Серқирра ижодкор Дилфуза Комил билан суҳбатни энди муслимаат.уз сайтимизда ҳам кузатишингиз мумкин
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

forum.muslimaat.uz

Бугунги кунда ўзбек халқининг, хусусан, ўзбек аёлларининг қалбидаги турли муаммоларини, дардини, меҳру муҳаббатини, эзгу тилакларини қаламга олиб, яна қалбларга етказаётган ижодкор Дилфуза Комил билан forum.muslimaat.uz даги суҳбатга таклиф этамиз.

Дилфуза КОМИЛ

1975 йили Наманганда туғилган. Наманган давлат университетининг филология факультетини тамомлаган. “Aсотир”, “Кўкдан келган кўнгил” тўпламлари муаллифи.

“Маърифат гулшани” газетасида муҳаррир бўлиб ишлаган. Айни вақтда «Маърифат саодати» газетасининг бош муҳаррири.

Aдиба:

– Aссалому алайкум, Дилфуза опа, муслималар форумига хуш келибсиз! Ижодингизни анчадан буён Фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифангиз орқали кузатиб бораман. Жамиятимиздаги муаммоларни юрак-юракларга етиб борадиган қилиб ёритасиз, Aллоҳ сиздан рози бўлсин! Саволим шуки, Фейсбукдаги бир изоҳга жавобан “Яқинда болалар тарбиясига оид китобим чиқади”, деб ёзган эдингиз. Aгар мумкин бўлса, шу китобингиз ҳақида маълумот берсангиз.

Иккинчи саволим болалар адабиётига доир бўлиб, 7-9 ёшдаги болаларга ўқиш учун қайси китобларни тавсия қиласиз?

Дилфуза Комил:

Ваалайкум ассалом, сингилжон! Хуш бўлдик! 
Аллоҳ барчамиздан рози бўлсин! Чиройли таърифлар учун ташаккурларим! 
Ўзи энг катта ниятим – фарзанд тарбиясига оид
оригинал қарашларга асосланган китоблар ёзиш, нашр қилиш. Лекин газета иши бутун вақтимни олади, имкон топишим қийин бўлаётган эди. Яқин вақтлардан буён астойдил ҳаракатдаман шундай китобларни тайёрлашга. Ўн-ўн беш йиллик илмий изланишларим, хориждаги тадқиқотларим натижаларини жамладим. Худо насиб қилса, жамиятга фойдали бўладиган китоблар бўлади. Ҳарқалай, шунга умидим бор. 
Битта сирни очаман: бу китоблар мантиқ ва мазмуни билан бола тарбиясига оид одатий қарашларимиздан кескин фарқ қилади, ҳатто тарбия масаласидаги одатий кўникма ва қоидаларимизни ўзгартириб юбориши ҳам мумкин.    
Сизга алоҳида раҳмат, жуда эътиборли экансиз, ҳатто битта изоҳниям беэътибор қолдирмабсиз
. Сизни Аллоҳ мукофотласин, синглим! 

Иккинчи саволингизга келсак,
фарзандингизга қуйидаги бадиий-тарбиявий китобларни тавсия қила оламан:
*Худойберди Тўхтабоев "Ширин қовунлар мамлакатида", "Қасоскорнинг олтин боши"; 
*Анвар Обиджон "Олтин юракли автобола", "Баҳромнинг ҳикоялари", "Масхарабоз бола", "Эй ёруғ дунё", "Она ер", "Ўғирланган паҳлавон";
*Миркарим Осим "Ибн Сино қиссаси";
*Носир Фозилов "Саратон";
*Миразиз Аъзамнинг болалар учун сайланмаси.
Жаҳон адабиётидан:
*Жек Лондон "Қиш ҳақида қисса";
*Жорж Оруэлл "Ҳайвонлар хўжалиги ҳақида";
*Фрэнсис Брет-Гарт "Чўлдан топилган бола"
*Владимир Короленко "Хўрланган болалар" қиссалари. 

