниқса, эрта баҳорда инсон давоми...

11:39 / 24.11.2016 5041