Динй қадриятлар ва эътиқод эркинлиги бўйича минтақавий халқаро шартномалар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Диний қадриятлар ва эътиқод эркинлиги бўйича минтақавий халқаро шартномалар

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус Ислом билим юрти

3-курс талабаси Комилжонова Розия

 Дин кишиларни ҳамиша яхшилик ва эзгу ишларга чорлаган. Жумладан, ота-боболаримизнинг муқаддас эътиқоди бўлган Ислом дини ҳам юксак инсоний фазилатларнинг шаклланишига хизмат қилган. У туфайли халқимиз минг йиллар мобайнида бой маънавияти ва мероси, ўзлигини омон сақлаб келди. Шу нуқтаи назардан қараганда, одамларнинг эътиқоди ва диний ҳиссиётларидан фойдаланиб, экстремистлар ва террорчилар томонидан Ислом байроғи остида содир этилаётган жиноятлар уларнинг асл қиёфасини намоён этмоқда, дейиш мумкин. Айни пайтда бундай жараёнлар кишиларни доимий огоҳ бўлишга, ҳақиқий диний қадриятларни уларнинг сохта ва ғаразли талқинларидан фарқлашга ёрдам берадиган билимларни эгаллашга ундайди.

Эътиқод (арабча «иътақада» феълидан олинган) ишонч, иймонли бўлиш маъноларини англатади. Кенг маънода эътиқод инсон фаолияти учун маънавий асос, йўл-йўриқ ва мўлжал бўлиб хизмат қилади. У ақл, ҳис, ирода воситасида англанган билим, ғоя ва шу асосда шаклланадиган мақсадлар мажмуини ҳамда уларнинг тўғрилигига ишонч билан боғлиқ бўлган руҳий ҳолатни ифодалайди. Билим ва ғоялар инсоннинг ҳам ақли, ҳам қалби билан ўзлаштириб олинганидагина эътиқодга айланади. Умуман олганда, эътиқод шахс, гуруҳ ва оммани жипслаштирувчи, одамларни ижтимоий ҳаётнинг фаол аъзосига айлантирувчи омил ҳисобланади.

Эътиқод инсон вояга етиши билан боғлиқ ҳолда тўпланган билимлар, ўзига хос эҳтиёж ва манфаатлар, ҳаётий тажриба асосида шаклланиб, мустаҳкамланиб боради, шунингдек, шахс фаолиятининг изчил, мантиқий ҳамда мақсадли бўлишига олиб келади.

Дин ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига бағишланган ҳужжатларнинг иккинчи гуруҳини инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий шартномалар ташкил этади. Инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи минтақавий ташкилотлар қаторида Европа Кенгаши, ЕХҲТ, Америка давлатлари ташкилоти, Африка Иттифоқи, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби тузилмаларни санаш мумкин.

Дин ва эътиқод эркинлигини ҳимоя қилувчи стандартларни ўрнатувчи минтақавий халқаро шартномалар қаторида «Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича Европа Конвенцияси» алоҳида ўринни эгаллайди. Мазкур Конвенциянинг дин ёки эътиқод эркинлигига тааллуқли ҳал қилувчи қоидалари қайд этилган 9-моддаси ушбу Конвенциядан бироз кейин ишлаб чиқилган Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясига ҳамоҳангдир:

  1. Ҳар ким фикрлаш, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ўз дини ёки эътиқодини ўзгартириш эркинлигини, ибодат қилиш, ўқиш, диний амаллар ҳамда маросимларни ўз дини эътиқодига мос равишда якка тартибда ёки бошқалар билан биргалиқда, оммавий ё хусусий тартибда бажариш эркинлигини ҳам қамраб олади.
  2. Ўз дини ёки ўз эътиқодига амал қилиш эркинлиги қонунда белгилаб қўйилган, демократик жамиятда жамоат хавфсизлиги манфаатларини кўзлаб, жамоат тартиби, саломатлик ёки ахлоқни муҳофаза қилиш ёхуд бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган даражада чекланиши мумкин.