Ирода Эргашева:

– Aссалому алайкум, Дилфуза опа! Сиздек адиба муслима опа билан танишаётганимдан хурсандман. Яқиндан бошлаб ижодингизни қизиқиш билан кузатяпман. Aллоҳ рози бўлсин! Aдиба опамнинг саволлари менга ҳам жуда ёқди. Мен ҳам бир савол берсам: телеграм каналингиздаги постингизда баъзи инсонларнинг фарзандлари кучли билимга эга, лекин ахлоқда ачинарли ҳолатда экани ҳақида ёзибсиз...

Ота-она, аввало, ўзи ўрнак бўла олиши фарзанд тарбиясида катта рол ўйнашини шариат ва ҳозирги замон илми ҳам бирдек тасдиқламоқда. Сиз ўз тажрибангизга кўра, ўз ҳаёт йўлингизда кашф қилган илмингизга кўра, бу борада қандай тавсиялар берган бўлар эдингиз?

Дилфуза Комил:

Ваалайкум ассалом, Ирода хоним! Мен ҳам сизлардек оқила муслималар билан танишганимдан жуда мамнунман. Арзимас ижодимга катта эътибор бераётганингиз учун Сиздан ҳам Аллоҳ рози бўлсин! 
Саволингизга келсак, фарзанд тарбиясида энг катта ва аҳамиятли рол онада бўлади. Онанинг бола тарбияси, физиологияси ва руҳиятидаги иштироки, ўрни ҳақида юқорида айтиб ўтганим
, Аллоҳ насиб қилса, эътиборларингизга ҳавола этажак китобларимда батафсил ёзаман. Ҳозир қисқа қилиб шуни айта оламанки, болага билим ўргатишдан аввал уни ҳаётбоп, рўзғорбоп, турмушбоп қилиб тарбиялаш керак. Уни жуда кичик ёшлариданоқ рўзғор ишларига кўниктириш, турмушга тайёрлаш, ахлоқ-одоб қоидаларини ўргатиш лозим.
Мана, ўзим қанча нўноқ олимларни биламан: билими зўр, лекин ҳаётини, турмушини эплаб йўлга қўёлмаган. Яхши олим ёки олима бўлган-у, рисоладагидек рафиқа, бека, эр ёки уқувли ота-она бўлолмаган. Бу
(билган одам учун) эътибор беришга арзимайдиган воқелик эмас, фожеа! Олим бўлса-ю, одам бўлолмаса!  
Ўзларингиз ҳам яхши биласизлар, Японияда бошланғич синф болаларига фақат 3-синфдан илмий таълим берилади. Унгача уларга мустақил  равишда тугма қадаш, енгилроқ тамадди тайёрлаш, ботинкасининг ипини боғлашдан тортиб
, майда-чуйда рўзғор ва хўжалик ишларига қадар ўргатилади. 
Бу мавзуда анча гапириш мумкин. 
Насиб қилса, форумда бу ҳақида яна гаплашамиз.  

Дилфуза Саидраҳмон:

– Ассалому алайкум, Дилфузахон! Сизни интервьюга таклиф қилишганидан жуда хурсандман. Мен кўпсонли мухлисларингиздан бириман, ижодингизни мунтазам кузатиб бораман. Форумимиздаги блогимда сизнинг сермазмун ҳикоя ва мақолаларингиздан қўйиб, муслималаримизни озми-кўпми сиз билан таништириб қўйганман. Аллоҳ рози бўлсин, ижодингизга ривож, қаламингиз бундан-да ўткир бўлаверсин. 
Сизга саволим, сиз назмда ҳам, насрда ҳам бирдек баракали ижод қилаётган қалам аҳлидансиз, айтинг-чи, қай бири қалбингизга яқинроқ?
Жавобингиз учун аввалдан раҳмат!

Дилфуза Комил:

– Ваалайкум ассалом!
Сизлардек оқила хонимлар, дилбар муслималар билан таништирган Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсин!
Дилфуза Саидраҳмон, Сиздан ҳам Ўзи рози бўлсин! Жуда хурсанд қилдингиз. Раҳмат!
Саволингизга жавобим: мен учун наср ҳам, назм ҳам бирдек қадрли, кўнглимга яқин. Бирида ифодалай олмаган фикрларимни иккинчисида айта оламан.
Фақат шеърнинг оғриқлари кучлироқ...

