Маъсиятларни тарк қилиш воситалари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маъсиятларни тарк қилиш воситалари

Эй, тавба қилувчи, гуноҳларни тарк этишни истовчи!

Дуоларингни эшитувчи ва балоларингни аритувчи Зотга қўлларингни оч! Шоядки, Аллоҳ садоқатинг, кўзёшларинг ҳамда тавба-тазарруларингни кўрса! Сенга мадад берса ва гуноҳларни тарк қилишда куч-қувват ато этса! Аллоҳ таборака ва таоло шундай дейди: “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман” (Ғофир сураси, 60-оят); “Ёки музтар (ночор) одам дуо қилганда, ижобат этиб, унинг мушкулини осон қилган ҳамда сизни ер юзида халифа қилган Зот яхшими?” (Намл сураси, 62-оят).

Қанчадан-қанча эркагу аёллар гуноҳларни тарк этиш борасида машаққат ва қийинчиликка дуч келадилар. Улар Роббиларига илтижо килган вақтларида тавфиқ ва раббоний мададга муяссар бўлдилар. Сажда ҳолидаги дуо нақадар гўзал! Сиз саждада бўлган лаҳзангизда Аллоҳга нақадар яқинсиз!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Банданинг  Роббига энг яқин бўлган вақти, сажда ҳолидагисидир. Бас, (ўша вақтда) дуони кўпайтиринглар” (Имом Муслим ривояти).

Эй, азизлар! Саждаларингизда кўзёш тўкинг ва яхшиликларга умид боғланг! Албатта, бу иш жидду жаҳд ҳамда сабр-тоқатни талаб этади. Билингки, саъй-ҳаракат сизнинг гуноҳни тарк этишга бўлган содиқлигингизнинг далолатидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Бизнинг (йўлимизда) жидду жаҳд қилганларни Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз. Албатта, Аллоҳ чиройли амал қилувчилар биландир” (Анкабут сураси, 69-оят).

Гуноҳлар оқибатини ўйлаганингиз сари, сиз уларни тарк эта оласиз. Ғам-қайғу, маҳзунлик, тушкунлик, қалб торлиги ҳамда Аллоҳ таолодан йироқ бўлишлик ва бошқа шунга ўхшаш нарсаларнинг бариси гуноҳларингиз туфайлидир.

Дарҳақиқат, ҳар бир маъсиятнинг ўзига ундайдиган, кучайтирадиган ҳамда унинг давомли бўлишида омил бўладиган сабаблар мавжуд. Улардан қутулиш йўли эса ана шу сабаблардан йироқ бўлишликдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши дўстининг динида бўлади. Бирингиз кимни дўст тутаётганига боқсин”, дедилар. (Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилганлар) (“Хислатли ҳикматлар шарҳи” 1-жузъ).

Азизлар, сизга насиҳатим, ёмон дўстдан йироқ бўлинг! Шунда Аллоҳ улар ҳақида: “У кунда золим икки қўлини тишлаб: “Эй воҳ!!! Пайғамбар ила бир йўлни тутганимда эди!” дер. “Эй воҳ!!! Кошки фалончини дўст тутмасам эди!” дер. “Батаҳқиқ, менга Зикр (Қуръон) келганидан сўнг у (дўст) мени адаштирди” (Фурқон сураси, 27–29-оятлар), деб айтган кишиларга айланиб қолишдан сақланган бўласиз.

Сиз телевизор каналларини томоша қилаётган вақтингизда ёхуд номаҳрам аёл билан суҳбатлашаётганингизда, ўлимга рўбарў бўлишингизни ҳеч хаёлингизга келтирганмисиз? Айтинг-чи, ўлимингиз намоз вақтида ухлаб ётганингизда келиб қолса-чи?!

Айни чоқда нимани хаёл қиляпсиз? Аллоҳ таоло айтади: “Токи улардан бирига ўлим келган чоғда: “Эй, Роббим, мени қайтаргин. Шоядки, тарк қилган нарсамда солиҳ  амал қилсам”, дер (Муъминун сураси, 99-100-оятлар).

Ҳа, албатта, улар дунё ҳаётига қайтишни истаб қоладилар. Ундан лаззатланиб, баҳра олиш ёки бекорчи бедор бўлиш учун эмас, балки солиҳ амалларни бажариш учун.

Ҳа, тавба қилмоқ учун!

Ҳа, намозни қоим қилмоқ учун!

Ҳа, ман этилган амалларни тарк этмоқ учун!