9-модданинг биринчи банди «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси» 18-моддасига айнан мос келади. Иккинчи банд эса ФСҲХПнинг 18-моддасида белгилаб қўйилган чекловларга амалда мос келади, бундай зарурат талаби «демократик жамиятда» сўзлари билан кучайтирилгани истисно, холос. Амалиётда «демократик жамиятдаги зарурат» дин эркинлиги ҳуқуқи соҳасида йўл қўйилиши мумкин бўлган асосларни жиддий равишда чеклашга хизмат қилади. Бошқа халқаро ҳужжатларда бўлганидек, диний ҳаётнинг жамоавий жиҳатларини ҳимоя қилишнинг аҳамияти алоҳида таъкидланади.

Конвенция юзасидан қабул қилинган 1-Баённомада (Париж, 1952 йил 20 март) «Ҳеч кимнинг таълим олиш ҳуқуқи рад этилиши мумкин эмас. Давлат маориф ва таълим соҳасида ўз зиммасига олган ҳар қандай вазифани бажаришда ота-оналарнинг ўз диний ва фалсафий эътиқодларига мувофиқ болаларига таълим-тарбия бериш ҳуқуқини ҳурмат қилади», деган қоида белгилаб қўйилган. «Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича Якунловчи акт»да (Хельсинки, 1975 йил 1 август) иштирокчи давлатларнинг «Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари, шу жумладан, ирқи, жинси, тили ва динидан қатъи назар, фикрлаш, виждон, дин ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқини ҳурмат қилиши» юзасидан сиёсий мажбуриятлари мустаҳкамлаб қўйилган. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича Кенгаш иштирокчилари бўлган давлатларнинг Вена учрашуви Якунловчи ҳужжати (Вена, 1989 йил 15 январь) иштирокчи давлатлар «инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини, шу жумладан, барча учун, ирқи, жинси, тили ва динини фарқламасдан фикрлаш, виждон, дин ва эътиқод эркинлигини ҳурмат қилиши»ни тасдиқлайди. Ушбу ҳужжатнинг 16-бандида шахснинг дин ёки эътиқодга амал қилиш эркинлигини таъминлаш мақсадида иштирокчи давлатлар бошқа масалалар қаторида шахслар ёки уюшмаларнинг дин ва эътиқод асосида камситилишларининг олдини олиш ҳамда йўқотиш учун самарали чоралар кўриш, бу ижтимоий-маданий ҳаётнинг барча соҳаларида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини эътироф этиш, амалга ошириш ҳамда диндорлар ва динга эътиқод қилмаганлар ўртасида ҳақиқий тенгликни таъминлаш орқали амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Шу билан бирга, ҳар кимнинг танлаган тилида якка ўзи ёки бошқалар билан биргалиқда диний таълим бериш ва олиш ҳамда мазкур тамойил асосида бошқа масалалар қаторида ота-оналарнинг ўз эътиқодларига мувофиқ равишда болаларига диний ва маънавий таълим беришни таъминлаш эркинлигини ҳурмат қилиш билан боғлиқ тамойиллар қайд этилган.

Юқорида қайд этилган ва бошқа халқаро ҳужжатлар давлат билан дин ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг халқаро стандартларини белгилаб беради.

 

   
Мавзуга оид мақолалар
Тунда смартфондан фойдаланиш семизликни келтириб чиқарадиРоссиянинг Тюмень тиббиёт университети олимлари давоми...

02:12 / 06-fevral 3986
Тамаки чекиш энг ёмон иллатлардан бири ҳисобланади. Тамакининг тутуни нафақат чекувчини, балки давоми...

20:09 / 09.01.2017 4637
Соғлом, қуюқ, ипакдек майин ва жилвакор сочлар ҳамиша аёл саломатлиги ва гўзаллигининг тимсоли бўлиб давоми...

18:28 / 14.12.2016 11653
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Бизни Рамазонга соғсаломат етказган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога чексиз давоми...

08:07 / 26.12.2016 3522