Бу дунё моҳияти
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Банда мазаммат қилинаётган дунёнинг ўзи нималигини, унинг нимасидан четда бўлиши кераг-у, нимасидан четланмаса ҳам жоизлигини билмагунича, уни ёмонлашнинг маърифати фойда бермайди.

Аслида, дунё ва охират икки ҳолатдан иборатдир. Улардан яқин турадигани дунё бўлиб, у ўлимдан муқаддам туради. Кейинги ўринда турадигани охират деб аталади ва ўлимдан сўнг келади.

Ўлимдан олдинги насиба, ғараз, шаҳват, лаззат бор ҳолат дунёдир. Ҳар бир майл, насиба ва ҳисса бор нарса ёмон бўлавермайди. Бундай нарсалар уч қисмга тақсимланади.

Биринчи қисм – банда билан бирга охиратга ҳам борадиган, ўлимдан кейин ҳам самараси қоладиган нарсалар. Улар илм ва амалдир.

«Илм» деганда Аллоҳ таолони, Унинг сифатлари, фаришталари, китоблари, Расуллари, еридаги ва осмонидаги мулклари ва Набийсининг шариати ҳақидаги илм англанади.

«Амал» деганда эса Аллоҳ таолонинг розилиги учун ихлос билан қилинадиган ибодат тушунилади.

Гоҳида олим киши учун илм бу дунёдаги энг лаззатли нарсага айланиб қолади. Шунинг учун у илм лаззати деб таомдан, уйқудан ва никоҳдан воз кечиши мумкин. Чунки илм унинг учун мазкур нарсалардан кўра лаззатлироқ.

Баъзи обидлар ибодат лаззатига шунчалар бериладики, агар уни бу нарсадан ман қилинса, бу унинг учун энг қаттиқ азобга айланиб қолади. Чунки у учун ибодат бу дунёдаги энг лаззатли нарсага айланган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен учун бу дунёнгиздан уч нарса маҳбуб қилинди: аёллар, хушбўй нарсалар ва намоз кўзимнинг қорачиғи қилинди», – дедилар».

Насаий ва Ҳоким ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифда намоз бу дунёнинг лаззатларидан ҳисобланмоқда. Шунга ўхшаш бир қанча нарсалар бор. Улар бу дунёнинг нарсалари бўлиб, кўзимиз билан кўриб турамиз.

Иккинчи қисм – банда билан бирга охиратга бормайдиган, ўлимдан кейин самараси у билан бирга қолмайдиган нарсалар. Уларга маъсиятлар, эҳтиёждан зиёда бўлган мубоҳ нарсалар, керагидан ортиқ жамланган мол-дунё, беҳуда ҳойи ҳавас ва шунга ўхшаш бошқа нарсалар киради.

Учинчи қисм – юқорида зикр қилинган икки қисмнинг ўртасидаги нарсалардир. Охират амаллари учун ёрдам берадиган бу дунёнинг нарсалари ушбу учинчи қисмни ташкил қилади.

Мисол учун, керакли озиқ-овқат ва кийим-кечак. Соғ-саломат яшаб юриш ҳамда илм ва амалга эришиш учун зарур бўлган нарсалар ҳам шунга дохил бўлади. Булар биринчи қисмдаги нарсаларга ўхшаб дунё нарсалари эмас. Аммо ўша биринчи қисмга ёрдам берувчи воситалардир. Банда илм ва амалга етишиш учун уларни ҳар қанча тановул қилган бўлса ҳам, бу дунё учун бўлмайди.

Агар ўша нарсаларни илм ва амал учун эмас, оний лаззат учун тановул қилган бўлса, бу дунё учун бўлади.

Мавзуга оид мақолалар
Қизгинам, қуйидаги ўн хислатни адо этсанг, оилада масъуд ва бахтиёр ҳаёт кечирасизларҚаноат соҳибаси бўл, давоми...

22:24 / 11.11.2023 2581
    Расулуллоҳ алайҳиссаломни яхши кўришимизга 10 сабаб Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Ассалому алайкум 1. давоми...

13:20 / 08.12.2017 2919
НьюЙорклик мусулмонлар, христиан ва яҳудий оилаларнинг болалари билан тенг ҳуқуққа эга бўлишга давоми...

15:54 / 24.01.2017 2792
    Ассалому алайкум, муҳтарам Шайх ҳазратлари Мана, динимизни элимизни йиғлатиб Аллоҳ таолонинг ҳузурига давоми...

16:53 / 05.02.2017 5777