Мусҳаф нега тугаб қолди?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Юртимизда Қуръон тиловати мусобақаси давом этаётган кунларда яна бир қувончли ҳодиса рўй берди: Ўзбекистон тарихида биринчи бор Мусҳафи шариф чоп этилди ва куни кеча сотувга чиқди. Бу хайрли иш «Ҳилол-нашр» нашриёти томонидан амалга оширилди. Ушбу ҳодиса мамлакатимизда энг оламшумул янгиликлардан бири бўлди.

Шу ўринда бу муборак ҳаракатни бундан беш-олти йил аввал шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бошлаб берганларини айтиб ўтмоғимиз керак. Холис ният билан бошланган иш алал-оқибат ўз самарасини берди. Афсуски, Ҳазратнинг ўзлари орзулари амалга ошганини кўра олмадилар. Аммо мазкур хайрли ишларни у кишининг ворислари, хусусан, Исмоил Муҳаммад Юсуф ва бир қанча шогирдлари давом эттирмоқдалар.

«Ҳилол-нашр» нашриёти янги Мусҳафни «Дорус-салом» нашриётининг расмий рухсати ва аслий нусхаси асосида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда чоп этишга мушарраф бўлди. Ушбу Мусҳафи шариф тобеъин Ҳафс ибн Сулаймон ибн Муғийра ал-Асадий ал-Кўфий Осим ибн Абун-Нажуд ал-Кўфийдан ривоят қилган, у Абу Абдурраҳмон Абдуллоҳ ибн Ҳабиб Суламийдан, у эса Усмон ибн Аффон, Алий ибн Абу Толиб, Зайд ибн Собит ва Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳумдан, улар эса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл этган қироатга мувофиқ тарзда ёзилган ва белгилар қўйилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг ушбу мусҳафни узлуксиз нашр этилишини ваъда қилганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Демак, Аллоҳ хоҳласа, Қуръони Каримни келгусида худди шу нарх ва шу сифатда харид қилишимиз мумкин.

Нашриёт директори Абдулвоҳид Саттиевнинг таъкидлашича, бундан буён ҳар икки ярим ойда Мусҳафи шариф 10.000 нусхадан чоп этилаверади.  

Маълумотларга кўра, Дин ишлари бўйича қўмита Мусҳаф нашрининг ададини 50.000 та нусха деб белгилаган. Нашриёт томонидан ушбу ададнинг дастлабки 10.000 та нусхаси чоп этилди ва илк сотувга чиққан куни – 28 мартнинг ўзидаёқ сотиб бўлинди. Мусҳафи шарифлар «Ҳилол-нашр» нашриётининг еттита дўкон филиалларига, шунингдек, вилоятлардаги ҳамкор китоб дўконларига ўз нархида сотиш шарти билан тарқатилган.

Мусҳафлар барча дўконларда бир хил нарх – 31.000 сўмдан сотилди. Уни харид қилиш учун узоқ-яқиндан келган тумонат одамни тарих ҳали кўрмаган десак бўлаверади. Аллоҳнинг каломига бўлган муҳаббат сабабли ҳар ким ўз навбатини хотиржам кутиб тургани алоҳида таҳсинга сазовордир. Чунки маказий савдо мажмуамизга 3000 дан ошиқ одам Мусҳаф сотиб оламан деб, эрта тонгдан келган ва бу қадар узун навбатни кўриб, ҳеч ким кетиб қолмаган...

Абдулвоҳид Саттиевнинг айтишича, келгусида Мусҳафи шарифни чоп этиш учун алоҳида босмахона мажмуаси қурилиб, махсус ускуналар билан жиҳозланади. Унда ҳар хил бичимдаги ва турли рангдаги катта-кичик Мусҳафи шарифлар нашр этилади, иншааллоҳ.

– Мусҳафлар интернет ва почта орқали ҳам сотилди, – дея хабар беради биз билан суҳбатда нашриёт директори. – Бунда Мусҳафнинг нархи манзилга етказиб бериш хизмати билан бирга 41.000 сўмни ташкил этди.

