Мактублар 10. Снайпер келин-тўққизинчи мактуб
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“СНАЙПЕР” КЕЛИН

(Тўққизинчи мактуб)

Дунёда гўдакнинг чулдирашидан кўра тантаналироқ мадҳия йўқ!

Виктор ГЮГО

Ассалому алайкум, қадрли адажонимиз! Энг аввало соғлиқларингизни сўрайман. Сабаби, саломатликнинг қадрини соғлигини йўқотган одамгина биларкан. Туғруқхонага келтирилаётган баъзи хаста аёлларни кўриб, кўнглимдан саломат юрганимизнинг ўзи бир давлат экан, деган хаёл ўтади. Соғ-омон юрибсизми? Ишларингиз жойидами? Оиламизнинг барча аъзолари саломатми?  Мендан сўрасангиз, раҳмат! Сизнинг ва туғилажак фарзандимизнинг ҳаққига дуо қилиб, кунни ўтказяпман. Нега мени дуо қиласан, деяпсизми? Сиздек меҳрибон умр йўлдошим бўлмаганида, мен шундай тинч ва хотиржам муолажа олиб ётишим мумкинмиди? Бахтимга, бахтимизга доимо омон бўлинг! Бу ерда э-ҳе, қанақанги одамларнию, қанақа воқеаларни кўрмаяпмиз. “Бирни кўриб, фикр, бирни кўриб, шукр қил!” деб бежизга айтилмаган экан-да. Шундай бўлгач, сизни дуо қилмай, яна кимни дуо қилай?.. Сизга росаям қизиқ битта воқеани айтиб берайми? Фақат илтимос, мактубни ўқиётган пайтингиз ёнингизда ва атрофингизда ҳеч ким бўлмасин. Яхшиси, уйнинг ичига кириб ўқий қолинг. Негалигини ўқигач, билиб оласиз!  Уч кун аввал ёшгина келин келган эди. Иккинчи фарзанди экан. Биринчи фарзандида дўхтирларнинг айби билан жарроҳлик нотўғри қилингани боис, шўрлик бу галги туғруқда роса қийналибди. Ўтган кун бизнинг ёнимиздаги палатага жойлаштиришди. Ҳаммамиз чиқиб, ҳол-аҳвол сўрадик, кўнглини кўтардик. Наркознинг таъсирими билмайман, ёки дўхтирлардан кимдир асабини бузганми, ишқилиб, бор аламини бир бечорадан олди. У “бечора” ҳам бегона эмас, ўзининг эри. У нима деганинг, деб ажабланяпсизми? Келинг, яхшиси бир бошидан айтиб бера қолай. Хуллас, кеча кечки пайт зерикиб ўтирсам, пастдан кимдир “Заҳро-о!” деётгандек туюлди менга. Деразага яқинлашдим. Яхшигина кийинган, кўринишидан беозорлиги билиниб турган бир йигитга кўзим тушди. Фақат у бизнинг эмас, ёнимиздаги палатанинг деразасига қараб турарди.  Яна чақирди: “Шаҳло-о-о!”  Бу ўша, ўтган кун бизга қўшни бўлган келинчакнинг турмуш ўртоғи эканини фаҳмладим. Мени чақирмаётган экан, эр-хотиннинг суҳбатини тинглаб ўтиришим одобдан бўлмас, деб ўйлаб, энди ўзимни ичкарига олаётган эдим ҳамки, бир маҳал деразадан яшин тезлигида алланарса учиб чиқди. Кўзларимни юмиб-очгунча вақт ўтмай, учиб чиққан нарса “қарс” этиб, пастда турган йигитнинг қоқ пешанасига тегди-да, “гурс” этиб ерга тушиб, думалаб кетди. Адашмасам, нима бўлаётганини йигитнинг ўзиям билолмай қолди, чоғи. Икки-уч лаҳза хаёлини жамлаёлмай, карахт туриб қолди. Яхшиям, баклажка ярим литрлик экан. Бўлмаса, шўрликнинг боши ёрилиши аниқ эди. Сўнг тепадан овоз эшитилди: “Сизни кўришга кўзим йўқ! Энди келдийизми? Овқатийизни бошийизга уринг! Бошқа келманг! Мен бу ерда ўлим билан олишиб ётсам-у, сиз вақтида хабар олишгаям ярамасайиз!..” Ортидан йиғи эшитилди. Йигитни хижолатга солмаслик учун дарҳол ўзимни ичкарига олдим. Яхшиям, у мени кўрмади... “Ишқилиб, бошқа деразалардан ҳам ҳеч ким қараб турмаган бўлсин-да! Йўқса, эркак боши билан изза бўлади”, деган ўй кечди хаёлимдан. Мени ҳайратга солган нарса, икки кунгина аввал ниҳоятда қийинчилик билан фарзанд дунёга келтирган нозиккина аёлнинг, иккинчи қаватдан туриб минерал сув тўла баклажка билан пастда турган эрининг пешанасини аниқ мўлжалга олгани эди!  “Снайпер” бўлиб кет-э-э!” деганча ҳанг-манг бўлиб қолдим. Нима бўлди? Ўзингизни кулгидан тўхтатолмай қолдингизми? Ишқилиб, кўчада эмасмидингиз? Кеча мен ҳам роса кулганман. Ҳатто кўзларимдан ёш чиқиб кетган. Ҳам кулиб, ҳам йиғлаётганимни кўрган палатадошларим нима бўлаётганини тушунолмай қолди. Нега кулаётганимни уларга айтай десам, ҳаммаси деразага ёпирилишидан қўрқаман, айтмай десам, “йиғлаётганим” учун хавотирга тушишган. Бир амаллаб уларни чалғитишга эришдим.  