Дангасаликдан қандай қутуламиз?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

        Лоқайдлик қаердан келиб чиқади? Тушкунлик ҳолати-чи? Ҳеч нима қилишни хоҳламаслик ҳисси-чи? Бирор-бир топшириқда диққатни жамлай олмаслик-чи? Ўқишни истамаслик-чи? Севимли ишнинг ёқмай қолиши-чи? Руҳий бўшлиқ ва шариат кўрсатмаларига риоя қилишни хоҳламаслик-чи?

Дангасалик кишини айнитади, пароканда қилади. Бу нафақат жисмоний, балки руҳий ҳолатга ҳам алоқадордир. Дангасалик руҳий ҳолат даражасида фаолиятни чекловчи ҳаракатларни келтириб чиқаради. Кишининг мияси биринчи ўринда унинг хавфсизлигини сақлашга шай турган ҳолатда бўлади. Мия энг безарар ҳаракатлар – ҳаракатсизлик деб ҳисоблашда нафснинг содиқ дўстидир. Ўсмирлар ва қариялар учун дангасаликка қарши туриш қийинроқ. Чунки ҳар иккала авлодда ҳам ўзига ишончсизлик улкан даражада бўлиб, натижада ўз-ўзини ҳимоя қилиш мақсадида бекорчиликда қотиб қолиш вазияти келиб чиқади.

Бошқариб бўлмайдиган дангасаликнинг шундай шакллари ҳам мавжудки, улар депрессия ҳамда неврозга олиб бориши мумкин. Тўғрироғи, бунга унинг сабаблари боис бўлади.

Агар сиз дангасаликни енгишга қодир бўлмасангиз, уни ҳаётингизда қийинчиликлар, тананинг заифлиги, ёмон кайфият билан оқламанг. Агар у сизни қучоғидан қутулиб бўлмайдиган даражада тутиб олган бўлса, унда мутахассисга, яъни психологга мурожаат қилинг. Аммо иложи борича ҳолатни бу каби мушкул аҳволгача олиб бормаган яхши. Чунки бундай дангасалик маънавий ҳаётимиз учун пастга тортиб кетувчи ботқоқликдир.

Доимий иш билан банд бўлган одам ўзини «Бўш вақтим бўлганда руҳий тарбия билан шуғулланаман», дея овунтириб юради. Диний соҳада қилишни хоҳлаган нарсаларнинг кўпи "вақт бор бўлганда"га сурилади. Одатда «вақт бор бўлганда»га бажарилиши шарт бўлган фарз амаллар ҳам кириб кетади. «Кейин... қачондир... ҳозир жуда бандман!» – миллионлаб инсонлар шу йўсинда яшайдилар. Хўш, ана ўша «кейин» келганда-чи? Бир эслаб кўринг: бетоб бўлиб қолдингиз, вақтингиз ғич-ғич. Таътилдасиз, ўттиз кун бахтиёр бекорчилик! Сизни ишдан бўшатишди, бошқа ишга жойлашгунингизга қадар вақтингиз бемалол. Хуллас, вақт бор! Уни нимага сарфлайсиз? «Кейин»га қолдирган ишларгами? Ёки диний адабиёт ўқийсизми? Қазо намозлар ўқиб ҳамда рўзаларни тутишга ишлатасизми? Қуръон ёдлайсизми? Ё жуссангизни иссиққина, шамол урмайдиган ерга жойлаштириб, чарчаганингизни, дам олишга муҳтожлигингизни баҳона қиласизми? «Кейинроқ… дам олиб бўлганимда», дейсизми?!

Мазза қилиб дам олганингиздан сўнг эса сизни ўринда ёйилиб ётган ҳолингизда эркалаб, юмшоқлик билан дангасалик ўз бағрига олади. Бошида у ёқимли бўлади, вақт ўтган сари оғирлашиб, жонга тегадиган, ҳаттоки жирканч тусга киради. Бироқ ўз ўлжасини қўйиб юбормайди! Уни ўргимчакка ўхшатиш мумкин. Сизга ўз заҳрини сочади ва сиз аста-секин ичингиздан чирий бошлайсиз.