Умму Исмоил:

– Aссалому алайкум. Сизни Дилфуза Саидраҳмон опамнинг постларидан биламан, деб ўйлардим. Aммо ижодингиз билан танишгач, сиз учун доимий мухлис бўлганимни, мен учун жуда қадрли, бир вақтлар Ўзбекистондаги 1-рақамли деб билганим, севимли газетам "Маърифат гулшани"нинг муҳаррири эканингиздан жуда қувондим.

Мен ўқитувчиман ва обуна бўлганларимиздан фақат "Маърифат гулшани" газетасини интиқлик билан кутганман, берилган мақолаларни жуда эътибор билан ўқиганман." Кўринмай қолган" газетамни кутубхоначидан қайта-қайта сўраганман. Нега бу йил обуна бўлинмаганини сўраганимда тузукроқ жавоб ололмаганман (вилоятнинг узоқ туманида бўлганимиздан, эҳтимол, ҳеч нимадан хабаримиз бўлмагандир). Ўшанда бу газетам бошига нимадир тушгани, “Эсиз, Ўзбекистон яна бир жадидчиларидан айрилди-да”, деган тахмин билан “Бу газетанинг ЭРКAК муҳарририни Худонинг Ўзи асрасин-да...” деб дуо қилганим ёдимда. Бугун интервью баҳона ижодингизни кузатиб, тахминларим тўғри чиққанини ва менинг ҳурматимга сазовор "жадидчи эркак" сиз эканингизни билиб, аёл бошингиз билан жуда кучли жамоа тузганингиз ва сизни танимаган олисдаги қанча-қанча ўқувчиларингиз қалбидан чуқур жой олганингиз сабаби фақат исломий тарбия ҳамда Ислом аҳкомларини ҳурмат қилганингиз натижаси, деб ўйлайман. Яна қайтганингиздан жуда хурсандман. Дуодаман, Aллоҳим паноҳида асрасин!

Саволим: Исломни англаш бахтини Aллоҳим сизга қачон, қандай насиб этди?

Дилфуза Комил:

– Ваалайкум ассалом! 
Умму Исмоил, гапларингизни ўқиб, жуда таъсирландим, тўғриси... Кўзимга ёш келди. "Маърифат гулшани"нинг ҳар бир мухлиси, ўқувчиси биз учун қадрли эди. Унутмаганингизга раҳмат! 
Газета нима учун ёпилганини энди билсангиз керак. Бошимизга хўб ажойиб кунлар тушди, тақдирдан нолимаймиз. Яратганнинг ҳар буйруғи, насиб қилган қисмати – бош устига! 
Худога шукр, мана, ўша севимли газетангиз жамоаси яна жам бўлганмиз "Маърифат саодати"да. Шу фикрларингизни уларга ҳам етказдим, хурсанд бўлиб, дуо қилишди.
Саволингизга қандай жавоб беришга ҳам ҳайронман, чунки бу тўғрида ўйлаб кўрмаган эканман. Назаримда, исломий тушунчалар бизга қон билан сингган. Ота томондан катта боболарим ҳам, она томондан катта боболарим ҳам эл назаридаги қорилардан бўлишган. Раҳматли Комил бувамиз катта карвонларда мусулмон диёрларидан исломий китоблар олиб келиб, халққа маърифат улашган, мактаблар очган эканлар. Боболаримизнинг баъзилари (айни илмли, саводли бўлгани, халқнинг кўзини очишга урингани учун) қулоқ қилинган, баъзилари четга кетишга мажбур бўлишган... Хуллас, иккала бувим раҳматли (отамнинг оналари, онамнинг оналари) кимнинг авлодлари эканимизни қулоғимизга қуйиб катта қилишди. Эсимизни таниганимиздан Исломни ўргатишди. Бувим раҳматли: "Тилингиз чиққанда сизларга "нон" дейишдан олдин “Аллоҳ” дейишни ўргатганман", дердилар... 
Ўзимни билимли деб ҳисобламайман. Боболаримиз қилган ишларнинг ўндан бирини ҳам қилолганимиз йўқ. 
Аллоҳ насиб қилиб, мавриди келса, боболаримизнинг хизматлари ва бу йўлда тортган ранжу уқубатлари ҳақида сўзлаб берарман.   