Абдулвоҳид Саттиевнинг изоҳ беришича, бир манзилдан келган икки сўровнинг бири рад қилинган. Чунки бу буюртмаларда исм-фамилия ҳар хил бўлса-да, битта манзил кўрсатилган.

У кишининг эътироф этишича, бундай кенг кўламли китоб савдоси ҳали нашриёт тарихида кузатилмаган эди. «Китоб дўконидаги ўнта ходим эрталабдан то асргача тиним билмадик», дейди суҳбат давомида нашриёт директори.

Кўпгина ижтимой тармоқлар бу тарихий воқеани ёритишар экан, дўконлар олдида узун навбат юзага келганини ҳам алоҳида баён қилишган.

Харидор Маҳфуза Шамсиддинова шундай дейди: «Эрталаб соат 8:00 да дўконга келдим ва 398-рақам билан навбатга ёзилдим. Китобни олиб кетаётиб қараганимда, ортимда ҳали минглаб одамлар бор эди».

Нашриёт ходимларидан бирининг гапириб беришича, Мусҳафни биринчи сотиб олган харидор қўлида Аллоҳнинг Китобини баланд кўтариб, дўкондан чиқар экан, ташқарида тўпланганлар уни олқишлар билан кузатиб қўйишган...

Шунингдек, баъзи бир харидорларнинг эътирозларига жавобан шуни алоҳида таъкидлаб айтишимиз лозимки, Мусҳафдан имкон қадар ҳамма баҳраманд бўлиши учун бир кишига битта донадан сотилиши аввалдан эълон қилинган. Сотувчилар ҳам, нашриётнинг бошқа барча ходимлари ҳам харидорларни кўп куттириб қўймаслик учун қўллари қўлларига тегмай, тезлик билан ишлашга ҳаракат қилишди.

Бир манбада Қуръони Карим дунёда энг кўп сотиладиган китоб эканини ўқиган эдим. Ваҳоланки, мусулмонлар дунё аҳолисининг учдан бир қисмини ташкил қилади. Кечаги унутилмас воқеани ҳам Яратганнинг бир мўъжизаси деб баҳолайман. Бунинг устига, Қуръон қироати мусобақаси билан Мусҳафнинг чоп этилиш ва тарқатилиш саналари деярли бир даврга тўғри келгани ҳам диққатга сазовордир.

2018 йил Ўзбекистонда Аллоҳ таолонинг каломи улуғланган йил бўлди десак, муболаға бўлмайди. Аввало, йил бошида Қуръон қироати мусобақасининг туман ва вилоят босқичлари бўлиб ўтганини эсламасликнинг иложи йўқ. Бу муборак беллашув сабаб минглаб қори ва қорияларимиз юзага чиқди, Аллоҳнинг каломини севганлар уни баралла ўқидилар, Қуръонни билмаганлар «билдилар», уни ўрганишга ҳамда тушунишга ҳаракатлар бошланди.

Президентимиз айтганларидек, Қуръонни эшитсак ва эшиттира олсак, элимизга нур ёғилади. Бу борада «Ҳилол-нашр» нашриёти ҳам ўз хизматлари билан бу улуғ ишга ҳисса қўшмоқда, иншааллоҳ.

«muslimaat.uz»

   
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло  «Уларни ўз оталари номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир. Агар давоми...

20:42 / 17.11.2016 4587
Ғусл ҳақида «Ғусл» сўзи луғатда «Бирор нарсанинг устидан сув оқизиш» деган маънони англатади. Шариатда эса давоми...

15:31 / 20.02.2017 5298
«Барр» сифати «бирр» сўзидан олинган бўлиб, яхшиликнинг барча турларини ўз ичига олгандир. Уламолар давоми...

15:18 / 17.11.2016 4701
Агарчи, сенсизин сабр айламак, эй ёр, мушкулдур, Сенинг бирла чиқишмоғлиқ доғи бисёр мушкулдур. Мизожинг давоми...

20:44 / 17.02.2017 3336