Тасаввур қилинг, сизни ювиш учун тахтага қўйганларида, жонсиз танангиздан ўзга не ҳам бор? Улар сизни ҳаракатлантирурлар! Ана ўшанда, гуноҳу маъсиятлар сизга зарардан ўзга ҳеч нарса келтирмас!..

Субҳаналлоҳ! Ана ўшанда... Куч-қувватингиз қайларда қолади? Ёшлик тароватингиз қайларда қолади? Қани ўша кибру манманликларингиз? Дўст-ёрларингиз қайда, ўша вақт?

Ана ўшанда! Сизга қилиб ўтган солиҳ амалларингиздан ўзга ҳеч бири наф бермас...

Айтинг-чи, ўзингиз билан қабрга қайси амалларни олиб кетасиз?! Каналлар, кўнгилхушликлар, суратлар ҳамда  журналларними?!

Эй, маъсият ўлкаларига сафар қилувчи! Аллоҳ таборака ва таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Бас, ўша кунда кўрикдан ўтасизлар, бирорта нарсангиз махфий қолмайдир” (Ҳаққо сураси, 18-оят).

Ана ўша ерда сизга фойда берадиган борми? Ёрдам қиладиган борми?!

Эй, синглим! У кунда ёнингизда ким туради? Эй, авратларига беэътибор аёл! Эй, қошларини терган аёл! Эй, тор-яланғоч либос эгаси! Ўша жойни, ўша кунни унутдингизми?! Аллоҳ таоло айтади: “Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда билингки, албатта, Унга рўбарў келувчисиз” (Бақара сураси, 223-оят).

Жаҳаннам устига қўйиладиган ўша кескир қилич, қилдан ингичка бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: “Сиздан унга яқинлашувчи бўлмаган ҳеч ким йўқ. Бу, Роббинг ҳузуридаги кескин ҳукмдир” (Марям сураси,71-оят).

Уламоларнинг айтишича, мана шу оят ҳар бир кишининг дўзах устидан ўтишига далил бўлади. Ана ўша ерда унинг устидан ўтиш учун қадам қўясиз. Остингизда жаҳаннам оташи. Зулматли макон... Инсонлар тушиб кетмоқдалар! Дод-фарёд чекиб йиғламоқдалар. Инсонлар орасида Аллоҳ уларнинг қадамларини собит қилганлари бор. Чунки улар, Аллоҳ таолога тоатда бўлиб, маъсият қилишдан йироқ бўлишга уринганлардир. Қурони каримда шундай дейилади: “Аллоҳ иймон келтирганларни бу дунё ҳаётида ҳам охиратда ҳам собит сўз ила собитқадам қилур” (Иброҳим сураси, 27-оят).

Ана ўша ерда намознинг, яхшиликларнинг қиймати билинади. Ўша маконда Аллоҳ рози бўлмаган ҳар қандай назар ва ҳар қандай сўз учун надомат-пушаймонлик бўлади.

У ерда оҳу фарёд ёшлари бор, аммо фойда йўқ.

Ана ўшанда, аниқ ўлчов тарозуси қўйилур! Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай марҳамат қилади: “Биз қиёмат куни учун адолат тарозуларини қўюрмиз. Бирор жонга ҳеч қандай зулм қилинмас. Агар (амал) ачитқи донаси оғирлигича бўлса ҳам, келтирамиз. Ҳисобчиликда Ўзимиз кифоя қилурмиз!” (Анбиё сураси,47-оят).

Айтинг-чи, қай бирингиз ўша мезон ҳақида фикр юритдингиз?!

Эй, синглим, ўша тарозуда қўйиладиган гуноҳлар учун ўзингизни ҳисоб-китоб қилдингизми?!

Қуръони каримда шундай дейилади: “Ўша куни (амалларни) тортиш ҳақдир. Бас, кимнинг тортилган (амал)лари оғир келса, ана ўшалар нажот топгувчилардир” (Аъроф сураси, 8-оят).

Албатта, улар Аллоҳнинг тоатини муҳофаза қилганлардир. Ана ўшалар гуноҳ ва маъсиятлардан узоқ бўлганлардир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Кимнинг мезони енгил келса, бас, ана ўшалар ўзларига зиён қилибдилар. Жаҳаннамда абадий қолгувчи бўлибдилар” (Муъминун сураси, 103-оят). Мезони енгил келган кимса Робби билан муомаласида осийлик қилган кимсадир. Ўша Роббидан юз ўгирган, ана ўша ёмонликлари кўпайиб, яхшиликлари оз бўлгандир!