Барно:

Ассалому алайкум, Дилфуза опа. Форумимизга меҳмон бўлиб ташриф буюрганингиздан жуда хурсандмиз. Ёзган мақола, шеърларингизни мазза қилиб ўқияпмиз, ишларингизга ривож тилайман.
Сизнинг шу даражага етишингизда, муслима адиба аёл бўлишингизда ота-онангизнинг ҳиссалари катта бўлса керак. Бизга ота-онангиз ҳақида гапириб берсангиз. Шеър ёзишни неча ёшингиздан бошлагансиз? Устозларингиз ҳақида ҳам айтиб беринг. Жавобларингиз учун олдиндан раҳмат.

Дилфуза Комил:

– Ваалайкум ассалом, Барно хоним! Эътиборингиз учун ташаккурлар! Бор бўлинг! 
Менинг ота-онам ўқитувчи бўлишга
н. Онам узоқ йиллар немис тилидан, отам физика-математика фанидан дарс беришди. Ҳозир нафақадалар. 
Шеър ёзишни болалигимдан бошлаганман. Биринчи шеъримни аниқ эслайман, чунки ўша шеър туфайли мактабда роса тўс-тўполон бўлганди
.
Бизнинг болалигимиз совет даврига тўғри келган-ку. У вақтларда дарвинизм таълимоти амалда эди,
инсоният маймундан тарқаган, деб ишонтирмоқчи бўлишарди. Бизга бувим раҳматли одамзотнинг Одам Ато ва Момо Ҳавводан тарқаганини, бутун инсониятнинг ўзаги бир эканини таълим берардилар. Дарвинизмнинг касофат таълимот эканини айтардилар. Лекин буни ҳеч кимга айтмаслигимизни, оғзимизга маҳкам бўлишимизни тайинлардилар. Менинг эса ичим ёниб кетаверарди: одамларга адашишаётганини айтгим келаверарди. Хуллас, ўзимча бир йўлини топдим: "Маймун – менинг бобомлар" сарлавҳали киноя шеър ёздим. Шеър ҳайвонот боғига бориб, маймунни кўриб қолган ва унга меҳрини изҳор қилиб, маймундан тарқагани билан фахрланган бола тилидан ёзилган эди. Ўшанда олтинчи синфда ўқирдим. Ўзимча айёрлик билан гапимни айтиб олдим, деб ўйлаганман, лекин таг-маънони бошқалар ҳам бинойидай тушунишган. Директор хонасига чақиртириб, роса муҳокама қилишган. Ким миямни заҳарлаётганини айтишимни талаб қилишган. Роса сур-сур бўлган. Энг қизиғи, бу шеърни "Пионер эрталиги" деган радиоэшиттириш орқали ўқиб бергандим. Радиодагилар бир неча қизга шеър ўқитишгани учун шеърларга унчалик эътибор беришмаган, менинг шеърим ҳам шундоқлигича эфирга кетиб қолган. Маъносини кейин тушунишган... Шу-шу, шеърларимни яширинча ёзадиган бўлганман. 
Болалик, ёшлик даврларим совет даврида кечгани учун устозларимиз
нинг мафкурасини қабул қилолмас, улар илгари сурадиган ғоялар билан келишолмас эдим, чунки, юқорида айтганимдай, бувиларимиз бизга асл таълимни бериб қўйишганди. 
Устозларим – бувиларим. 
Устозларим – асл китоблар. 
Фалончи менга фалон масалада устозлик қилган
, дея олмайман, афсуски... 
Эътибор  учун яна бир бор раҳмат!  

