Буюкларнинг устозларига эҳтироми
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Буюк саҳоба Муовия ибн Ҳакам ас-Суламий розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муаллимликларини мақтаб шундай деган:

“Ота-онам у зотга фидо бўлсин! У Зотдан олдин ҳам, кейин ҳам у зотдан яхшироқ муаллимни кўрмадим. Аллоҳга қасамки, у зот мени жеркимаганлар ҳам, урмаганлар ҳам ва сўкмаганлар ҳам!” (Имом Муслим ривояти).

***

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан дарс олар эди. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу хонадан чиқиб, отига минмоқчи бўлса, Ибн Аббос отнинг жиловидан ушлаб турарди. Бир куни Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу бундан қайтарди. Шунда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Уламоларга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз. Агар шогирд улуғлик сифатига етмай туриб, ундан фахрланиб, кибрланса, жоҳилдир. Зеро, илм-ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир, қачон топса, уни олишга ҳақли», дедилар.

***

Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилинади: “Устозим Ҳаммоднинг ҳурматлари учун у зотнинг уйлари томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, у зотнинг уйлари билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммоднинг вафотларидан сўнг қачон намоз ўқисам, ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, у зотга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. Нафақат у зот, балки кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман”.

***

Имом Бухорий ҳазратлари бир муддат Маккаи Мукаррамада дарс берганлар. Бир зиёратчи Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб олиб келади. Шунда Имом Бухорий устозларининг кўриб келаётган зиёратчининг кўзларидан ўпиб, унга жуда қаттиқ эҳтиром кўрсатдилар. Сўнг устозларининг саломини эшитиб, хурсанд бўлдилар. Бухорои шарифга юзланиб, саломга алик олиб, ҳурмат бажо келтирдилар. Кейин икки қўллари билан мактубни олиб, табаррук қилиб, эҳтиром билан уни ўқидилар.

***

Машҳур аллома Бурҳониддин Марғиноний шундай ҳикоя қиладилар: “Бир куни Бухоро олимларидан бири илм даргоҳида шогирдларига дарс бериб ўтирар экан, дарс асносида гоҳ-гоҳ ўрнидан туриб, сўнг яна қайта ўтирарди. Бу ҳол бир неча бор қайтарилгандан сўнг, шогирдлари бунинг сабабини сўрашди. У зот: “Устозимнинг кичик ёшли ўғли болалар билан кўчада ўйнаб юрибди, гоҳида эшик олдига келяпти, ҳар келганида устозимга ҳурмат ўлароқ ўрнимдан туряпман”, деб жавоб берди”.

***

Халифа Ҳорун ар-Рашид ўғлини илм ва одоб ўрганиши учун устози имом Асмоъийнинг ҳузурига юборди. Кунлардан бир куни халифа устозининг таҳорат олаётганини кўриб қолди. Ўғли эса оёқларига сув қуяр эди. Шунда халифа устозига: “Мен сизнинг ҳузурингизга ўғлимни илм ва одоб ўргансин деб жўнатдим, шундай экан, нима учун бир қўли билан сув қуйиб, бошқаси билан оёғингизни ювишни буюрмайсиз?!” дедилар.

***

Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтади: "Менга битта ҳарф ўргатган одамнинг қулиман. Хоҳласа сотади, хоҳласа озод қилади ва хоҳласа қул қилади". 

***

Ҳасан Басрий айтади: "Олимлар бўлмаганида, инсонлар чорва моллари каби бўлиб қоларди".

***

Абдуллоҳ ибн Муборак айтади: “Агар Аллоҳ таоло Абу Ҳанифа ва Суфён билан ёрдам бермаганида, (яъни у иккисидан илм ўрганишни менга насиб қилмаганида) бошқа инсонлар каби бўлиб қолар эдим”.

***

Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ: «Мен дуода аввал Абу Ҳанифанинг ҳаққига дуо қилиб, кейин ота-онамни тилга оламан», дер эди.

***

Имом Шофеъийнинг ўзлари эса шундай хотирлайдилар: «Имом Моликнинг ҳузурида ўтирсам, шарақлаган товуши эшитилмасин деб, китобни ўта эҳтиёткорлик билан варақлардим».

***

Имом Шофеъийнинг шогирди Рабийъ айтади: «Аллоҳга қасамки, Шофеъий қараб турган пайтда ҳатто сув ичишга ҳам журъат қилолмасдим».

***

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ дедилар: «Ўттиз йилдан бери бирон-бир кеча ўтмаганки, агар Шофеъийнинг ҳаққига дуо қилмай ухлаган бўлсам».

***

Имом Нававий «Ал-мажмуъ»да ёзишича, улуғлардан бирлари ҳар сафар муаллимининг ҳузурига кетаётганида етим-есирларга садақа ва хайр-эҳсон қилар экан. Сўнг  қўлларини дуога очиб: «Илоҳо, муаллимимнинг айбини мендан яширгин! Ва унинг баракасидан мени маҳрум қилмагин!» дея илтижо қилар экан.

***

Имом Нававий айтадилар: “Ўқувчи муаллимига итоаткор ва ройиш бўлиши, унинг сўзига қулоқ солиб, ўз ишларида у билан маслаҳатлашиб туриши ва оқил бемор самимий ва моҳир табиб сўзини қабул қилганидек, у ҳам ўз муаллимининг сўзини қабул қилмоғи лозим. Шунингдек, муаллимига эҳтиром кўзи билан боқиши, унинг ўз ишида комил иқтидор ва малака соҳиби эканлиги ва бошқа устозлардан устунлигига ишониши лозим. Ана шунда ундан манфаат олиши осон бўлади”.

***

Бурҳонул Ислом Зарнужий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Дин ишига оид бўлган нарсалардан сенга бир ҳарф ўргатган киши сенинг диндаги отанг бўлади».

Райҳона тайёрлади.

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Бўш вақтларимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари ҳаётидан ҳикояларни ўқиб чиқар давоми...

13:42 / 25.12.2018 3592
Аввал хабар берганимиздек, бугун Тошкент шаҳри бўйлаб шукуҳли Қуръон мусобақаси бошланди. Мумтоз давоми...

14:51 / 13.02.2018 2740
Баъзилар келажакда машғулотлардан фориғ бўлиб,халал берадиган ҳар хил нарсалардан қутуламан,ўша пайтда давоми...

21:22 / 24.05.2023 1470
  Ҳаким айтадилар Яхшилик юзда зиё, қалбда нур, баданга қувват, ризқда кенгчилик, халойиқ дилида муҳаббат давоми...

19:12 / 17.03.2017 4674