Эътикоф(давоми)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эътикофдаги одамга макруҳ бўлган нарсалар

1. Олди-сотди қилиш. 2. Ичида ва ташида гуноҳ бўлган сўзларни сўзлаш. 3. Ибодат деб эътиқод қилган ҳолда мутлақо сўзлашдан тийилиш.

Эътикофни бузадиган нарсалар

1. Масжиддан оз бўлса-да, ташқарига заруратсиз чиқиш. 2. Жинсий алоқа қилиш. 3. Телбалик ёки мастлик сабабли ақлсиз ҳолатга келиш. 4. Муртадлик (Аллоҳ бундан ўзи сақласин!). 5. Покликни кетказгани учун ҳайз ва нифос қонларининг келиши.

Эътикофга кириш ва эътикофдан чиқиш вақти

Эътикоф, масжидга кириш ва у ерда туриш билан Аллоҳга қурбат ҳосил қилишни ният қилиш билан бошланади. Агар одам Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикофга киришга ният қилса, масжидга Рамазоннинг йигирманчи куни Қуёш ботишидан аввал киради ҳамда Рамазон ойининг охирги куни Қуёш ботганидан сўнг эътикофидан чиқади.

Эслатмалар: 1. Эътикоф қилишни нафл ўлароқ бошлаган, кейин эса эътикофини тўхтатган одам, эътикофининг қазосини килиши лозим. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаввол ойида эътикофнинг қазосини қилган эдилар.

2. Хотин киши масжидда фитнадан саломат бўлиб, эридан изн олиш шарти билангина, эътикоф қилиши мумкин. Агар эридан рухсат олмай эътикофга кирса, эри уни масжиддан чиқариши мумкин. Эътикофнинг хотин-қизларга нисбатан ҳукми, эркакларнинг ҳукми кабидир. Бирок хотин-қизлар ҳайз қони кўрсалар, эътикофлари бузилади. Агар қонлари тўхтаб, пок бўлсалар, эътикофини келган еридан охирига қадар давом эттирадилар. Эътикофдаги хотин-қизлар масжиднинг эркаклар намоз ўқимайдиган тарафида парда тўсиб олишлари суннатдир.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ  يُجَاوِرُ فِي الْعَشْرِ اْلأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ وَيَقُولُ: تَحَرَّوْا لَيْلَةَ الْقَدْرِ فِي الْعَشْرِ اْلأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ. Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунида эътикоф ўтирар эдилар ва: «Лайлатул Қадрни Рамазоннинг охирги ўнлигидан изланглар» дер эдилар». Икки Шайх ва Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Пайғамбар алайҳиссаломнинг мазкур ўн кунликда эътикоф ўтиришлари уларда Лайлатул Қадр борлиги учундир. Чунки ўн кечаю кундуз узлуксиз масжидда эътикоф ўтирган одам Лайлатул Қадрни топиши муқаррар.

Шунинг учун ҳам ҳозирда аҳли солиҳ кишилар доимо Рамазони шарифнинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтиришга ҳаракат қиладилар. Имкони бор ҳар бир киши бу ишни қилса, жуда ҳам яхши бўлади.

- عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ  يَعْتَكِفُ فِي كُلِّ رَمَضَانَ عَشْرَةَ أَيَّامٍ فَلَمَّا كَانَ الْعَامُ الَّذِي قُبِضَ فِيهِ اعْتَكَفَ عِشْرِينَ يَوْمًا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар Рамазонда ўн кун эътикоф ўтирар эдилар. Вафот этган йиллари йигирма кун эътикоф ўтирдилар». Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Чунки у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам умри шарифлари охирлаб қолганини сезиб, солиҳ амалларни кўпроқ қилишга ўтган эдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этадиган йиллари шунга ўхшаш ишларни кўп қилганлари маълум ва машҳур.

- عَنْ عَائِشَةَ رَضِي الله عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ  إِذَا أَرَادَ أَنْ يَعْتَكِفَ صَلَّى الْفَجْرَ ثُمَّ دَخَلَ مُعْتَكَفَهُ وَإِنَّهُ أَمَرَ بِخِبَائِهِ فَضُرِبَ أَرَادَ الاِعْتِكَافَ فِي الْعَشْرِ اْلأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ فَأَمَرَتْ زَيْنَبُ بِخِبَائِهَا فَضُرِبَ وَأَمَرَ غَيْرُهَا مِنْ أَزْوَاجِ النَّبِيِّ  بِخِبَائِهِ فَضُرِبَ فَلَمَّا صَلَّى رَسُولُ اللهِ  الْفَجْرَ نَظَرَ فَإِذَا اْلأَخْبِيَةُ فَقَالَ: آلْبِرَّ تُرِدْنَ فَأَمَرَ بِخِبَائِهِ فَقُوِّضَ وَتَرَكَ الاعْتِكَافَ فِي شَهْرِ رَمَضَانَ حَتَّى اعْتَكَفَ فِي الْعَشْرِ اْلأَوَّلِ مِنْ شَوَّالٍ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ التِّرْمِذِيَّ. Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон эътикоф ўтиришни ирода қилсалар, Бомдодни ўқиб эътикоф жойига кирар эдилар. У Зот капа қуришга амр қилдилар. Бас, қурилди. Рамазоннинг охирги ўнлигида эътикофни ирода қилган эдилар. Бас, Зайнаб ҳам ўзига капа қуришга амр қилди. У қурилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ундан бошқа завжалари ҳам ўзига капа қуришга амр қилдилар ва қурилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдодни ўқиб бўлгандан сўнг назар солдилар. Бирдан капаларни кўрдилар ва: «Яхшиликни ирода қиляптиларми?» дедилар. Сўнг амр қилиб, ўз капаларини йиғиштирдилар ва Рамазонда эътикоф ўтиришни тарк этдилар. Кейин Шавволнинг биринчи ўн кунлигида эътикоф ўтирдилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикоф ўтирмоқчи бўлганларида масжидлари ичига кичик капа қурдирар эдилар. Бир йили, бошқа ривоятларда айтилишича, Ойша онамиз ҳам У киши эътикоф ўтирганда, эътикоф ўтирмоқчи бўлибдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн сўраган эканлар, изн берибдилар.

