Доимо яхши кайфиятда бўлиш:Қуръон ва суннатдан 8 маслаҳат
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар биримизнинг кайфиятимиз кун давомида кўплаб маротаба ўзгариб туришига гувоҳ бўламиз. Аксарият ҳолларда бунинг сабабини тушунтириб бера олмаймиз. Аммо олимларнинг таъкидлашича, кайфиятимизга салбий таъсир кўрсатувчи бир қатор омиллар мавжуд. Лекин Қуръон ва суннатда шундай кўрсатмалар борки, диндор инсон уларни қўллаган ҳолда кайфияти ва иш самарадорлигини юқори даражада сақлаб туриши мумкин. 
Аллоҳ таоло Қуръон ҳақида шундай дейди: “Бу (Қуръон) одамлар учун қалб кўзлари, аниқ ишонадиган қавм учун ҳидоят ва раҳматдир” (Жосия сураси, 20-оят).

Ушбу мақолада кайфиятингизга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган 8 нарса, шунингдек, Қуръон ва суннатдан ҳеч қачон хафа бўлмай, доимо яхши кайфиятни сақлаб туришга ёрдам берувчи маслаҳатлар бериб ўтилган.

Кайфият бузилишининг 8 сабаби ва

унга қарши чора-тадбирлар

1. Ўзингизни бошқалар билан таққосламанг.

Қаерда бўлишингиздан қатъи назар, сиз доимо атрофингиздаги “бахтли” одамларни пайқашда давом этасиз. Улар одатда ўзларининг харидлари, молу давлати ва дам олишлари билан мақтанадилар. Бу эса, сиз хоҳлайсизми-йўқми, кайфиятингизга салбий таъсир кўрсатади. Сиз ўзингизни ўша одамлар билан солиштирган ҳолда ўзингизда йўқ нарсаларга ҳавас қила бошлайсиз.

Маслаҳат: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Қачон бирингизнинг назари молда ва хилқатда ўзидан афзал қилинган кишига тушса, ўзидан пастга назар солсин”, дедилар” (Икки шайх ва Термизий ривоятлари).

Кўриниб турибдики, ушбу ахборотнинг киришини чегаралаш энг маъқул ишдир. Лекин баъзида бу иш имконсиз бўлиб қолади. Кейинги сафар ҳаётингизга бирор нарса етишмаётгани ҳақида ўйлар экансиз, баъзи инсонларда сизда бор нарсалар ҳам йўқлиги ҳақида фикр юритиб кўринг. Шу тариқа сиз ўзингизни жамият ҳужумидан ҳимоя қилиб, Аллоҳга кўпроқ ҳамд айта бошлайсиз.

2. Ижтимоий тармоқларга кўп вақт ажратманг.

Сўнгги тадқиқотларга кўра, асосий вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказадиган одамлар ҳаётидан кўп норози бўлар эканлар.

Маслаҳат: ижтимоий тармоқларнинг ҳаётингизга кўрсатаётган салбий таъсирини камайтириш учун у ерда кўпроқ фойдали маълумотлар билан улашишга ҳаракат қилинг. Булар ҳадис, руҳлантирувчи ҳикматли сўзлар ва шу кабилар бўлиши мумкин. Обуначиларингиз учун позитив манбаига айланинг.

3. Сизга салбий таъсир кўрсатувчи одамлар билан камроқ вақт ўтказишга ҳаракат қилинг.

Бу одамлар билан қанча кўп алоқада бўлсангиз, уларнинг сизга кўрсатадиган таъсири ҳам шунча кўпаяди. Бу тўғридан-тўғри ҳиссиётларга бориб тақалади. Чунки салбий ҳиссиётлар ижобий ҳиссиётларга нисбатан “юқумлироқ” бўладилар.

Маслаҳат: доим ҳаётидан нолийдиган ва ўзига паст баҳо берувчи кишилар билан камроқ вақт ўтказишга ҳаракат қилинг. Агар шу каби инсонлардан ўзингизни четга олиш имконияти йўқ бўлса, ҳар хил шикоятларни эшитишнинг ўрнига суҳбатингизга ижобий руҳ киритиб кўринг. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Илло, иймон келтирганлар ва солиҳ амаллар қилганлар, бир-бирларини ҳақ йўлга чақирганлар ва бир-бирларини сабрга чақирганлар (ундоқ эмасдир)!” (Аср сураси, 3-оят.) Ушбу кишиларга сабр қилишни маслаҳат беринг ва ўзингиз уларга ўрнак бўлинг.

