Болалар хафсизлигини таъминлаш
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Бола учун хафсиз муҳит қандай яратилади? Ҳа, биз фарзандларимизни барча фалокатлардан қутқариб қолишдан ожизмиз. Бироқ қўлимиздан келадиган даражада уларни асраб-авайлаш – зиммамиздаги масъулиятимиздир. Қуйида ота-оналар тажрибаси тасдиғидан ўтган бир қанча қоидалар жамланмасини келтирамиз:

1. Деразаларни хавфсиз қилинг.

Барча дўконларда бунинг учун махсус мосламалар сотилади. Деразаларга қулф ўрнатиш ҳам яхши фикр. Баъзи ота-оналар деразалар ташқарисига панжара ўрнатадилар, баъзилари деразаларнинг тутқичларини олиб қўядилар. Бироқ унутмаслик керакки, чивинга қарши тутиладиган махсус тўр бу борада ёрдам бермайди (ундан бола у ёқда турсин, мушуклар ҳам осонгина тушиб кетади).

2. Розеткаларга қопқоқлар қўйинг.

Аммо баъзи болалар оддий қопқоқларни осонгина олишади. Бу ҳолатда махсус мураккаброқ қопқоқлардан фойдаланиш ёки пастроқдаги розеткаларни мебель ё изолента ёрдамида ёпиб, вақтинча баландроқда турган розеткалардан фойдаланиб туриш мумкин.

3. Столлардан декоратив дастурхонлар ва сочиқчаларни олиб қўйинг.

Болалар уларни ўзларига тортадилар ва устида турган барча нарсани (жумладан, иссиқ, шишали нарсаларни ҳам) ағдарадилар. Пичоқ, вилка, қайчи ва шу каби хавфли нарсаларни асло стол четига қўйманг, балки ишлатиб бўлишингиз биланоқ ўз жойига қайтариб қўйинг.

4. Мебелларни девор ёки полга маҳкамлаб қўйинг.

3-4 ёшли болалар комод, тумба каби жавончаларни «текшириб» кўришни, устига чиқиб ўйнашни ёқтирадилар. Уларнинг кучи бемалол уларни ағдариб юборишга етади.

5. Овқат тайёрлаётганда эҳтиёт бўлинг.

Газ плитасига ёш болаларни яқинлаштирмасликка ҳаракат қилинг. Овқат қилиш жараёнида болаларни бошқа бирор қизиқроқ нарса билан банд қилинг. Масалан, шўр хамир қилиб, музлатгичга солиб қўйсангиз, узоқ муддат давомида истаган пайтингизда бола учун овунчоқ бўлиши мумкин.

6. Уйдаги кимёвий воситаларни, шунингдек, майда нарсаларни кўздан узоқ қилинг.

Буларга тозалашда фойдаланадиган кимёвий воситалар (айниқса, қўлқоп билан фойдаланиш тавсия қилинадиганлари), сирка, дори-дармонлар, игналар, батарейкалар, тугмалар ва бошқа майда-чуйдалар киради. Бола стулча қўйиб ҳам уларни ола олмаслигига ишонч ҳосил қилинг.

7. Болага одам кўп жойда йўқолиб қолганда ўзини қандай тутишни ўргатинг.

Фарзандингизга, аввало, бегоналар билан асло сўзлашмасликни уқтиринг. Гапиришни ўрганиши биланоқ энг асосий маълумотларни (ўзининг ва ота-онасининг исми, яшаш манзили, телефон рақами) билиб олсин. Агар оломон ичида бир-бирингизни йўқотиб қўйсангиз, йўқолган жойидан кетиб қолмай, уни топишингизни кутиб туришини тайинланг. Баъзан ўйин тарзида йўқолиб қолган пайтда нима қилишни машқ қилиб кўриш мумкин.

8. Болаларни махсус автокреслода олиб юринг.

Баъзи ота-оналар буни зарурий деб ҳисобламайдилар. Бироқ агар улар болалар иштирокидаги фалокатлардан олинган реал лавҳаларни кўрганларида ёки ўз кўзлари билан гувоҳ бўлганларида ўз фикрларини ўзгартирган бўлардилар. Жиддий тўқнашув ё қаттиқ зарба рўй берган чоғда, қанча уринманг, болани қўлингиз билан тутиб қололмайсиз. Бу ҳолат нимага олиб келишини тасаввур ҳам қилмаган маъқул. Шундай экан, имкон қадар автокреслосиз йўлга чиқманг. Сафарни бола ухлайдиган пайтга тўғриланг. Болани автокреслода олиб юриш қоидалари билан ҳам танишиб чиқинг.

Мавзуга оид мақолалар
Мазий жинсий аъзодан чиқадиган оқ рангдаги ўта майин суюқлик бўлиб, у одатда жинсий яқинлик ёки шунга яқин давоми...

11:11 / 29.11.2016 10214
Қадимдан юртимизда етишиб чиққан кўплаб алломалар бошланғич таълимни юртимиздаги таълим масканларида давоми...

08:52 / 03.02.2017 10971
56 . , « » , , ». .   Эллик олтинчи давоми...

15:32 / 13.06.2018 5885
16 феврал 2018 йилда Тошкент Ислом университетининг Ахборотресурс маркази биносида ажойиб давра суҳбати бўлиб давоми...

21:28 / 17.02.2018 3651