Яхши амаллар қилувчиларга асалдан тотли, сутдан оқ, мушкдан хушбўй ҳавзи Кавсар бор. Кимки ундан бир қултум ичса, ҳеч қачон қайтиб чанқамайди. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен жаннатда юриб кетаётсам, бирдан олдимдан ҳавз чиқиб қолди. Унинг икки томони ичи бўш дур қуббалардан. “Эй, Жаброил! Бу нима?” – дедим. “Бу сенга Роббинг берган Кавсардир”, деди. Қарасам, унинг лойи холис мискдан экан”, дедилар” (Имом Бухорий,  Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилганлар) (“Сунний ақидалар” китоби – 535 б.).

Сизнинг гуноҳларингиз эса унинг таъмини тотишликдан маҳрум қилади. Шундай экан вақтни бой бермай, уларни тарк этинг.

Қандай қилиб бу ҳақир ва ўткинчи дунё абадий охиратдан устун бўлсин, ахир! Қандай қилиб сизни кенглиги осмонлару ердан катта бўлган жаннатдан тўсадиган гуноҳларни қилишдан тап тортмайсиз?..

Маъсиятлар ва шаҳватларни тарк этмоқ учун кучли ирода соҳиби бўлмоқ лозимдир. Ҳолингиз, қилаётган ҳаракатларингиз, назар солаётганларингиз ва тинглаётганларингиз билан бирга қалбингизни кўриб, кузатиб турувчи Зот бор. Бу ҳақда Аллоҳ таборака ва таоло шундай дейди: “Аллоҳ қалбларингиздаги нарсани биладир” (Аҳзоб сураси, 51-оят).

Агар нафсингиз сизни бирор гуноҳ амалга ундаса, ўзингизга “...албатта, Аллоҳ мени кўриб турибди”, денг!

Савбон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни умматимдан Туҳома тоғидек яхшиликлар қилган бир қавмлар келадики, Аллоҳ уларнинг амалларини тўзиган чангдек қилиб қўяди”. Савбон розияллоҳу анҳу деди: “Ё, Расулуллоҳ, биз улардан бўлмаслигимиз учун уларни бизга таърифлаб, ойдинлаштириб беринг. Биз билувчи эмасмиз”. Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аммо улар биродарларингиздир (қондош). Улар тундан худди сиз олганингиздек оладилар. Лекин улар Аллоҳ ман қилганларида ёлғиз қолсалар заифлашадилар” (Ибн Можа, Имом Табароний, Абул Фазл ривоятлари).

عَنْ ثَوْبَانَ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ لَأَعْلَمَنَّ أَقْوَامًا مِنْ أُمَّتِي يَأْتُونَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِحَسَنَاتٍ أَمْثَالِ جِبَالِ تِهَامَةَ بِيضًا فَيَجْعَلُهَا اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ هَبَاءً مَنْثُورًا قَالَ ثَوْبَانُ يَا رَسُولَ اللَّهِ صِفْهُمْ لَنَا جَلِّهِمْ لَنَا أَنْ لَا نَكُونَ مِنْهُمْ وَنَحْنُ لَا نَعْلَمُ قَالَ أَمَا إِنَّهُمْ إِخْوَانُكُمْ وَمِنْ جِلْدَتِكُمْ وَيَأْخُذُونَ مِنْ اللَّيْلِ كَمَا تَأْخُذُونَ وَلَكِنَّهُمْ أَقْوَامٌ إِذَا خَلَوْا بِمَحَارِمِ اللَّهِ انْتَهَكُوهَا. (رواه ابن ماجة و الطبراني و أبو الفضل)

Ҳа, дарҳақиқат, қачонки улар ўзлари билан ёлғиз қолганларида гуноҳ ва шаҳвоний ишларни қилишни бошлайдилар. Ана ўша телевизор каналларида бедор ўтирувчи, ўз ишларини аҳли оиласи билишларини истамайди. Маъсият қилувчи ўша қиз хонасининг эшикларини ёпган вақтда гуноҳларни қилишини кўрурсиз. Улар Аллоҳ уларни кузатиб турганлиги борасида фикр юритмайдилар ҳамда Аллоҳ уларнинг барча амалларидан бохабар эканига диққат-эътибор қаратмайдилар.

Албатта, сиз улар билан гуноҳ қилаётган тана аъзоларингиз ўзингизнинг зиёнингизга гувоҳлик берурлар ва бу ерда эмас, балки маҳшар майдонида барча нуқсонларингизни очиб ташларлар! Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Бугунги кунда уларнинг оғизларига муҳр урамиз. Нима касб қилганларини Бизга қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур!” (Ёсин сураси, 65-оят).

