Ибратли ота-оналарнинг сифатлари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Суннати шарифда ибратли ота-оналарнинг бир нечта сифатлари таърифланган. Келинг, улардан баъзилари билан танишамиз.

Ҳалимлик ва ҳаё

Ашажж Абдул Қайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Сенда Аллоҳ азза ва жалла яхши кўрадиган икки хислат: ҳалимлик ва ҳаё бор», дедилар... ».
 Абу Довуд, Байҳақий ва Тобароний ривоят қилган.

Ушбу ҳадисда икки сифат зикр қилинган: ҳилм ва ҳаё.
Ҳалимлик Аллоҳ таолонинг исмларидан бирининг маъносидир – Ал Ҳалийм. Унинг маъноси: «ғазаби қўзийдиган ҳамда бунга асосли ҳолат бўлганда ҳам, иқоб қилишга қодир бўла туриб, ғазабланмай, иқоб қилишга шошилмайдиган Зот».

Фарзанд синовдир. Улар доимо сизнинг асабингизни қўзғатиб, ғазабингизни чиқариб туриши аниқ.

Рифқ (мулойимлик)

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ таоло мулойимдир. Ва мулойимликни яхши кўради. Ҳамда қўполлик ва бундан бошқа хислатларга бермайдиган савобни унга беради», дедилар.
 Имом Муслим ривояти.

Рифқ – ҳусни-хулқ, яъни дағалликнинг акси, мулойимликдир. Яна ўша кишидан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мулойимлик бирор нарсага аралашса, ўша нарсани зийнатлайди. Аммо уни ажратиб олинса, у айбли бўлади», дедилар. 

Раҳим

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ҳасан ибн Алини ўпдилар. У  Зотнинг ҳузурларида  Ақроъ ибн Ҳобис бор эди. Шунда Ақроъ: «Менинг ўнта фарзандим бор-у, улардан бирортасини ўпмайман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  унга қарата: «Ким раҳ м қилмаса, унга нисбатан ҳам раҳим қилинмайди», дедилар. 
Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. 
Ушбу ҳадиси шарифда раҳим қилишнинг (ва натижада ўзига ҳам раҳим қилинишига эришишнинг) жуда оддий ва осон кўриниши акс этган – фарзандни ўпиш. Фарзандингизни ўпинг, раҳим қилинг, шояд, сизга ҳам раҳим қилинса!

Осонни раво кўринг

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга  қачон икки ишнинг бирининг ихтиёри берилса, агар унда гуноҳ бўлмаса, осонини танлар эдилар. Агар гуноҳ иш бўлса, одамларнинг ундан энг узоғи бўлардилар. У Зот ўзлари учун ҳеч ҳам ўч олмасдилар. Бордию Аллоҳ муҳтарам қилган нарса беҳурмат қилинса, унда Аллоҳ учун ўч олардилар». 
Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Фарзандингизга, мадомики гуноҳ иш саналмаса, доим осон бўлган ишни раво кўринг.

Ғазаб қилманг
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга : «Эй Аллоҳнинг Расули! Менга васият қилинг», деганида, у Зот: «Ғазаб қилма», дедилар. Бу киши бир неча марта сўраганида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ғазаб қилмагин», дедилар.
Имом Бухорий ривоятлари.

Намозни қисқа қилинг

Фарзандингиз билан намоз ўқисангиз, намозни қисқа қилинг:
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Жобир розияллоҳу анҳу шундай дейди:
Муоз розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқир, сўнг келиб қавмига имом бўлар эди. Бир кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан хуфтонни ўқиди, сўнг қавмига келиб намозга ўтди ва «Бақара» сурасини бошлади. Шунда бир киши салом бериб намоздан чиқди ва ўзи ёлғиз ўқиб, чиқиб кетди. Қавм унга: «Эй фалончи, мунофиқ бўлдингми?!» деди. У: «Аллоҳга қасамки «Йўқ», мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бўлган воқеани айтиб бераман», деди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, биз деҳқонмиз, куни билан ишлаймиз. Муоз сиз билан хуфтон намозини ўқиб келди, сўнг бизга имом бўлиб «Бақара» сурасини ўқиди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муозга қараб: «Эй Муоз, сен бездирувчимисан?! «Ваш шамси ва зуҳаҳа», «Ваз-зуҳа», «Вал-лайли иза яғша» ва «Саббиҳисма роббикал аъла» сураларини ўқисанг бўлмайдими?!» дедилар.

Хулоса

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир куни амирлардан бирини ўз лавозимидан бўшатди.Нега дейилган саволга: «Мен сени лавозимингдан озод қиламан. Сен оилангга раҳим қилмайсан, қандай қилиб халойиққа раҳим қиласан?!», деган маънода жавоб берганлар.
Фарзандингизга раҳим қилинг. Улар сиздан қўрқишмасин, балки сизга мухаббат қилишсин. Уларни эркалатиб ҳам юборманг, меҳр ва қўрқув орасида ўрта йўлни ушланг.

Ilmfruits.com сайтидан Саййид таржимаси.

Мавзуга оид мақолалар
Пекинда энг катта халқаро Дасин аэропорти очилди. Сина ахборотлар порталининг хабарига кўра, у 25 сентябрь давоми...

21:00 / 26.09.2019 2618
Бугунги кунда ҳижобга қайтиш каби ажойиб бир жараён кузатилмоқда ва бунга дунёнинг олий маълумотли давоми...

15:40 / 27.11.2016 3924
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим ФАРЗАНД ТАРБИЯСИГА ДОИР ФОЙДАЛИ МАСЛАҲАТЛАР Чақалоқнинг танглайини кўтариш давоми...

18:53 / 22.11.2016 5879
Фаластинда яшовчи Иқбал Асад нуфузли Гиннеснинг рекордлар китобида, дунёдаги энг ёш врач сифатида қайд давоми...

19:52 / 09.01.2017 2742