Дугонами, душманми?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрарлар, ёмонликдан қайтарарлар, намозни тўкис адо этарлар, закотни берарлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қиларлар. Ана ўшаларга Аллоҳ тезда раҳм қилур. Албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли Зотдир» (Тавба сураси, 71-оят), дея марҳамат қилади.    

Мусулмонлар ўртасидаги биродарлик борасида нақадар ажойиб сўзлар! Мусулмонларнинг илк жамиятлари айнан мана шундай муносабатларга қурилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир саҳобийга ўз ака-укалари каби муомалада бўлганлари учун ҳам битта байроқ остида мусулмонларни бирлаштира олганлар. Шунинг учун ҳам динимиз, барчамизга маълумки, атрофимиздаги инсонларга нисбатан хушмуомалалик ва бағрикенгликка ундайди.

Бу ерда асосий тамойил шундай: ҳеч ким сендан зарар кўрмаслиги учун ўзинг қандай муомала истасанг, бошқаларга ҳам шундай муомалада бўл. Бу нафақат эркаклар орасида, балки аёллар ўртасидаги муносабатларга ҳам тааллуқли.

Бироқ негадир эркакларнинг биродарлиги тўғрисида кўп эшитсак-да, аёллар орасидаги муносабатларга камроқ эътибор берилади. Шунинг учун бугун муслималар – иймондаги опа-сингиллар бир-бирларига қандай муомалада бўлишлари тўғрисида гаплашмоқчимиз.

Ғиёбат қилмаслик

Афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда ҳатто энг яқин дугоналар орасида ҳам ғийбат қилиш кўп учрайди. Бугун муслималар, айниқса, ёш қизлар ўзи йўқ бўлган киши ҳақида гапиришда ўзларини ўта эркин ҳис қиладилар. Баъзан ушбу даврада яқиндагина муҳокама қилинган инсон ўтирган бўлиши ҳам ҳеч гап эмас. Шу билан бирга шундай аёллар давралари ҳам борки, атрофдагиларнинг ҳаётидаги ишларни муҳокама қилиш учунгина йиғилади. Афсуски, бундай давраларда берилган танбеҳлар ҳам тўғри қабул қилинмайди.

Бу борада инсонларнинг афзали нима деганларини эслаб кўрайлик:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърож кечасида бир қавмнинг олдидан ўтдилар. Уларнинг тирноқлари қўрғошиндан бўлиб, ўзларининг юзларини ва куракларини тирнаётган эдилар. Буни кўриб ажабланган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Жаброил алайҳиссалом, булар ким?» деб сўрадилар. Жаброил алайҳиссалом: «Булар одамларнинг гўштини ейдиган ва уларнинг обрўларини тўкадиган кишилар», деб жавоб бердилар» (Абу Довуд ривояти).

Қаранг, ғийбат қилиш одамхўрлик билан тенглаштирилмоқда. Бу шундай ёмон ишки, у туфайли энг мустаҳкам муносабатларни ҳам бир умрга бузиб қўйиш мумкин. Ахир ким ҳам ортидан ёмон сўзлар гапирадиган инсон билан дўст бўлишни хоҳларди? Худди шунингдек, биз ҳам нима бўлишидан қатъи  назар бировларни муҳокама қилишдан тийилишга ҳаракат қилишимиз лозим, ҳатто бу гап тўғри бўлса ҳам.

Айбламаслик

Баъзан шундай бўладики, яқин дугоналар орасида тушунмовчилик бўлиб, ўзаро хафалашиб қолишади. Бу нормал ҳолат! Нотўғри жойи шундаки, бундай ҳолатларда улар бир-бирларига бутун дўстлик йиллари давомида йиғилган норозиликларни ҳиссиёт билан айта бошлайдилар.

Севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга аввалги хатоларини эслатишдан бутунлай қайтарганлар, ўзлари ҳам ҳамиша инсонларни кечирар, уларнинг камчиликларига нисбатан илтифотли бўлар эдилар.