Дангасаликни даволовчи ҳеч қандай сеҳрли воситалар йўқ. Ягона даво – доимий меҳнат. Дангасаликдан ҳимояловчи ягона восита – унинг қучоғида ўтказган ҳар бир сониянгиз билан тантиқликларидан қутулиб олиш қийин кечишини англаб етмоқликдир. Фақат қаттиқ назорат, фақат нафснинг бузуқлигига нисбатан нафрат, фақат Яратувчидан қўрқиш ва эртами-индин беҳуда яшалган ҳаёт ҳақида савол-жавоб бўлишини тушуниб етиш даркор! Энг қийини сўроқ ҳозир эмас, кейинроқ бўлишини, юмшоққина ўрин ҳамда  ёғли ширин кулчатойлар эса айни дамдагина борлигини англаш зарур. Шунинг учун ҳам киши доим ўзига ўзи ҳисобот бериб туриши керак. Меҳнат ва дангасалик тушунчаларини ажратиб олиш даркор. Дам олиш вақтини белгилаб қўйиш шарт. Масалан, “Уйқуга кунига 8 соат сарфлайман ва яна 2 соатни дам олишнинг фаолроқ турига кетказаман”, денг. Албатта, бу жадвалга қатъий риоя қилиш лозим. Бирданига вақтни тақсимлаш қийин бўлади, айниқса, режадан тўсатдан иш ҳамда ўқиш йўқ бўлиб қолса. Бир кун ҳам ўзингизни бўшаштирманг, янги режа тузинг. Худди олдингиси каби унда ҳам 8 соат уйқуга ва 2 соат дам олишга, қолган вақтни бошқа ишларга тақсимлаб чиқинг.

Асосийси – дам олишга вақт ажратиш! Одатда дангасаликнинг сабаби бўлиб узоқ вақт дам олишга вақт ажратилмагани хизмат қилади. Ҳордиқ – Аллоҳнинг раҳмати, бизга тунни ухлаб, ором олишимиз учун яратган. Узоқ тин олмаган киши кейин ўзини тўхтатиши қийин бўлади. Бу худди оч қолган инсон кабидир: овқатга ташланиб, тўйганини билмай еяверади ва шу йўсинда ўзига зарар қилади. Шунинг учун назорат, режа ҳамда ҳар бир нарсага нисбатан оқилона ёндашув даркор. Ҳар ишда меъёр бўлгани яхши.

Руҳий тарбия фақатгина вақт талаб қиладиган иш эмас. Масалан, зикр – уни бошқа ишлар билан ҳам қилса бўладиган энг оддий руҳий меҳнатдир. Зикрни йўлда кетаётиб, овқат маҳалида, кутиш вақтида қилиш мумкин. Шунингдек, салавотлар ва дуолар ҳам шулар қаторидадир. Аммо бундай амалиётни эътиборсиз қолдирмаган даркор. Пиёда юриш – киши танасининг мускулларининг доимий фаолиятини таъминловчи зарурий жисмоний меҳнат. Зикр, салавот, дуо – руҳий мушакларнинг доимий фаолиятини таъминловчи руҳий куч. Меҳнатда бардавом бўлинг, шунда эринчоқлик қалбингизни кемирмайди.

Мавзуга оид мақолалар
 Биллурларни синдириб қўйма  Ва албатта, Сен улкан хулқдасан Қалам сураси, 4оят. Сиз қиёмат куни Одам давоми...

11:20 / 07.12.2017 3075
Исломнинг бешинчи рукни бўлмиш Ҳаж ибодати ҳам нафс поклиги ва ахлоқ сайқалига катта таъсири бор омилдир. Бу давоми...

15:22 / 10.11.2016 3707
Ёлғон ndash фақат ёлғончининг шахсига эмас ёки ёлғондан бевосита зарар топувчигагина эмас, балки бутун давоми...

01:20 / 02.04.2021 6231
12 июнь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом Институтида «Хатмона» бўлиб ўтди. Битирув кечаси салафи давоми...

12:29 / 25.01.2017 3611