Лекин асло йигитнинг устидан кулганим йўқ. Чунки унинг ҳеч қандай айби йўқ. Айб – Шаҳлони биринчи туғруғида хатога йўл қўйган “қассоб”, узр, “жарроҳ” демоқчи эдим, дўхтирларда! Шаҳло ўшанда аслида нима бўлганини ва нега иккинчи туғруқ қийин кечганининг сабабини менга батафсил айтиб берди.  Бугун эрталабдан унинг кўнглини кўтариш учун ёнига кирдим. Хайрият, кечагидан анча тинчланиб қолибди. Яхшиям кирибман, қаттиқ сиқилиб ўтирган экан.  Менга: “Заҳро опа, кеча мен жуда ёмон иш қилиб қўйдим... Турмуш ўртоғимни ҳамманинг олдида шарманда қилдим. Қандай қилиб қўлимдаги баклажкани ирғитворганимни ўзим ҳам билмай қолдим. Бориб-бориб, қуриб кетгур баклажкаям эримнинг қоқ пешанасига урилиб турибди-да!.. Умримда эримнинг кўзига тик қарамаган эдим. Турмуш ўртоғим жудаям олижаноб инсон. Мен уларни қаттиқ ҳурмат қилардим. Охирги пайтда ўзимга нималар бўляпти, билмайман. Биринчи фарзандимни туққанимдан кейин ғазабимни жиловлаёлмайдиган бўлиб қолганман. Сабаби, жарроҳликда хатолик кетгани сабаб, эртасига яна қайта жарроҳлик хонасига олинганман. Икки кунда иккита жарроҳлик, икки марта катта дозада юборилган наркоз мени нима қилса-қилган! Бошқаларга жиззакилик қилардим-у, аммо айнан эримга нисбатан жаҳл қиламан, деб сираям ўйламагандим.  Аслида, туққан куним шўрлик турмуш ўртоғим ёнимдан бир қадам нари кетмаган, дўхтирлар нима деса, ҳаммасини муҳайё қилган эди... Энди кўзларига қандай қарайман?..” дея пушаймонлигини билдирди.  У сўзларкан, кечаги ҳолат худди кинотасмадай бутун тафсилоти билан кўз олдимдан ўтмоқда эди. Мен эса уни баттар хижолатга солмаслик учун атай, ўзимни кечаги воқеадан бехабардек кўрсатдим. Кулиб юборсам, у нима деб ўйлайди? “Келиб-келиб сенга дардимни айтиб ўтирибманми?” демайдими? Сўнг бир амаллаб ўзимни қўлга олдим-да, бугуноқ, то турмуш ўртоғи келгунга қадар икки энлик чиройли хат ёзиб, кечаги ҳаракати учун кечирим сўрашини маслаҳат бердим. Чунки эркак кишилар иродали бўлганлари билан улардаям кўнгил бор! Кўнгилни эса гулдан-да нозик эканини биламан... Ёки шаффоф биллур идишга ўхшатаман. Салгина эҳтиётсизлик биллурни не кўйга солишини ҳам яхши биламан!..  Бу тавсиям унга жудаям маъқул келди, фақат бир ўзи уддалай олмаслигини айтиб, мендан ёрдам сўради. Мен “йўқ”, дермидим? Ахир, туғруқхонанинг “масъул котиби”га айланган бўлсам! Биргалашиб мактуб ёзишга тушдик: “Ассалому алайкум, адаси! Энг аввало кечаги адабсизлигим учун узр сўрайман. Кечирасизми? Ишқилиб, пешанангиз ғурра бўлмадими? Кейинги пайтларда мен ўзимни таниёлмай қоляпман... Ойижон, адажон, укаларим, сингилларим ҳамма соғ-саломатми? Ўғилчамиз-чи? Бувижони билан буважонини роса қийнаётгандир? Ҳам иш, ҳам мендан хабар олиш, ҳам боланинг инжиқлигини кўтариш сизни анча толиқтириб қўйгандир?  ...Кеча келтирган овқатингиз жудаям мазали экан. Сиздан бошқа одам хотини мен сингари хурмача қилиқ қилса, ё келтирган нарсаларини қайтариб кетган, ёки хафа бўлганини изҳор қилган бўлармиди? Кечаги қайсарлигимнинг сабаби, қорним жудаям очиб кетган эди... Палатадошларим кечки овқатга таклиф қилишсаям унамай, атай сизни кутаётган эдим. Сиз ишдан кейин келишингизни била туриб, сабрсизлик қилдим. Шунча ёмонлик қилсам ҳам яхшиликда давом этаверасиз-а?.. Ҳатто кеча бир оғиз ёмон гап айтмасдан жимгина кетдингиз-а?.. Худди шу нарса сизга бўлган ҳурматимни минг чандон оширди. Сиздан бир умр миннатдорман. Ҳаққингизга дуодаман... Бахтимизга омон бўлинг!.. Кечиримингизга нолойиқ рафиқангиз – Шаҳло”.