4. Тартибсизликдан сақланинг.

Агар уйингиз ва ишингизда тартиб йўқ бўлса, бу, албатта, кайфиятингизга таъсир қилади. Ва, аксинча, тоза ва тартибли муҳит сизни ўзингизни яхшироқ ҳис қилишингизга ёрдам беради.

Маслаҳат: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Поклик – иймоннинг ярмидир» (Имом Муслим ривояти).

Уйингиз ва иш столингизни тартибга солинг. Тартибли муҳит яратинг. Сизга тез-тез керак бўлиб турадиган нарсалар учун қути яратинг ва бу қутини ёпиқ сақланг. Шу тариқа кайфиятингизга таъсир этувчи тартибсизликлар бўлмаган ҳолда барча керакли буюмларингиз ёнингизда бўлади.

5. Уйқудан олдин телевизор ва интернетдан фойдаланмасликка ҳаракат қилинг.

Барчамизга маълумки, телевизор, телефон ва планшетлардан келаётган ёрқин нур организмда мелатонин гормони ишлаб чиқарилишини камайтириши аниқланган. Ушбу гормон кайфиятимизни меъёрга солиб туради ва фақатгина қоронғу пайтда ишлаб чиқарилиши мумкин.

Маслаҳат: уйқуга ётишдан камида 15 дақиқа олдин телевизорни ўчиринг ва телефондан фойдаланишни тўхтатинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқудан олдин баъзи дуоларни ўқишни насиҳат қилган эдилар.

6. Уйқуга кеч ётманг.

Уйқуга ётишни кечиктириш депрессия пайдо бўлишидаги омиллардан бири ҳисобланади. Кеч ухлашнинг сабаблари кундузи охирига етказилмаган ишлар ва ижтимоий тармоқларда кўриб чиқиладиган чексиз янгиликлар лентаси бўлиши мумкин.

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Аллоҳ сизга сукунат топишингиз учун кечани, кўрсатувчи этиб кундузни қилиб берган Зотдир. Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан фазлу карам соҳибидир. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар” (Ғофир сураси, 61-оят).

7. Ҳордиққа эътибор беринг.

Кўпинча вақтини фойда билан ўтказишни мақсад қилганлар қўйилган чегаралардан ҳам ошиб кетадилар. Танамиз ва руҳимиз ҳам ҳордиққа муҳтождир. Биз ҳар бир киши ҳаловатга муҳтож бўлган моддият оламида яшамоқдамиз. Осойишталик ва ҳордиқнинг етишмаслиги кайфиятимизда салбий акс этиши мумкин.

Маслаҳат: ҳузур ва ҳаловатнинг муҳимлигига етарлича баҳо бермасликни тўхтатинг. Иш, ибодат ва оилангиз учун вақтингизни алоҳида тақсимлашга ҳаракат қилинг.

8. Носоғлом таомланишдан четланинг.

Носоғлом овқатнинг саломатлигимиз ва кайфиятимизга таъсир этиши барчамизга сир эмас.

Маслаҳат: Аллоҳ таоло айтади: “Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар. Ва шайтон изидан эргашманглар, чунки у сизларга очиқ душмандир” (Бақара сураси, 168-оят).

Истеъмол қилаётган таомингиз нафақат ҳалол, балки фойдали бўлишига ҳам эътибор қаратинг. Кўпроқ янги маҳсулотлардан фойдаланишга ҳаракат қилинг. Рационингизни ёнғоқлар, балиқ, гўшт, денгиз маҳсулотлари ва сабзавотлар билан бойитинг.

Islam-today

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Крайстчерчдаги воқеадан бир ҳафта ўтиб, жума куни бутун Янги Зеландия бўйлаб аёллар мусулмонларга давоми...

09:32 / 24.03.2019 2698
httpswww.youtube.comwatchvPqC4ZyZSMwkampfeatureyoutu.be

12:56 / 27.12.2018 4545
Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинади Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Амалларнинг қайси бири афзал давоми...

05:36 / 28.12.2016 4156