Ўзлигим Ўзидан ҳадя
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Онамнинг айтишларича, болалигимда ҳам худди ҳозиргидек қизиқувчан, кўп савол берадиган, бир нарсани охирига етмагунча ҳаракат қилаверадиган қайсар қизалоқ бўлган эканман. Бу одатим билан гоҳида ота-онамни ранжитиб қўйган, уларга қийинчилик туғдирган кунларимни ҳам эслайман.

Ўша пайтдаги билим олишга бўлган интилишим ҳам шўхликларимдан кам бўлмаган. Айниқса, мени қизиқтирган саволларга жавоб топа олмасам, то жавоб топмагунча қалбим ёришмай, ҳеч нарса татимай юрардим. Ширин давримнинг бундай манзаралари юзимга табассум улашса, гоҳида яқинларимни ранжитганим учун хафа ҳам қилади. Албатта, ҳар бир инсон улғаяр экан, бундай ажойиб даврни бошидан ўтказиши шубҳасиз. Баъзи одатларни тарк этса, баъзилари умр бўйи ҳамроҳига айланади.

Болалигимдан буён мени бир савол қийнар эди: “Мен кимман? “МЕН”им ким? Вафот этганимда “мен”им ўзим билан қоладими ёки бошқа тананинг “мен”ига айланадими? Ўша тана “мен”имни ўзиники қилиб оладими?” Уни билишга интилардим, гапнинг очиғи “мен”имни  ҚИЗҒОНАРДИМ!!!

Бундай саволларга яқинларимдан олинган жавоблар камлик қиларди. Китоб ўқишни севганим боис кўп китоб ўқир, саволларимга жавоб чиқиб қолишини кутар эдим.

Вояга етган сарим тўпланган маълумотлар оз бўлса-да, таскин берди. Чунки ҳеч ким унга эга бўла олмаслигини, Аллоҳнинг яратган ҳар бир махлуқида ўзининг “мен”и борлигини англаган эдим-да!

Ўтган кунларимнинг бирида Аллоҳ бу изланишларимнинг натижасини кўрсатди. Марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг “Руҳий тарбия” китоблари қўлимга тушиб қолди. Ўқишни бошладим… Кўзимдан ёш тўхтамасди, йиллар давомида қалбимда кечган ғалаёнлар, фикримни банд қилган саволлар, руҳий кечинмаларимга ечим топилган эди! Аллоҳ “мен”имнинг кимлигини шу тариқа билдирганди. Англаб етдимки, ўзлигим Ўзидан ҳадя! У ўз-ўзимники, жисмим бу дунёни тарк этганида ҳам Эгаси томон одимлашда тўхтамайдиган “мен”им  ё жазо, ё мукофот олиш учун Унинг ҳузурида қоим бўлади. Уни бекорга қизғонмаслигимни тушундим. Бу омонат неъматни Эгасига қайтаргунимга қадар уни солиҳ амаллар уммонида суғориб, илм нури-ла тарбия қилишга аҳд қилдим! Ахир ўйлаб кўринг, ўзганинг жисмини “мен” демаслиги учун изланиб, зўрға топиб олган “мен”имни жаҳаннам оловидан қизғонмайинми?!

Шайх ҳазратлари ўзларининг илм йўлидаги шижоатлари, матонатлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мерос қилиб олган дин маёғини балки менга ўхшаган, “мен”ини топа олмай юрган сарсоналар қалбига қадаб кетгандирлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Улар динор ёки дирҳамни эмас, илмни мерос қилиб қолдирадилар”, деб марҳамат қилганлар.

Уларнинг ҳақларига дуо қилиб сўрайман: “Хотиржам нафс мақомида, Роббилари улардан, улар ҳам Роббиларидан рози ҳолда жаннатга кириб, энг олий неъматга – Ўзининг жамолига етишдек бахтга сазовор бўлсинлар”.

Сиз-чи, азизим, ўзлигингизнинг “катта олов” сари кетиб бораётганини сезсангиз, жим қараб тура оласизми? Ислоҳни ҳар ким ўзидан бошлаши керак. Шунда дунёларга алмашилмайдиган қалб эгаларидан ташкил топган бу жамиятда Аллоҳнинг изни ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орзу қилганларидек уммат бўлишга лойиқ улуғ инсонлар дунё юзини кўриб, улғайсалар, ажаб эмас…

Шукрона

Мавзуга оид мақолалар
Аъроф  ва  Иброҳим сурасидаги гўзал дуолар Аъроф сураси   «Эй Роббимиз, биз ўзимизга зулм қилдик. Агар Сен давоми...

10:31 / 27.01.2017 7550
Ҳаммамизга маълумки, болаларнинг таълим жараёни ниҳоятда муҳим саналади. Уларнинг ҳар томонлама ўқишга давоми...

10:21 / 25.02.2018 4998
    Уйланиш вақтим келди, онам бир қизни кўз остиларига олиб қўйган эканлар, онамга у ёқар, оиласи ҳурматли давоми...

06:35 / 26.01.2017 6064