ҲАЙИТ ТОҒОРАЛАРИ МОЖАРОЛАРИ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ҲАЙИТ ТОҒОРАЛАРИ МОЖАРОЛАРИ

1-қисм

Бугун ёшларнинг турмушлари бузилишида келин-куёвларни бир четга қўйиб, назарни катталарга қаратайлик. Нима учун? Сабаб ўзаро муносабатларда кибр, манманлик, қайсарлик, аразлаш, «Менгина ҳақман!» дейиш, жиззакилик, бир оғиз сўз билан айтганда, ношукрлик ниҳоятда авж олиб кетган.

Биз бунда ҳамма катталарни айбламоқчи эмасмиз. Лекин минг афсус, ота-оналарнинг баъзи тутумлари ақлга сиғмайди. «От ўрнини той босади», «Ота-она – қўш кўприк», деган гаплар эсдан чиқиб кетган гўё.

Келинг, ҳайит арафасида бўлган ушбу воқеаларга бир эътибор беринг-да, фикримизга ўзингиз ҳам қўшилмай иложингиз қолмайди.

Биринчи воқеа:

Бунга бир неча йил бўлди. Яқинда тўй бўлган бир хонадонга иккита тоғора ва сарпа кириб келади. Буни кўрган қайнонанинг жазаваси тутиб, келин билан ўғлига қараб ўдағайлаб кетади. «Обрўйимиз шуми? Биз иккита тоғорасига ўлиб турибмизмикан? Уялмай шунигина юборганини қара!» деб тоза тўпалон-жанжал кўтаради. Шунда куёв ҳам келинга бақириб кетади. Бундан келин хафа бўлиб, ота-онасига қўнғироқ қилади. «Ойижон, бу нима қилганларингиз?! Уйим тўполон бўлиб кетди-ку! Нега кам нарса жўнатдингиз?!» деб роса йиғлайди. Шу пайт бу гапларни эшитиб турган дадаси хотинидан гўшакни олади ва қизидан куёвни телефонга чақиришини сўрайди. Куёв бақир-чақир билан телефонни олар экан, қайнотасига ҳам оғзига келган сўзларни гапиради. Шунда қайнота: «Ўғлим, костюм-шимни кийиб кўринг», дейди. Куёв эса: «Мен бунақа костюмни биринчи марта кўриб турганим йўқ, сизнинг сарпангизга зор эмасман!» дейди. Қайнота: «Хўп, киймасангиз ҳам, чўнтагига бир қўл суқиб кўринг», деб илтимос қилади. Куёв энсаси қотиб, костюм чўнтагига қўл суқиб кўрса, бармоқларига машинанинг калити илинади. Бундан ранги ўзгарган куёв: «Вой, дадажон, кечирасиз, биз билмай қолибмиз», деб узр сўраганида «Сендай куёвим йўқ», деб юборади қайнота ҳам.

Иккинчи воқеа:

Бу воқеада ҳам ҳайит арафаси куёвникига келин томондан тўртта тоғора кириб келади. Буни кўрган қайнона жанжал чиқариб, янги келинга оғзига келган ёмон гапларни айтиб ташлайди. Шунда келин ота-онасига телефон қилиб, нима учун кам тоғора юборишганини, шу сабабли уйида жанжал бўлаётганини айтади. Шунда ота: «Қизим, сизлар аввал тоғорани очиб кўринглар!» дейди. Қиз кўзида ёш билан тоғораларни бирма-бир оча бошлайди. Биринчисидан лаҳм хом гўшт, иккинчисидан лазиз таом, учинчисидан ажойиб ширинлик чиқади. Келин тўртинчи тоғорани очар экан, кўзлари ҳайратдан катта-катта очилиб кетади. Чунки тоғора тўла пул эди! 

Учинчи воқеа:

Ҳайит яқинлашаётганида қайнона келинига «Онангиз катта замонавий телевизор олиб келсин», дейди. Қиз ҳам онасига телефон қилиб, бу шартни билдирганида бечора она: «Кўчада тўйдан қолган қарзим бор, ҳозир қурбим етмайди, қизим», деб ўз ҳолининг ночорлигини айтади. «Ойижон, онам ҳозир қурбим етмайди, деяптилар», деган келинига қайнона «Сен нега менга гап қайтаряпсан?!» деб аламдан пиёлани отади. Пиёла деворга бориб чил-чил синади. Бунинг овозини эшитиб кирган ўғил, яъни қайнука онасига «Тинчликми?!» дея савол беради. «Кеча тушган манави келин менга гап қайтаряпти!» деган заҳоти йигит келинойисини дўппослаб кетади ва темир иситгичга бошини қаттиқ уради. Бу зарбадан ҳушидан кетиб қолган келинни она-бола ўлиб қолди, деб ўйлаб, уни осиб қўйишади. Гўё у ўзини осиб қўйибди, деб кўрсатмоқчи бўлишади. Лекин экспертизада келин осилган пайтида тирик бўлгани ва қорнида ҳомиласи ҳам борлиги аниқланади.   

Ана, азизлар, бу аянчли воқеалардан ўзингизга хулоса чиқаринг.

Ҳозир икки ёш қанчалар бир-бирига маъқул бўлмасин, мебел ёки пардани деб бўлиб турган тўйлар бузилиб кетаётган ҳолатлар ҳаётда кўп учрамоқда. Бунда, айтинглар-чи, қайси ёшлар ҳақида гап кетяпти?

(Давоми бор…)

Нигора МУҲАМЕДОВА, психолог-косметолог

Оққа кўчирувчи Зуҳра ҲАМДАМОВА, журналист

 
Мавзуга оид мақолалар
Оила инсон камолотининг бош бўғини, давлат тизимининг энг муҳим институти, жамиятимиз ўзаги, негизидир. Ҳар давоми...

10:28 / 24.01.2017 7388
.Улар quotРоббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўз қувончи ҳадя эт ҳамда бизларни давоми...

21:25 / 09.05.2023 2262
Витаминлар алифбоси ВИТАМИНЛАР АЛИФБОСИ Боланинг соғлом ва гўзал бўлиб ривожланишида давоми...

11:42 / 25.11.2016 8606
embedhttpswww.youtube.comwatchvp4EJ28uNpEembed

16:48 / 07.05.2018 3902