Умму Мория:

– Ассалому алайкум! Дилфуза опа, Сизни бу ерда кўрганимиздан жудаям хурсандмиз. Ижодингиз билан яқиндан танишишни бошладик, алҳамдулиллаҳ. Сизнинг мақолаларингизни ўқиб, тўғриси, жуда хурсанд бўлдим. Роббим янада шижоат, тавфиқ, вақтингизга барака берсин, халқимиз маърифат улашувчи хизматларингиздан манфаат олаверсин!
Касбингизга қизиқишингиз ёшлигингиздан шаклланганми? Бирон нарса ё кимдир туртки бўлганми? 
Ва жудаям қизиққаним – мақолаларингиздан диний илмга эгалигингиз маълум. Аллоҳ рози бўлсин! Инсон яхши нарсани биринчи жигарпорасига илинади. Ҳаммамиз фарзандларимизни ҳам диний, ҳам дунёвий ривожланган шахс сифатида кўришни хоҳлаймиз. Сиз бунга эришдим, деб ўйлайсизми?
Фарзандларингиз қайси касбни танлашгани мен учун қизиқ, уларнинг танловини қандай қабул қилдингиз?
Одобсизлик қилган бўлсам, минг бор узр сўрайман... Аллоҳнинг ҳифзида бўлинг!

Дилфуза Комил:

– Ваалайкум ассалом, Умму Мория! 
Аввало, эътиборингиз, эътирофларингиз учун ташаккур! Чиройли тилакларингиз, дуоларингиз ўзингиз учун ҳам ижобат бўлсин. 
Касбга қизиқишим жуда ёшлигимдан уйғонган. Бошқа хонимларнинг саволларига жавоб бериш асносида бу ҳақда умумий қилиб айтиб ҳам ўтдим. Аниқ нима туртки бўлганини билмайман, лекин болалигимдан ақл ўргатишни, атрофимга қизларни тўплаб олиб, "маъруза" қилишни яхши кўрардим. Қисмат шундай экан. 
Морияхоннинг онаси, "Мақолаларингиздан диний билимга эгалигингиз маълум", деб мени хижолатга қўйдингиз-да. Мен ўзимни диний билимга эгаман, деб айтолмайман, бу йўлда баҳоли қудрат ҳаракат қилиб юрган бир ожизаман, холос. 
Албатта, ҳар бир муслима каби мен ҳам фарзандимнинг ҳам диний, ҳам дунёвий билимга эга бўлишини истайман. 
Ўзи Худо берган биттагина қизим бор. Хориж университетида масофавий таълим орқали ўқияпти. Журналистикага қизиқади, газетамизда ишлайди ҳам. Лекин асосий нияти муслималар учун фойда берадиган бизнесни йўлга қўйиш, ўқув фаолияти ҳам шу билан боғлиқ. У ҳамма масалада мен билан маслаҳатлашади, менга ёқмайдиган ҳеч бир ишга уннамайди, Худога шукр. Мен ҳам ўз навбатида унинг фикрларини, танловларини инобатга оламан. Лекин анчагина қаттиққўл онаман. Атрофимдагилар "Биттагина қизниям ҳеч эркалатмайсиз-а?!" дейишади. Қизларга қаттиқ туриш бизга мерос ўтган. Бувиларим, онам бизни шундай катта қилишган. 
Асло одобсизлик қилганингиз йўқ.
Саволлар учун алоҳида раҳмат! Бор бўлинг! 

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Бугун Узэкспомарказда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ташкил этилган «TASHKENT BOOK FEST давоми...

20:51 / 02.10.2019 2757
      Ассалому алайкум. Аввало бундай оғир мусибат юзасидан Ҳазратнинг оила аъзоларига ўз таъзиямни қабул давоми...

09:04 / 03.02.2017 9180
Ўсмирлик сиз микроскоп остидасиз    Ўзингизнинг фарзандингизни ҳам тушунмай қоляпсизми Унинг кайфиятлари, давоми...

12:56 / 18.08.2018 3839
Ислом келишидан аввал арабларда аёл зотига энг қадри паст мавжудотлардан бири сифатида қаралар эди. Улар давоми...

06:49 / 12.12.2016 3400