Аллоҳнинг бандаларни имтиҳон қилиши
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ БАНДАЛАРНИ ИМТИҲОН ҚИЛИШИ

  Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг жуда кўп оятларида бани Исроилни тилга олади. Айтилишича, Аллоҳнинг Китобида бирор Пайғамбар ёки муқарраб фаришта Мусо алайҳиссалом зикр қилинганичалик кўп ёдга олинмаган. Ул Зот ҳақида Қуръони каримнинг бир юз ўттиз ўрнида сўз боради.

Шунингдек, Аллоҳ таолонинг ваҳийини тоат ёки маъсият билан қабул қилган қавмлар қаторида бани Исроил қиссаси ҳам кўп бор такрорланган.

Бундай кўп такрорлашнинг сабаби бўлиши керак. Бундай кўп мурожаатдан Аллоҳ таолонинг кўзлаган ҳикмати борлиги аниқ.

Бу сабаб, бу ҳикматни билиш мақсадида қилган саъй-ҳаракатимизнинг натижаси шу бўлдики, Қуръони Карим бани Исроил тарихининг бир неча босқичи ҳақида сўз юритган экан. Гоҳида уларни мақтов билан ёдга олган бўлса, баъзида кирдикорларини очиб, мазаммат этган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ушбу ҳадис ҳам жуда ибратлидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Бани Исроил қавмида уч одам бор эди. Уларнинг бири пес, иккинчиси кал, учинчиси эса кўр эди. Аллоҳ таоло уларни бошқаларга ибрат бўлсин учун имтиҳон қилмоқчи бўлди. Аллоҳ юборган фаришта песнинг олдига келди ва ундан: «Сен нимани яхши кўрасан?» деб сўради. Пес: «Кошкийди, баданим соғлом, рангим чиройли бўлиб қолса ва одамлар мендан нафратланмаса», деди. Фаришта унинг баданидаги касалликни кеткизди ва у гўзал инсонга айланди. «Бойликдан нима истайсан?» деб сўради. У: «Кошкийди, туям бўлса!» деди. Фаришта унга туғадиган туя ҳадя қилиб: «Аллоҳ сенга барака берсин», деб кетди.

Фаришта кейин калнинг олдига борди ва: «Нимани яхши кўрасан?» деб сўради. Кал: «Чиройли сочим бўлса ва одамлар устимдан кулмаса», деди. Фаришта силаши билан калнинг бошида чиройли соч ўсиб чиқди. Яна сўради: «Қандай бойликни яхши кўрасан?» Кал: «Молим бўлса», деди. Фаришта унга бўғоз сигир ҳадя қилди ва: «Аллоҳ баракасини берсин!» деди.

Фаришта кейин кўрнинг олдига борди ва: «Нима истайсан?» деб сўради. «Аллоҳ кўзимга нур берса», деди кўр. Фаришта силаши билан кўрнинг кўзи очилди. «Бойликдан нимани хоҳлайсан?» деб сўради. Кўр: «Қўйим бўлишини яхши кўраман», деди. Фаришта кўрга қорнида боласи билан қўй ҳадя қилди.

Аллоҳнинг баракоти билан бир водий тўла туя, бир водий тўла мол, бир водий тўла қўй бўлди.

Фаришта бир бечора камбағал одам суратига кириб, песнинг олдига келди ва унга: «Мен бир қийналган мусофирман, кўзлаган манзилимга бугун етолмайдиганга ўхшайман. Фақат Аллоҳ ва сен ёрдам берсанггина, етиб оламан. Сенга чиройли ранг ва чиройли жисм ато этган Зотнинг номи билан сўрайман, менга миниб кетиш учун бирор туя берсанг», деди. Пес фариштани танимаган ҳолда масхараомуз: «Сўровчилар жуда кўпайиб кетди», деб ундан юз ўгирди. Фаришта унга: «Сени танигандекман. Сен аввал одамлар нафратланадиган пес эмасмидинг? Аллоҳ сени бойликка етказгунича камбағал эмасмидинг?» деди. Пес такаббурона жавоб қилди: «Менинг аждодим бой эди, отамга мерос бўлди, ундан мен меросхўр бўлдим». Фаришта унга: «Агар ёлғон гапираётган бўлсанг, Аллоҳ сени аслингга қайтарсин!» деб дуойи бад қилди. Фаришта билан кал ўртасида ҳам худди шундай суҳбат содир бўлди. Фаришта кўрнинг олдига келиб, унга ҳам аввалгиларга айтган гапини такрорлади. Кўр шунда: «Аввал кўзим кўр эди, Аллоҳ таоло менга кўзим нурини қайтарди. Шунинг учун молимдан Аллоҳ йўлида нима олсанг, ол, мен сени тўсмайман», деди. Фаришта: «Молинг ўзингга буюрсин, мен синаб кўрдим, холос. Аллоҳ сендан рози бўлди, пес ва калга ғазаб қилди», деди» (Имом Бухорий ривояти).

Банда молидан бир қисмини ажратиб, уни Аллоҳ йўлида сарфласа, зоҳиран унинг моли қисман камайгандек кўринса-да, аммо у Аллоҳнинг наздида ўсиб-кўпайиб боради, чунки садақа қилиш билан молга барака киради, нуқсон, мусибат ва турли балоларга учраши камаяди. Бу нарсага фақат мўмин бандагина тўлиқ иймон келтиради ва шу таълимот ва эътиқод асосида солиҳ амаллар қилади. Аммо фақат моддий даромаднигина кўзлайдиган ақли калта банда эса «Садақа билан мол камаймаслиги»га ажабланади ёки шубҳа билан қарайди. Мўмин банда эса Аллоҳнинг Расули қасам ичиб, таъкид билан айтган сўзларни тасдиқлаши лозим.

 

Манбалар асосида Баҳодир МУҲАММАДИЕВ тайёрлади.

Мавзуга оид мақолалар
Кўпчилик муслима аёллар уй ишларига кўмилиб кетганидан, Қуръон тиловати, зикр, китоб мутолааси, нафл давоми...

06:01 / 27.12.2016 3798
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Дин «Дин» сўзи «итоат, парҳез, эътиқод, ҳисоб, ишонч, мукофот, ҳукм, йўл тутиш» давоми...

12:01 / 21.04.2017 4182
«Мусофир» ўз юртининг уйларидан уч куну уч кечалик масофани қасд қилиб чиққан одамдир. Уч куну уч кечалик давоми...

12:30 / 18.05.2017 3925
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳеч бирингиз ўзи учун яхши давоми...

09:02 / 11.05.2019 2463