Субҳаналлоҳ! Қўлларимизни ким гапиртирди, оёқларимизга ким забон берди?!

Албатта, Улуғ ва Олий бўлган Аллоҳ! Аллоҳ таоло айтади: “Ниҳоят, унга етиб келишгач, қулоқлари, кўзлари ва терилари қилиб ўтган нарсалари ҳақида уларга қарши гувоҳлик берадилар. Улар териларига: “Нима учун бизга қарши гувоҳлик бердингиз?” дедилар. У терилари: “Ҳар нарсани нутқ қилдирган Аллоҳ бизни ҳам нутқ қилдирди. У зот сизларни аввал бошда яратган ва Унгагина қайтарилурсизлар”, дедилар” (Фуссилат сураси, 20-21-оятлар).

Лаа илааҳа иллаллоҳ! Аллоҳ қандоқ ҳам буюк!!!

Эй, синглим! У қийин кунда аъзоларингиз сўзлаётган ҳолат ҳақида фикр юритинг. Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга боққан ўша нигоҳларингизга қандоқ ҳам ҳасрат-надомат бўлгай! Фаҳш ва беҳаё гапларингиз учун қандоқ ҳам пушаймонлик чекурсиз! Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу ҳақда марҳамат қилиб, шундай дейди: “Ҳолбуки, сизнинг устингиздан кузатиб турувчилар бордир. Улар ҳурматли ёзиб турувчилардир. Улар нима қилаётганингизни биладир” (Инфитор сураси,10–12-оятлар). Уларга ҳеч бир нарсангиз махфий қолмас. Улар руҳингиз танангиздан чиққунга қадар сизларнинг амалларингизни Номаи аъмолингизга ёзишда давом этадилар. Сўнгра сиз ўлурсиз ва китобингиз ёпилур, аммо у билан маҳшар майдонида қўлингизга тутқазилган вақтда учрашасиз. Шунда Аллоҳ сизга шундай дейди: “Китобингни ўқи, бугунги кунда сен ўзингга ўзинг ҳисобчиликка кифоя қилурсан” (Исро сураси, 14-оят).

Эй, азиз биродар! Айтинг-чи, сиз нимани ўқийсиз?!

Эй, ман этилган ишларда бедор бўлувчи! Малоикалар сизнинг ишларингизни ўзингизнинг зиёнингизга ёзиб бораётганларидан бохабармисиз?!

Эй, тамаки тортувчи! Котиблар ишингизни қайд этаётганларидан хабардормисиз?!

Эй, намозларидан ухлаб қолувчи! Малоикалар амалларингизнинг китобатида эканликларини  ҳеч ўйладингизми?!

Эй, синглим! Котиблар сизнинг устингизда барча нарсаларни ёзиб бормоқдалар ва Қиёмат куни – шарманда бўладиган кунда ана шу китобни ўқирсиз. Бу ҳақда Қуръонда Аллоҳ таоло шундай дейди: “У кунда, ҳар киши қўли тақдим қилган нарсага назар соладир. Ва кофир: “Кошки тупроқ бўлиб кетсам”, дейдир” (Набаъ сураси, 40-оят).

Юқорида зикр қилинганлардан олинадиган фойдалар:

  1. Дуо! Эй, тавба қилувчи! У энг яхши даводир! Ҳар қандай балонинг энг манфаатли чорасидир.
  2. Мужоҳада, яъни саъй-ҳаракат ва интилиш! Сиз “гуноҳларни тарк этиш бир кеча-кундузда бўлади”, деб ўйламанг.
  3. Маъсиятларнинг оқибат ва натижаларини билинг.
  4. Гуноҳларнинг сабаблари ва уларнинг қувватловчиларидан йироқ бўлинг.
  5. Ёмон дўстдан йироқ бўлинг. Чунки бир йигит гуноҳни тарк этишни истаса ҳам, дўсти уни бу нарсага ундаши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши дўстининг динида бўлади. Бирингиз кимни дўст тутаётганига боқсин”, дедилар. (Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилганлар) (“Хислатли ҳикматлар шарҳи” 1-жузъ).
  6. Ўлимнинг тўсаттан келишини ёдда тутинг. Аллоҳ таолонинг буйруғини эсланг: “Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир” (Оли Имрон сураси, 185-оят).
  7. Ўзингизни ювишлари ҳақида фикр қилинг...
  8. Маййитингизни елкаларда олиб кетишларини кўз олдингизга келтиринг. Сизни ҳам бир куни елкалар устида олиб бориб, жанозангизни ўқийдилар.
  9. Қабрга қўйилишингиз ҳақида мулоҳаза юритинг. У ерда сизни аҳлингиз, дўстларингиз тарк этади. Қилиб ўтган амалларингизгина сиз билан бирга қабрга кирур.
  10. Аллоҳга рўбарў бўлишингиз ҳақида тафаккур қилинг. Қуръони каримда шундай дейилади: “Аллоҳга қайтариладиган кунингиздан қўрқинг!” (Бақара сураси, 281-оят).

