Муборак Рамазон ойида "Катта Лангар Қуръони" Россияда намойиш этилади
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Каримнинг Ер юзидаги энг мўътабар нусхалардан бири “Катта Лангар Қуръони” деб аталади. Бугунги кунда қўлёзманинг саҳифалари Санкт-Петербург, Тошкент ва Бухоро шаҳарларида, шунингдек, Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида сақланади.

Қўлёзманинг бизгача 81 саҳифаси етиб келган. Бугунги кунда у Россия Фанлар академиясининг Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади. Ушбу китобни чуқур тадқиқ этган россиялик олим, тарих фанлари доктори, профессор Ефим Анатольевич Резваннинг ёзишича, ушбу қўлёзманинг яратилиши VIII асрнинг охирги чорагида, араб грамматикаси қоидалари шаклланган даврга тўғри келади. Машҳур шарқшунос, академик И.Ю.Крачковский ўзининг “Араб қўлёзмалари устида” китобида ёзишича, бу қўлёзма 1936 йилда институт томонидан нотаниш кекса аёлдан сотиб олинган.

Мазкур қўлёзма матни сайқалланган ҳайвон териси – пергаментга битилган. Саҳифаларнинг ўртача ҳажми 52,5х34,0 см.ни ташкил этган. Матнлар араб алифбосининг энг қадимий турларидан бўлган кўфий-ҳижозий хатида битилган. Саҳифаларнинг айримлари жуда яхши сақланган, баъзиларига, айниқса, саҳифа бурчакларига жиддий зарар етган.

Қўлёзманинг чарм муқоваси XIV асрга тегишли. XVII аср ўрталарида у қайта таъмирланган. Муқова ҳамда саҳифаларни бир-бирига мустаҳкам бириктириш мақсадида араб тилидаги матнлар битилган қоғозлар ёпиштирилган. Ушбу матнларнинг асосий қисмини бироз дағалроқ шаклда, насх ва настаълиқ хатида битилган Қуръон оятлари ташкил этади.

Қўлёзманинг Санкт-Петербургда сақланаётган қисмида Қуръони Каримнинг 44 та сураси оятлари (шундан 22 таси тўлиқ) ўрин олган. Дастхатдаги фарқларга қараганда, бу қўлёзма иккита котиб томонидан кўчирилган. Китоб ҳажмининг катталигини ҳисобга олсак, уни тенг иккига бўлган ҳолда кўчиришган, деб тахмин қилиш мумкин. Кейинчалик матнга қизил сиёҳ билан тузатишлар киритилган, ўчиб кетган сўзлар ҳам худди шу рангдаги бўёқ билан қайта тикланган.

“Катта Лангар Қуръони” 2018 йилнинг 6-8 июнь кунлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ўзбекистон маданий мероси — халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” Иккинчи Халқаро Конгресси доирасида намойиш этилиши кутилмоқда. Конгресс иштирокчилари, шунингдек, “Девони Ҳусайни” (Ҳусайн Байқаро), “Қадимий халқлардан қолган ёдгорликлар” (Беруний) ҳамда Огаҳий, Бедил, Ҳофиз Шерозий каби кўплаб муаллифларнинг қўлёзмаларини ҳам кўришлари мумкин бўлади.

ЎзЭОАВМА ахборот хизмати

Мавзуга оид мақолалар
Тамим ибн Авс Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар Дин бу, давоми...

19:35 / 27.10.2016 6097
Аёлларга хос фиқҳий масалалар Соч бўяшда фойдаланиладиган воситалар турли рангларда бўлиб, аёллар уни давоми...

21:00 / 23.12.2019 4004
Ҳидоят Мухбир ғарблик бир мусулмондан «Сиз қандай қилиб мусулмон бўлгансиз» деб сўради. У шундай ҳикоя давоми...

21:00 / 21.12.2019 3129
АЁЛЛАРНИНГ ЗЕРИКИШИ ҲАҚИДА ЎЙЛАР Давоми   Аллоҳ таоло одамларни мақсадсиз ҳаёт тарзи учун яратмаган. Биз давоми...

15:56 / 10.04.2017 5884