Сўнг Ҳафса онамиз ҳам Ойша онамиз орқали изн сўраган эканлар, у кишига ҳам изн берибдилар. Ҳафса онамиз ҳам ўзларига капа қурдирибдилар. Зайнаб бинти Жаҳш онамиз ҳам ўзларига эътикоф ўтириш учун капа қурдириб олибдилар.

Эътикоф ўтириш бошланадиган куни Бомдод намозини ўқиб бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикоф ўтиришни бошлаш мақсадида капалари томон юзлансалар, унинг яқинида бир неча капалар турибди. Шунда: «Бу(аёл)лар яхшиликни ирода қиляптиларми?», дебдилар-да ўз капаларини йиғиштириб қўйишни буюрибдилар. Эътикоф ўтирмабдилар.

Чунки масжид ичида капа кўпайиб кетса, намозхонларга халал бериши турган гап. Бунинг устига эътикоф ўтиришдан асосий мақсадлардан бири аҳли аёлдан бутунлай ажраб, Аллоҳга ибодат қилиш. Мазкур ҳолатда эса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам учун бу мақсад ҳосил бўлмайдиган кўринган.

Учинчидан, масжидга турли одамлар кириб чиқади, агар оналаримиз капа қуриб ўтирсалар, унга кириб чиқиб турсалар, ўнғайсиз ҳолга тушишлари мумкин.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Эътикоф масжидда бўлиши. 2. Эътикоф ўтирувчи ўзига капа қуриб олса, яхши бўлиши. 3. Эътикоф Бомдоддан кейин бошланиши. 4. Баъзи фойда учун ёки ноқулайликнинг олдини олиш учун бошламоқчи бўлган ишни қолдириш мумкинлиги. 5. Узр туфайли Рамазон охирида эътикоф ўтира олмаган одам Шавволнинг бошида ўтирса ҳам бўлиши. 6. Аёл киши ўз эридан сўраб эътикоф ўтириш керак.

- عَنِ ابْنِ عُمَرَ  قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ  إِذَا اعْتَكَفَ طُرِحَ لَهُ فِرَاشُهُ أَوْ يُوضَعُ لَهُ سَرِيرُهُ وَرَاءَ أُسْطُوَانَةِ التَّوْبَةِ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ بِسَنَدٍ مُوَثَّقٍ. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон эътикоф ўтирсалар, у кишига тавба устуни ортига тўшак солиб ёки сўри қўйиб берилар эди». Ибн Можа ишончли санад ила ривоят қилган.

- قَالَتْ صَفِيَّةُ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: كَانَ رَسُولُ اللهِ  مُعْتَكِفًا فَأَتَيْتُهُ أَزُورُهُ لَيْلاً فَحَدَّثْتُهُ ثُمَّ قُمْتُ إِلَى بَيْتِي فَقَامَ مَعِيَ النَّبِيُّ  لِيَقْلِبَنِي وَكَانَ مَسْكَنُهَا فِي دَارِ أُسَامَةَ بْنِ زَيْدٍ فَمَرَّ رَجُلاَنِ مِنَ اْلأَنْصَارِ فَلَمَّا رَأَيَا النَّبِيَّ  أَسْرَعَا فَقَالَ عَلَيْهِ الصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ: عَلَى رِسْلِكُمَا إِنَّهَا صَفِيَّةُ بِنْتُ حُيَيٍّ قَالاَ: سُبْحَانَ اللهِ يَا رَسُولَ اللهِ قَالَ: إِنَّ الشَّيْطَانَ يَجْرِي مِنَ اْلإِنْسَانِ مَجْرَى الدَّمِ فَخَشِيتُ أَنْ يَقْذِفَ فِي قُلُوبِكُمَا شَيْئًا أَوْ قَالَ شَرًّا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ التِّرْمِذِيَّ. София розияллоҳу анҳо айтдиларки: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикоф ўтирган эдилар. Мен кечаси у кишининг зиёратларига келдим, бироз гаплашдим, сўнг уйим томон турдим. У киши мени кузатгани мен билан турдилар. (У кишининг уйи Усома ибн Зайднинг масканида эди). Бас, ансорийлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан тезлаб қолдилар.