Эй, телевизор каналларида бедор ўтирувчи! Аллоҳга рўбарў бўлган ҳолда турурсиз!

Эй, намозларидан ухлаб қолувчи! Ҳа, Аллоҳга қасамки,  рўбарў турурсиз!

  1. Агар гуноҳларни тарк қилишни истасангиз, Сирот устидан ўтишингизни эсланг.
  2. Қиёмат куни ўрнатилиб, яхши-ёмон амалларингиз ўлчанадиган тарозуни эсланг.
  3. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бериладиган эни ва бўйи бир ойлик масофа бўлган ҳавзи Кавсарни эсланг!
  4. Бу дунёнинг ҳақир ва арзимас эканини ёдда тутинг! Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Билингки, албатта, бу дунё ҳаёти ўйин, кўнгил эрмаги ва зеб-зийнатдан, ўзаро фахрланишдан, мол-мулкни ва бола-чақани кўпайтиришдан иборатдир. У, худди ўсимлиги деҳқонларни ажаблантирган ёмғирга ўхшайдир. Кейинроқ бу ўсимликлар қурийди ва сарғайганини кўрасан. Сўнгра у хас-чўпга айланиб кетадир. Охиратда эса қаттиқ азоб бор, Аллоҳдан мағфират ва розилик бор. Бу дунё ҳаёти ғурурга кетказувчи матодан ўзга ҳеч нарса эмас!” (Ҳадид сураси, 20-оят).
  5. Кучли иродага эга бўлинг!
  6. Аллоҳ сизни кузатиб турганини ёдда тутинг! Бу ҳақда Қуръони каримда келган оятни эсланг: “Аллоҳ ҳар бир нарсани кузатиб турувчи Зотдир” (Аҳзоб сураси, 52-оят).
  7. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган кимсалар каби бўлиб қолишдан эҳтиёт бўлинг. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

"...لأَعْلَمَنَّ أَقْوَامًا مِنْ أُمَّتِي ، يَأْتُونَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِحَسَنَاتٍ أَمْثَالِ جِبَالِ تِهَامَةَ بِيضًا، فَيَجْعَلُهَا اللهُ عَزَّ وَجَلَّ، هَبَاءً مَنْثُورًا..."   (سنن ابن ماجة (4235)) و (المسند الجامع لأبي الفضل (2075))

“Қиёмат куни умматимдан Туҳома тоғидек яхшиликлар қилган бир қавмлар келадики, Аллоҳ уларнинг амалларини тўзиган чангдек қилиб қўяди” (Ибн Можа “Сунан”да ривоят қилган 4235-, Абул Фазнинг “Ал-Муснадул-жамиъ”да 2075-рақам).

  1. У кунда аъзоларингиз сизнинг зиддингизга гувоҳлик беришини эсдан чиқарманг. Эй биродар, ҳар қандай гуноҳни қилишдан олдин ўйланг!
  2. Кироман котибинлар (елкангиздаги икки фаришта) барча амалларингизни ёзиб бораётганликларини ёдда сақланг ҳамда ишларингиз ва сўзларингизни қайд этаётганликлари борасида фикр юритинг!..
 
Мавзуга оид мақолалар
Одинахон Муҳаммад Содиқ .Мен террорчи эмасман,02.07.2021Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймАллоҳга ҳамд, Расулига давоми...

00:24 / 03.07.2021 20914
Бу синдром ҳақида шундай ривоят юрадиБир киши соҳилда кезиб юраркан, балиқ тутаётган балиқчини кўриб, унинг давоми...

03:45 / 12.12.2020 3113
Фалак айланмайди ва бугун кўтарилган эртага ҳам чўққида қолади, дейиш нодонликдир. Тарих китоби фақат бир давоми...

22:18 / 25.01.2017 5892
embedhttpswww.youtube.comwatchvNy3SG2AchMembed

22:29 / 08.06.2017 2759