* * *

Мактуб ёза-ёза, туғруқхонадаги ҳолатларни кузата-кузата, ишқилиб, Эркюль Пуарога ўхшаб “изқувар” бўлиб кетмасам эди! Маза қилиб кулиб олган бўлсангиз, энди қўлингизга дастрўмолингизни олишингизга тўғри келади. Чунки ҳозир мен сизга айтиб берадиган воқеа виждони уйғоқ ҳар қандай одамнинг кўзига ёш келтирмасдан қўймайди... Палатамизга янги келган Моҳигул исмли аёл менга бир даҳшатли воқеани айтиб берди. Тўғрироғи, ўзим сўраб, билиб олдим. Қўшниси уч-тўрт ёшлардаги ўғилчаси уни кўргани келган экан. Болага: “Мени кўргани келдингми, Ўлмасбек! Айланай, тойчоғимдан!” деганини эшитиб қолдим. Меҳмонлари кетгач: “Қўшнингиз ўғлига нега Ўлмасбек деб исм қўйган?” дея сўрадим. Моҳигул эса бир бошидан сўзлаб берди.  Тўлғоқ бошлангач, қўшнисини туғруқхонага олиб боришибди. Тонгга яқин бир паллада гўдак дунёга келибди. Ўғил бола экан. Туғдирган дўхтирлар: “Афсус. Бола қорнингизда ўлиб қолган экан. Йиғламай туғилганидан қўрқиб турувдик, ўйлаганимиздек бўлди...” дейишибди-да, ҳализамон ўликхонага олишларини билдиришибди. Салгина аввал қорнида типирчилаб турган боласидан айрилиб қолганидан ҳушини йўқотаёзган онаизор жон ҳолатда деразанинг ортида турган эрини чақирибди ва: “Мурғаккина боламни совуқ ўликхонада кўргандан кўра, ўзингиз олиб бориб тупроққа қўя қолинг!” дея фарёд чекканча чойшабга ўраб, гўдакни дераза оша отасига топширибди. Йиғидан кўзлари қизариб кетган ота тонг саҳар қўни-қўшниларини воқеадан хабардор қилиб, жанозага тайёргарликда ёрдам беришларини сўрабди.  Болани ювишаётган пайт аёллардан бирининг кўзи гўдак бурнидан оқиб тушган бир томчи қонга тушибди-ю, отасини чақирибди. Жонҳолатда шифохонага қараб югурибдилар. Жонлантириш бўлимида текшириб кўрилгач, унинг тирик экани маълум бўлибди! Дарҳол керакли муолажалар бошланибди...  Онаизорнинг ақлли қарори сабаб ҳаёти сақланиб қолган ана шу гўдакка Ўлмасбек дея исм қўйибдилар. Жаноза байрамга айланибди. Ҳозирда уч ёшни тўлдириб, тўртга қадам қўйган экан. Уни қўшниларининг ҳаммаси ўз болаларидек яхши кўрар эмиш. Менга қолса, унга Ўлмасбек деб эмас, Шукруллоҳ деб исм қўйган бўлардим... Кўз олдимдан унинг кулиб турган чиройли чеҳраси кетмай қолди... Илоё, умри узоқ бўлсин! Йиғлаяпсизми? Мен ҳам йиғлаяпман...

Ер юзида гўдакларнинг чулдирашидан иборат буюк мадҳиялар асло тинмаслигини орзулаб:

ЗАҲРО 2012 йил.

Мавзуга оид мақолалар
Статистикага кўра, дунё бўйича ҳар 100 минг кишидан 16 таси ўз жонига қасд қилиш туфайли вафот этади. Яъни ҳар 40 давоми...

06:32 / 18.11.2020 2525
embedhttpswww.youtube.comwatchvXRhAaXE8MDgfeatureyoutu.beembed

15:17 / 10.05.2018 3318
  12 июнда Канаданинг Торонто шаҳрида биринчи марта Ҳалол Таомлар Фестивали « HALAL FOOD FЕST» бўлиб ўтади. Унда давоми...

18:51 / 21.12.2016 4181
Ҳаром. Шариат тарк қилишни шубҳасиз, қатъий далилга суяниб, жазм ила талаб қилган нарса давоми...

12:30 / 21.04.2017 3206