Шунда у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икковингиз шошилманг, бу (аёл) София бинти Ҳуяййдир», дедилар. «Субҳаналлоҳ! Эй Аллоҳнинг Расули!» дейишди. «Албатта, шайтон инсоннинг қон юрар жойида юради. Мен у сизнинг қалбингизга бирор нарсани ёки ёмонликни отишидан қўрқдим», дедилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Эътикоф масжидда бўлиши. 2. Аёл киши кечаси бирор жойга борса жоизлиги. 3. Эътикоф ўтирган кишини хотини зиёрат қилса жоиз. 4. Эътикоф ўтирган шахс ўз зиёратчиси билан гаплашиб ўтирса мумкинлиги. 5. Эътикоф ўтирган киши ўз зиёратчисини кузатиб чиқса бўлиши.

6. Кишилар кўнглига ёмон гумон келтириши мумкин ишларда эҳтиёт бўлиш кераклиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги икки киши қоронғида аёл киши билан турганликларини кўриб, ҳар хил хаёлга бормасин деб, аёл ўз хотинлари эканлигини айтиб қўйдилар. 7. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига меҳрибонликлари. Уларга гуноҳ бўлиши мумкин нарсанинг олдини олишлари. 8. Ажабланганда «Субҳаналлоҳ» дейиш жоизлиги. 9. Шайтон инсонда қоннинг йўлида юриши, унинг иғвосидан жуда ҳам эҳтиёт бўлиш лозимлиги.

ЭЪТИКОФ УЧУН РЎЗА ШАРТМИ?

- عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ  قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ إِنِّي نَذَرْتُ فِي الْجَاهِلِيَّةِ أَنْ أَعْتَكِفَ لَيْلَةً فِي الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ فَقَالَ لَهُ النَّبِيُّ : أَوْفِ نَذْرَكَ فَاعْتَكَفَ لَيْلَةً. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен жоҳилият даврида Масжидул Ҳаромда бир кеча эътикоф ўтиришни назр қилган эдим», деди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «Назрингга вафо қил. Бир кеча эътикоф ўтир», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Жоҳилият давридаги назрга ҳам вафо қилиш керак. 2. Рўзасиз эътикофга ўтирса бўлади. Чунки кечаси рўза йўқ. 3. Масжидул Ҳаромда эътикофга ўтирса бўлади. Аммо жумҳур уламолари, жумладан, Имом Абу Ҳанифа ҳам рўзасиз эътикоф бўлмайди, дейдилар. Уларнинг далиллари келгуси ҳадиси шариф.

1355- عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهَ عَنْهَا قَالَتْ: السُّنَّةُ عَلَى الْمُعْتَكِفِ أَنْ لاَ يَعُودَ مَرِيضًا وَلاَ يَشْهَدَ جَنَازَةً وَلاَ يَمَسَّ امْرَأَةً وَلاَ يُبَاشِرَهَا وَلاَ يَخْرُجَ لِحَاجَةٍ إِلاَّ لِمَا لاَ بُدَّ مِنْهُ وَلاَ اعْتِكَافَ إِلاَّ بِصَوْمٍ وَلاَ اعْتِكَافَ إِلاَّ فِي مَسْجِدٍ جَامِعٍ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ. Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят: «Эътикоф ўтирувчи учун бемор кўргани бормаслик, аёл кишига қўл тегизмаслик ёки қучоқламаслик, зарур бўлмаган ҳожат учун чиқмаслик суннатдир. Рўзасиз эътикоф йўқ. Жомеъ масжиддан бошқа жойда эътикоф йўқ». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: Эътикофнинг суннатига хилоф иш қилган одамнинг эътикофи бузилади. Эътикоф ўтирган одамга рўза шарт, деганларга ушбу ҳадис, шарт эмас, деганларга олдинги ҳадис далилдир.

Эътикофга жомеъ масжид шарт, деганлар ушбу ҳадисни далил қилиб олганлар. Баъзилар уйдаги намозгоҳда, хусусан, аёллар эътикоф ўтирса жоиз, дейдилар.

Нажоҳ ал Ҳалабийнинг «Фиқҳул ибадат» китобида айтилишича нафл эътикоф учун рўза шарт эмас дейилади, ундан бошқалари учун шартдир.

Мавзуга оид мақолалар
  Энди бунинг имкони бор Маълумки, «Омина»Ўзбекистон муслималарига мўлжалланган ягона электрон журнал давоми...

15:48 / 15.03.2018 3812
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳий котибларидан, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан давоми...

02:40 / 13.01.2020 4092
Шайх Али Тантовий Етмиш йилдан ошибдики, мен ўқиш билан бандман. Ибн Жавзий роҳимаҳуллоҳнинг Сойдул давоми...

21:06 / 21.03.2023 1948
embedhttpswww.youtube.comwatchvRjh6jVK4etYembed

16:29 / 24.06.2017 15316