Жаннатда қариндошлик алоқалари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон жаннат ҳақида ўйлар экан, яқин қариндошлик алоқалари қандай бўлишини ҳар доим ҳам тасаввур қила олмайди.

Жаннатда ҳам қариндошлик алоқари бўлади. Бунга муқаддас китобимиз Қуръони Каримда шундай далил келтирилади:

“Айнан ўшалар учун дунё оқибати (жаннат) бордир.

(У) абадийлик боғлари бўлиб, (улар) у жойларга ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан иборат солиҳ (банда)лар билан бирга кирурлар(Раъд сураси, 22–23-оятлар).

Аллоҳ таборак ва таоло фаришталарнинг Унга тақводорлар ҳақида қандай дуо қилишларини баён қилиб, шундай дейди:

“Парвардигоро, уларни ҳам, уларнинг ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётлари орасидаги солиҳ бўлган кишиларни ҳам Ўзинг уларга ваъда қилган мангу (жаннат) боғларига дохил қилгин! Албатта, Сен Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли Зот)дирсан” (Ғофир сураси, 8-оят).

Яна бир оятда марҳамат қилинади:

“Ўзингиз ҳам, хотинларингиз ҳам мамнунлик ҳолларингизда жаннатга кирингиз!” (Зуҳруф сураси, 70-оятлар.)

Шу ҳолатда қариндошлик алоқалари жаннатда ҳам давом этади. Фақат бунинг учун уларнинг барчалари мусулмон ҳолатда вафот этишлари лозим.

Яна бирида шундай дейилади:

“Ўзлари иймон келтириб, зурриётлари ҳам уларга иймон билан эргашган зотларга (ўша) зурриётларини ҳам қўшамиз. Уларга қилган амалларидан бирор нарсани камайтирмаймиз. Ҳар бир кимса ўзи қилган иши билан гаровлангандир” (Тур сураси, 21-оят).

Келтирилган охирги оятга эътиборимизни қаратсак. Хўш, кишилар ўзларининг яқинлари билан жаннатдаги даражалари турли хил бўлса ҳам, бирга бўла оладиларми?

Оятнинг тафсирида уламолар ихтилоф қилишган. Баъзилари Аллоҳ таоло раҳмати билан сийласа, оила аъзолари орасида қай бирининг даражаси юқори бўлса, қолганларини ҳам унинг даражасига кўтаради, дейдилар. Баъзилар эса бу оятда вояга етмаган, ёшлигида вафот этган болалар ҳақида сўз кетмоқда, деганлар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло жаннатда тақводор бандасининг кўзлари қувнаши ва роҳатланиши учун авлодларини унинг даражасига кўтариб қўяди. Ҳаттоки улар ундан кўра кам ибодат ва яхшиликлар қилган бўлсалар ҳам”, дедилар ва Тур сурасидаги юқорида ўтган оятни ўқидилар (Баззор ривояти).

Лекин уламолар ушбу сўзлар ҳадис ёки Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг сўзлари эканида ихтилоф қилганлар.

Ҳофиз ибн Касир айтадиларки, Аллоҳ таборака ва таоло деди:

(У) абадийлик боғлари бўлиб, (улар) у жойларга ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан иборат солиҳ (банда)лар билан бирга кирурлар(Раъд сураси, 23-оят).

Яъни, Аллоҳ жаннат боғларида уларни (иймон келтирган ва тақводорлар орасидаги муносибларини) кўзлари қувнаши учун ўзлари яхши кўрадиган ота-боболари, жуфтлари ва болалари билан бирга қилади.

Бунинг устига инсон Аллоҳ таолонинг раҳмати сабабидан юқори даражани эгаллаган кишининг мартабасини туширмаган ҳолда жанатнинг паст даражасидан юқори даражасигача кўтарилиши мумкин.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:

“Ўзлари иймон келтириб, зурриётлари ҳам уларга иймон билан эргашган зотларга (ўша) зурриётларини ҳам қўшамиз(Тур сураси, 21-оят).

Иншааллоҳ, Аллоҳ таборака ва таоло шундай қиладики, жаннатийлар маҳзун бўлмайдилар ёки шундай қиладики, жаннатдаги бахтлилар дўзах аҳлидан бўлган яқинларини унутадилар. Ахир жаннатда хафалик ва маҳзунлик бўлмайди-ку!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қиёмат кунида Иброҳим алайҳиссалом оталари Озарни юзлари чанг ва хафалигидан қорайиб кетган ҳолда учратадилар. Унга “Сизга менга эътироз билдирманг, қарши чиқманг, деб айтмаганмидим?” дейдилар. Оталари: “Бугун сенга бўйсунаман”, дейди. Шунда Иброҳим алайҳиссалом нидо қиладилар: “Эй Яратган Эгам, дарҳақиқат, Сен менга бандаларинг қайта тириладиган кун – қиёматда мени шарманда қилмасликка ваъда бергандинг. Лекин бугун менга отамнинг узоқдалигидан кўра шармандалироқ нарса борми?” Шунда Аллоҳ таоло: “Ҳақиқатдан ҳам Мен жаннатни иймон келтирмаганлар – кофирлар учун ҳаром қилдим”, дейди. Сўнг у кишига “Эй Иброҳим, оёғинг остидаги нима?” деб айтилади. У киши оёқлари остига қараганларида оёғидан ушлаб дўзах оловига отилаётган сиртлоннинг сачраган қонини кўрадилар” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳадиснинг бошқа бир кўринишида келтирилишича, “Шундан сўнг Аллоҳ таоло у кишидан “Эй бандам, бу сенинг отангми?” деб сўрайди. Бу саволга Иброҳим алайҳиссалом: “Сенинг буюклигинг билан қасам ичаманки, йўқ, бу менинг отам эмас”, дея жавоб берадилар” (Ҳаким ривояти).

Баззорнинг келтирган ривоятларида эса бундай дейилади: “Шундан сўнг унга қараб Иброҳим алайҳиссалом: “Мен сени танимайман”, дейдилар”.

Ҳофиз ал-Ҳайсамий юқорида ҳадис келтирган барча ровийларни ишончли, деганлар.

Аллоҳ таолодан қариндош-уруғларимиз ҳамда яқинларимиз билан Ўз дини ва тўғри йўлида осойишта ҳаёт кечиришимизни, жаннатда бизларни бирлаштиришини сўраб дуо қиламиз…

Адолат Каримжон қизи

Мавзуга оид мақолалар
ХХ аср охирида турли мамлакат олимлари узоқ яшаш рецептларини астойдил излай бошладилар. Узоқ муддат давоми...

18:53 / 11.03.2019 3735
   Жорий йилнинг 26 апрель куни Тошкент шаҳридаги «Хўжа Аламбардор» жомеъ масжидида Ўзбекистон мусулмонлари давоми...

20:52 / 26.04.2017 4002
Шу йилнинг 14 ноябрь куни шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жомеъ масжиди мажлислар залида отинойилар давоми...

14:12 / 15.11.2019 4093