Бугунги кунимизда кўплаб опа-сингилларимизнинг дугоналари билан ўзаро бир-бирларини тушунмасликларига, бир лаҳзада айбларга кўмиб ташлашга тайёр туришларига гувоҳ бўламиз. Бу жуда ёмон хулқ бўлиб, дўстона муносабатларга салбий таъсир кўрсатади. Чунки ҳар бир инсон учун яқин кишиси уни тушуниши жуда муҳимдир.

Агар ўзаро тушуниш бўлмаса, икковлари алоҳида қанчалар яхши инсон бўлмасин, ҳеч бир дўстлик узоққа чўзилмайди. Шунинг учун ҳам, ҳурматли опа-сингиллар, бировни айблашга ҳеч қачон шошилмасликни одат қилинг!

Яхши ишларини эслаш

Инсонлар кўпинча кишининг ёмон ишларини эслаб қолиб, яхши ишларини унутишга мойил бўладилар. Танишлар ва дугоналарга камчиликларини эслатиш   билан «Ҳаммасини юзига айтаман, ортидан гапирмайман», дейиш тўғри эмас. Ҳозир бу гўёки тўғрисўзликдек талқин қилинган қадар замонавий тушунчага айланди.

Бироқ аслида бунинг яхши жойи йўқ. Тан олиш керак, ҳатто энг ёмон инсон ҳам гоҳида ўзи тўғрисида яхши сўзлар эшитишни истайди. Ёлғондан ўзини мақташлари учун эмас асло! Ўзи ҳақида, баъзан бўлса-да, яхши сўз эшитиш инсонга ўзига ишончи ортишига хизмат қилади. Шунинг учун ҳам инсоннинг қусурлари ҳақида эмас, яхши сифатлари ва ишлари ҳақида кўпроқ гапиришни ўрганиш керак.

Шуни ҳам ёдда тутиш лозимки, ўзига қаратилган таъна ва айбловларни доимий эшитавериш инсонни ҳиссиётларини ичига ютишга ўрганишга олиб келади. Ҳар биримиз учун ҳам кимдир бизни қўллаб-қувватлаб, баъзан эса мақтаб туриши муҳим.

Шундай экан, иймондаги опа-сингилларингизни имкон қадар кўпроқ мақтаб туринг, шунда бу уларни ҳозиргидан-да яхшироқ бўлишга илҳомлантиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам худди шундай қилар, ҳар бир саҳобий учун айтишга бирор яхши сўз топар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан айнан шундай муносабат туфайли ҳам инсонлар Исломни осонгина қабул қилишарди.

Камчиликларга кўз юммаслик

Юқорида айтиб ўтилганлар асло дугоналаримизнинг номаъқул хулқларига кўзимизни юмишимиз кераклигини англатмайди. Бефарқлик ҳам яқин муносабатларга дарз келтирадиган омиллардан биридир. Шундай экан, дугонангиз ўзини ёмон тутаётган бўлса, бефарқ бўлманг. Фақат қўпол танбеҳлар бериш, доимий таъна тошларини отиш ўрнига юмшоқлик ва яхшилик билан уни гўзал хулққа чақиринг.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳақиқий дўст бўла олишга муваффақ қилсин!

Алфия Синай

Мавзуга оид мақолалар
Бир аёл шундай ҳикоя қиладиquotЭрим мендан мамнун бўлиши учун фидойилик билан ўзим яхши деб билган ҳар қандай давоми...

21:38 / 13.07.2023 1579
«Жавҳарадуттавҳид»  китобида айтилишича, Аллоҳ таоло савоб берадиган бўлса, фақатгина фазлидан, азоб давоми...

12:25 / 08.03.2017 4062
Хитойлик ҳожи Ҳаж ибодатини адо этишлик учун Макка шаҳрига велосипедда етиб борди     Хитойда истиқомат давоми...

20:28 / 11.03.2017 4311
Ҳар  бир нарсани билишга интиладиган олимларнинг тадқиқотларига асосан, эркакларга нисбатан аёллар учун давоми...

17:14 / 24.02.2017 7532