“ҲАЖ ВА УМРА” 2019 йил
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом дини бешта рукн устига барпо қилинган. Абу Абдурраҳмон Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: “Ислом беш нарсага бино қилинган: Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлиги ва албатта, Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси эканлигига гувоҳлик бериш, намоз ўқиш, закот бериш, Байтни ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар).

Бу ҳадисдан маълум бўладики, ҳаж ибодати Ислом арконларининг сўнггиси ва энг улуғи ҳисобланади.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: “Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир” (Оли Имрон сураси, 97-оят).

Мамлакатимизда бошқа соҳаларда бўлганидек, диний-маърифий жабҳада ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, мўмин-мусулмонлар ўз ибодатлари, диний маросимларини эмин-эркин адо этиб, ҳар йили минглаб юртдошларимиз Ҳаж ва Умра зиёратига бориб келмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан муқаддас Умра сафарига борувчи зиёратчиларнинг сонини белгилаш бўйича чекловлар олиб ташлангани фуқароларимизни янада қувонтирди.

Авваллари фуқароларимиз Умра сафарига бориш учун йиллаб навбат кутишар, бошқа йўллар билан бориш имкониятларини қидиришар эди. Эндиликда ортиқча оворагарчилик ва югур-югурларга барҳам берилди.

Сўнгги 2-3 йил ичида Президентимиз ташаббуси билан Ҳаж ва Умра сафарига борадиган фуқароларимиз учун яратиладиган шарт-шароит ва хизматларга алоҳида эътибор қаратилиб, сезиларли ютуқларга эришилди. Жумладан, ўтган йилдан буён зиёратчиларимизга Мадина шаҳрида Масжиди Набавийдан 50 метр узоқликда жойлашган 5 юлдузли “Пулман Зам-зам”, Макка шаҳрида эса Масжидул Ҳарамдан 600-650 метр узоқликдаги 4 юлдузли “Аброж ал-Кисва” меҳмонхонаси хизмат кўрсатмоқда.

2019 йили Умра мавсуми учун сарф-харажатлар сметаси лойиҳаси ишлаб чиқилди ва ҳар бир зиёратчидан олинадиган маблағ ўтган Умра сафари учун тўланадиган маблағ миқдоридан арзонлаштирилди. Яъни 11 миллион 600 минг сўмдан 11 миллион 450 минг сўмга туширилган.

Ҳар бир зиёратчи учун тўланадиган маблағ Саудия Арабистони Подшоҳлиги расмий визаси, Тошкент – Жидда – Тошкент йўналиши бўйича авиачипта, Макка ва Мадина шаҳарларидаги 5 ва 4 юлдузли меҳмонхона, таомлар, сархил мевалар, ширинлик ва салқин ичимликларни қамраб олган. Шунингдек, 24 соатлик бепул тўлиқ тиббий хизмат, мамлакатимиз рамзлари туширилган махсус нимча ва сумка, Умра қўлланмаси (китоби), бейжик, қўл тасмаси, вакцина, замонавий транспорт ҳамда бошқа зиёрат хизматлари киритилган. Зиёратчиларимиз учун меҳмонхоналарда юқори даражадаги сервис хизмати йўлга қўйилади.

Умра сафари давомида зиёратчиларимиз ибодатларни мукаммал адо этишлари учун уларга хизмат кўрсатувчи билимли, тажрибали гуруҳ раҳбарлари саралаб олинган. Умра зиёрати 10 кунни ташкил этиб, юртдошларимиз 3 кун Мадинаи Мунаввара, 7 кун Маккаи Мукаррама шаҳарларида бўладилар.

Умра сафари давомида зиёратчиларга ўзбекистонлик 5 нафар ишчи гуруҳи, 200 нафар гуруҳ раҳбари – элликбоши ва 47 нафар шифокорлар хизмат кўрсатади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий ташаббусига асосан фуқароларга ҳаж ва умра сафари мобайнида кўрсатиладиган хизматлар сифатини янада ошириш, сарф-харажатларни арзонлаштириш мақсадида махсус ишчи гуруҳи ташкил этилиб, Саудия Арабистонидаги ширкатлар билан музокаралар олиб борилди. Давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари натижасида жорий йилдан фуқароларимизнинг ҳаж сафари харажатлари 33,3 миллион сўмгача туширилди, яъни ҳаж ибодатини амалга оширишни 10 миллион сўмга арзонлаштиришга эришилди. “Ҳаж-2019” мавсумидан сўнг умра сафари 1,3 миллионга арзонлаштирилди.

2016 йилда Ўзбекистондан 5200 киши ҳаж амалларини адо этиб келган бўлса, 2017 йилдан бошлаб уларнинг сони 7200 нафарга етди. 2018 ҳамда 2019 йилларда худди шунча мўмин-мусулмон юртдошларимиз Ҳаж ибодатини адо этдилар.

Илгари умра зиёратига фуқароларимиз чекланган квота асосида юборилган бўлса, ўтган йилдан эътиборан фуқароларга йил давомида квотасиз умра зиёратига юбориш имконияти яратилди.

Айни пайтда минглаб юртдошларимиз умра зиёратини адо этишмоқда.

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Тунда смартфондан фойдаланиш семизликни келтириб чиқарадиРоссиянинг Тюмень тиббиёт университети олимлари давоми...

02:12 / 06-fevral 3986
Йигирма биринчи кун... Ассалому алайкум. Бугун йигирма биринчи кун. Эрталаб кўчага чиққан эдим. Ҳар давоми...

21:15 / 16.06.2017 3894
Маккада нозил бўлган ١ ٢ ٣ ٤ ٥ 1. Албатта, Биз уни ҚуръонниҚадр кечаси нозил килдик. 2. давоми...

16:50 / 01.06.2019 6001
Қуръонни ёдлашга ёрдам берадиган таомлар Уламолар тавсия қилган ва Аллоҳнинг тавфиқи ила ёдлашга ёрдам давоми...

09:36 / 29.11.2016 7348